Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Ислоҳот одимлари

ИННОВАЦИОН ТЕХНОЛОГИЯЛАР ИМКОНИЯТИ ИСТИҚБОЛ МУВАФФАҚИЯТИ

Тиббиёт ва инсон саломатлиги. Маълумки, ушбу икки тушунча узвий боғлиқ бўлиб, бу борада кўзланган мақсадга эришиш доимий изланиш ва изчил ислоҳотларни талаб қилади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимининг барча йўналишларида олиб борилаётган кенг кўламли фаолиятлар, амалиётга татбиқ қилинаётган замонавий инновацион технологиялар эса айни шу мақсадлар рўёбига қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Таъкидлаш жоизки, Президентимиз томонидан соҳага қаратилаётган эътибор натижасида бугунги кунда мамлакатимизда тиббий диагностик хизматлар янада такомиллашмоқда. Хусусан, инсон саломатлигининг назорати, яъни скрининг хизмати, ҳомила, чақалоқлар, болаларнинг ривожланиш даври, аёллардаги репродуктив тизими касалликлари ҳамда онкологик хасталикларни эрта аниқлаш бўйича ўзига хос концепция ва дастурлар ишлаб чиқилиб, амалиётга жадал татбиқ этилмоқда. Айтиш муҳимки, мазкур йўналишдаги тиббий хизматлар орасида замонавий ультратовуш текширувларининг усул ва услубиятлари ҳам алоҳида аҳамият касб этади.

Жорий йилнинг 23 март куни Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ультратовуш диагностикаси кафедраси қошида ультратовуш диагностикасида инновацион технологиялар ўқув маркази ташкил этилди. Шу муносабат билан ташкил қилинган тадбирни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Сайдмурод Сайдалиев кириш сўзи билан очиб, давлатимиз томонидан тизимга қаратилаётган эътибор натижасида тиббиёт муассасалари замонавий қиёфа акс этаётганлигини айтиб ўтди. Шунингдек, уларда яратилаётган шарт-шароитлар жаҳон андозалари асосида тартибга солинаётгани ва инновацион технологиялар ёрдамида сифатли тиббий хизмат кўрсатиш тизими йўлга қўйилаётганлигини таъкидлади. Бунинг баробарида, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Германия халқаро ташкилотининг "Юқори технологик тиббий асбоб-ускуналардан фойдаланиш" лойиҳаси ҳамкорлигида ташкил қилинган мазкур ўқув марказининг вазифаларига тўхталиб, соҳанинг турли бўғинларида кўрсатилаётган ультратовуш диагностик хизматларини инновацион технологиялар орқали клиник амалиётда хавфсиз қўлланилишини янада такомиллаштириш, мутахассислар малакасини узлуксиз ошириб боришни ривожлантириш, интерактив тажриба алмашиш тизимини яратишдан иборат эканлигини маълум қилди. Шундан сўнг, тадбир иштирокчилари тиббий ўқув-маслаҳат марказида жойлашган ўқув хонаси билан яқиндан таништирилди.

Михаиль ВЕНСКЕ,

GIZ ваколатхонасининг маъмурият бошлиғи:

– Бугун юқори технологиялар асри, шу боис, ҳеч бир соҳа тараққиётини инновацион лойиҳаларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Ушбу лойиҳа доирасидаги ҳамкорлик фаолиятларимиз эса 2013 йилдан бошлаб йўлга қўйилган бўлиб, ҳозирга қадар 7 та ўқув маркази ташкил этилган. Уларда тиббиёт ҳамда техник ходимларнинг юқори технологик асбоб-ускуналардан фойдаланиш малакаси оширилмоқда. Мамлакатингизда тиббиётга бўлган эътибор сўнгги йилларда янада кучайди, айниқса, Президентингиз томонидан соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар самараси аҳоли саломатлигини мустаҳамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ташкилотимиз ушбу жараёнларда фаол иштирок этиб, ўз ҳиссасини қўшаётганидан мамнунмиз. Аслида ҳам халқаро муносабатлар келишувида назарда тутилган фаолиятлар ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилиши лозим, деб ўйлайман. Қолаверса, бугун малакали кадрларга бўлган талаб дунё бўйича ортиб бормоқда. Ҳар бир соҳа тараққиёти тажрибали мутахассисларга боғлиқдир. Шундай экан, дунё ҳамжамиятида бир мақсадга йўналтирилган бундай ишларда ҳамкорлик алоқалари муҳим ўрин тутади. Тажрибалар алмашинуви, малакали кадрлар таъминоти, бошқача айтганда, амалиётга юқори сифатли инновацион технологияларни татбиқ қилиш лойиҳамизнинг бош мақсадидир. Ўйлайманки, бу йўлдаги ҳамкорлигимиз узоқ муддат давом этади.

Марказнинг асосий вазифалари ва ундан кўзда тутилаётган натижа ҳамда келгуси фаолиятлар хусусида мутахассис фикри билан яқиндан танишдик.

