Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Ислоҳот одимлари

"…АКСИНЧА, ҚЎШНИ МАМЛАКАТЛАРДАН ЎЗБЕКИСТОНГА КЕЛИБ ДАВОЛАНИШАДИ", дейди Россия онкологлар Ассоциацияси раиси Михаил Давидов.

Маълумки, барча соҳада "Устоз ва шогирд" тамойили ёш мутахассисларнинг амалий тажриба ва касб сирларини қунт билан ўзлаштиришда, шунингдек, соҳа ходимларининг ўзаро фикр алмашишига бевосита замин яратади. Шу жумладан, мазкур амалиётнинг соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам қўлланилиши истиқболда етук кадрларни тайёрлаш баробарида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу боис, жаҳоннинг машҳур олимлари иштирокидаги маҳорат дарслари ҳам тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини оширишда қўл келмоқда, десак муболаға бўлмайди.

Хабарингиз бор, 2017 йилда Россия Федерацияси онкология илмий маркази ҳамда Ўзбекистон ва Россия онкологлари Ассоциациялари ўртасида меморандум имзоланган эди. Унинг доирасида қатор ҳамкорлик ишлари амалга оширилиб келинмоқда. Ана шундай эзгу мақсадларга қаратилган фаолиятлардан бири жорий йилнинг 26-27 март кунлари бўлиб ўтди. МДҲ давлатларининг онкология ва рентгенорадиология марказлари ва институтлари директорлари Ассоциацияси президенти, Н.Блохин номидаги онкология илмий маркази бош директори, Россия онкологлар Ассоциацияси раиси, Россия Фанлар Академияси академиги Михаил Давидов Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Тошкент вилояти филиали ҳамда академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида маҳаллий шифокорлар иштирокида жарроҳлик амалиётини ўтказиб, ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.

Таъкидлаш муҳимки, Президентимизнинг 2017 йил 4 апрелдаги "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори аҳолига кўрсатиладиган ихтисослашган онкологик ёрдам сифати ва самарадорлигини ошириш йўлида муҳим бурилиш ясади. Унда онкологик хизмат кўрсатишни янада такомиллаштиришга доир кўплаб вазифалар қаторида ушбу соҳада кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, саратонга чалинган беморларга ёрдам кўрсатиш сифатини жаҳон андозалари даражасига кўтариш, мутахассислар малакасини ошириш мақсадида чет элнинг етакчи клиникалари ва марказлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш белгиланган. Ушбу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат ижроси юзасидан Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Тошкент вилояти филиалида ҳам кўплаб фаолиятлар олиб борилмоқда.

Михаил ДАВИДОВ,

Н. Блохин номидаги Россия онкология илмий маркази

директори, академик:

– Ўзбекистонда амалга оширилаётган фаолиятларни мунтазам кузатиб бораман. Президентингиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан бугун мамлакатингиз ҳар жабҳада тез ривожланиб бормоқда. Хусусан, тиббиётингиздаги ўзгаришларни алоҳида таъкидламоқчиман. Яъни соғлиқни сақлаш тизимида самарали ислоҳотлар олиб борилиб, қатор давлат дастурлари амалга оширилиши натижасида ҳудудларда замонавий тиббиёт муассасалари тармоғи, жумладан, ихтисослаштирилган педиатрия, акушерлик ҳамда гинекология илмий-амалий, перинатал ва скрининг марказлари, туғуруқхона мажмуалари, ҳудудий кўп тармоқли болалар тиббиёт марказлари қатори онкология диспансерлари фаолияти ҳам тубдан такомиллаштирилаётгани диққатга сазовордир. Мамлакатингизда онкология йўналишида фаолият олиб борадиган масканлар кўркам биноларда жойлашган, замонавий жиҳозлар, малакали мутахассислар билан таъминланганининг гувоҳи бўлиб турибман. Айтиш керакки, 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази билан ҳамкорликда фаолият юритиш мақсадида меморандум имзолаган эдик. Шунга биноан, ҳудудларда аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиб, бир неча маротаба операциялар бажардик. Бугунги кунда ҳам Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Тошкент вилояти филиали ҳамда академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида юқори технологик жарроҳлик амалиётини амалга оширдик. Яна бир эътиборга молик жиҳат, давлатингиз раҳбарининг ҳудудларда аҳолига ихтисослаштирилган тиббий хизматни кўрсатиш борасидаги фирклари жуда ўринлидир. Ўзбекистонлик ҳамкасбларим билан бир неча йиллардан буён дўстона алоқаларни ўрнатганмиз. Бу жараёнда кузатдимки, бугун тиббиётингиз, хусусан, онкохирургия янада такомиллашиб, кундан-кунга ривожланиб бормоқда. Ҳар сафар юртингизга келганимда, янги операциялар, инновацион технологиялар жорий қилингани, энг муҳими, бундан халқингиз мамнун бўлаётганининг гувоҳи бўламан. Умуман олганда, Ўзбекистон Ўрта Осиёда муҳим аҳамият касб этадиган мамлакат, шу билан бирга жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнига эга. Мен бемалол айта оламан, тез орада мамлакатингиз фуқаролари мураккаб операциялар учун хорижга чиқмайди, аксинча, қўшни мамлакатлардан Ўзбекистонга келиб даволанишади. Сабаби, Президентингиз соғлиқни сақлаш соҳасига алоҳида эътибор бериб, қўллаб-қувватламоқда. Бу ҳам жуда муҳим роль ўйнайди. Шифокорларингизда етарли малака, маҳорат ҳамда катта тажриба, билим мавжуд. Мазкур ўтказилган жарроҳлик амалиётларида бунга яна бир карра амин бўлдим.

Абдулла АБДУҲАКИМОВ,

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Тошкент вилояти филиали директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор:

– Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 4 апрель куни қабул қилган 2017 йил 4 апрелдаги "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорига асосан диспансерлар ягона вертикалга бирлаштирилиб, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг вилоятлардаги филиалига айлантирилди. Шу муносабат билан Тошкент вилоят ўсма касалликлари диспансери ҳам ҳозирда марказнинг филиали, деб аталмоқда. Мазкур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатнинг ижросини таъминлашда муассасамизда бугунги кунда барча имкониятлар мавжуд. Яъни 60 нафарга яқин шифокор, улардан 8 нафари тиббиёт фанлари доктори, 11 нафари тиббиёт фанлари номзоди ва бир нечта олий тоифали шифокорлар томонидан аҳолига сифатли хизмат кўрсатиб келинмоқда. Бундан ташқари, ушбу ҳужжатда кўзда тутилганидек, дунёнинг етакчи клиникалари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Муассасамиздаги шифокорлардан 2 нафари Томск ва Ростов онкология марказларида, 4 нафари эса Москвада Н. Блохин номли онкология марказида малака оширмоқда. Яна бир қувонарли ҳолат, бугун филиалимизга Россия онкологлар ассоциацияси раиси академик Михаил Давидов бошчилигида вилоятимизнинг қатор фуқароларига услубий тиббий ёрдам кўрсатилди. Хусусан, бажарилиши қийин бўлган операциялар амалга оширилди. Биринчиси, Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани Қувомул ҚФЙдан келган 19 ёшли қизда кўкрак қафасида жойлашган 15 сантиметрлик ўсма мувафаққиятли олиб ташланди. Иккинчиси, Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилувчи беморда ошқозон саратонининг III даражаси бўлиб, ошқозоннинг тўлиқ гастректомия, ошқозон саратонини олиб ташлаш бажарилди. Бунинг аҳамиятлиси шундаки, унда қўшимча жигар артерияси мавжуд экан. Уни сақлаб қолиб, яъни жигарга кетаётган қон айланиши буткуллигини сақлаган ҳолда ошқозондан кетаётган томирларнинг ҳаммасини ажратиб, техник жиҳатдан мураккаб операция бажарилди. Учинчи операция эса Тошкент вилояти Паркент туманидан келган 20 ёшли йигитда кўкрак қафасининг чап ярмини эгаллаган 20 сантимертдан зиёд саккизсимон катта ўсма олиб ташланди. Албатта, бундан яна бир амалий маҳорат дарсида устозим Михаил Давидовдан кўплаб сир-асрорларни ўргандик. Бу жараён ўзаро тажриба алмашишимизга, халқаро усулларни ўрганишга ҳам замин яратди, десам хато бўлмайди.

