Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Ислоҳот одимлари

МАСЪУЛИЯТ ВА ШАХСИЙ ЖАВОБГАРЛИК

Жорий йилнинг 3 июль куни яшнобод таманида жойлашган 32-сонли Оилавий поликлиникада патронаж хизмати, "Саломатлик мактаблари" фаолиятини намунали даражада шакллантириш, Қўшма қарор ижросини таъминлашда аҳоли билан ишлаш ва ҳужжатлар юритилишини тўғри ташкил этишда ижро интизоми масалаларига бағишланган очиқ эшиклар куни бўлиб ўтди.

Унда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Давлатимиз ҳамда Ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар ижросини таъминлашга қаратилган фаолиятлар таҳлилий муҳокама қилинди. Хусусан, бу борада Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг амалиётга йўналтирилган буйруқлари асосида иш юритиш, ижро интизоми ҳамда унинг мониторинг натижаларини кузатиб бориш масалалари ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, аҳолини сифатли патронаж тизими ва чуқурлаштирилган тиббий кўрик билан қамраб олиш, соҳа ходимларининг масъулиятини ошириш, улар ўртасида устоз-шогирд анъаналарини кучайтириш зарурлиги ҳам айтиб ўтилди.

Нилуфар РЎЗИЕВА,

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг марказий штаб масъули:

– Бугунги бугунги кунда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Қўшма қарор ижросини таъминлаш бўйича мамлакатимизнинг барча ҳудудларида намунали "Саломатлик мактаблари"ни ташкил қилиш, шу билан бирга, аҳолининг патронаж тизими фаолиятидан хабардорлигини ошириш ва ўз саломатлигига бўлган эътиборини кучайтириш ишлари олиб борилмоқда. "Обод маҳалла" дастури доирасида амалга оширилаётган мазкур фаолиятлар жойларда чуқурлаштирилган тиббий кўриклар мисолида ташкил этилмоқда. Мазкур йиғилиш эса фаолиятларимизнинг асоси, яъни ҳужжатларнинг тўғри юритилиши, унга мувофиқ тиббиёт ходимларининг функционал вазифасидан келиб чиққан ҳолда аҳоли билан ишлаш тартибини ўрганиш бўйича очиқ эшиклар кунига бағишланди. Шу асосда барча мутасаддиларга мавзу доирасида ижро интизомига оид тегишли тавсиялар берилди. Таъкидлаш керакки, бу сингари очиқ эшиклар куни намунали деб юритиладиган ҳар битта оилавий поликлиникада ташкил этилиши зарур. Негаки, бу орқали натижалар ойдинлашади, ишлар самарадорлиги ортади. Шу боис, ушбу ислоҳотлар назорати Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлаган ишчи гуруҳи томонидан бир ҳафта давомида пойтахтимизнинг Яшнобод туманида кузатилди. Натижалар ёмон эмас, жумладан, ҳафта мобайнида 5 минг нафар аҳоли тиббий кўрикка қамраб олиниб, 100 дан ортиқ хонадонларга тор соҳа мутахассисларининг ташрифи уюштирилди. Шулардан 30 та хонадонда истиқомат қилувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга замонавий аппаратлар ёрдамида уй шароитида тиббий кўрик текширувлари ташкил қилинди. Шунингдек, 4 нафар ногиронлиги бўлган шахсга ногиронлик аравачаси тақдим этилди. Бундан кўзланган мақсад, аввало, халқимиз тиббий маданиятини юксалтириш, улар орасида соғлом турмуш тарзи тарғиботини олиб бориш ҳамда ҳудудларда намунали "Саломатлик мактаблари"ни шакллантириш, энг муҳими, ўтказилаётган чуқурлаштирилган тиббий кўриклар натижаси асосида оғир асоратларга олиб келувчи сурункали касалликларнинг олдини олишдан иборатдир.

Шуни ҳам айтиш жоизки, поликлиникада яратилган шарт-шароитлар аҳолига манзур бўлмоқда. Айниқса, аҳолининг хабардорлигини ошириш мақсадида саломатлик мавзуларини эслатма сифатида поликлиника ҳудуди бўйлаб ҳар соатда радио овозли шаклда эълон қилиб бориш тизими йўлга қўйилган. Шунингдек, эътиборимизни тортган яна бир жиҳат, бош шифокор хонасида тезкор маълумотлар доскаси ташкил этилган. Унда белгиланган вазифалар бош шифокор назорати билан ўз вақтида амалга оширилади ва аҳолида эътирозлар туғилмайди.

