Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Ислоҳот одимлари

ОТА ФАРЗАНДИГА ҲАЁТ БАҒИШЛАДИ

Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг таклифига биноан 2017 йил 25-26 октябрь кунлари давлат ташрифи билан Туркияда бўлган эди. Ташриф доирасида бошқа соҳалар қаторида соғлиқни сақлаш тизимида ҳам ҳамкорликни ривожлантиришга доир ҳужжатлар қабул қилинганди. Бунинг натижасида икки давлат соғлиқни сақлаш соҳасида ўзаро тажриба алмашинув ва маҳорат дарслари, малакали шифокорлар томонидан мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилиб келинмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири куни кеча пойтахтимиздаги етакчи тиббиёт муассасаларида ҳам амалга оширилди. 2018 йил 6 апрель куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида соҳа ривожига қаратилган халқаро симпозиум бўлиб ўтди.

Тадбирда мамлакатимиз олимлари, шифокорлар билан бир қаторда, Туркия давлатидан келган етакчи мутахассислар, Туркия шошилинч тиббий ёрдам врачлари ассоциацияси президенти, профессор Башар Жандар иштирок этиб, тиббиёт, хусусан, шошилинч тиббий ёрдамнинг олдида турган вазифалар, халқаро тажрибалар хусусида фикр алмашишди. Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистонда тиббиёт муассасаларини замонавий стандартларга мувофиқ янада такомиллаштириш, аҳолига ўз вақтида кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини ошириш ҳамда юксак профессионал салоҳиятга эга юқори малакали кадрларни тайёрлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Мазкур жараён мамлакатимизнинг шошилинч тиббий ёрдам хизмати фаолиятида ҳам татбиқ этиляпти. Шу билан бирга, соҳа ривожига давлат даражасида эътибор қаратиб келинаётгани ҳам унинг нақадар муҳимлигини исботлайди. Бу борада Президентимизнинг тегишли фармон ва қарорлари қабул қилинди. Жумладан, 2017 йил 16 мартдаги "Шошилинч тиббий ёрдам хизматининг фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳамда 2018 йил 25 январдаги "Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорларида белгиланган вазифалар изчиллик билан бажарилиши натижасида тез тиббий ёрдам шифохоналари фаолияти янада яхшиланмоқда. Жумладан, 2017 йилда тез тиббий ёрдам хизмати учун 1 минг 269 та ихтисослашган автотранс-порт харид қилинди ва жойларга етказилди. Дори-дармон ҳамда тиббий буюмлар билан таъминлаш эса 2 баробарга кўпайди. Бунинг баробарида, тез тиббий ёрдам хизматининг соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғини муассасалари билан самарали интеграциясини таъминлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, жаҳон тиббиёти ва илм-фан ютуқларини чуқур ўзлаштириш ва амалиётга татбиқ этиш билан боғлиқ муҳим вазифалар белгиланди.

Аҳолига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш борасида жаҳон тиббиёти ва илм-фан тизимидаги янги технологияларни ўзлаштиришга бағишланган мазкур халқаро анжуман доирасида Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори Абдуҳаким Хаджибаев ва Туркия шошилинч тиббий ёрдам врачлари ассоциацияси президенти, профессор Башар Жандар ҳамкорлик битимини имзолашди. Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Туркия шошилинч тиббий ёрдам врачлари ассоциацияси 3 минг нафардан зиёд малакали олим ва шифокорларни ўз сафида жамлаган бўлиб, дунёда етакчи тиббий-илмий тузилмалардан бири ҳисобланади.

Башар ЖАНДАР,

Туркиянинг шошилинч тиббий ёрдам врачлари ассоциацияси президенти:

— Аввало, мамлакатингизга ҳамкасбларим билан келганимдан мамнунлигимни билдирмоқчиман. Ўзбекистон менинг ота юртим ҳисобланади. Мамлакатингиз дунё ҳамжамиятида алоҳида ўрин тутади. Сўнгги пайтларда жадал суратларда ривожланмоқдаки, ҳатто Туркиядан илгарилаб бормоқда, десам хато қилмаган бўлар эдим. Хусусан, тиббиёт соҳасида ҳам. Ушбу симпозиум шошилинч тиббий ёрдам борасида халқаро амалиётларни ўзлаштириш, ўзаро тажриба алмашишга замин яратди. Тиббиётнинг мазкур йўналишидаги муаммоларни бартараф этишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир. Юртингиздаги шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази билан ҳамкорликда иш олиб бориш учун меморандум имзоладик. Унга кўра, туркиялик шифокорлар Ўзбекистонга, ўзбекистонлик соҳа ходимлари эса Туркияга бориб, ўзаро тажриба алмашишади, бевосита жарроҳлик амалиётларида иштирок этишади. Бу фаолиятимизни янги босқичга кўтаришда кўмак бўлади.

