Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Ислоҳот одимлари

ҲАР БИР ФУҚАРО ЭЪТИБОРДАН ЧЕТДА ҚОЛМАЙДИ жойларда ўтказилаётган чуқурлаштирилган тиббий кўрикларда айни шу мақсад устувор

Азалий бир ҳақиқат борки, уни инкор этишнинг имкони йўқ. Яъни, аҳолиси соғлом, фарзандлари баркамол юртнинг келажаги буюк, халқининг ҳаёти фаровон, турмуши обод бўлади. Бугун мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар эса айни шу мақсадларга ҳамоҳангдир. Бу борада давлатимиз томонидан ижрога йўналтирилган "Обод маҳалла" дастури фикримиз тасдиғидир. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ишчи гуруҳи тасарруфидаги Қўшма қарор асосида "Саломатлик мактаблари" иш режасига мувофиқ тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, халқимиз саломатлигини таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги топшириғига биноан ҳудудлардаги тиббиёт муассасалари ва алоқадор ташкилотлар ҳамкорлигида жойларда аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш тадбирлари ўтказилмоқда.

Жорий йилнинг 27 июль куни Тошкент тумани Келес шаҳрида жойлашган Маиший хизмат кўрсатиш ва тадбиркорлик касб-ҳунар коллежи биноси ҳудуд аҳолиси билан гавжум бўлди. Сабаби, шу куни туман тиббиёт бирлашмаси ва "Келес" қишлоқ оилавий поликлиникаси мутахассислари томонидан аҳоли саломатлигини профилактик назоратга олиш, аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этишга қаратилган тиббий кўрик ташкил қилинди. Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ишчи гуруҳи тасарруфидаги Қўшма қарор ижросини таъминлаш бўйича Тошкент шаҳри, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари кесимидаги мониторинг гуруҳи раҳбари Саодат Ҳамидова ҳамда ишчи гуруҳ аъзоси Нилуфар Рўзиева иштирок этди.

Ҳикмат ИСОМУҲАМЕДОВ,

Тошкент туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи:

– Бугун мамлакатимиз тиббиётида амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот, шубҳасиз, эртага ўзининг ижобий самарасини беради. Бу натижалар соғлиқни сақлаш тизими фаолиятининг сифат даражаси тубдан яхшиланиши, тиббиётнинг аҳолига янада яқинлашиши, энг муҳими, аҳоли саломатлиги кўрсаткичининг ортиб бориши билан намоён бўлади. Биргина бирламчи бўғин тизимида амалга оширилаётган фаолиятларни олиб қарайлик, патронаж хизмати, "Саломатлик мактаблари" ва улар ҳамкорлигининг юксак кўриниши – чуқурлаштирилган тиббий кўриклар. Ушбу жараёнлар бир қарашда содда кўрингани билан бунинг замирида мамлакатимиз келажаги, жамият фаровонлиги мужассам. Шулардан келиб чиққан ҳолда, бир қатор вазирлик ва идораларнинг халқимиз саломатлигини асраш борасидаги ҳамкорлигини таъминловчи муҳим меъёрий ҳужжат Қўшма қарор фаолиятларимиз тартибини белгилашда дастурил-амал бўлмоқда. Тиббий кўрикка ташриф буюрган аҳоли билан мулоқотлар чоғида уларга соғлом турмуш тарзи, соғлиғини асрашда тиббиёт ходимига, аввало, ҳар бир фуқаронинг ўзи кўмакчи бўлиши лозимлиги тушунтирилмоқда. Шунингдек, маҳалла, ҳудуддаги тиббиёт муассасаси ва патронаж ҳамширалари билан ҳамкорлик муносабатларини янада кучайтиришининг аҳамияти нечоғлик муҳим эканлиги тўғрисида зарурий маълумотлар берилмоқда. Бу каби тадбирлар туманимизнинг барча ҳудудлари кесимида сентябрь ойигача давом эттирилади.

