Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Ислоҳот одимлари

ЗАМОНАВИЙ ДАВОЛАШ УСУЛЛАРИ НАЗАРИЯДАН АМАЛИЁТГА ЙЎНАЛТИРИЛАДИ

Жорий йилнинг 4-5 апрель кунлари пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Тошкент врачлар малакасини ошириш институти томонидан "Инсон ва саломатлик" мавзусида V Республика конгресси ўтказилди. Унда соҳанинг нуфузли академик, профессор-олимлари, турли вазирлик, давлат идоралари вакиллари, фармацевтика корхоналари ҳамда дорихона муассасаларининг раҳбарлари, ёш олимлар ва тиббиёти ривожланган мамлакатлардан ташриф буюрган етук халқаро мутахассислар иштирок этди.

Тадбирни Соғлиқни сақлаш вазирлиги фан ва тиббий таълим бош бошқармаси бошлиғи Ўктам Исмоилов кириш сўзи билан очиб, Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, соҳага оид қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, улар ижроси таъминланиши натижасида босқичма-босқич амалиётга жорий этилаётган фаолиятлар, замонавий даволаш усуллари, юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари ва эришилаётган натижаларда халқаро ҳамкорлик алоқалари нечоғлик аҳамиятга эга эканлигини алоҳида тилга олди. Шунингдек, конгресс доирасида муҳокама қилинадиган мавзуларнинг мазмун-моҳияти ва улардан олинадиган хулосалар соҳада ҳанузгача аниқ жавоби топилмай келаётган масалаларга ечим бўлиши баробарида, мамлакатимизда замонавий тиббиётнинг ривожланиши ва оммалашувига салмоқли ҳисса қўшишини таъкидлаб ўтди. Шундан сўнг, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ректори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Ҳабибулла Оқилов конгресс иш фаолияти билан анжуман иштирокчиларини яқиндан таништирди. Жумладан, кардиология, неврология, педиатрия, пульмонология бўйича илмий жамиятларнинг янги клиник тавсиялари, эндокринология ва гастроэнтерология соҳасида эришилаётган энг сўнгги натижалар хусусида сўз юритилиши ҳақида маълумот берди ва тадбир ишига муваффақият тилади.

Таъкидлаш муҳимки, ўзаро тажриба алмашиш майдонига айланган конгресс ишида мамлакатимиз тиббиёт ходимлари билан бир қаторда хорижий мутахассислар маърузаси ҳам тингланди. Аниқроғи, анжуманнинг иккинчи қисмида тор доирадаги иштирокчилар ҳамкорлигида кардиология, респиратор тиббиёт, акушерлик ва гинекологияда диагностика ва даволаш, неврологияда патогенетик терапия, гастроэнтерология, эндокринологиянинг замонавий жиҳатлари, клиник стандартлари ҳамда педиатрлар учун клиник тавсиялар мавзуларига атрофлича ёндашилди. Уларда касалликларни аниқлаш ва уларни даволашнинг замонавий усулларини кундалик врачлик амалиётига татбиқ этиш мақсад қилинган анжуманнинг соҳа фаолияти равнақида тутадиган ўрнини хорижлик мутахассислар ҳам эътироф этишди.

Феруза ҲАМРОБОЕВА,

Тошкент врачлар малакасини ошириш институти терапия факультети декани, профессор:

– Бешинчи бор ўтказилаётган тадбирдан кўзланган асосий мақсад, қисқа вақт мобайнида Президентимиз ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган қарор ва фармонларда белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашдан иборатдир. Яъни, ихтисослашган тиббий хизматлар ва мураккаб амалиётларни аҳолига яқинлаштириш, соҳада кўп учрайдиган касалликлар профилактикаси, эрта ташхиси, шу билан бирга, самарали даволаш усулларини амалиётга кенг жорий қилишга эришиш. Яна шуни ҳам айтиш муҳимки, конгресс ташкил қилинишидан олдин "йўл харитаси" ишлаб чиқилган бўлиб, юқорида таъкидланган масалалар ечими қадам-бақадам келтирилган. Бу йилги анжуманнинг аввалгиларидан фарқли жиҳати – кўплаб мутахассисликлар қатори биринчи марта психатрия йўналишидаги долзарб масалалар ҳам муҳокамага қўйилган. Бундан ташқари, болалар даври касалликларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аҳамиятлиси шундаки, анжуман маърузачиларининг ҳар иккинчиси хорижлик ўз соҳасининг етук намояндаларидир. Улар нафақат илмий изланувчилар, балки амалиётда ҳам фаолият юритиб келаётган профессор ва олимлардан иборат.

Владемир КОВАЛЬЧУК,

Санкт-Петербург реабилитологлар жамияти раиси,

Кембридж университети профессори:

– Халқаро анжуманларнинг афзал жиҳатларидан бири уларда тажриба алмашиш имконияти кўламининг кенглигидир. Фикрлар хилма-хиллиги, ўзаро қарашларнинг турлилиги фаолиятга янгича ёндашувлар олиб киради. Мутахассис сифатида бирор бир хасталикка бир хил ташхис қўйишингиз мумкин ва табиий, аммо даволаш усулларига мурожаат қилишда фарқ кузатилади. Шу маънода касбини ҳурмат қилган, фаолиятдаги янгиликларга қизиққан, илм излайдиган ҳар қандай мутахассис учун бу каби учрашувлар ўта муҳим ҳисобланади. Мен "Бош мия сурункали ишемиясининг патоморфологик сабаблари. Кутилмаган хавф омиллари ва олдини олишнинг қизиқарли усуллари. Патогенетик терапия препаратларини тўғри танлаш – даволаш муваффақиятининг гарови" мавзусида маъруза тайёрлаб келганман. Мамлакатингиз мутахассисларининг бу борадаги қарашлари, умуман, мазкур масалада қўллайдиган даво-муолажалари фаолиятим учун қизиқарли, ва албатта, янгилик олишимга ишонаман. Қолаверса, тиббиётда назария билан амалиёт узилиб қолмаслиги керак. Шундагина натижага эришиш осонлашади. Анжуманда юртингизда аҳоли саломатлиги, соғлиқни сақлаш тизимига эътибор юксак даражада экан. Аслида қисқа фурсат ичида соҳани такомиллаштиришга қаратилган давлат даражасидаги меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниши катта натижа. Бу конгресс муҳокамасига қамраб олинган мавзулар қамровида ҳам кўриниб турибди. Ташкилотчиларга самимий меҳмондустлик ва эътибор учун алоҳида миннатдорлик билдираман.

