Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Ислоҳот одимлари

МАНАС ҚИШЛОҒИНИНГ БУГУНИ ВА ЭРТАСИ инсонлари қадр топган юрт

Бугунги кунда республикамизнинг қайси бир гўшасида бўлмайлик, аввало, бунёдкорлик, тадбиркорлик, қолаверса, ҳар бир йўналишдаги қизғин жараёнларнинг гувоҳи бўламиз. Бу каби янгиланиш ва ўзгаришларни кўриб, ана шундай жаннатмонанд юртда яшаётганимиздан ифтихор туйғусини ҳис этамиз. Ҳа, албатта, бундай ишларга раҳнамолик қилаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шижоати ва халқимизга кўрсатаётган эътибор ҳамда ғамхўрлигидан барчамиз мамнун бўлмоқдамиз.

Айниқса, Юртбошимизнинг мамлакатимизнинг турли ҳудудларида бўлиб, аҳолининг турмуш тарзи билан яқиндан танишиб, улар билан ҳамфикр бўлаётганликлари ва бераётган таклифлари туфайли айни пайтда жойларда улкан ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2018 йил 30 март куни Жиззах вилоятига қилган ташрифлари юқоридаги фикрларимизнинг ёрқин далилидир. Давлатимиз раҳбари 2017 йилнинг 28 апрель куни Жиззах вилоятида бўлиб, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёнлари билан танишиб, аҳолининг турмуш фаровонлиги ҳамда янги иш ўринлари яратиш бўйича масъул шахсларга тегишли топшириқлар берган эдилар. Шу муносабат билан ўтган давр мобайнида вилоят миқёсида самарали ишлар амалга оширилди. Мазкур ташриф чоғида Президентимиз Зафаробод тумани, Жиззах шаҳар ички ишлар бўлими 2-сон ички ишлар бўлинмасида бўлиб, берилган топшириқлар бўйича бажарилган фаолиятлар билан танишиб, керакли тавсия ва маслаҳатларни берди. Шунингдек, вилоятнинг бир гуруҳ нуронийлари билан бўлиб ўтган учрашувда, мамлакатимиз ва халқаро аҳамиятга доир масалалар хусусида фикрлар билдирилди. Шу билан бирга, Жиззах шаҳри, Мустақиллик кўчасида барпо этилаётган кўп қаватли арзон уй-жойларни кўриб, янги қурилаётган уй-жойлар лойиҳалари билан танишди. Бунинг баробарида вилоятда ичимлик суви тизимини ривожлантириш лойиҳасига алоҳида эътибор қаратиш муҳимлигини таъкидлаб, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича бор куч-имкониятни ишга солиш бўйича раҳбарларга кўрсатмалар берди. Ташрифнинг яна бир аҳамиятли томони шунда бўлдики, давлатимиз раҳбари Дўстлик туманидаги Манас қишлоғида бўлганларида "Обод қишлоқ" дастури бўйича замонавий қиёфа кашф этган мўъжазгина масканни кўриб, мамнун бўлдилар. Аввало, "Манас" қишлоқ фуқаролар йиғинида Жиззах вилоятида қишлоқ хўжалик тармоқларини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Юртбошимиз Манас қишлоғида барпо этилган бир-биридан қолишмайдиган янги иншоотлар, ободончилик, кўкаламзорлаштириш ишларини кўриб, қишлоқ аҳлининг ғайрат ва шижоатини эътироф этдилар.

