Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Ислоҳот одимлари

КАРДИОЛОГИЯ ТАРАҚҚИЁТНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИДА

Жорий йилнинг 6 апрель куни Республика ихтисослаштирилган кардиология марказида янги барча шарт-шароитлар билан таъминланган юқори технологик диагностика ва даволаш биноси фойдаланишга топширилди.

Ўз ичига бир неча кенг имкониятли бўлимларни қамраб олган муассасанинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоилов, Спикер ўринбосарлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ихтисослаштирилган марказ директорлари, профессор-олимлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбир аввалида Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев сўзга чиқиб, мамлакатимизда тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва эришилаётган натижалар хусусида тўхталиб ўтди. Жумладан, аҳолини сифатли ихтисослашган тиббий хизматлар билан таъминлаш, шу йўналишдаги марказлар фаолиятини янада такомиллаштириш, уларни хорижий тиббиёт марказлари билан рақобатлаша оладиган даражага олиб чиқиш, беморлар учун зарурий шарт-шароитларни яратиш, фаолиятга янгича технология ва усулларни татбиқ қилиш бўйича тизимли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади. Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази фаолияти ва мазкур даволаш-диагностика биносининг фойдаланишга топширилиши ҳам юқоридаги фикрларнинг ёрқин мисоли эканлигини эътироф этди. Шундан сўнг, тадбир иштирокчилари ҳамроҳлигида бинонинг тантанали очилиш маросими ўтказилди ва меҳмонлар бўлимлар фаолияти ҳамда уларда яратилган шароитлар билан яқиндан танишиб чиқди.

– Юрак қон-томир хасталикларининг олдини олиш, эрта аниқлаш ва самарали даволаш бугунги кунда жаҳон тиббиётининг долзарб вазифасидир, – дейди Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази директори, академик Равшанбек Қурбонов. – Ушбу бинонинг фойдаланишга топширилиши бу борада олдимизда турган энг муҳим вазифаларни амалга оширишимизда катта имконият бўлади. Эндиликда, юрак қон-томир касалликлари профилактикаси, диагностика ва даволаш ишларини тизимли олиб бориш баробарида, йилига минг нафардан ортиқ беморда коронарография ҳамда стентлаш амалиётини ўтказиш мумкин. Бундай усул билан юрак қон-томир хасталикларининг энг оғир тури – миокард инфарктининг олди олинади. Қолаверса, авваллари беморларни клиник ва функционал текширувдан ўтказиш учун алоҳида бўлим йўқ эди. Ускуналар турли биноларда жойлашганлиги боис, беморларни текшириш жараёнида маълум бир қийинчиликлар юзага келарди. Бинода жойлашган бўлимлар фаолияти натижасида бу сингари муаммолар тамоман бартараф қилинади. Шуни ҳам алоҳида айтиш жоизки, тиббиётимизга бу каби илғор технологияларнинг кириб келиши туфайли кейинги йиллар мобайнида миокарднинг ўткир инфарктидан содир бўладиган клиник ўлим ҳолатлари 9-10 фоизга камайишига эришилди. Эндиги вазифамиз ушбу ютуқларни ҳудудлардаги тиббиёт муассасалари фаолиятига жорий қилишдир. Ҳозирда бу борада ҳам дастлабки қадам ташланган, яъни айни пайтда марказнинг Наманган вилояти филиали ва Хоразм, Фарғона, Бухоро, Самарқанд, Навоий вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган тиббиёт муассасаларида коронарография ва стентлаш амалиётлари амалга оширилмоқда. Ўз ўрнида буни ҳудудлар аҳолиси учун яратилган катта қулайликлардан бири, деб айтиш мумкин.

Таъкидлаш муҳимки, янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилган 3 қаватли бинода беморларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароитлар мавжуд. Хусусан, икки нафар бемор ётиб даволанишига мўлжалланган хоналар кенг, ёруғ, шинам ва барча қулайликларга эга. Шунингдек, бўлимларда функционал диагностика текширувларини ўтказиш имконияти яратилган. Улар замонавий универсал ва ҳаракатланувчи ангиографик ускунаси, электрофизиологик текширувлар учун "BARD" тизими, рентгеншаффоф электр столи, радиочастотали генератор ҳамда "Cool Flow Pump Stockert Biosense Webster" насоси каби сўнгги русумдаги аппаратлар билан жиҳозланган. Хорижда ишлаб чиқарилган "CIAT" вентиляция тизими эса бино ичи ҳароратини доимий бир хил тоза ҳаво билан таъминлаб туради. Бинонинг биринчи қаватида маъмурий ва функционал диагностика, рентген текшируви ва генетика хоналари жойлашган. Иккинчи қаватдаги интервенцион аритмология бўлими 20 ўринли муолажа хонаси ҳамда сўнгги русумдаги замонавий рентген операцион блокини ўз ичига қамраб олган. Муассасанинг учинчи қаватидаги интервенцион кардиология бўлимида эса рентген эндоваскуляр жарроҳлик блоки фаолияти йўлга қўйилди. Унинг ёрдамида барча турдаги интервенцион операциялари амалга оширилади. Айтиш керакки, шифо масканида яратилган қулайлик ва имкониятлар ҳар қандай хорижий клиникалар шароитидан қолишмайди. Табиийки, бунинг натижасида марказда ҳозирга қадар амалга ошириб келинаётган юрак ва периферик қон томирларини ангиография қилиш ва стентлаш амалиёти, томир орқали юрак туғма нуқсонларини бартараф этиш, кекса беморларда аортал клапанни интервенцион усул билан томир орқали кириб протезлаш, шу билан бирга, буйин, буйрак томирларини стентлаш каби жарроҳлик амалиётлари эндиликда ҳам сифат, ҳам сон жиҳатидан яхшиланади ва кенгаяди. Бундан ташқари, электрофизиологик текширувлар бўлимида юракнинг туғма ва орттирилган аритмияларини даволаш, бўлмачалар фибриллияцияси ва қоринлар аритмияларининг мураккаб турларини ЭФИ усули билан абляция қилиш, 2 ва 3 камерали электростимулятор ўрнатишдек мураккаб операцияларни бажариш, бир сўз билан айтганда, аҳоли саломатлигини таъминлашга қаратилган фаолиятлар самарадорлигини ошириш имкони пайдо бўлди.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини, хусусан, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини яхшилашга қаратилган ислоҳотлар самараси йилдан-йилга ортиб бормоқда. Амалиётга татбиқ этилаётган янгича ёндашувлар ва юқори технологияли замонавий тиббий асбоб-ускуналар эса тиббиёт тизимини янада такомиллаштириш, аҳоли саломатлигини таъминлашдек эзгу мақсадларга хизмат қилиши, шубҳасиз. Ўйлаймизки, фойдаланишга топширилган мазкур бино ва ундаги бўлимлар фаолиятида юқоридаги фикрларимизнинг амалдаги исботи намоён бўлади.

Ҳасан АБДУҒАНИЕВ. Муаллиф олган суратлар.

№ 14, 13.04.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.