Игорь СКРЫПНИК,

Украина тиббиёт стоматология академияси дипломдан кейинги таълим бўйича проректори, Украина гастроэнтерология ассоциацияси президенти, тиббиёт фанлари доктори, профессор:

– Юқори савияда ташкил этилган ушбу нуфузли анжуманда "EASL-EASD-EASO (2016) тавсиялари асосида жигарнинг ноалкогол ёғли касаллиги диагностикаси ва уни даволашнинг замонавий усуллари"га бағишланган маърузам билан иштирок этаяпман. Биласизми, инсон организмидаги ҳар бир аъзо алоҳида парваришни талаб қилади, хусусан, жигар ҳам. Нега айнан хасталикни даволашнинг замонавий усуллари, сабаби, бугунги кундалик ҳаётимизга ҳар хил маиший янгиликлар кириб келаётганидек, касалликлар кўриниши ҳам турлича тус олмоқда. Демак, улар ташхиси ва даволаш ишларига замон талабларидан келиб чиққан ҳолда ёндашиш керак. Бунинг учун эса, албатта, изланиш зарур ва бу борада мазкур анжумандагидек тажриба алмашиш муҳим аҳамият касб этади. Йиғилиш ишида ўрганилаётган мавзулар таҳлили мамлакатингизда тиббиёт, соғлиқни сақлаш соҳасига бўлган эътиборни акс эттиради. Мамлакатингиз мутахассислари билан доимий равшда ўзаро фикр алмашиб турамиз, улар тажрибасини ҳурмат қиламан. Шуни ҳам айта оламанки, давлатингиз тиббиёт тизими бўйича қисқа давр ичида кўзланган мақсадлар даражасидаги муваффақиятларга эришади. Бугунги конгресс ҳамда ундан кутилаётган натижалар эса бу борадаги фикрларимнинг тасдиғидир.

Бугунги кунда тиббиёт ходимлари орасида кўплаб муҳокама этиладиган масалалардан бири – бу беморларнинг долзарб муаммоли қатламидир. Бу тур бир эмас, бир нечта ташхисга эга бўлган беморлардир. Гап шундаки, уларга битта касаллиги учун тавсия қилинадиган дори воситасининг бошқа хасталигига қарши кўрсатмаси бўлиши мумкин. Конгресс маърузаларида эса айни шу масалаларнинг самарали йўллари ҳам кўриб чиқилди. Бундан ташқари, амалиёт жараёнларида тиббиёт манбаларида келтирилган асосларга бўйсунмайдиган ҳолатлар мавжуд. Йиғилишда улар ечимига ҳам зарурий мақбул чоралар изланмоқда. Анжуман хулосаларидан сўнг чиқариладиган услубий қўлланмалар эса соҳа мутахассилари учун амалиётда муҳим аҳамият касб этади, деб ўйлайман.

Кенг аудиторияни қамраб олган конгресс доирасида янги дори воситалари, янги ахборот технологиялари ва тиббиёт асбоб-ускуналари, соҳага оид буюмлар ҳамда махсус нашрлар кўргазмаси ҳам ташкил қилинди. Тадбир иштирокчилари мамлакатимиз ва хорижий фармацевтика компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган янги ишланмалар, инновацион дори воситалари, улар самарадорлиги, қўлланилишининг ўзига хос хусусиятлари билан танишиш имкониятига эга бўлишди. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, ушбу нуфузли анжуман ўз фаолиятини бугун Бухоро вилоятида давом эттирмоқда.

ЭЪТИБОР БЕРИНГ

Бугунги кунда тиббиётда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётган масалалардан бири – беморларнинг долзарб муаммоли қатламидир. Бу тур бир нечта ташхисга эга бўлган беморлардир. Боиси, уларга битта касаллиги учун тавсия қилинадиган дори воситасининг бошқа хасталигига қарши кўрсатмаси бўлиши мумкин. Конгресс маърузаларида айни шу масалаларнинг самарали йўллари ҳам кўриб чиқилди.

Хулоса қилиб айтганда, амалиётда олиб борилаётган бу каби фаолиятлар мамлакатимизда тиббиёт соҳаси равнақи, бу орқали аҳоли саломатлигини таъминлаш масаласига бўлган эътиборнинг ёрқин ифодасидир. Зеро, бу борада амалга оширилаётган тиббий ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад ҳам жамият фаровонлигига эришишдир. Инсон ва саломатлик том маънода бир-бирига уйғун тушунча. Боиси, инсон қачон ҳаловат топади, қачонки, соғлиғи мустаҳкам бўлса. Аҳолисининг саломатлиги мустаҳкам жамиятда эса фаровонлик барқарордир. Шу маънода олиб қаралганда ҳар йили ўтказилиши анъанавий тус олаётган нуфузли тадбирнинг айни шундай номланиши ҳам бежиз эмас, албатта.

Ҳасан АБДУҒАНИЕВ.

Суратлар муаллифи Акром АБДУЛЛАЕВ.

№ 13, 06.04.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.