Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Ислоҳот одимлари

АСОСИЙ МАҚСАД: ФАОЛИЯТЛАР САМАРАДОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар юртимиздаги барча тиббиёт муассасалари фаолиятига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Жумладан, Инвестиция дастури асосида қайта таъмирланиш ва қўшимча қурилишлар натижасида янгича қиёфа кашф этган Қашқадарё вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази хусусида ҳам айни шундай дейиш мумкин.

Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишга ихтисослашган мазкур марказ бугунги кунда умумий 460 ўринга эга. Айни пайтда муассасанинг асосий 17 та бўлими ҳамда маслаҳат поликлиникасида 130 нафар малакали шифокор ҳамда 575 нафар ҳамшира фаолият юритмоқда. Ушбу шифо масканида кўп йиллик тажрибали профессор ва ёш мутахассислар ўртасида устоз-шогирд анъаналари йўлга қўйилган. Тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар шифохона фаолиятига ҳам босқичма-босқич жорий қилинмоқда. Улар билан яқиндан танишиш мақсадида марказ раҳбариятига мурожаат қилдик.

– Президентимиз раҳнамолигида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан тизимда амалга оширилаётган барча ислоҳот жараёнлари мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудидаги тиббиёт муассасаларида бирдек жорий этилмоқда, хусусан, Қашқадарё вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида ҳам, – дейди бош шифокор, тиббиёт фанлари номзоди Ихтиёр Каримов. – Аввало, республика марказий муассасаларининг тажрибали мутахассисларини ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларига раҳбарлик ловозимларига йўналтирилиши натижасида жойлардаги аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати янада яхшиланиб, вилоят шифохоналарида ҳам мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказиш йўлга қўйилмоқда. Хусусан, ўзим ҳам мазкур жараёнлар натижасида ушбу марказга сафарбар этилдим. Муассасада барча шароитлар мавжудлиги ва замонавий аппаратуралар билан жиҳозланганлигининг гувоҳи бўлдим ва ушбу фаолиятларни янада изчиллик билан давом эттириш мақсадида, "Энди фақат ишлаш керак" иборасини ўзимга шиор қилиб олдим. Ислоҳотларга тўхталадиган бўлсак, дастлаб асосий эътиборни даврнинг долзарб масалаларидан бирига айланган кадрлар малакасини ошириш, тажрибали мутахассислар ҳамкорлигида жойларда аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш ва профилактикани кучайтиришга қаратдик. Шу мақсадда юртимизнинг нуфузли илмий-текшириш институтлари ҳамда ихтисослаштирилган марказлар профессор-олимлари иштирокида маҳорат дарслари ташкил қилиб келинмоқда. Масалан, марказ неонатолог, реаниматолог ва ҳамширалари учун Республика перинатал маркази шифокорлари томонидан "Репродуктив соғломлаштириш, Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш" лойиҳаси доирасида чақалоқлар реанимацияси, неонатал парваришлаш асослари, неонатал аппаратларни ишлатиш самарадорлиги каби мавзуларда ташкил қилинган маҳорат дарслари шулар жумласидандир. Албатта, бу биргина мисол, аммо ушбу фаолиятларимиз белгиланган тартибда узлуксиз амалга ошириб келинмоқда. Шу билан бирга, мутахассисларимиз Тошкент врачлар малакасини ошириш иниститути кафедраси ва базаларида ўз маҳоратларини ошириб келишмоқда. Натижада бемор болаларга тиббий ёрдам кўрсатилиши яхшиланмоқда. Бундан ташқари, ўтган вақт мобайнида замонавий асбоб-ускуналар келтириб ўрнатилмоқда. Бу ўз ўрнида мураккаб жарроҳлик амалиётларини бажариш, касалликларга аниқ ташхис қуйиш ва уларни тўғри даво-муолажаларига йўналтириш борасидаги имкониятларимиз яхшиланишига хизмат қилмоқда. Шуни ҳам айтиш керакки, марказнинг иш режасига мувофиқ, ўтган йил якуни ва жорий йилнинг айни вақтига қадар аҳоли саломатлиги профилактикаси назоратини ҳудудлар кесимида қамраб олиш мақсадида малакали мутахассисларимиз томонидан вилоятнинг Қарши, Муборак, Миришкор, Касби, Косон, Нишон, Ғузор ва Дехқонобод туманларидаги кўп тармоқли марказий поликлиника ҳамда туман тиббиёт бирлашмаларининг болалар бўлимида беморлар тиббий кўрикдан ўтказилди. Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Қолаверса, шифохонанинг ички имкониятларини янада яхшилаш ва беморларга зарурий шарт-шароитлар яратиб бериш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар бажарилмоқда.

