Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Ислоҳот одимлари

ЭЗГУ МАҚСАДЛАР БАРДАВОМЛИГИ

Маълумки, дунё тамаддуни ривожланишида ер юзидаги халқлар, миллатлар, яъни инсониятнинг ўрни муҳим. Бу тамаддун силсиласи давом этиши учун эса инсон саломатлиги алоҳида аҳамиятга эга. Шу боис, ушбу эзгу мақсадлар манфаатига хизмат қилувчи Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ташаббуси билан давлатлар кўмагида бу борада изчил фаолиятлар олиб борилмоқда, хусусан, мамлакатимизда ҳам.

Шу йилнинг 10 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан Бутунжаҳон саломатлик кунига бағишлаб ташкил этилган анжуманда ҳамкорликдаги фаолиятлар самараси ва келгуси вазифалар таҳлили атрофлича муҳокама қилинди. Қизғин мунозараларга бой бўлган матбуот анжуманида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар Иттифоқи, алоқадор ташкилот ва идоралар раҳбарлари, масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирни Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Эльмира Баситханова кириш сўзи билан очиб, мамлакатимиз тиббиётида қисқа фурсат ичида амалга оширилаётган ислоҳотларга эътибор қаратди. Жумладан, аҳоли саломатлигини таъминлашда, аввало, бирламчи тиббий-санитария ёрдами ва унинг ўз вақтида, сифатли амалга оширилиши, ихтисослашган тиббий хизматларни аҳолига янада яқинлаштириш, касалликларнинг олдини олиш, бунинг учун профилактика назоратини кучайтириш, Президентимиз таъбири билан айтганда, халқимизни тиббий хизматлардан рози қилишга эришиш мамлакатимиз тиббиёт тизимининг устувор йўналишига айланганлиги хусусида сўз юритди. Айни шу мақсадда бугунги кунда соғлиқни сақлаш тизимида рўй бераётган ўзгаришлар, тиббиётнинг ҳар бир йўналишида кўзланган мақсадлар бўйича бажарилаётган ишлар самараси ҳамда аҳоли саломатлигини таъминлашда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиялари муҳим ўрин тутганлигини ҳам алоҳида тилга олди. Шунингдек, ушбу ҳамкорлик кўламлари келгусида ҳам изчил давом эттирилишини алоҳида таъкидлади.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан тизимга қаратилаётган эътибор натижасида соғлиқни сақлаш тизими, бунинг баробарида тиббиёт муассасалари фаолияти тубдан такомиллаштирилмоқда. Айниқса, соҳага оид қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар ижроси бўйича босқичма-босқич амалга оширилаётган ишлар самарасида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ижобий томонга ўзгариб бормоқда.

Шундан сўнг, ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Лианн Куппенс сўзга чиқиб, бу йилги Бутунжаҳон саломатлик куни доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар учун "Соғлиқни сақлаш хизматлари билан оммавий қамров: ҳамма учун ва ҳар ерда" мавзуси белгиланганлигини маълум қилди. Яъни, ҳар бир инсон у қаерда бўлишига қарамай, ўзи учун зарур бўлган тиббий хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқига эгалигига урғу қаратди. У сўзида давом этиб, ташкилотимизнинг асосий мақсади, аввало, саломатлик устувор бўлиши лозим. Шундагина оила, жамият ва давлат фаровон бўлади. Мақсадимиз, "Ҳеч ким дори воситалари ёки озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилишни танлашга мажбур бўлиши керак эмас. Барқарор тараққиёт мақсадларига эришишга қаратилган саъй-ҳаракатлар барчанинг саломатлигини таъминлашни ўз ичига қамраб олувчи марказга айланиши лозим"лигини билдирди. Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш тизимлари ўз олдида турган асосий вазифалари, яъни инсон эҳтиёжлари, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва касалликларнинг олдини олиш ҳамда тиббий хизматларга оммавий эришиш имкониятини таъминлай олса мамлакатда иқтисодий-ижтимоий тараққиёт бўлади, шу боис, ЖССТ жаҳон мамлакатларини Барқарор тараққиёт мақсадлари келишуви мажбуриятларини бажаришга чақиришини таъкидлади. Маърузачи шу билан бирга, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ташкил топганлигига 70 йил, мамлакатимиз Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилганлигига эса 20 йил тўлганлигини эътироф этиб, ўтган йиллар мобайнида қилинган ишлар самараси, жумладан, тиббиёт соҳасида мамлакатимизда эришилаётган муваффақиятларга ҳам батафсил тўхталиб ўтди.

