Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Ислоҳот одимлари

ҲАМКОРЛИК ЗАМИРИДА АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИ

Вақт, давр шиддат билан ўтмоқда. Зеро, тезкорлик ҳар соҳада устуворлик касб этиб, барчани замон билан ҳамнафас яшашга ундамоқда. Шундай экан, ўз халқининг саломатлиги, турмуш фаровонлиги, қолаверса, жамиятимиз тараққиёти янада юксалиши учун қайғураётган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг эзгу ғояларидан бугун барчамиз бирдек баҳраманд бўляпмиз. Бунинг тасдиғи сифатида айтиш жоизки, оммавий ахборот воситаларида юртимизда юз бераётган оламшумул ўзгаришларга бағишлаб чоп этилаётган туркум мақолалар, телекўрсатувлар ҳар бир фуқаро қалбидан чуқур ўрин олиб, айниқса, пиру-бадавлат отахону онахонларимиз қўлларини дуога очиб, шукроналик келтирмоқдалар.

Маълумки, шу кунларда Юртбошимиз ташаббуси билан "Обод қишлоқ ва маҳалла" дастурлари асосида жойларда фаолиятлар изчиллик билан давом этаётганлигига ҳар биримиз гувоҳ бўлмоқдамиз. Юртимизнинг қайси бир гўшасида бўлмайлик, у ердаги ободонлаштириш, бунёдкорлик ва халқимизга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликни кўриб хурсанд бўласан киши. Ҳамон кўз ўнгимиздаки, 45 кунда ўзгача қиёфа кашф этган Жиззах вилоятидаги "Манас" қишлоғининг замонавий тус олганлиги ҳамда у ердаги аҳоли учун яратилган шароит ва имкониятлар оламшумул воқеага айланди, десак муболаға бўлмайди. Ана шундай тезкорлик билан амалга оширилган ишлар сони кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Хизмат сафари билан Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида бўлганимизда у ерда фаолиятлар жадаллик билан давом этаётганлигини гувоҳи бўлдик. Асосий мақсадимиз шундан иборат бўлдики, "Обод қишлоқ ва маҳалла" дастурларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Мактабгача таълим вазирликлари ва ўрта махсус касб-ҳунар таълим марказининг "Аҳолини мақсадли патронаж билан қамраб олиш, уларда тиббий маданиятни шакллантириш ҳамда оила ва таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш борасида"ги Қўшма қарор ижросини таъминлаш, буйича амалдаги фаолиятлар ҳамда аҳолининг бу борадаги фикрларини ўргандик.

Хизмат сафаримизни, аввало, Қўшма қарор ижроси қай даражада ўз ифодасини топаётганлигига ойдинлик киритиш мақсадида Сардоба туманидаги 16-сонли умумтаълим мактабига ташриф буюрдик. Мактаб ҳовлисига кириб борар эканмиз, ўқувчиларнинг турли хил тўгараклардаги иштироки асосида ташкил этилган ижод намуналари ҳамда спортнинг кураш, қўл жанги ҳамда шахмат-шашка тури билан шуғулланаётган ёшларни кўриб, уларнинг истеъдод, шижоат ва ғайратларига тан бердик. Бунинг баробарида бир гуруҳ ўқувчи қизлар билан саломатлик борасидаги билимларни мустаҳкамлаётган устознинг фикрларига қулоқ тутар эканмиз, машғулотнинг асосий мазмун-моҳияти нимадан иборат эканлигини тезда англаб етдик. Айниқса, тўғри овқатланиш, эрта никоҳнинг салбий оқибатлари, зарарли одатлар, жисмоний фаоллик каби соғлом турмуш тарзининг олтин қоидалари бўйича ўқувчиларнинг тиббий билимлари қай даражада эканлигини кузатганимизда улар ҳар бир саволларга тўлақонли тарзда жавоб бердилар. Шунингдек, китобхонлик тўгарагининг фаол ўқувчилари билан суҳбатда бўлганимизда, уларнинг адабиётга бўлган қизиқишлари ҳам бизни бефарқ қолдирмади. Шу топда халқимиз нақли билан айтганда "Бешикдан қабргача илм изла" деган пурмаъно фикрлар бизни янада сергаклаштирди.

Мактабнинг спорт залида бир гуруҳ аёлларнинг жисмоний ҳаракат билан шуғулланаётганликлирига гувоҳ бўлдик. Спорт сектори раҳбари Туйдигул Рустамова "Бу аёллар маҳалламизнинг фаоллари бўлиб, улар ўз саломатликлари учун курашадиган, қолаверса, тенгдошларини ҳам ушбу эзгу ғоя сари чорловчи ҳақиқий спортчилардир", дея таъриф бериб, хотин-қизларимизни қўллаб-қувватлаётган Давлатимиз раҳбарига ўзининг чексиз миннатдорлигини билдирди. Ҳа, сектор раҳбарининг фикрларидан кўриниб турибдики, инсонларнинг саломатликларига бўлган иштиёқлари ниҳоятда баланд.