– Айни пайтда скрининг хизмати йўналишида ультратовуш текширувларининг замонавий усуллари – допплерография, эластография, 3D, 4D каби технологиялар қўлланилмоқда, –дейди Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ультратовуш диагностикаси кафедраси мудири, профессор Акрам Фозилов. – Ушбу технологиялар туфайли инсон ички организмидаги касалликларни эрта аниқлаш, тўғри ташхислаш имконияти туғилди. Бу тараққиёт маҳсулидир. Бир пайтлар мазкур турдаги замонавий аппаратлар мамлакатимиз тиббиётига энди кириб келганда, одамларда у ҳақда зарарли таъсири кўп деган, салбий таассурот мавжуд эди. Шу боис, бундай технологиялар билан ишлашда ўринсиз муаммоларга дуч келар эдик. Аммо, замон ривожланиши, техника тараққиёти бу борадаги қарашларни тамомила ўзгартириб юборди. Янги авлод аппаратлари биргина шифокор кўмакчиси эмас, том маънода инсон саломатлигининг "нажоткори"га айланмоқда. Яъни, олдинлари аниқлаш мушкул, ташхис қўйилганда ҳам кечикиб, даво муолажалари ҳам фойда бермайдиган ҳолатлар кўп бўларди. Бугунги тиббиётнинг тарихи, ривожланиш жараёнини кузатган мутахассис сифатида бемалол айта оламанки, соғлиқни сақлаш соҳасидаги технология тараққиётига ижобий томондан ёндашиш лозим. Қолаверса, мамлакатимизда сўнгги йилларда инновацион ғоялар изчил қўллаб-қувватланмоқда. Натижада юртимиз шифохоналари энг сўнгги русумдаги асбоб-ускуналар билан таъминланмоқда. Пировардида тиббий хизматлар сифати яхшиланмоқда. Шуни ҳам айтиш жоизки, Юртбошимиз ташаббуси билан кадрлар салоҳиятини ошириш, малакали мутахассислар етиштириш давр талабига айланди. Айниқса, шу мақсадда халқаро ҳамкорлик кўламларини кенгайтириш, ўзаро тажриба алмашиш масалаларига эътибор кучайди. Германия ҳамкорлиги ташкилоти лойиҳаси эса бу борада ташаббускор кўмакчимизга айланмоқда. Албатта, ушбу фаолиятлар тизим такомиллашувига хизмат қилиши баробарида, соҳа ходимларидан ҳам алоҳида масъулият талаб этади. Яъни, мазкур технологиялар билан ишлаш малакасини ўзлаштириш масъулияти. Бунинг учун бугунги семинар доирасида махсус ўқув курслари ва маҳорат дарсларини ташкил қилганмиз. Унга радиолог ва ультратовуш текшируви мутахассислари жалб қилинган.

Марказга ўрнатилган юқори технологик тиббий асбоб-ускуналардан фойдаланиш ва улар имконияти борасида лойиҳа мутахассиси қуйидагиларни билдирди.

– Ультратовуш текширувлари бўйича инновацион ўқув марказининг ташкил этилиши натижасида ҳозирга қадар амалга ошириб келинаётган анъанавий ўқитиш усуллари тубдан такомиллаштирилади, – дейди GIZ лойиҳаси миллий координатори Нигорахон Муротова. – Айниқса, ўқув хонасининг замонавий компьютер жамланмалари ҳамда интерактив доска билан жиҳозланганлиги фаолиятлар самарадорлигини оширади. Сабаби, ушбу қурилмалар билан ишлаш тингловчиларга бир қатор қулайликлар туғдиради. Масалан, интерактив доска имкониятларини олайлик, унда ишлаш олдинги амалиётлардан бутунлай фарқ қилади. Яъни, экрандаги ҳолатларни исталган кўринишга мослаб, бу ишни кўрикка жалб қилинган беморга ортиқча ноқулайликлар туғдирмасдан амалга ошириш мумкин. Энг асосийси, бунда масофанинг аҳамияти йўқ. Шунингдек, мазкур лойиҳа давомида ҳудудлардан туриб масофавий таълим олиш тизимини йўлга қўймоқчимиз. Бу ўз навбатида ушбу соҳада талаб этиладиган мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини мустаҳкамлашда ортиқча оворагарчиликлар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этади. Сабаби, юқори сифатли, инновацион технологиялар ёрдамида яратилган шароитлар ана шундай имконият яратади. Бундан ташқари, ўрганишлар хулосасидан сўнг умумий талаблардан келиб чиқиб, йўналишдаги барча адабиётлар ҳам ўзбек тилига таржима қилинди. Бу эса мутахассислар учун яна бир қулайликдир.

Икки кунга мўлжалланган тадбирнинг мантиқий давоми Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида халқаро мутахассислар иштирокида илмий-амалий семинар кўринишида давом эттирилди. Уни институт ректори Ҳабибулла Оқилов кириш сўзи билан очиб, семинардан кўзланган мақсад-вазифаларга тўхталиб ўтди. Тадбирда мамлакатимиз ҳамда жаҳон тиббиётининг етакчи мутахассислари соҳада долзарб ҳисобланган муаммоли мавзулар бўйича ўз маърузаларини тингловчилар эътиборига ҳавола қилди. Қизғин мунозараларга бой бўлган тадбир тингловчилари касалликларни эрта аниқлаш, олдини олиш ва уларни даволашнинг замонавий усуллари борасида ўзлари учун зарурий маълумотларга эга бўлишди.

Сўз сўнгида айтиш мумкинки, бугунги ҳаётимизни тараққиётсиз тасаввур қилиш мушкул. Ушбу тараққиётнинг соғлиқни сақлаш тизимидаги кўриниши инсон саломатлигини таъминлаш баробарида аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилиши бугунги фаолиятларимизнинг асосий мақсадидир. Шундай экан, қайси соҳада бўлишимиздан қатъий назар, юқори технологиялар ва инновацион лойиҳалар имкониятидан тўлиқ фойдаланиш энг муҳим вазифаларимиздан бирига айланмоғи лозим. Зеро, юқори технологиялар имконияти фаолиятимиз муваффақиятининг самарали ва ишончли кафолатидир.

Ҳасан АБДУҒАНИЕВ.

Суратлар муаллифи Акром АБДУЛЛАЕВ.

№ 11, 30.03.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.