Ўтган асрнинг 60-йилларида вилоятнинг энг чекка ҳудудида барпо этилган Манас қишлоғида айни кунда 6,5 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Айтиш ўринлики, инфратузилма иншоотлари, кўча ва йўллар, ичимлик суви, иссиқлик, электр энергияси таъминоти, маданий-маиший хизмат кўрсатиш талабга жавоб бермаслиги туфайли аҳоли қийналиб яшаётган эди. "Обод қишлоқ" дастури асосида бу ердаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан қисқа муддат ичида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жумладан, дастур доирасида сизот сувлари сатҳи кўтарилишини бартараф этиш учун 41 км. узунликдаги коллектор-дренаж тармоқлари тозаланди, икки қаватли 34 та уйнинг томи қайта ёпилди. Уй-жойлар атрофидаги режасиз қурилишлар ўрнида янгидан ёрдамчи бинолар, тандирхоналар қурилди. Мевали ва 10 минг тупдан зиёд манзарали дарахт кўчатлари ўтказилди. Айниқса, замонавий кўринишдаги 31 та савдо дўкони, новвойхона, ҳаммомнинг қурилганлиги, 500 ўринли "Манас" маданият саройи тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, маданий-маърифий масканга айлантирилганлиги ҳамда қишлоқ врачлик пункти қайта реконструкция қилиниб, унинг ўрнида 500 қатновга мўлжалланган оилавий поликлиниканинг ташкил этилганлиги қишлоқ аҳлига катта қувонч бағишлади. Манас қишлоғининг келажаги бўлган ёшлар таълим олаётган 2 та умумтаълим мактаби таъмирланиб, қайта жиҳозланди. Уларда ўқув ишлаб чиқариш устахонаси барпо этилиб, дурадгорлик, чилангарлик, тикувчилик дастгоҳлари билан таъминланди. 17 та болалар майдончаси, 2 та минифутбол майдони ва 250 ўринли стадион барпо этилди. Юртбошимиз бундай ўзгаришларни кўриб, бунёдкор халқимиз меҳнати таҳсинга лойиқ эканлигини эътироф этган ҳолда 27-оилавий поликлиникадаги шароитлар билан танишди. Тиббиёт муассасасида хизмат қилаётган соҳа ходимлари билан суҳбат чоғида қуйидаги фикрларни билдириб ўтди: – Жойларда замонавий тиббиёт муассасалари барпо этаётганимиз яхши, албатта. Эндиги талаб ушбу муассасаларни малакали мутахассислар билан таъминлаш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини оширишдан иборат бўлиши керак, дея таъкидлаб ўтдилар.

Давлатимиз раҳбарининг Жиззах вилоятига қилган ташрифларини оммавий ахборот воситалари орқали кузатганимизда юртимизда "Обод қишлоқ" дастурининг амалга оширилиши, чекка ҳудудларда яшаётган миллионлаб юртдошларимиз ҳаётини яхшилашга, уларга муносиб турмуш тарзи яратишга қаратилган долзарб вазифа эканлигини ҳис этган ҳолда ушбу Манас қишлоғида хизмат сафарида бўлдик. Дастлаб, қишлоқ фуқаролар йиғини биноси олдидан ўтар эканмиз, унинг ён-атрофларидан ўрин олган янги иншоотлар, йўл ёқасидаги ободончилик ишлари, маданият саройи, 27-оилавий поликлиника ҳамда барча муассасалар ҳовлисидаги анвойи гуллар, манзарали дарахтлар ва мусиқий фавворалар баҳри-дилимизни очди. Бугунги кунда давлат сиёсатининг устувор вазифасига айланган инсон саломатлиги йўлида ҳукуматимиз томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳам бундан мустасно эмас. Шундай экан, Манас қишлоғида жойлашган 27-оилавий поликлиника фаолияти билан танишиш мақсадида ушбу муассасага ташриф буюрдик. У ердаги шароитлар шаҳар оилавий поликлиникаларидан асло қолишмайди. Умумий амалиёт шифокори қабулида ўтирган аҳолини суҳбатга тортар эканмиз, улар бир неча йиллар давомида фаолият олиб борган, шароити етарли даражада бўлмаган қишлоқ врачлик пункти ўрнида замонавий оилавий поликлиниканинг ташкил қилинганлигини эътироф этишди. Муассаса фаолиятини зимдан кузатар эканмиз, қабулхона, муолажа, стоматология, лаборатория, зарарсизлантириш, умумий амалиёт шифокори, тор соҳа мутахассисларига мўлжалланган хоналар, шунингдек, кундузги шифохонанинг давр талаби асосида жиҳозланганлигини кўриб, ҳақиқатан ҳам юртимизнинг чекка жойларида ана шундай шароитларнинг мавжудлиги инсон саломатлиги ва унинг турмуш фаровонлигига қаратилганлиги билан диққатимизни ўзига тортди. Шунингдек, УТТ, стоматологик жамланма, лаборатория жиҳозлари, патронаж сумкалари, компьютерлар ва барча тиббий асбоб-ускуналар аҳоли хизматида эканлигини кўриб, инсонлар бу каби шароитлардан мамнун эканлигини гувоҳи бўлдик.

