Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Ислоҳот одимлари

СТОМАТОЛОГИК КАСАЛЛИКЛАР ПРОФИЛАКТИКАСИДА ЗАМОНАВИЙ ЁНДАШУВ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июндаги "Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 3151-сонли ҳамда 2017 йил 20 апрелдаги "Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 2909-сонли Қарорлари, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кадрлар тайёрлашнинг маъно-мазмунини тубдан янгилаш, халқаро стандартлар даражасида олий малакали мутахассислар тайёрлаш учун зарур шароитлар яратишга доир муҳим масалалар белгиланган эди.

Уларнинг ижроси юзасидан Тошкент давлат стоматология институти томонидан кўплаб эзгу фаолиятлар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, таълим жараёнларида янги технологиялар, инновацион ғоялар амалиётга татбиқ этилмоқда. Кўплаб хорижий мутахассислар иштирокида маҳорат дарслари ўтказилиб, ўзаро тажриба алмашилмоқда.

Юқорида қайд этилган фаолиятларнинг мантиқий давоми сифатида жорий йилнинг 23 март куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Тошкент давлат стоматология институти томонидан "Стоматологик касалликлар профилактикаси" мавзусига бағишланган халқаро конференция ўтказилди. Мазкур анжуман стоматология соҳасидаги барча хасталикларни эрта аниқлаб, тўғри ташхислаш, уларнинг олдини олишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Унда АҚШ, Россия, Қозоғистондан келган малакали олимлар ўз тажрибаси билан ўртоқлашиб, маъруза қилишди. Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев кириш сўзи билан очиб, бугунги кунда Юртбошимиз раҳнамолигида барча соҳалар қатори соғлиқни сақлаш тизимида ҳам олиб борилаётган ислоҳотлар ўзининг ижобий самарасини бераётгани, энг муҳими, бундай эзгу мақсадлар халқ манфаатларига қаратилганини алоҳида эътироф этди. Шу билан бирга, тиббиёт муассасаларини халққа янада яқинлаштириш, аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш, касалликлар профилактикасига асосий эътиборни қаратиш бўйича жойларда кўплаб ишлар амалга оширилаётганини билдирди. Бунинг баробарида, Давлатимиз ҳамда Ҳукуматимиз томонидан қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тиббиётнинг барча йўналишлари, хусусан, бирламчи бўғин фаолиятини янада такомиллаштиришда дастуриламал бўлаётгани борасида сўз юритиб, қишлоқ врачлик пунктлари оптималлаштирилиб, қишлоқ оилавий поликлиникалар ташкил этилганини алоҳида таъкидлади. Қишлоқ врачлик пунктларида 5 та, оилавий поликлиникаларида эса 10 та тор соҳа мутахассиси, жумладан, шифокор-стоматологларнинг фаолияти йўлга қўйилгани, энг сўнгги русумдаги, замонавий стоматологик асбоб-ускуналар билан таъминлангани бугунги кунда касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш, профилактикасида ғоят муҳим аҳамият касб этаётганини айтиб ўтди. Шунингдек, мамлакатимиз тиббиёти, айниқса, стоматологияда хусусий сектор муҳим роль ўйнаши, уларга яратиб берилаётган шарт-шароит ҳамда имкониятлар юзасидан фикр билдириб, уларнинг эришаётган ютуқларини алоҳида таъкидлади.