2018 йил 6 апрель куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида мамлакатимизда илк бор, дунё тиббиётида нозик ва мураккаб ҳисобланган инсон аъзоларини кўчириб ўтказиш, яъни трансплантация бўйича замонавий операциялар бажарилди. Туркиянинг Башкент тиббиёт университети ректори, профессор, Жаҳон трансплантологлар ассоциацияси президенти Меҳмет Хаберал иштирокида ўтказилган жарроҳлик амалиётида 14 ёшли бемор Умиджон Абдуқаюмовга отасининг буйраги кўчириб ўтказилди.

— Давлатимиз раҳбарининг соғлиқни сақлаш соҳасини тубдан такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларини янада кучайтириш борасидаги кўрсатмалари асосида тиббиётимиз янги босқичга кўтарилди, десак муболаға бўлмайди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори Абдуҳаким Хаджибаев. — Бугунги кунда юртимиз тиббиёт муассасаларида энг илғор ва замонавий шарт-шароитлар яратиш ҳамда тиббий хизмат сифатини янада оширишга жиддий эътибор қаратилаётгани, бу борада, қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатлар ва босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотлар чиндан ҳам халқ манфаатларига қаратилган. Марказимиз, унинг вилоятлардаги филиаллари, туман, шаҳар тиббиёт бирлашмалари қошидаги бўлимлари, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги тез тиббий ёрдам хизмати станциялари янада такомиллашмоқда. Шошилинч тиббий ёрдам тизимида илмий-техник ютуқлар ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш, замонавий механизмларни татбиқ қилиш, кадрлар тайёрлаш борасида илғор усуллар жорий этиб келиняпти. Бунинг баробарида, Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси асосида мамлакатимизда илк бор дунё тиббиётида энг мураккаб ва нозик амалиёт ҳисобланган инсон аъзолари трансплантацияси бўйича замонавий операциялар амалга оширила бошланди. Бундай юқори технологик операциялар ривожланган давлатлардагина бажарилади, холос. Бугун юртимиз тиббиёти ҳам ана шу етакчи мамлакатлар қаторидан жой олди. Ҳозирда трансплантация амалиётларини ўтказиш учун клиникаларимизда етарли тажриба ва техник имкониятлар яратилди. Бугун марказимизда биринчи марта буйрак кўчириб ўтказиш амалиётини бажардик. Башкент тиббиёт университети ректори, Жаҳон трнасплантологлари ассоциацияси президенти Меҳмет Хаберал билан ҳамкорликда мазкур операция муваффақиятли бажарилди.

Таъкидлаш мумкинки, Меҳмет Хаберал Туркия ва Европа давлатларида трансплантология йўналишига асос солган профессор бўлиб, буйрак кўчириб ўтказиш бўйча 1 минг 832 та, жигар кўчириб ўтказиш бўйича эса 344 та операцияга бевосита раҳбарлик қилган.

