Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Ислоҳот одимлари

ИНСОНЛАРИ ҚАДР ТОПГАН ЮРТ

Бугун юртимизнинг қайси бир гўшасида бўлмайлик, бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари изчиллиги диққатимизни тортса, инсон саломатлиги ва унинг манфаатларини таъминлаш йўлида олиб борилаётган фаолиятлар кўлами кенгайиб бораётганлиги бу жараёнда барчамизни фаол иштирок этишга ундамоқда.

Шу маънода давлат ташкилотлари раҳбарларидан тортиб, оддий фуқарогача жамият тараққиёти, турмуш фаровонлигини яхшилаш мақсадида ҳамжиҳатликда иш олиб бормоқдалар. Жумладан, давлатимиз томонидан қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар ижросини амалга ошириш борасида куни кеча Жиззах вилояти Зарбдор тумани "Оқар" қишлоқ фуқаролар йиғини аҳолиси учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди. Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Эльмира Баситханова иштирок этиб, жараёнларни кузатиш билан бирга, умумтаълим мактаби, мактабгача таълим муассасаси ҳамда аҳоли хонадонларига ташриф буюрди.

Суюмахол ТУРСУНҚУЛОВА,

Оқар қишлоғи фуқароси:

– Айни кунда 100 ёшни қаршиладим. Хонадонимга фарзандларим, набира, эвара, чевараларим ҳамда кўнглимга яқин инсонларим келишганда қалбим завққа тўлади. Мана, бугун мен учун яна бир қувончли кун бўлди. Оиламизга Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Эльмира Баситханова ва бир гуруҳ меҳмонлар келишди. Бундан бошим осмонга етди. Биздек қарияларни эзозлаб, эътибор ва ғамхўрлик кўрсатаётган давлатимиз раҳбарига раҳмат айтиб, дуолар қилдим. Меҳр кўзда деганларидек, бундай ташрифлар инсонларни бир-бирига бўлган оқибатини оширади. Бугунги учрашувда ана шундай меҳрдан мен ҳам баҳраманд бўлдим.

Ушбу тадбирда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими ва мактабгача таълим вазирликлари ва ўрта махсус касб-ҳунар таълим марказининг "Аҳолини мақсадли патронаж билан қамраб олиш, уларда тиббий маданиятни шакллантириш ҳамда оила ва таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш борасида"ги Қўшма қарор ижросини таъминлаш, шунингдек, "Обод маҳалла" дастурининг бажарилиши бўйича амалдаги фаолиятлар қай даражада йўлга қўйилганлиги билан яқиндан танишилди. Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Эльмира Баситханова, Қўшма қарор ижросини таъминлаш бўйича Тошкент шаҳри, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари кесимидаги мониторинг гуруҳи раҳбари Саодат Ҳамидова, гуруҳ аъзолари Нилуфар Рўзиева, Ёдгора Усмонова, Нилуфар Қулматова, туман ҳокими ўринбосари, туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ҳамда "Оқар" қишлоқ фуқаролар йиғини раис ва фаоллари, аввало, "Саломатлик мактаби" бўйича қишлоқ ҳудудида жойлашган умумтаълим мактабида бўлиб, ўқувчиларни тўгараклардаги иштирокларини кузатиб, улар эришган муваффақиятлар билан танишишди. Вазир ўринбосари ҳамшира тўгарагидаги қизлар билан чуқур суҳбатда бўлиб, уларга соғлом турмуш тарзи бўйича саволлар берди. Бунинг баробарида мактаб ўқувчиларининг китоб мутолаасига қизиқишлари кузатилганда, улар яқин кунларда ўқиган бадиий китоблари ва унинг мазмун-моҳияти тўғрисида гапириб бердилар. Вазир ўринбосари Элъмира Баситханова шеъриятга ихлос қўйган, ватан, она мадҳи бағишлаб шеър ёзган ёшларнинг ижодини тинглаб, уларга адабиётнинг буюк намоёндалари Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, шунингдек, халқ севган ижодкорлар Зулфия, Ҳамид Олимжон, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва Муҳаммад Юсуф сингари шоирлар шеъриятидан баҳраманд бўлишларини айтиб ўтди. Тадбир давомида иштирокчилар мактаб спорт залида бир гуруҳ аёлларнинг жисмоний тарбия билан шуғулланаётганликларини гувоҳи бўлдилар. Спортчи аёллар ва маҳалла фаоллари ўз чиқишлари билан бирга, келгусидаги режалари хусусида фикрлашдилар. Шундан сўнг, мактабгача таълим муассасасида бўлиб, кичкинтойларнинг саломатлик борасидаги фикрлари тингланди. Айниқса, болажонларимизнинг айрим саволларга бийрон-бийрон жавоб беришлари барчамизни қувонтирди.