Тиббий кўриклар мобайнида умумий амалиёт шифокори, маҳалла фаоллари ва патронаж ҳамширалари томонидан хонадонларда саломатлик, соғлом турмуш, айниқса, ҳомиладор аёлларга қандай эътибор қаратиш лозимлиги ёритиб берилган бадиий саҳна кўриниши намойиш этилди. Буни тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдириши баробарида, ўзлари учун зарурий хулосаларни чиқариб олишида асосий туртки бўлди, дейиш мумкин.

Доно ПЎЛАТОВА,

"Келес" қишлоқ оилавий поликлиникаси бош

шифокори:

– Поликлиникамиз 23 минг 504 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатади ва бунинг учун барча имкониятларимиз етарли даражада. Патронаж хизмати билан ҳар бир хонадон, ҳар бир оила қамраб олинмоқда. Бу каби чуқурлаштирилган тиббий кўриклар эса иш фаолиятимизнинг келгуси режаларини белгилаб олишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Сабаби, тиббий кўрикка жалб қилинган ҳар бир фуқаронинг саломатлик кўрсаткичлари мутахассисларимиз томонидан ҳисобга киритилмоқда. Натижалар таҳлили эса келгуси вазифаларимизни белгилаб беради. 26 июнь куни туманимиздаги Ҳасанбой номли маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи аҳолининг 440 нафари 19-сонли умумтаълим мактаби биносида тиббий кўрикдан ўтказилди. Бугунги тадбирда эса ҳозирга қадар шифокорлар қабулида бўлганлар сони 350 нафарни ташкил этмоқда ва гувоҳи бўлиб турганингиздек бу жараён давом этмоқда. Тиббий кўрикларни аҳоли учун қулайлик деб биламан. Боиси, барча йўналишдаги тор соҳа мутахассислари қабули шу ернинг ўзида ташкил қилинган. Ҳар ким ўзи учун керакли мутахассис қабулида бўлиш ва улардан зарурий тавсияларни олиш имконига эга бўлмоқда. Текширувга келаётганлар ўртасида ёш болалар, ҳомиладор аёллар, шунингдек, кекса-нуроний кишилар ҳам бор. Яъни, тиббий кўрикларда халқимиз нақли билан айтганда 7 ёшдан 70 ёшгача қамраб олинмоқда. Аҳолининг миннатдорлиги эса фаолиятларимиз тўғри мақсадларга йўналтирилганлигидан далолатдир.

Тиббий кўрик жараёнлари билан яқиндан танишар эканмиз, аҳолининг фаоллиги эътиборимизни тортди. Англадикки, аҳолининг ўз саломатлигига бўлган масъулияти ортиб, тиббий маданияти юксалмоқда. Ўз ўрнида мутахассисларнинг ҳам ҳар бир фуқаро билан самимий мулоқотда бўлиши, ташхис натижалари ва аниқланган ҳолатлар бўйича атрофлича маълумот бериши ҳам тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар халқимиз дилидаги гаплар эканлиги ва у айни зарур вақтида амалга оширилаётганлигининг ифодасидир.

Севара ИСМАТУЛЛАЕВА,

Тошкент туман тиббиёт бирлашмаси бош

гинекологи:

– Туманимиз миқёсида туғиш ёшидаги, ҳомиладор ва туғруқдан кейинги аёллар билан алоҳида ишлаш тизими йўлга қўйилган. Негаки, бу борадаги фаолиятларни бир муддат бўлсада, эътибордан четда қолдириш мумкин эмас. Эҳтимол натижаларимиз эътироф этиш даражасида эмасдир, бироқ бирламчи тизимдан тортиб, туман тиббиёт бирлашмаси фаолиятида ҳам тизим назорати кучайтирилган. Бугунги тиббий кўрикда ҳам мутахассисларимиз томонидан тўғри овқатланиш, ҳомиладорлик даврини тўғри ўтказиш ҳамда оналар ва болалар саломатлиги учун муҳим бўлган маълумотлар берилмоқда. Аслида бу борада ҳудуд ҳамширалари хонадонларда мунтазам тушунтириш ишларини олиб боришади, лекин шундай бўлса ҳам жойларда туғруқ ёшидагилар ҳамда қайнона онахонларимиз иштирокида давра суҳбатлари ташкил этиш керак, деб ўйлайман. Мутахассис сифатида айтишим мумкинки, бундай амалиётлар, албатта, ўзининг ижобий самарасини беради. Барчамизга маълумки, халқимиз орасида бу борада дунёқараши ўзгачароқ бўлган кайвониларимиз ҳам учраб туради. Аммо улар ҳам ҳомиладорлик давридаги жараёнларни тўғри қабул қилиши лозим. Чунки, ҳар бир ҳомиладор аёл ўша оила ёки сулоланинг давомчисини дунёга келтиради. Худди шунингдек, бўлажак оналаримиз ҳам тўғри тушунишлари керакки, уларнинг зиммасида ана шундай масъулият туради. Агар бу жараёнга эътиборсиз бўлмасдан, вақтида шифокор кўригидан ўтиб, мутахассис тавсияларига кўра иш тутса, барчаси мақсадга мувофиқ бўлади.

Зангиота тумани

Мазкур йўналишдаги тиббий кўриклар айни шу куни Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган Ибн Сино номли қишлоқ врачлик пунктида ҳам ўтказилди. Тор соҳа мутахассислари қабули, УТТ, ЭКГ ва лаборатория текширувлари ташкил қилинган тадбирда ҳудуддаги 14 та маҳалла фуқаролари фаол иштирок этди.

Тошкент туманида бўлгани каби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ишчи гуруҳи тасарруфидаги Қўшма қарор ижросини таъминлаш бўйича Тошкент шаҳри, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари кесимидаги мониторинг гуруҳи раҳбари Саодат Ҳамидова ҳамда ишчи гуруҳ аъзоси Нилуфар Рўзиева ушбу ҳудудга ташриф буюриб, тиббий кўрик ва қишлоқ врачлик пунктида олиб борилаётган ишларнинг ҳаққонийлиги билан яқиндан танишди. Ҳужжатларнинг юритилиши, ижро интизоми, шунингдек, "Саломатлик мактаби" фаолияти бўйича зарурий кўрсатмалар беришди.

Зилола БУЗРУКОВА,

Зангиота туман тиббиёт бирлашмасининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ишлари бўйича бош шифокори муовини:

– Мамлакатимиз тиббиёт тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни ўтган йиллардаги жараёнлар билан таққослаб кўрсак, ижобий маънодаги туб ўзгаришлар яққол намоён бўлади. Биринчи навбатда, халқимизнинг тиббиётга бўлган муносабати ўзгарди. Ўз саломатлигига нисбатан масъулияти ошди, соғлом турмуш тарзи, тиббий маданият борасидаги фикрлари ойдинлашди. Тиббиёт ходимлари ҳам халқ билан ўтказилаётган мулоқотлар орқали касбий маҳоратини ошириш, ўз устида ишлаш борасида тегишли хулосалар чиқармоқда. Бу ишлар, албатта, Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар самарасидир. Буни қарангки, мазкур фаолиятлар жараёнида, аввало, асосий эътибор оналик ва болалик муҳофазасига қаратилди. Йўналишга оид долзарб аҳамиятга молик меъёрий ҳужжат қабул қилинди. Унда оналар ва болалар саломатлигини асраш, улар билан боғлиқ ўлим ҳолатларининг олдини олиш бўйича кескин чора-тадбирлар белгилаб берилди. Бу бежиз эмас, сабаби, соғлом онадангина соғлом фарзанд дунёга келади. Соғлом ва баркамол авлод эса юрт келажагидир. Шуларни инобатга олган ҳолда, республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани сингари Зангиота тумани тиббиёт бошқармаси фаолиятида ҳам мазкур масалаларга алоҳида эътибор билан ёндашилмоқда. Бугунги тиббий кўриклар давр талаби бўлиши баробарида, ушбу вазифалар юзасидан халқ билан атрофлича мулоқот қилиш имконини бермоқда.