Равон йўллардан борар эканмиз, йўлимизда учраган манасликларнинг юзларидаги табассуми, қалбларидаги хушкайфиятни кўриб, хонадонларга ташриф буюрдик. Чароғон кўчасида истиқомат қилаётган 90 ёшдан ошган Ориф ота ва Ҳожар аяларнинг хонадонларига кирганимизда ўғли Даврон Умматов бизни илиқлик билан кутиб олди…

Гулнора НОРБОЕВА,

патронаж ҳамшира:

–12 йилдан буён мазкур поликлиникада ҳамшира лавозимида фаолият юритиб келмоқдаман. Кейинги йилларда Юртбошимиз томонидан бирламчи тизим фаолиятига бўлган эътибор ҳамда соҳага оида чиқарилаётган қарорлар ижроси бўйича ишлар олиб борилмоқда. Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 112-сонли буйруғи асосида иш олиб бормоқдамиз. Мен патронаж ҳамширалик фаолиятим давомида 9 та контингент, яъни парваришга муҳтож, катта ва ногиронлар, ёш оилалар, 1 ёшгача бўлган болалар, ногирон болалар, ҳомиладор ва янги туққан аёллар ҳолидан хабар олиш, эмлаш ва эмлашдан кейинги натижалар, сурункали касалликлар ҳамда хонадоннинг тиббий санитария ҳолати бўйича иш олиб бораман. Ҳар шанба куни "Саломатлик мактаби" бўйича мактаб биносининг маънавият хонасида масъуллар билан ҳисобот йиғилиши ўтказилади. Давлатимиз томонидан бизга катта имкониятлар яратилган экан, булардан оқилона фойдаланган ҳолда аҳоли саломатлиги йўлида хизмат қилишни асосий бурчим деб биламан.

Ориф ота ва

Ҳожар ая УММАТОВЛАР:

– Куни кеча қишлоғимизга ташриф буюриб, биз каби нуронийларга ўзининг дил сўзларини айтган, қолаверса, гўзал масканни барпо этиб кетган Президентимиз Шавкат Мирзиёевга самимий миннатдорлик билдириб, қўлларимизни дуога очамиз. Бу янгилик биз учун гўёки тушдек бўлди. Кўчаларни айланар эканмиз, бундай кенг имконият, ўзгаришлар эртанги ўсиб келаётган фарзандларимиз учун энг катта туҳфа, десак хато бўлмайди. Айниқса, "Обод қишлоғи" дастури бўйича ҳар бир хонадонда қайта қуриш ишлари кетяпти. Биз ҳам уйларга дид бериб, набираларимизнинг тўйларига тайёргарлик кўряпмиз. Айниқса, саломатлигимиздан тез-тез хабар олаётган патронаж ҳамширалари меҳнатидан хурсандмиз. Оилавий поликлиникани кўриб, кўзларимизга ишонмадик. Бундай шароитлардан қувонмай бўладими? Кундан-кунга яшнаб бораётган юртимизга кўз тегмасин.

Феруза ЖЎРАҚУЛОВА,

Чароғон кўчаси фуқароси:

– Айни пайтда ҳомиладорман. Поликлиникамиздаги шифокор, доя ҳамда патронаж ҳамширалари туғруқ ёшидаги аёллар саломатлигига катта эътибор қаратишади. Айниқса, соғлом фарзанд туғилиши учун поливитаминларни бериш билан бирга "Она ва бола" скрининг марказидан ўз вақтида ўтишимизни таъминлаб боришади. Шунингдек, белгиланган кунда тиббий кўриклардан ўтказишади. Замонавий оилавий поликлиникани ташкил этилгани бизга янада кенг қулайликлар яратди.

Буҳалима ЖУЛМАТОВА,

умумий амалиёт шифокори:

– Ўтган йили Самарқанд давлат тиббиёт институтини тугатиб, Манас қишлоғидаги ҚВПда иш бошладим. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг биз каби ёш шифокорларга яратиб бераётган шароитларидан мамнунман. Айниқса, қишлоғимиз ҳудудида замон талабига жавоб бера оладиган оилавий поликлиниканинг ташкил этилганлиги аҳолимизнинг бир неча йиллик орзу-умидларини рўёбга чиқарди. Юртбошимиз шифо масканимизга ташриф буюрганларида, аввало, жамоамиз ходимларига ушбу имкониятлардан тўлиқ фойдаланган ҳолда, Манас халқининг саломатлиги учун астойдил хизмат қилишимизга катта ишонч билдирдилар. Ёш шифокор сифатида айтмоқчиманки, поликлиникамизда шароитлар етарли бўлсада, тор мутахассисларга эҳтиёж мавжуд. Шунингдек, электрон тизим яратилган бўлсада, интернет тармоғи муаммо бўлмоқда. Бундан ташқари, фаолиятда ташкилий ишларга катта эътибор қаратиш зарурлиги сезилмоқда. Ўйлайманки, жамоага ташаббускор, бугунги кун нафаси билан яшайдиган, билим ва тажрибаси етадиган раҳбар тайинланса, ишларимиз янада ўз самарасини беради.