Жойларда ташкил қилинган тиббий кўрик жараёнларини кузатар эканмиз, "Оқар" ҚФЙ ҳудудида истиқомат қилаётган кўп сонли аҳоли билан суҳбатда бўлганимизда, улар мазкур муассасада фаолият олиб бораётган патронаж ҳамширалардан мамнун эканликларини изҳор қилдилар. Бир гуруҳ ҳомиладор аёллар эса саломатликлари учун зарур бўлган шароит ва имкониятлар яратилиш таклифини киритганларида вазир ўринбосари тез кунларда аёллар маслаҳатхонаси ва ўсмир қизлар учун тиббий кўрикхонаси иш бошлаши, шу билан бирга, мутахассислар билан таъминланишини таъкидлади. Тиббий кўрикка Жиззах вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда туман тиббиёт бирлашмасига қарашли муассасаларда фаолият олиб бораётган малакали шифокорлар жалб қилинди. Айниқса, УТТ, ЭКГ аппаратларига навбат кутиб турганлар сони ниҳоятда кўп, шунингдек, офтальмолог, кардиолог, хирург, педиатр, невропатолог, ЛОР, дермотолог каби мутахассислар кўригидан ўтган ҳар бир фуқародаги кўтарингки кайфият эътиборимизни тортди. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, аҳоли томонидан Вазир ўринбосари Эльмира Баситхановага аҳоли томонидан мурожаатлар бўлди. Муаммолар ечими ўша ернинг ўзида ҳал этилиб, масъулият мутасадди раҳбарларга юклатилди.

Мақсадли ва тизимли йўлга қўйилган ушбу жараёнлар доирасида давлатимиз томонидан оилаларга чуқур кириб бориш, уларнинг ижтимоий ҳолатини ўрганиш каби вазифаларнинг белгилаб берилганлиги ҳам бежиз эмас. Чунки хонадонларда парвариш ва ўзгалар ёрдамига муҳтож қариялар, ногиронлиги бўлган шахслар, ҳомиладор аёллар учун зарурий шарт-шароитлар мавжудлигини аниқлаш ва белгиланган тартиб асосида ёрдам бериш муҳимлиги кўзда тутилган. Шу асносда ишчи гуруҳ аъзолари Оқар қишлоғидаги хонадонларда бўлиб, улар аҳволидан хабар олишди. Хусусан, тиббий ёрдамга муҳтож бўлган Бахтиёр Эргашев, Иқбол ая Тоғаева ва Суюмахол Турсунқулова хонадонига Вазир ўринбосари Эльмира Боситхонованинг ўзлари шахсан ташриф буюриб, улар ҳолидан хабар олдилар.

Гўзал ХАЙДАРОВА,

Жиззах вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси

бошлиғининг ўринбосари:

– Амалдаги фаолиятлардан келиб чиқиб эътироф этмоқчиманки, Қўшма қарор кенг аудиторияни қамраб олди. Бу борада вилоятимиз миқёсида бир қанча тадбирлар ўтказилди. Жумладан, Дўстлик туманининг Манас Шароф Рашидов туманининг Қўрғонтепа, Зарбдор туманининг Оқар қишлоқларида тиббий кўриклар ташкил қилинди. Унинг таркибида пойтахтимиздан ташриф буюрган ишчи гуруҳлар томонидан ижро интизоми, меъёрий ҳужжатларнинг юритилиши бўйича семинарлар олиб борилди. Бундай мақсадли вазифалар ҳар биримизни янада масъулият билан ишлашга ундаяпти. Бўлиб ўтган тиббий кўриклардаги иштирокларидан хулоса қиладиган бўлсам, ҳамкорликдаги фаолият ўз самарасини бераётганлигига амин бўлдим. Аҳамиятлиси шундаки, аҳолининг ўзи жараёнларга фаоллик билан ёндашиб, саломатлик борасида тиббий билимларга эга бўлмоқдалар. Бу каби эзгу ишларнинг ташаббускори Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳамда пойтахтдаги ишчи гуруҳ аъзоларига вилоят аҳли номидан чексиз ташаккур билдираман.

Дилбар БЕГИМҚУЛОВА,

патронаж ҳамшира:

– Ҳудудимизда 6 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Жорий йил бошидан бирламчи тизимда қишлоқ врачлик пунктларини қисқартириш жараёнида бизнинг муассасамиз ҳам январь ойидан бошлаб иш фаолиятини тўхтатган эди. Ўтган давр мобайнида аҳолига 10 нафар ҳамшира тиббий ёрдам кўрсатиб келдик. Афсуски, шу кунга қадар ҚВПмиз бирорта врач билан таъминланмаган. Соҳага оид меъёрий ҳужжатларнинг қабул қилиниши тизимда катта ўзгаришлар бўлишига олиб келди. Шу жумладан, мана, бугунга келиб Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоят ҳокимлиги ва соғлиқни сақлаш бошқармаси, туман тиббиёт бирлашмаси ташаббуси билан шифо масканимиз қайта тикланмоқда. Бунинг учун барча мутасаддиларга миннатдорлик билдирамиз, шунингдек, ушбу тадбирнинг ташкил этилиши ва пойтахтдаги гуруҳ аъзоларининг иштироки аҳолимизни янада хурсанд этди. Мазкур тиббий кўрикдан 770 нафарга яқин аҳоли саломатлиги текширувдан ўтказилди. Шуни таъкидламоқчиманки, шароитларимиз билан танишган мутасаддилар ҚВПмизни малакали мутахассис ҳамда замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланишида ўзларининг амалий ёрдамларини кўрсатадилар, деган умиддамиз.

Раъно АБДУРАҲМОНОВА,

"Оқар" қишлоқ фуқаролар йиғини фаоли, хотин-қизлар билан ишлаш мутахассиси:

- Маҳалламиздаги хотин-қизларнинг кўпчилиги давлат муассасаларида фаолият юритса, айримлари фарзанд тарбияси ҳамда уй ишлари билан машғул. Қўшма қарорнинг қабул қилиниши ва унинг таркибидаги "Саломатлик мактаби" фаолияти аёлларимизнинг дунё қарашини ўзгартирди. Тез-тез хонадонларда бўлиб, давлатимиз томонидан хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун қабул қилинган ҳужжатлар мазмун-моҳияти бўйича, шу билан бирга, патронаж ҳамширалар ҳамкорлигида касалликлар тўғрисида тарғибот ишларини олиб бормоқдамиз. Тиббий кўрикка ёшу қариларимизнинг фаол иштирок этганидан кўриниб турибдики, халқимизнинг тиббиётга бўлган ишончи ва тиббий саводхонлиги ошиб бормоқда.

Мамлакатимиз бўйлаб олиб борилаётган бундай мақсадли ва манзилли ишлар кўлами ниҳоятда кенгайиб бормоқда. Бунинг учун, албатта, мониторинг гуруҳи ҳамда унинг жойлардаги аъзолари фаолиятини бўшаштирмасдан, ўз вақтида амалга оширсалар инсон саломатлиги учун ҳеч қандай муаммолар юзага келмайди. Ана шундагина, касалликларнинг олди олиниб, бирламчи тизим олдида турган масалалар ечимига эришилади.

Ибодат СОАТОВА. Муаллиф олган суратлар.

№ 30, 27.07.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.