Марказда пульмонология, гастроэнтерология, нефрология, кардиоревматология, неврология, аллергология, янги туғилган чақалоқлар патологияси, эрта ёшдаги болалар патологияси, гематология, режали, торакал ва йирингли хирургия, ЛОР, юз-жағ хирургия, реанимация, интенсив терапия, жароҳат оқибатлари ва ортопедия (10 ўринли нейрохирургия билан) урогинекология (10 ўринли болалар гинекологияси), шунингдек, қабул, клиник лаборатория, нурли диагностика, физиотерапия, марказий стерилизация сингари ёрдамчи бўлимлар ҳамда 150 қатновга мўлжалланган маслаҳат поликлиникаси аҳолига зарурий тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Улар фаолияти билан танишиш асносида ЛОР, юз-жағ жарроҳлик бўлимида туғма танглай етишмовчилиги нуқсони билан туғилган беморни жарроҳлик амалиётига тайёрлаш жараёни олиб борилаётганлигининг гувоҳи бўлдик.

– Айтиш керакки, беморда олдин ҳам бу турдаги операция ўтказилган. Бироқ, жарроҳлик амалиёти муваффақиятли амалга оширилмаган, – дейди мазкур бўлим шифокори Ғиёсбой Фармонов. – Бундай беморлар олдин зарурий клиник лаборатория текширувлари, яъни педиатр, кардиолог, анестезиолог, невропатолог кўрикларидан ўтказилади. Шулардан кейин натижаларга қараб, унда қайта операция бажарилади. Мазкур бўлимда йил давомида туғма ҳамда орттирилган нуқсонли 60-70 нафар беморда жарроҳлик амалиёти амалга оширилади. Уларнинг аксарияти режали тарзда бажарилади. Тажрибали мутахассисларимиз кўп, улар ёнига ёш, салоҳиятли ва интилувчан кадрларнинг келиб қўшилаётгани эса амалиётга янгича диагностика ва даволаш усулларини жорий қилиш имконини бермоқда.

Марказда бўш иш ўринларини ёш кадрлар билан тўлдириш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратилган.

– Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар биз ёшларга кенг имкониятлар яратиб бермоқда, – дейди врач-педиатр Нурали Худойбердиев. – Жорий йил бошида Президентимиз кўрсатмаларига кўра, 2017-2018 ўқув йилининг бакалавр ҳамда иккинчи босқич клиник ординатура битирувчиларини тизимнинг бирламчи тиббий-санитария бўғинига йўналтирилиши натижасида мазкур муассасанинг қабул бўлимига ишга қабул қилиндим. Ишлашимиз учун барча шароитлар мавжуд, айниқса, устоз-шогирд анъаналари асосида амалий кўникмаларни ўзлаштиришга ҳаракат қиляпмиз. Иш бошлагач, устозларимизнинг назарий билимларни мустаҳкамлашнинг энг самарали йўли: амалиёт жараёнларини чуқурроқ ўрганиш, тинимсиз изланиш ва янгиликка интилишдир, деган фикрларига амин бўлдим. Шу маънода ҳали ўрганишимиз лозим бўлган касб сирлари жуда кўп. Жамоадаги тажрибали ҳамкасбларимиз бу борада бизга ибрат ва кўмакдош бўлишига ишонаман.

Ҳа, муассасада ишлар қизғин. Кўп сонли аҳолининг мурожаати эса халқимизнинг тиббиётга ишончи ортиб бораётганлиги ва ўз саломатлигини асраб-авайлашга жиддий ёндашаётганлигидан далолатдир. Хулоса эса оддий, изчил давом эттирилаётган фаолиятлар самарадорликни таъминлаш ва келгусида бартараф этилиши лозим бўлган муаммоларга ижобий ечим топишдек, тиббиёт тизимининг бош мақсадига хизмат қилиши шубҳасиз.

Ҳасан АБДУҒАНИЕВ.

Суратлар муаллифи Акром АБДУЛЛАЕВ.

№ 13, 06.04.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.