Тадбирни кузатиш жараёнида ишчи гуруҳ аъзолари маҳалла фуқаролар йиғини ва ҳудуддаги аҳоли билан ишлаш масканларига ташриф буюрди. Ўрганишлар жараёнида келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар бўйича таклиф ҳамда топшириқлар берилди. Аҳолининг мурожатларини қабул қилиш, улар ечимига жиддий ёндашиш, эътиборсизликка йўл қўймаслик, фаолиятларда ҳамкорликка кўпроқ урғу бериш зарурлиги тушунтирилди. Маҳалла миқёсида амалга оширилаётган фаолиятлар юзасидан эса масъул мутасадди асосли мисоллар билан изоҳланган ўз фикрларини билдирди.

Миркамол ЖЎРАЕВ,

Аҳмад Яссавий номли

маҳалла фуқаролар

йиғини раиси:

– Авваллари маҳалла фуқаролар йиғини доирасида аҳоли саломатлиги билан ишлаш бир қадар эътибордан четда қолган экан. Мана, Вазирлар Маҳкамасининг ишчи гуруҳи тасарруфидаги Қўшма қарор ижроси ҳамда "Обод маҳалла" дастури доирасидаги "Саломатлик мактаблари" фаолияти билан маҳалламизда бу борада ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Албатта, ҳамкорликда гап кўп, афзалликлар ҳам. Маҳаллада ҳеч бир фуқаро эътибордан четда қолаётгани йўқ. ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлганлар ҳолидан мунтазам хабар олинмоқда. Имконият доирасида ҳомийлик асосида ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Сўз исботи тариқасида айтишим мумкинки, жорий йил мобайнида маҳалламизнинг икки нафар фуқароси Аълохўжа Исроилов ва Раҳимжон Тўлқиновга саломатлигини тиклаши учун умумий 29 миллион сўм ҳомийлик кўрсатилди. Айни пайтда улар республикамизнинг етакчи клиникаларида бажарилган жарроҳлик амалиётидан сўнг ўзларини яхши ҳис қилмоқда. Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган шахсларга ногиронлик аравачалари ҳам ҳомийлик асосида тақдим этилмоқда. Шунингдек, гувоҳи бўлганингиздек маҳалламиз фаоллари билан иш олиб борувчи "Саломатлик мактаби" ҳам маҳалла идорасининг биносида жойлашган. Бу эса улар фаолиятидан фуқаролар йиғинининг ҳам доимий хабардор бўлиб боришида муҳим аҳамият касб этмоқда. Булардан халқининг ишончи мустаҳкамланиб, исталган мурожаатларини келиб айтишига замин яратилмоқда. Маҳалла-куй ичида одамлардан саломатлиги ҳақида ҳол-аҳвол сўрасангиз, патронаж ҳамширалари фикри ва кўрсатмалари билан изоҳ беради. Демак, бугун жамият, одамлар фикри, бир сўз билан айтганда, дунёқарашимиз ўзгармоқда. Бу ижобий ўзгаришлар натижаси эса турмуш тарзимизни форовон қилишга хизмат қилмоқда.

Ҳа, булар ижобий ўзгаришлар. Маҳалла ободлиги, турмуш фаровонлиги, жамият равнақи йўлидаги мақсадли ҳаракатлар. 27 июнь куни Зангиота туманидаги ушбу ҳаракатларнинг бир қисмигагина гувоҳ бўлдик. Тиббий кўрик доирасида эса 1 минг 771 нафар фуқаро саломатлигининг ҳозирги ҳолатидан бохабар бўлди. Уйда ёлғиз, ўзгалар кўмагига муҳтож қариялар ва ётоқли беморлар хонадонига патронаж ҳамширалари ҳамда тор соҳа мутахассисларининг ташрифи уюштирилди. Эҳтиёжи борларга уй шароитда тиббий хизмат кўрсатилди.

