Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Ислоҳот одимлари

ТИББИЁТ ОЛИЙ ЎҚУВ ЮРТЛАРИДА ТАЪЛИМ СИФАТИ ЯНАДА ЯХШИЛАНМОҚДА

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари билан ўтказган йиғилишларда мамлакатимиз тиббиёт тизимидаги муаммоларни ҳал қилиш, бу борада амалга оширилиши зарур бўлган вазифаларни аниқ белгилаб берган эдилар. Мазкур фаолиятларни янада такомиллаштириш учун эса ўтган вақт мобайнида бир қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди.

Бунинг баробарида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кадрлар тайёрлашнинг маъно-мазмунини тубдан янгилаш, халқаро стандартлар даражасида олий малакали мутахассислар тайёрлаш учун зарур шароитлар яратишга доир муҳим масалалар белгиланган.

Жорий йил 22 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси томонидан соғлиқни сақлаш тизимига оид қабул қилинган қарор ва фармонларни чуқур ўрганиш мақсадида Тошкент давлат стоматология институтида "Тиббиёт олий ўқув юртларида таълим жараёни сифатини юксалтириш ва ўқув жараёнини тўғри шакллантириш" мавзусида семинар ташкил этилди. Тадбирни институт проректори Маҳмуджон Дўстмуҳамедов кириш сўзи билан очиб, қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асоосида мамлакатимиздаги барча шифо масканлари замонавий асбоб-ускуналар ҳамда малакали кадрлар билан таъминланаётгани, қолаверса, тиббиёт олий ўқув юртлари янги ўқув дастурлари асосида фаолият юритаётгани борасида сўз юритди. Шу билан бирга, олий таълим тизимини модернизация қилиш, ўқитишнинг замонавий шакл ва технологияларини жорий этиш, мутахассислар тайёрлаш бўйича ихтисослик йўналишларини такомиллаштириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Давлатимиз, ҳукуматимиз томонидан соғлиқни сақлаш соҳасига доир имзоланаётган қонун ҳужжатларини ўрганишда мазкур амалий семинар ғоят муҳим аҳамият касб этишини айтиб, ушбу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида олий таълим, хусусан, олий тиббий таълимни ривожлантириш, яъни ҳозирги замонавий фикрлайдиган, етук мутахассисларни тайёрлашга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, босқичма-босқич амалга оширилаётгани тўғрисида маълумот берди. Шунингдек, ўқув режалари қайтадан кўрилиб, дарс жараёнига нафақат маҳаллий, балки хорижий етакчи мутахассисларни жалб этиш кўзда тутилганини маълум қилди. Замон талабларига жавоб берадиган педтехнология, даволаш технологиялари жорий қилинаётгани, масофавий дарс бериш тизими тиббий таълимнинг стоматология йўналишида жуда қўл келаётгани юзасидан фикрларини билдирди.

Дарҳакиқат, Президентимизнинг жорий йил 20 апрелдаги "Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги, 5 майдаги "Ўзбекистон Республикасида тиббий таълим тизимини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳамда 27 июлдаги "Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида самарали ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Айтиш мумкинки, Тошкент давлат стоматология институтида жаҳоннинг етакчи илмий-таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқалари ривожлантирилиб, ўқув жараёнига илғор педагогик технологиялар, ўқув-услубий материаллари кенг жорий қилинмоқда. Шунингдек, ўқув-педагогик фаолиятга, малака ошириш курсларига хориждаги таълим муассасаларидан юқори малакали ўқитувчилар ва олимларни фаол жалб қилиш, магистрант, ёш ўқитувчи ҳамда илмий ходимларнинг хорижий таълим ва илмий муассасаларда амалиёт ўташи, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини оширишни ташкил қилиш ишлари йўлга қўйилган. Эътирофлиси шундаки, институтда жорий ўқув йилидан бошлаб факультетларнинг барча курсларида камида иккитадан гуруҳда мутахассислик фанларини инглиз тилида ўқитиш йўлга қўйилгани талабаларнинг хорижлик тенгдошлари билан мулоқот қилиши ва халқаро стандартларга мос кадрлар тарбиялашга имкон яратади.