Тадбирда Ўзбекистон стоматологлар Ассоциацияси раиси Адҳам Ҳасанов сўзга чиқиб, ҳар қандай касалликларни даволагандан кўра олдини олиш 30 маротаба осон ва арзонроқ эканлигини, шу билан бирга, кариес (тиш чириши) ва унинг асоратлари аҳоли, айниқса, мактабгача ва мактаб ёшидагилар ўртасида 90-100 фоизгача тарқалгани, унинг асоратлари натижасида тиш йўқотилиши, ошқозон-ичак тизими касалликлари, юрак қон-томир хасталиклари, йирингли яллиғланиш касалликларига чалиниш ҳоллари учраётганлигига эътибор қаратди. Шу ўринда республикамиз ҳудудларида хизмат кўрсатаётган вилоят, шаҳар, туман миқёсидаги стоматология поликлиникаларида фаолият олиб бораётган шифокор стоматологлар бажараётган ишлар структураси таҳлил қилинганда, юқорида келтирилган далиллар тўғрилигини маълум қилди. Шунингдек, терапевт стоматологлар 85-90 фоиз ҳолатларда асосан кариес ва унинг асоратлари (пульпит, периодонтит), пародонт касалликлари (гингивит, пародонтит, пародонтоз)ни даволаши, жарроҳ стоматологлар 80-90 фоиз ҳолларда кариес ва пародонт касалликлари асоратлари (одонтоген периостит, остеомиелит, абсцесс, флегмона, тиш олиш кабилар) бартараф қилиши, ортопед стоматологлар ҳам асосан 95-98 фоиз ҳолларда кариес ва пародонт касалликлар асоратлари (иккиламчи адентиялар)ни даволаб, чайнов фаолияти тиклаётганини баён этди.

ЭЪТИБОР БЕРИНГ

Тошкент давлат стоматология институти хорижий давлатларнинг 22 та олий таълим муассасаси, қолаверса, стоматологик ускуналар, материаллар ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчи хорижий ва маҳаллий корхоналар орасида шартнома ҳамда меморандумлар имзолаган. Улар доирасида институтимизнинг 30 нафардан ортиқ талаба ва профессор-ўқитувчилари биргина жорий йил бошидан буён Малайзия, Жанубий Корея, Россия, Қозоғистон каби давлатларда малака ошириб қайтишди. Бунинг баробарида, кафедра ассистенти Доно Қаҳҳорова Нидерландиянинг АКТА университетига 4 йиллик докторантурада таълим олиш учун юборилди.

Жасур РИЗАЕВ,

Тошкент давлат

стоматология институти ректори:

– Президентимизнинг 2017 йил 20 апрелдаги "Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги, 5 майдаги "Ўзбекистон Республикасида тиббий таълим тизимини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳамда 27 июлдаги "Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида институтимиз томонидан самарали ишлар йўлга қўйилмоқда. Айтиш мумкинки, Тошкент давлат стоматология институтида жаҳоннинг етакчи илмий-таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқалари ривожлантирилиб, ўқув жараёнига илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурлари ва ўқув-услубий материаллари кенг жорий қилинмоқда. Шунингдек, ўқув-педагогик фаолиятга, малака ошириш курсларига хориждаги таълим муассасаларидан юқори малакали ўқитувчилар ва олимларни фаол жалб этиш, магистрант, ёш ўқитувчи ҳамда илмий ходимларнинг хорижий таълим ва илмий муассасаларда амалиёт ўташини, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини оширишни ташкил қилиш ишлари йўлга қўйилган. Хусусан, Тошкент давлат стоматология институти хорижий давлатларнинг 22 та олий таълим муассасаси, қолаверса, стоматологик ускуналар, материаллар ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчи хорижий ва маҳаллий корхоналар орасида шартнома ҳамда меморандумлар имзолаган. Улар доирасида институтимизнинг 30 нафардан ортиқ талаба ва профессор-ўқитувчилари биргина жорий йил бошидан буён Малайзия, Жанубий Корея, Россия, Қозоғистон каби давлатларда малака ошириб қайтишди. Бунинг баробарида, кафедра ассистенти Доно Қаҳҳорова Нидерландиянинг АКТА университетига 4 йиллик докторантурада таълим олиш учун юборилди. Яна бир муҳим жиҳат, стоматологик касалликларнинг олдини олиш, аҳоли саломатлигини муҳофазалаш юзасидан режали, аниқ мақсадга йўналтирилган санитар оқартув оммавий профилактик чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, бу борада замонавий инновацион технологиядан фойдаланиш, уларнинг қамрови ва жадаллигини ошириш, стоматология йўналишида илмий изланишларни чуқурлаштириш, хорижий илмий марказлар билан яқин, самарали ҳамкорлик қилиш бўйича фикрлар алмашилиши кўзда тутилган. Таъкидлаш жоизки, институтимиз жамоси томонидан Жанубий Кореянинг Ёнсе университети ходимлари ҳамкорлигида кариеснинг кам харажатли профилактик усуллари ишлаб чиқилди ва бу каби тажрибалар турли халқаро конференцияларда муҳокамадан ўтиб, самарали эканлиги тасдиқланди. Шу боис, ушбу касалликларнинг олдини олиш мақсадида кариесга қарши турли даражадаги профилактика дастурларини амалиётга кенг жорий қилиш бўйича ишлар изчиллик билан олиб борилмоқда. Ҳозирги кунда мазкур усуллар пойтахтимизнинг 150 дан ортиқ мактабларида жорий қилинди. Бунинг натижасида, аҳоли саломатлиги сезиларли даражада яхшиланади, турмуш сифати ошади, асоратларни даволаш учун сарфланаётган бюджет маблағлари тежалади, десак муболаға бўлмайди.