– Яна бир мураккаб жарроҳлик амалиётини муваффақиятли якунладик, – дейди профессор Меҳмет Хаберал. – Ҳа, гувоҳи бўлдимки, Умиджоннинг отаси чиндан ҳам фарзанди учун жонини беришга тайёр экан. Ундаги меҳрни кўриб, навқирон йигитчанинг тузалиши, соғлом ҳаётга қайтишига астойдил бел боғладим. Бугун Умиджоннинг янгидан дунёга келишига сабабчиман, холос. Аслида тиббиётнинг вазифаси ҳам шу – инсонга соғлом ҳаёт бахш этиш. Аввало, давлатингиз раҳбарининг қалбида одамларга нисбатан бўлган чексиз ғамхўрлик ва ҳар бир беморнинг, албатта, тузалиб кетишига бўлган чинакам ишончи сабаб бугун тиббиётингиз янги босқичга кўтарилди. Мана, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида буйрак тарнсплантациясини бажаришга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрилган бўлиб, мутахассислар малакаси, техник имкониятлар ва марказ шароитлари юқори даражада эканлигининг гувоҳи бўлдим. Бемор У. Абдуқаюмов сурункали буйрак етишмовчилигининг терминал босқичида бўлиб, қони гемодиализ аппарати орқали тозаланиб келинган. Шукрки, ҳозирги амалиёт муваффақиятли ўтди. Айтиш лозимки, энди марказ мутахассислари бу каби операцияларни бемалол бажара олади. Биласизми, турклар билан ўзбекларни бир ариқдан сув ичган катта чинорнинг ҳар ёққа ёйилган навдаларига ўхшатаман. Демак, бизни бирлаштириб турган азалий боғлиқлик туфайли яна бир-биримизга нафимиз тегяпти. Шу ўринда айтмоқчиманки, Ўзбекистонга келиб, кимгадир беғараз ёрдамимни беришга тайёрман.

Дарҳақиқат, шу пайтгача буйрак етишмовчилигидан азоб чекаётган беморлар ҳаёти хавф остида эди. Улар ушбу орган вазифасини тўлиқ бажармаганлиги туфайли қонни гемодиализ орқали фильтрлашга мажбур бўлар, бу эса катта молиявий харажатни ҳам талаб этарди. Бугун мамлакатимиз тиббиётида ривожланган давлатларнинг етакчи мутахассислари ва жаҳон амалиётида синалган дунё тажрибасини қўллаш борасидаги тизимли ёндашув сабаб Ўзбекистонда трансплантация операциялари ўтказилаётгани чиндан ҳам халқимиз мушкулини осон қилмоқда.

– Ҳар бир ота-онанинг зурриёди соғлом юрса, ўзини яхши ҳис қилади, – дейди донор Илғор Абдуқаюмов. – Яратганга шукрки, ҳозир ўғлимнинг аҳволи яхши. Аввало, ана шундай шарт-шароитларни яратиб берганлари учун Юртбошимизга ташаккуримни билдираман. Уларнинг олиб бораётган оқилона сиёсатлари туфайли беморлар соғайиб яқинлари бағрига қайтмоқда. Жумладан, ўғлим Умиджон ҳам дарддан халос бўлди. Туркиялик мутахассислар ва шифокорларимизнинг ишига масъулият билан ёндашиши, ширинсўзлиги ва билимлилиги сабаб операция муваффақиятли бажарилди. Шу боис, соҳа ходимларидан миннатдорман.

– Ўғлимни тўрт ёшидан бери шифокорларга олиб бориб, тиббий кўрикдан ўтказиб юрар эдик, – дейди Умиджоннинг онаси Нилуфар Абдуқаюмова. – 2017 йилнинг ёз ойларида фарзандим диализга тушиб қолди. Шунда оиламиз оғир аҳволни бошидан ўтказиб, хавотирлана бошладик. Шу пайтда турмуш ўртоғим ёнимда туриб, мени ва ўғлимни тушкунликдан олиб чиқди. Ушбу тиббиёт муассасасига мурожаат қилганимизда ҳозирда буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти ўзимизда ҳам бажарилаётганини айтишди. Бугун ўғлим Умиджон яна оиламиз бағрида, асосийси соғлом. Менимча, она учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак. Операция пайтида кўнглимдан қандай кечинмалар ўтганини ифодалаб бера олмайман, буни ҳар бир она яхши тушунади. Шифокорларнинг маҳорати туфайли бугун фарзандимнинг қувончи чексиз, оиламизга шодлик ҳадя қилинди.

– Янгийўл туманидаги умумтаълим мактабида 7 синфда таҳсил оламан, турли фан олимпиадаларида қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллаб келяпман, — дейди бемор Умиджон Абдуқаюмов. – Келажакда шифокорлик касбини эгаллашни дилимда тугиб қўйганман ва бунинг учун ҳаракат қилмоқдаман. Сабаби, менга тббиёт ходимлари кўп ёрдам беришди. Ҳаётимни сақлаб қолиб, соғ-саломат юришимга астойдил меҳнат қилишди. Мана бугун ҳам саломатлигимда бўлган муаммо бартараф этилди. Яна айтмоқчиманки, менинг дадам, дунёдаги энг яхши дада. Улар менга бугун қайта ҳаёт бахшида этдилар. Энди яна тенгдошларим билан ўйнаб, футбол машқларида қатнаша оламан. Барча шифокорларга раҳмат.