Абдували ота ТУРДИБЕКОВ,

Манас қишлоғи фуқароси:

– Айни пайтда 63 ёшдаман. Юртимизда бўлаётган ўзгаришларни кўриб, жуда хурсанд бўлар эдим. Қарангки, ана шундай қувончли кунлар Манас қишлоғига ҳам кириб келди. Бугун мўжазгина қишлоғимизга келсангиз, олдинги Манасдан асар ҳам қолмаган. Бу албатта, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бўлган тарихий воқеадир. Қисқа муддат ичида янги замонавий биноларнинг қад кўтариши, умумтаълим мактабларининг қайта таъмирланиши, нонвойхона, мактабгача таълим муассасалари, оилавий поликлиниканинг янгича қиёфа касб этиши барчамизни лол қолдирди. Айниқса, равон йўллар, анвойи гуллар ҳамда манзарали ва мевали дарахтлар инсон қалбига завқ бағишлайдиган бўлди. Ҳаммасидан қувонарлиси, тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўлаётган аҳолининг мамнунлигини айтмайсизми… Бундай эзгу ишлар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегиясида кўрсатилганлигининг амалдаги ифодасидир. Шу билан бирга, қишлоғимизга чирой бериб турган 27-сонли оилавий поликлиника хизматидан баҳраманд бўлаётган ҳар бир фуқаромиз, шифокор ва ҳамширалардан мамнун бўлишмоқда.

Дилфуза КАРИМОВА,

муолажа ҳамшираси:

– Мана, 19 йилдирки, Манас қишлоғидаги аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқдаман. Бугунги қувончларим чексиз. Бундан бир неча йиллар олдин шароити талабга жавоб бермайдиган ҚВПда ишлаган бўлсак, айни пайтда ишлашимиз учун барча шароитлар муҳайё бўлган шифо масканида фаолият юритиш бошқача экан. 2018 йил мен учун жуда бахтли йил бўлди. Поликлиникамизга ташриф буюрган Президентимиз биз билан юзма-юз гаплашиб, катта ишонч билдирдилар. "Ҳамширалар, сизлардан умидим жуда катта, кўзларингиз нури порлаб, қалбингизда ғайрат ва шижоат жўшганлигини кўриб турибман. Албатта, Манас аҳолисининг саломатлиги учун астойдил хизмат қилишларингизга аминман", дея эътирофли фикрларни билдирдилар. Шу онда қалбимда самимий туйғулар туғён уриб, ана шундай жаннатмонанд юрт фарзанди эканлигим ҳамда ҳамширалик касбини танлаганимдан мамнун бўлиб, халқимиз саломатлиги йўлида хизмат қилишга юртбошимиз ишончини оқлашга бор кучимни сарфлайман.

Биз хизмат сафаридан қайтар эканмиз, бундай эзгу ишлар ва кенг имкониятлардан мамнун бўлган Манас қишлоғида истиқомат қилаётган инсонларнинг қувончларига шерик бўлдик. Эътирофга молик жиҳати шундаки, патронаж ҳамширалар билан суҳбат ўтказиб турган чоғимизда Президентимиз ташрифидан ниҳоятда мамнун бўлган патронаж ҳамшира Гулнора Норбоеванинг қуйидаги шеърий мисралари қалбимизни янада тўлқинлантирди.

Юрагим шодликка тўлиб кетди,

Денгиздай ҳайқириб тошиб кетди.

Бу қувонч фақат бир меники эмас,

Обод қишлоғим мақсадга етди.

Халқим таъзимда Юртбошим сизга,

Юртим ободлиги, тинчлиги учун.

Фарзандлар камоли, соғлиғи учун,

Кўрсатган жасорат, меҳрингиз учун.

Халқим сизни дуо қилмоқда.

Юраги айтмоқда, кўзи айтмоқда,

Ҳатто, гўдагимнинг митти юраги

Обод қишлоғим учун урмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Манас қишлоғидек обод ва кўркам масканлар кўпаяверсин.

Ибодат СОАТОВА.

№ 14, 13.04.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.