Анжуман доирасида халқаро малакага эга бўлган мутахассислар томонидан стоматологик профилактика соҳасида қўлланилаётган замонавий инновацион технологиялар ҳамда уларни амалиётга татбиқ этилишига алоҳида эътибор қаратилди.

– Аввало, Ўзбекистонга ташриф буюрганимдан мамнун эканлигимни билдирмоқчиман. Халқингиз меҳмондўстлиги ҳамда ҳар соҳада юқори поғоналарни забт этаётгани, айниқса, сўнгги йилларда жадал ривожланиб бораётганлигига гувоҳ бўлдим. Мамлакатингизда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароит яратилганлигига, Президентингиз раҳнамолигида тиббиёт тизимида амалга оширилаётган ишларнинг амалдаги натижаси юқори самара бераётганлигини ҳам кўриб, бу албатта, етук мутахассис учун кенг имконият эканлигини эътироф этмоқчиман. Беш ой давомида Тошкент педиатрия тиббиёт институтида "Фулбрайт" дастури асосида маҳорат дарслари ўтказиб, тажриба алмашмоқдаман. Бугунги конференцияда болаларда рационал овқатланиш ва унинг стоматологик касалликлардаги ўрни борасида маҳаллий мутахассислар билан муҳокама олиб бориб, аниқ хулосага келдик. Маълумки, нотўғри овқатланиш турли касалликларни келтириб чиқарувчи омил ҳисобланади. Шу боис, соҳа ходимлари томонидан беморларга соғлом овқатланиш, витамин ва минералларга бой озиқаларни истеъмол қилишни буюриш мақсадга мувофиқ. Хусусан, тишлар парваришида муҳим роль ўйнайдиган таомлар, А, Б, Е, калций витаминларига бой маҳсулотларни тавсия этиш лозим. Бугунги анжуманда нафақат малакали шифокорлар, балки ёш мутахассислар фаол иштирок этишгани, ҳар бир маъруза, амалий машғулотларни диққат билан тинглаб, ўз соҳасига қизиқиш, эътибор ва масъулият билан ёндашишаётгани мени қувонтирди, – дейди АҚШнинг Дрексел университети профессори Бет Леонберг.

– Яратилаётган кенг имкониятлар боис, институтимиз жаҳоннинг нуфузли олий ўқув юртлари билан имзолаган ҳамкорлик меморандуми асосида мутахассисларимиз чет элга бориб, нафақат малака ошириб қайтишди, балки соҳанинг долзарб муаммолари, стоматологик касаллик профилактикасига бағишланган маърузалари билан қатнашиб, тажриба алмашишди. Тан олиб айтиш керак, мамлакатимизда аҳолини стоматологик касалликлар, хусусан, кариес ва унинг асоратлари билан хасталаниш даражаси 90 фоиздан юқори. Ривожланган давлатларда эса бу рақамлар 30 фоиздан ошмайди. Демак, ҳали олдинда қилинадиган ишларимиз кўплиги ўз-ўзидан кўриниб турибди. Бугунги ўтказилган конференцияда маҳаллий ҳамда Россия, АҚШ давлатларидан келган шифокорлар соҳанинг ана шу каби долзарб муаммоларни бартараф этишда ўз тажрибалари билан ўртоқлашгани истиқболдаги фаолиятимизда муҳим аҳамият касб этишига ишончим комил. Таъкидламоқчиманки, кафедрамиз профессорлари бир неча йиллардан буён Жанубий Кореянинг Ёнсе ҳамда Сеул миллий университетлари, Германиянинг Виттен-Ҳердекке университетлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Яқинда АҚШдаги юқори импакт-факторга эга бўлган илмий журналда мақоламиз чоп қилинди. Ўйлайманки, бу ҳам Давлатимиз томонидан талабалар, олимларимизнинг илмий йўналишларда фаолият олиб боришида яратилаётган шароитларнинг самараси. Айтиш жоизки, ҳозирги кунда ҳар қандай соҳани инновациясиз тасаввур этиб бўлмайди. Сабаби, у соҳа ривожланишида асосий ўрин тутади. Институтимизда грант лойиҳаси сифатида Жанубий Корея ва Нидерландиядан юқори технологик, илмий ишлаб чиқарувчи ускуналари тақдим қилинди. Бунинг ёрдамида кариес ва унинг асоратларини эрта ташхисланиб, даво муолажалари олиб борилмоқда. Шу билан бирга, амалиётимизда "ақлли тиббиёт" концепцияси йўлга қўйилмоқда. Бир сўз билан айтганда, фаолиятларимизда янги инновацион ғояларни татбиқ этмоқдамиз, – дейди Тошкент давлат стоматология институти Стоматологик касалликлар профилактикаси кафедраси доценти, тиббиёт фанлари доктори Бахтинур Худанов.