Шайхонтоҳур тумани

Навбатдаги манзилимиз Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида жойлашган 48-сонли оилавий поликлиника бўлди. Қайта таъмирланишдан сўнг кўркам қиёфа кашф этган мазкур тиббиёт муассасасида ҳам иш қизғин. Тиббий кўрикка ташриф буюраётганлар шифо маскани ходимлари томонидан самимий кутиб олинмоқда.

Эътиборимизни тортган жиҳати шу бўлдики, поликлинига рўйхатига киритилган ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинларининг раислари мазкур жараёнларни фаол кузатиб бормоқда. Шифо маскани шароити билан танишиш асносида ишчи гуруҳи аъзолари маҳалла фаоллари ва фуқаролар билан ҳам мулоқот олиб борди. Таклифлар ўрганилди, саволларга атрофлича жавоб берилди, амалга оширилиши лозим бўлган масалалар юзасидан тегишли хулосалар чиқарилди.

Ильсун ЗИГАНШИН,

48-сонли оилавий поликлиника бош шифокори:

Муассасамизда 26 минг 601 нафар аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатилади. Ҳудудимизда 4 та умумтаълим мактаби, 8 та мактабгача таълим, 6 та ўрта махсус, 4 та олий таълим муассасаси ҳамда 6 та маҳалла фуқаролар йиғини жойлашган. Поликлиникамизда зарурий мутахассисларимиз етарли, бирламчи тизим фаолиятида лозим бўладиган барча замонавий аппаратлар мавжуд. Шунингдек, 440 қатновга мўлжалланган шифо масканимизда 21 ўринли кундузги статционар ҳам ташкил қилинган. Яратилган шароит ва имкониятлардан келиб чиқиб, тиббий кўриклар муддати айнан бир кунга белгиланмаган. Рўйхатга олинган маҳалла фуқаролари йилнинг исталган вақтида келиши мумкин, улар мурожаати, албатта, инобатга олинади. Мутахассисларимиз малакасини мустаҳкамлаб бориш бўйича ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилган. Тор соҳа шифокорлари қабули дейсизми, лаборатория ёки бошқа турдаги таҳлилий текширувлар ўтказиш билан боғлиқ барча имкониятлар бор. Бу шарт-шароитлар, аввало, давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасидир. Яратилган имкониятлардан тиббиёт ходимлари, кўрсатилаётган сифатли тиббий хизматлардан аҳоли мамнун. Яна бир жиҳат, фаолиятимиз давомида ҳудуддаги маҳалла фуқаролар йиғини билан доимий ҳамкорликда иш олиб борилади. Ҳар чоракда маҳалла фуқаролари олдида бажарилган ишлар бўйича ҳисобот берилади. Ўз ўрнида маҳалла мутасаддилари ҳам қараб турмайди, аксинча, биз билан бирга ҳамжиҳатликда иш олиб боради.

Қўшма қарор ижросини таъминлаш брасидаги фаолиятлар ҳамда тиббий кўрикларнинг аҳамияти ҳақида ҳудуддаги маҳалла фуқаролар йиғини раисларининг фикри билан яқиндан танишдик.

Баҳром АСҚАРОВ,

"Жангоҳ" маҳалла

фуқаролар йиғини раиси:

– Маҳалламизда 6 минг 440 нафар фуқаро истиқомат қилади. Уларнинг барчасини патронаж хизмати билан қамраб олишда мазкур тиббиёт муассасаси ходимларининг меҳнати катта бўлмоқда. Уйма-уй юриб, ҳар бир хонадонга кириб, оила аъзолари билан соғлом турмуш тарзи, саломатликлари тўғрисида мулоқот олиб боради. "Саломатлик мактаблари" ташкил этилгандан сўнг, мазкур ишлар кўлами янада кенгайди. Бу ислоҳотлардан ҳар бир фуқаро мамнун, албатта. Сабаби, бирламчи тизим фаолияти орқали аҳоли саломатлиги тўлиқ муҳофазага олинмоқда. Табиийки, бунинг натижасида касалликларнинг ривожланиши, асорати кучайиб кетиши, энг муҳими, аҳолининг соғлиғини тиклашдаги ортиқча харажатларининг олди олинади. Бу эса оилаларнинг иқтисодий фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Ниғмат РАҲИМЖОНОВ,

"Шайхонтоҳур" маҳалла фуқаролар йиғини раиси:

– Фаолиятимдаги кузатишларимдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, бугунги кунда мамлакатимизда тиббиёт тизимида рўй бераётган ўзгаришлардан маҳалламизда истиқомат қилувчи 7 минг 434 нафар аҳоли баҳраманд бўлмоқда. Шифокорларнинг меҳнатига ўзлари одилона баҳо бермоқда. Поликлиникамиз фаолиятини олиб қарайдиган бўлсак, ўз саломатлиги учун қайғурадиган ҳар бир фуқаро айнан бугунги каби белгиланган санада эмас, исталган вақтида келса ҳам бу имкониятдан бемалол фойдалана олади. Бунинг учун барча шароитлар мавжуд. Президентимиз тиббиётни аҳолига яқинлаштириш, халқнинг тиббиётга бўлган ишончини мустаҳкамлашимиз зарур, деган фикрлари бугун амалда ўз ифодасини топмоқда. Бундай имкониятлардан оқилона фойдаланиш ва яратилган шарт-шароитлардан миннатдор бўлиш лозим.

Феруза ШАМСИЕВА,

"Хадра" маҳалла фуқаролар йиғини раиси:

– Бугун қайси бир соҳани олиб қарамайлик, улкан имкониятлар эшиги кенг очилган юртга яшаётганлигимизга амин бўламиз. Халқи қадр топган, нуронийлари бу қадар улуғланувчи мамлакатни дунё бўйича ҳам топа олмаслигингиз мумкин. Биз эса ана шундай юртда яшаяпмиз. Маҳалламизда 6 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Тиббиётдаги ислоҳотлар, жумладан, Қўшма қарор ижроси, "Обод маҳалла" дастури, "Саломатлик мактаби" доирасидаги фаолиятлар барчамизни бирдек қувонтирмоқда. Саломатлигимиз ҳақида қайғуриш ўзимизнинг эсимиздан чиқиб кетса ҳам ҳамшира қизларимиз эшик қоқиб, ёдимизга солиб туради. Соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш борасида мунтазам тушунтириш ишларини олиб боради. Бошқача айтганда, поликлиникамиз ходимлари оиламиз аъзосидек бўлиб қолди. Юртбошимиз таъкидлаганидек, бугун халқ давлат идоралари учун эмас, давлат идоралари халқимиз учун хизмат қилмоқда. Шу боис, аҳоли саломатлигини асрашда беминнат хизмат қилаётган касб фидойилари "саломатлик пасбонлари"га миннатдорлик билдирамиз. Бундан кейинги фаолиятларимизда ҳам поликлиникамиз мутахассислари билан ҳамкорликда иш олиб боришга барча имкониятларимизни сафарбар этамиз.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, амалга оширилаётган фаолиятларда халқимиз ҳам фаол иштирок этмоқда. Демак, тиббиёт тизими олдига қўйилган мақсадлар амалда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Энг муҳими, мазкур жараёнларда ҳеч бир фуқаро эътибордан четда қолаётгани йўқ. Бунинг самарасида халқимизнинг тиббий маданияти юксалмоқда. Кенг кўламда олиб борилаётган эзгу ишлар сифатига муносиб баҳони эса аҳолининг ўзи бермоқда.

Ҳасан АБДУҒАНИЕВ. Муаллиф олган суратлар.

№ 31, 03.08.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.