Мазкур мураккаб жарроҳлик амалиётининг гувоҳи бўлганимизда, шифокорларнинг маҳоратига тан бердик. Бир неча саот давомида соҳа ходимларининг инсон тана аъзосини кўчириб ўтказиш, бир вақтнинг ўзида икки беморнинг ҳаётини сақлаб қолиш борасидаги ҳаракат таҳсинга сазовор, албатта. Малакали шифокорлар томонидан отанинг иссиқ жонидан олинган буйрак ўз зурриёдига ўтказилиши яна бир оилага шодлик ҳадя этди. Зеро, бу туйғулар 14 ёшли бемор Умиджоннинг юзидаги табассум, ота-онанинг кўнглидаги таскинда ўз ифодасини топди.

Маҳорат дарси

2018 йил 7 апрель куни Республика кўз касалликлари клиник шифохонаси, Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг офтальмология кафедраси ҳамда Туркиянинг "Kuch Hospital" клиникаси ўртасида келишув меморандуми имзоланди.

Шу билан бирга, туркиялик малакали мутахассислар, профессорлар иштирокида маҳорат дарслари ўтказилди.

Келишувга мувофиқ, Республика кўз касалликлари клиник шифохонасининг 2 нафар шифокори, Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг 1 нафар мутахассиси Туркиянинг "Kuch Hospital" клиникасига замонавий диагностика ва даволаш турларини ўрганиш, ўз малакасини ошириш учун юборилади.

– Муассасамиз ушбу йўналишда республика бўйича умумлашган марказ ҳисобланади, – дейди бош шифокор Отабек Икромов. – Айтиш мумкинки, шифохонамиз Ўзбекистонда кўз касалликлари мактаби бўлиб, унинг қошида Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг офтальмология кафедраси жойлашган. Муассасамизда 3 нафар фан доктори, 6 нафар фан номзоди ва 27 нафардан зиёд малакали шифокорлар фаолият юритади. Бугунги кунгача Ҳиндистон, Россия, Жанубий Корея ва бошқа давлатлар билан ҳамкорлик меморандуми имзоланган бўлиб, мутахассислар ўртасида ўзаро тажриба алмашиб келинмоқда. У ерда орттирилган билимларини ўз фаолиятида қўллаб, беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатишмоқда. Бугун Туркиянинг етакчи клиникаси билан имзоланган шартнома ҳам айни шу мақсадларга йўналтирилган. Бу эса истиқболдаги амалиётимизда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

– Ўзбекистонда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шарт-шароит яратилганлигининг гувоҳи бўлмоқдамиз, – дейди туркиялик шифокор Афсун Саҳин. Президентингиз раҳнамолигида тиббиёт тизимида амалга оширилаётган ишлар жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олиниб, халқаро экспертларнинг эътирофига сазовор бўлаётганидан ҳам хабарим бор. Тиббиёт муассасаларининг замонавий техникалар билан таъминлангани тиббий кўрикни тез ва самарали ташкил этишга яхши самара беради. Шу билан бирга, касалликларни даволашда ҳамкорлик олиб бориш, халқаро тажрибаларни ўрганиш иш унумдорлигини янада оширади. Айтмоқчиманки, офтальмология соҳасида биргаликда изланиш олиб бориб, янги қирраларни кашф қиламиз. Шифокорларингиз мамлакатимизга бориб, бизнинг соҳа ходимлари эса юртингизга келиб, ўзаро тажриба алмашишади. Бу эса беморларни даволашда, маҳаллий шифокорларнинг амалиётида асосий ўрин тутади, деб ўйлайман.

Дарҳақиқат, бу каби ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар, аввало, инсон манфаатлари ва унинг ҳаётий эҳтиёжларини қондиришга хизмат қилмоқда, десак муболаға бўлмайди. Зотан, тиббиётнинг ҳам мақсади — инсон саломатлигига эришишдир.

Жонибек МАЪРУПОВ.

№ 14, 13.04.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.