2017 йил 26 март куни академик Михаил Давидов мазкур муассасага ташриф буюриб, 3 нафар беморда жарроҳлик амалиётини ўтказди. Айтиш жоизки, ушбу операциялар турли ёшдаги беморларда муваффақиятли амалга оширилди.

Мана, навбатдаги операция жараёни муваффақиятли тугатилиб, яна бир беморга соғлом ҳаёт бахш этилди. Қолаверса, неча-неча оилаларга қувонч ҳадя қилинди. Бунда соҳа ходимлари масъулият, бурч ва энг муҳими, халқ ишончини зиммасига олиб ҳаракат қилишди. Натижа эса ижобий…

Операцияга кирган бемор яқинлари беихтиёр ўйланади. Кўнглида турли саволлар тинчлик бермайди. "Унинг аҳволи қандай экан, дарддан фориғ бўладими, асосийси, операция муваффақиятли ўтказиладими?" деб хавотирга тушади. Лекин маҳоратли, масъулиятли шифокорларни кўриб, уларга ишониб кўнгли таскин топади…

– Бемор 58 ёшли Бахтиёр ака нафақат тоғам, балки туғишган акамдек бўлган. Сабаби, улар бизга таълим-тарбия бериб, маслаҳатларини аямаган. Охирги бир йилда ошқозони безовта қилаётгани, оғриқлар пайдо бўла бошлаганини айтди. Шундан кейин шифокорларга мурожаат қилдик. Улар ошқозон касалликларини айтиб, муолажаларни буюришди ва операцияга тайёрлашди. Шифокорларнинг малакаси, маҳорати, албатта, таҳсинга лойиқ. Улар, энг аввало, хушмуомалалиги билан даволашди. Айтиш керакки, барча тиббий хизматлар бепул бажарилмоқда. Бунинг учун Юртбошимиз ҳамда соҳа ходимларига ўз ташаккуримизни билдирамиз, – дейди беморнинг жияни Рустам Шарипов.

2018 йил 27 март. Михаил Давидов иштирокидаги навбатдаги операция академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида бажарилди.

Шу ўринда айтиш жоизки, мазкур муассаса аҳолига сифатли ва тез тиббий хизмат кўрсатиш борасида мамлакатимизда етакчи клиникалардан ҳисобланиб, замонавий аппаратуралар, янги инновацион технологиялар билан жиҳозланган, малакали кадрлар билан таъминланган. Шифо масканида мураккаб, юқори технологик операциялар бажарилиб келинмоқда. Яна бир жарроҳлик амалиётини муваффақиятли амалга ошириб чиққан шифокорлар билан суҳбатда бўлдик.