– Бугунги кунда Президентимиз кўрсатмаларига асосан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан даволаш-профилактика муассасасаларида амалга оширилаётган ишлар мамлакатимиз тиббиёт тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилмоқда, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги даволаш-профилактика ёрдамини ташкиллаштириш Бош бошқармаси бошлиғи Фарруҳ Шарипов. – Жумладан, халқаро ҳамкорликларнинг кенгайтирилиши, соҳада малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни қондириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, айниқса, амалиётга юқори технологияли замонавий асбоб-ускуналар ҳамда янгича даволаш усулларининг татбиқ қилиниши натижасида фаолиятларда ижобий натижалар қўлга киритилмоқда. Давлатимиз томонидан биргина ихтисослашган тиббий хизматлар сифатини ошириш мақсадида қабул қилинган меъёрий ҳужжатларда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари фаолиятида жорий этилаётган ислоҳотлар туфайли энг мураккаб жарроҳлик амалиётлари ҳам бугун мамлакатимизда маҳаллий мутахассисларимиз томонидан юқори даражада бажарилмоқда. Мисол учун биргина инсон аъзоларини кўчириб ўтказиш, яъни буйрак ва жигар трансплантацияси операциялари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, ушбу марказлар филиалларини вилоятларда ҳам ташкил қилиш, бу орқали ихтисослашган тиббий хизматларни аҳолига яна бир қадам яқинлаштириш борасида ҳам тизимли ишлар қўлга қўйилмоқда. Бу ислоҳотлар эса ҳам халқимиз, ҳам мамлакатимиз иқтисодиётини тежашга хизмат қилмоқда.

– Бугунги анжуманнинг ҳар йилгиларидан фарқли ва аҳамиятли жиҳатини танланган мавзунинг долзарблиги белгилаб беради, – дейди Республик ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Наргиза Парпиева. – Ҳақиқатан ҳам, тиббий хизматлар ҳамма учун. Бундан бошқача қараш ҳам бўлиши мумкин эмас. Табиийки, бугунги кунда мамлакатимизда тиббиёт соҳасини такомиллаштириш юзасидан олиб борилаётган кенг кўламли ишлар натижасида аҳолимизнинг барча қатлами тиббий хизматлар билан қамраб олинган. Хусусан, силга чалинган беморлар бўйича қайси ҳудудда истиқомат қилишидан қатъий назар, ташхислаш ва даволаш ишлари юз фоиз бепул амалга оширилади. Бунинг учун барча шароитлар мавжуд, албатта. Бу борада асосий вазифамиз бу каби хасталикларнинг олдини олишдан иборатдир. Шу мақсадда кўпроқ профилактика ишларига эътибор қаратилмоқда. Яъни бирламчи тизим фаолиятидан бошлаб, тарғибот ва тушунтириш ишлари кучайтирилмоқда. Аҳолига сил касаллигининг бедаво эмаслиги, у наслдан-наслга ўтмаслиги ҳақида батафсил маълумотлар берилмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бугун мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида олиб борилаётган изчил фаолиятлар аҳоли саломатлигини таъминлаш, халқимизнинг турмуш фаровонлигини янада яхшилашга хизмат қилади.

Ҳасан АБДУҒАНИЕВ.

№ 14, 13.04.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.