АҲОЛИ ЭЪТИБОР ВА ҒАМХЎРЛИКДАН МАМНУН

Президентимиз ҳар бир маърузаларида халқ биздан рози бўлсин, деган фикрни такрор ва такрор айтиб келмоқдалар. Шундай экан, бугун барча соҳада ушбу ибора ўз ифодасини топиб келмоқда, десак муболаға бўлмайди. Жумладан, мамлакатимиз тиббиёт тизимида ҳам аҳоли саломатлиги ва турмуш фаровонлигига бўлган эътиборнинг кенг қамраб олинаётганлигида фуқароларимизнинг тиббиётга бўлган ишончини жойларда бўлиб ўтаётган тадбирлар мисолида кўришимиз мумкин.

Куни кеча тиббиётга оид ҳукумат доирасида ўтказилган йиғилишда аҳолининг кенг қатламига республикамизнинг етакчи клиникалари ва филиаллари, шунингдек, мавжуд шифо масканлари мутахассислари томонидан кўрсатилаётган саховатли ишлар тилга олиб ўтилди. Айниқса, йиғилишда академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия ва кардиологига илмий-амалий тиббиёт марказлари раҳбарияти томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оила аъзоларига имтиёзли тарзда операция жараёнлари амалга оширилганлиги алоҳида эътироф этилди. Албатта, бу каби ижобий мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин, бунинг баробарида, давлатимиз томонидан соҳага оид қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруқлари, Қўшма қарор асосида бирламчи тизим фаолиятида ўтказилаётган тиббий кўриклар қамрови халқимизнинг ушбу жараёндаги фаоллигини оширмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 6 июль куни Бектемир тумани ҳудудида жойлашган "Ҳусайн Байқаро" ҳамда "Чашма" маҳаллаларида бўлиб ўтган кенг кўламдаги чуқурлаштирилган тиббий кўрикда 700 нафардан ортиқ аҳоли кенг қамраб олинди. Ушбу тадбирга Республика ихтисослаштирилган ва илмий марказларда фаолият юритаётган профессор ва малакали мутахассислар билан бир қаторда туман кўп тармоқли тиббиёт марказлари шифокорлари ҳам жалб этилди. Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Эльмира Баситханова мазкур йўналишдаги фаолиятлар ва ундан кутилаётган натижалар ҳақида сўз юритди. Шунингдек, юқумли касалликларнинг олдини олиш, оилаларда соғлом турмуш тарзига амал қилиш, одамаларнинг ўз саломатлигига бўлган масъулиятини кучайтириш, энг муҳими, бу жараёнда биргина тиббиёт ходими эмас бутун жамоатчилик ўзаро ҳамжиҳатликда иш олиб бориши лозимлигини таъкидлаб ўтди.

290-умумтаълим мактаби ҳудудидан тиббий кўрик ўтказилиши учун ажратилган майдончага ташриф буюрар эканмиз, у ернинг аҳоли билан гавжумлигини кўриб, юритилаётган ислоҳотларнинг нақадар долзарблиги ва ўз вақтида амалга оширилаётганлигига амин бўлдик. Мутахассисларнинг эса қўли-қўлига теккани йўқ, улар қабулида 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган ёшу кексалар. Биз умумий ҳолатни тўғри баҳолаш мақсадида соҳа ходимлари ва аҳоли вакилларини бирин-кетин суҳбатга тортдик.

Бобоқул ҲАМРОҚУЛОВ,

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази колопроктология бўлими катта шифокори,

тиббиёт фанлари номзоди:

– Бугунги тиббий кўрик мисолида айтишим мумкинки, халқимизнинг тиббий маданияти, саломатлигига бўлган эътибори ортиб бормоқда. Бу албатта, яхши натижа. Сабаби, тиббиётнинг ўзгармас қоидасида келтирилганидек, касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал. Бунинг учун эса ҳар бир фуқаро саломатлиги ҳақида, аввало, ўзи қайғурмоғи лозим. Ҳозирга қадар 55 нафарга яқин қабул ўтказдим. Шуларнинг орасида 3 нафар бош қисм терисида онкологик ўзгариш, 2 нафар мелонома ва қизил ўнгач соҳаси, шунингдек, бошқа саратон хасталигига боғлиқ бўлган касалликлар аниқланди. Текширув хулосаларига қараб, 7 нафар фуқарони Тошкент шаҳар онкология диспансери ҳамда марказимизга операция учун 2 нафар беморга йўлланма бердим. Биласизми, мутахассис сифатида айтишим мумкинки, аниқланган касалликларнинг аксарияти оддийгина эътиборсизликлар натижасида келиб чиққан. Агар ҳар бир киши бир йилда 2 марта чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтиб турса, бунинг баробарида кундалик ҳаёти давомида шахсий гигиена масалаларига жиддий аҳамият қаратса, бундай ҳолатлар юзага келмас эди.