– Стоматологик касалликлар профилактикаси ҳозирги кунда долзарб муаммолардан бири эканлигини инобатга олиб, ўтказилган мазкур халқаро анжуман муҳим аҳамиятга эга, десам хато бўлмайди. Россия, АҚШ, Қозоғистон ва бошқа мамлакатлардан келган етакчи олимларнинг маърузалари соҳанинг асосий мавзуларига қаратилганини алоҳида таъкидламоқчиман. Шу ўринда биз ҳам муассасамиз томонидан стоматология йўналишида олиб борилаётган фаолиятлар, болаларда тишларни эрта йўқотиш, окклюзион сатҳдаги ўзгаришларнинг болалар чакка паст жағи бўғини ривожланишига таъсири тўғрисида маъруза қилиб, тажриба алмашдик. Бухоро шаҳридаги 7- ва 16-умумтаълим мактаблари ўқувчилари ҳамда стоматология клиникасига мурожаат қилган беморлар орасидан тишларнинг эрта йўқотишлари ва унинг оқибатларини ўрганиб, илмий ишлар олиб боряпмиз. Текширувларимиз асосида айтиш мумкинки, касалликнинг пайдо бўлиш сабаблари, ота-оналарнинг тишлар парвариши ҳақида умумий тушунчага эга эмаслиги, айниқса, 6-7 ёшда сут ва доимий тишлар тўғрисида маълумоти йўқлигидир. Таъкидлаш жоиз, биз уларни нафақат аниқлаяпмиз, балки касалликлар асоратларини бартараф этиш билан бирга, тиш бўғимларидаги ўзгаришларни ҳам ўрганмоқдамиз. Шунингдек, махсус тиббий иммуннологик, биокимёвий кўрсаткичларнинг аниқлаш йўллари, рентгенологик текширувлари ўтказилиб, касалликларнинг олдини олиш чоралари олиб бориляпти. Яна бир жиҳат, Бухоро давлат тиббиёт институтининг 4 та мутахассислик кафедрасида таҳсил олаётган юқори курс талабалари ҳамда клиник ординаторлар Бухоро шаҳридаги умутаълим мактабларини қамраб олиб, ўқувчилар орасида тиш ювишни муляжлар, слайд, видеороликлар ёрдамида унинг профилактик чора-тадбирлари тушунтирилмоқда. Бу эса ёш авлодни соғлом турмуш тарзига риоя қилишида хизмат қилади, десам айни ҳақиқатдир, – дейди Бухоро давлат тиббиёт институти Ортопедик стоматология ва ортодонтия кафедраси мудири Акбар Саидов.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бу каби халқаро илмий-амалий конференция Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар, соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммоларни бартараф этиш, соҳа ривожини янги босқичга олиб чиқиш билан боғлиқ бошқа долзарб масалаларни ҳал қилишда замин яратади.

Жонибек МАЪРУПОВ.

№ 11, 30.03.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.