Шуҳрат ХУДОЙБЕРГЕНОВ, Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази Ўпка ва кўкс оралиғи хирургияси бўлим мудири, тиббиёт фанлари доктори:

– Бўлимда трахеянинг чандиқли торайиши, резекция, ўпка касалликлари, ўсмалар, паразитар касаллик, эхинококклар, ўпка ва бронхтрахеяда туғма нуқсони бор беморларда радикал операциялари амалга оширилади. Ушбу йўналишда йилига 300 дан зиёд жарроҳлик амалиёти ўтказилади. Авваллари, бу каби операцияларнинг 30 фоизи чет элда қилинар эди. Бугунги кунда ана шундай юқори технологик операциялар мамлакатимизда бажарилмоқда. Бугунги операцияда 43 ёшли бемор бир ой мобайнида нафаси қисиб, тиббиёт муассасаларига мурожаат қилган. Текширишлардан ўтгач, қалқонсимон безнинг пастки қисмидан кўкс оралиғига ўтиб, қизилўнгач, нафас оладиган трупка – трахеяни сиқиб қолганини комьютер томографиясида аниқлашган. Шунда бемор эндокринологларга мурожаат қилган. Улар томондан бунда оператив даво чораларини қўллаш кераклиги тушунтирилиб, бизнинг марказга юборилган. Чуқурроқ текшириб кўрилганда қалқонсимон безнинг чап бўлагидан чиққан ўсма тўш орқасига ўтиб, трахеяни 5 миллиметргача сиқиб қўйган. Кўриб турганингиздек, 3 соат мобайнида операция қилиниб, барча хавф ортда қолди. Албатта, буни академик М. Давидов билан бирга амалга оширдик.

Олимжон ҒУЛОМОВ,

Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази Қизилўнгач ва меъда-ичак касалликлари бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди:

– Биз қизилўнгач меъданинг ўсма ва яра касалликларини, чандиқли торайишлар ҳамда туғма нуқсонларида операция амалиётларини бажариб келмоқдамиз. Улар ичида энг долзарб бўлиб тургани бу меъданинг саратон касаллигидир. У кўплаб давлатларда кенг тарқалган касаллик ҳисобланади. Ҳозирги кунга келиб бу каби юқори технологик операция муассасамизда бажарилиши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Шу ўринда айтиш мумкинки, йил давомида бўлимда 80-90 та бундай амалиётлар бажарилади. Биргина, 2017 йилда 87 та шундай операция ўтказилиб, ижобий натижаларга эришилди. Бугун академик М. Давидов билан бирга 1,5 соат давомида 64 ёшли беморда меъданинг проксимал қисми ҳамда кичик-эгрилигини тўлиқ қоплаган саратон касалликларининг учинчи даражасини бартараф этиш учун операцияни бажардик. Мазкур жараён муваффақиятли бажарилиб, камчиликларни тўғри англаб, тажриба алмашиб, янги усулларни ўргандик, ўзаро маслаҳатлашдик. Ўйлайманки, ушбу ҳамкорлик узоқ давом этиб, ўзининг ижобий самарасини кўрсатади. Бир сўз билан айтганда, бу каби амалий ҳамкорлик фаолиятимизга катта ёрдам беради.

– Отам Инотилла Абдуллаев 1953 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган. Уч йил олдин юрак касалликларини даволаш мақсадида жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Яқинда ошқозонда ўсимта борлиги аниқланди. Шунда мазкур тиббиёт муассасасига мурожаат қилдик. Шифокорлар барча шароитларни яратиб беришди. Соҳа ходимларининг билими ва тажрибаси етарлича эканлигига амин бўлдик. Гувоҳи бўлганингиздек, операция муваффақиятли бажарилди. Отам яна оиламиз бағрига соғлом қайтадилар, барчамизнинг хурсандчилигимиз чексиз. Бунинг учун шифокорларга миннатдорлик билдираман, – дейди беморнинг ўғли Элмурод Абдуллаев.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳамкорликдаги бу каби ишлар шифокорлар малакасини ошириш, янги ахборот технологияларини амалиётга жорий этиш, сирасини айтганда, соҳани такомиллаштиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, тизимни янада равнақ топтириш, жаҳон тажрибасини ўзлаштириш ва халқимизга юқори малакали тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш имконини беради.

Жонибек МАЪРУПОВ.

Суратлар муаллифи Жасур ЖАЛИЛОВ.

№ 11, 30.03.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.