Наргиза НУРМАТОВА,

Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази, тиббиёт фанлари доктори:

– Мана, бир неча йилдирки, республикамиз миқёсида аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Айниқса, юртимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш давлат сиёсатига айланганлиги бежиз эмас. Агар она соғлом бўлса, ундан соғлом фарзанд дунёга келади. Ана шундай иборага амал қилган ҳолда фаолиятимизни нафақат марказда, балки жойларда ўтказилаётган тиббий кўрикларда қўллаб келмоқдамиз. Бугун Бектемир туман марказий поликлиникасига қарашли ҳудуд аҳолисини Қўшма қарор асосида тиббий кўрикдан ўтказдик. Қабулимизга келган ўсмир ёшгача бўлган ўғил-қизларнинг саломатлигини текширдик. Улар орасида камқонлик, шамоллаш, гижжа, ошқозон-ичак, энеруз ва аллергек касалликлар учради. Айтиш муҳимки, хасталик аниқланган болаларга марказимиз ҳамда ҳудудларга тегишли бўлган шифо масканларига йўлланма берилди. Айримларига эса даво-муолажа рўйхати ҳамда керакли тавсиялар бердик. Ҳаммамизнинг мақсадимиз битта, у ҳам бўлса, аҳоли саломатлигини асраб-авайлаш, айниқса, келажагимиз бўлган фарзандларимизни соғлом ва баркамол ўстириб, интелектуал салоҳият билан ватанимиз равнақи йўлида астойдил хизмат қилишига муносиб ҳисса қўшишдан иборатдир.

Ахмат ДУРСУНОВ,

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий

тиббиёт маркази профессори:

– Ушбу кўрик жараёнида қабулимга кўпроқ катта ёшдагилар мурожаат қилишди. Уларда асосан умуртқа поғона, оёқ таянч бўғим, остеопароз, остеохондроз ҳамда жароҳат асоратларидан келиб чиққан касалликлар аниқланди. 3 нафар бемор операция қилиш учун марказга йўналтирилган бўлса, айримларига саноторийларга боришлари тавсия қилинди. Мутахассис сифатида айтмоқчиманки, мазкур ёшдаги фуқаролар бу каби касалликлардан фориғ бўлиши учун шифхонада эмас, санаторийларда соғломлаштириш йўли билан саломатликларини тиклашлари мақсадга мувофиқдир. Агар касаллик ўз вақтида аниқланса, уни дори-дармон билан даволаш мумкин. Афсуски, айрим инсонлар касалликни ўтказиб, шифокорга кеч мурожаат қилишади ва унинг натижасида сурункали хасталикка айланиб, уни фақат соғломлаштириш йўли билан бартараф этишга тўғри келади. Ҳатто шу пайтгача травматолог мутахассисга мурожаат қилмаган онахон-отахонларимиз ҳам учради. Ўйлайманки, ҳукуматимиз томонидан ташкил этилаётган бу каби кенг аудиториядаги тиббий кўриклар ўз натижасини беради.

Дилором РАҲИМОВА,

Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази катта илмий ходими, тиббиёт фанлари доктори:

– Ниҳоятда кенг қамраб олинган ушбу тиббий кўрикда аҳолининг кенг қатлами иштирок этганлиги ҳамда касаллиги тўғрисида маълумотга эга бўлган фуқароларни текширувдан ўтказиш жаарёнида халқнинг саломатлигига бўлган эътибори мени бефарқ қолдирмади. Бунинг ифодаси сифатида айтмоқчиманки, Юқори Чирчиқ кўчасида яшовчи Зокиржон Салимбоев қабулимда бўлганида у кишида сурункали ўпка обструктив касаллигининг ўткир 3-даражаси кечаётганлиги маълум бўлди. Беморнинг шикоятига қараганда даво-муолажаларини вақтида қабул қилсада, дарддан халос бўлиш ўрнига кундан-кунга нафас олиши қийинлашиб бормоқда экан. Зокиржон Салимбоевга ҳудуд шифокори томонидан тавсия этилган дори-дармонлар рўйхати ва уларни қабул қилиш тартибини кўриб чиққанимда, бемор учун даво-муолажаси нотўғри белгиланганлиги аён бўлди. Бемор билан суҳбатлашиб, касалликни бартараф этиш учун стандарт асосида даволаниш мақсадга мувофиқ эканлиги тушунтирилди. Шунингдек, қабулдаги барча фуқароларни ҳам тиббий кўрикдан ўтказиб, касалликка мойил беморлар аниқланиб уларга ҳам керакли маслаҳатлар берилди. Фаолиятимдаги кузатишларим хулосаси асосида айтишим мумкинки, аввало, ҳар бир мутахассис мурожжат қилган беморга аниқ ташхис қўйиб, даво-муолажаларини тўғри йўналтирса касаллик сурункали ҳолатга ўтиб кетмайди.