Кейинги ташрифимиз 5-сонли мактабгача таълим муассасасида бўлди. Тарбия маскани ҳовлиси тоза-озода, завқ билан ўйнаётган болажонларга кўзимиз тушганда, улар эртанги келажагимиз эканлигини дилдан ҳис этдик. Гуруҳларга кирганимизда кичкинтойлар учун яратилган шароит ва имкониятлардан янада мамнун бўлдик. Айниқса, муассаса ҳамшираси катта гуруҳдаги болажонларга машғулот ўтказаётганлигини кузатганимизда тарбияланувчиларнинг бири ичимлик суви, яна бири табиат, кейингиси эса микроб қиёфасида саҳна кўринишларини иштирокчиларга намойиш қилдилар. Шунингдек, кичкинтойлар томонидан қўл ювиш қоидалари ҳам кўрсатиб ўтилди. Ишчи гуруҳи уларга соғлом турмуш тарзи бўйича саволлар беришганда айрим болажонлар тезкорлик билан жавоб беришди. Шу ўринда таъкидлаш муҳимки, Қўшма қарор бежизга қабул қилинмаганлиги, чунки бунинг ҳамкорликдаги ифодасини мазкур муассаса мисолида кўра олдик.

Сўнгра, "Қўрғонтепа" фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган Ғафур Ғулом номидаги қишлоқ врачлик пунктида тиббий кўрикдан ўтаётган аҳолининг кўплигини кўриб, халқимизнинг саломатлигига бўлган эътибори юксалиб бораётганлигига амин бўлдик. Муассасага кираверишда кўчма кутубхона ҳамда рақамли флюрография рентген аппарати қабулида фуқароларнинг навбат кутиб турганлиги, шунингдек, ичкарида УТТ, ЭКГ текшируви ҳамда тор мутахассислардан бирин-кетин кўрикдан ўтаётганлар билан суҳбатда бўлганимизда, улар бундай эзгу ишлардан мамнунликларини изҳор этдилар. Бўлиб ўтган мазкур тадбирда 1 минг 271 нафар аҳоли тиббий кўрикка қамраб олинди.

Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида бўлганимизда Қўрғонтепа қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилаётган 80 ёшли отахон Мисир Жонибеков хонадонига ташриф буюрдик. Юзларидан нур ёғилиб турган, қалби шукроналикка лиммо-лим тўлиб, кўзларидаги қувонч ёшларини яшира олмаган отахон Президентимиз номларини тилга олиб, бу каби ғамхўрликлардан мамнун ҳолда инсон учун қадрли бўлган сабр-тоқат, меҳр-оқибат каби эзгу фазилатларини қалбимизга муҳрлагандек бўлдилар…

ДИЛ ШУКРОНАСИ

Қамбар она ШАИШЕВА,

"Қўрғонтепа" фуқаролар йиғини фуқароси:

– Айни кунда 90 ёшдаман, 11 нафар фарзанднинг онасиман. 100 дан ошиқ набера, 80 нафар авера ҳамда чевараларим бор. Мен ўзимни бахтли инсон деб биламан, ҳозиргача ўз оёғимда юраман. Кекса бўлсамда, ҳалигача адабиётни севаман. "Гўр ўғли" достонини ёддан биламан. Болаларимнинг барчасидан розиман, улар ҳолимдан доимий хабар олиб туришади. Фарзандларимга ана шундай беқиёс юртда яшаётганликларингиздан шукур қилинглар дейман. Айниқса, Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг кексаю ёшга кўрсатаётган ғамхўрлигига таҳсинлар ўқиб, қўлим доим дуода. Мана, бугун пойтахтдан келган шифокорлар хонадонимизга ташриф буюришди. Бошим осмонга етди. Улар менга "Давлатимиз топшириғи билан келдик, саломатлигингиз ва турмуш фаровонлигингиз қандай?" дейишди. Бу каби меҳрибонликдан кўзларимга ёш келди, фақат ният қилдимки, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, бахтимизга Президентимиз омон бўлсин. Ўзбекистонимизга ҳеч қачон кўз тегмасин деб қоламан.

Тадбир сўнгида Сардоба туман тиббиёт бирлашмаси мажлислар залида меъёрий ҳужжатлар ижроси бўйича ишчи гуруҳ томонидан йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси вазифасини вақтинча бажарувчи Акбар Мирзахонов, ишчи гуруҳ раҳбари Саодат Ҳамидова, гуруҳ аъзоси Нилуфар Рўзиева ҳамда туман ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулчеҳра Жумабековалар сўзга чиқиб, олиб борилаётган жараёнлар хусусида тўхталиб ўтдилар.

Ибодат СОАТОВА. Муаллиф олган суратлар.

№ 30, 27.07.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.