Нилуфар ИСОМУҲАММЕДОВА,

Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венерология

илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассиси,

тиббиёт фанлари номзоди:

– Мамлакатимизда тиббиёт тизимига қаратилаётган эътибор натижасида нафақат пойтахтимиз, балки жойларда ўтказилаётган тиббий кўрикларда ҳам шу нарсага гувоҳ бўляпмизки, аҳоли орасида герпес, зостер, аллергодерматет, папилломатоз, витилиго, тирноқлардаги замбуруғ ва генодерматоз каби касалликларнинг учраётганлиги соҳа мутахассисларини жиддий ўйлашга ундамоқда. Булар орасида юқумли хусусиятга эга бўлганларини даволаш жуда мураккаб. Бунинг учун, аввало, оилада соғлом муҳит барқарор бўлиши, санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиниши талаб этилади. Бугунги тиббий кўрикда ҳудудда истиқомат қилувчи 100 нафардан ортиқ аҳоли саломатлигини текширувдан ўтказдим. Юқорида тилга олинган касалликлар катталар билан бир қаторда ёш болаларда ҳам кузатилаётгани мени ташвишлантирмоқда. Касаллик аниқланган фуқароларни марказга ҳамда ҳудудий тиббиёт муассасаларига боришларини тавсия қилдим. Таъкидлаш керакки, мазкур хасталиклар ўз-ўзидан пайдо бўлмайди, шу боис, аҳоли ўртасида бу борада профилактика ишлари кучайтирилиб, касалликлар тўғрисида чуқур маълумотлар берилиш мақсадга мувофиқдир.

Зуҳра БЕКМУРОДОВА,

Катта ариқ кўчаси фуқароси

(70 ёш):

– Аввало, ёшу кексалар саломатлиги учун қайғуриб, барча шароитларни муҳайё қилаётган давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевга самимий миннатдорлигимни йўллайман. Мен бугун саломатлик тадбирида инсонларнинг бир-бирига нисбатан меҳр-оқибати, муомала маданияти, айниқса, тиббиёт ходимларининг қарияларга бўлган чексиз меҳрини кўриб, бошим осмонга етди. Сабаби, қабул қилаётган шифокорларимизга навбат кутиб турган аҳолининг кўплиги, шунингдек, мутахассислар томонидан ҳар бир фуқарога илиқлик билан муносабат кўрсатилаётганлиги барчамизни мамнун этди. Эндокринолог Саодат Ибрагимова, травматолог Ахмат Дурсунов ва УТТ шифокорлари қабулида бўлганимда, улар томонидан менда касаллик аломатлари йўқлиги айтилди. Кардиолог эса қон босимим ошиб турганлиги, бунинг учун врач тавсияларига амал қилишим зарурлигини тушунтирди.

МУНОСАБАТ ВА ФИКР

Виолета ЛИ,

Юқори Чирчиқ ҳудуди маҳалласи фуқароси (36 ёш):

– Аслини олганда соғлиғимдан деярли шикоятим йўқ. Кейинги пайтларда поликлиникамиз ва оммавий ахборот воситаларида тиббий кўриклар тўғрисида тадбирлар ҳамда кўрсатувлар бўлаётганлигини кўриб, Президентимиз томонидан яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиш учун бугунги соғломлаштириш тадбирида иштирок этяпман. Мамнунлигим шундаки, мактаб биносига кириб келишда китоб ярмаркасининг ташкил этилганлиги диққатимни ўзига тортди. Кўрик жараёнида илк бор рўйхатдан ўтиб, қон топширдим, сўнгра ЭКГ, УТТ аппаратларидан ўтдим, шунингдек, пойтахтимизнинг етакчи клиникларидан келган дерматовенеролог, онколог, невропатолог, травматолог, терапевт, эндокринолог, хирург сингари мутахассислар қабулида бўлдим. Мени ташвишга соладиган ҳеч қандай жиддий касаллик аниқланмади. Фақат ўнг қўлим ва елка қисмимда оғриқ борлигини айтганимда травматолог остеохондроз касаллиги борлигини айтиб, керакли муолажалар буюрди. Бундай кўриклардан жуда мамнунмиз, Давлатимиз ва барча ташкилотчиларга раҳмат айтамиз.

Ибодат СОАТОВА, Ҳасан АБДУҒАНИЕВ.

Суратлар муаллифи Ҳасан АБДУҒАНИЕВ.

№ 28, 13.07.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.