Саодат

ЮСУПАЛИХАДЖАЕВА, Тошкент давлат стоматология институти ўқув-услубий бўлим бошлиғи:

– Уч кун давом этган мазкур семинар олий таълим тизимини модернизациялаш, тиббиёт таълим тизими сифатини ошириш ислоҳотларини ишлаб чиқиш чора-тадбирларини амалга ошириш мақсадида ташкил этилди. Давлатимиз раҳбарининг "Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 2909-сонли, "Ўзбекистон Республикасида тиббий таълим тизимини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 2956-сонли, "Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 3151-сонли Қарорлари, қолаверса, Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруқларида кўрсатилган тиббиёт таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган бир нечта вазифалар ушбу тадбирда ўз аксини топди. Айтиш жоизки, ушбу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси юзасидан ўқитишнинг замонавий шакллари ва услублари, компьютер ҳамда ахборот коммуникация технологияларини таълим жараёнига жорий этиш, олий таълим муассасаларини замонавий ўқув лаборатория анжомлари, ўқув-услубий адабиётлар билан таъминлаш, илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, рағбатлантириш, олий таълим муассасаларида замонавий илмий лабораторияларини ташкил этиш, ривожлантириш каби масалаларни ҳал қилишда институтимиз таркибида 8 та замонавий жиҳозланган ўқув ҳамда 3 та илмий лаборатория ўз фаолиятини бошлади. Улар замонавий аппаратуралар билан таъминланиб, талабалар ва профессор-ўқитувчилар бевосита амалий машғулотларда фаол иштирок этишмоқда. Шу билан бирга, ривожланган хорижий давлатларнинг энг илғор тажрибаларини чуқур ўрганган ҳолда дарс режа, фан дастурлари ва адабиётлари, шу жумладан, ўқув-услубий комплекслари халқаро стандартлар асосида замонавий, мутлақо янги талаблар бўйича ишлаб чиқилиб, босқичма-босқич таълим жараёнига татбиқ этилмоқда. Жумладан, ижтимоий гуманитар фанлар – 7 фоиз, клиник олди фанлар – 24 фоиз, клиник фанлар – 60 фоиз, қўшимча фанлар – 5 фоиз, танлов фанлари эса 4 фоизни ташкил этади. Бунинг баробарида тегишли таълим йўналишлари бўйича ҳар бир талаба иккинчи курсдан бошлаб тармоқнинг муайян ташкилот ва корхоналарда малакали амалиёт ўтказиши ҳамда битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича аниқ чоралар кўрилди. Айтиш жоизки, ҳозирда клиник кафедраларимиз қошида 14 та даволаш муассасасида талабалар амалиёт ўташлари учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Бир сўз билан айтганда, мазкур ўқув йилидан бошлаб, тиббиёт олий ўқув юртларининг барча таълим йўналишлари ва курсларида ўқув жараёнининг 50 фоизи назарий таълим, 50 фоизи клиник ўқув амалиёти тарзида ташкил этилди. Клиник фан кафедраларида ўқув жараёнларини сифатли олиб бориш, талабаларнинг назарий таълим ва амалий билимлари ўртасида интеграциянинг чуқурлаштирилганлиги ҳамда тўлиқ клиник амалиётни ташкиллаштириш мақсадида махсус тренинг хоналари жорий қилинди. Давлатимиз раҳбарининг 3151-сонли Қарорида кўрсатилганидек, бакалавриат ва магистратура, клиник ординатурада таҳсил олаётган талабаларнинг билим салоҳиятини ошириш мақсадида мустақил таълим тизимига ҳам алоҳида этибор қаратилди. Яъни авваллари реферат, доклад, презентациялар кўринишида мустақил иш қабул қилинган бўлса, ҳозирда клиник ўқув амалиётига йўналтирилган ҳолда олиб борилмоқда. Натижада талабалар беморлар курацияси, профилактикаси, диспансерлаш, касаллик тарихини ёзиш, тўлдириш, даволовчи шифокор билан назорат қилишда иштирок этиш ҳамда аҳоли орасида санитар ишларини олиб боришда фаол иштирок этишида ёрдам бермоқда. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, институтимиз халқаро нуфузли олий ўқув юртлари билан кенг ҳамкорликни йўлга қўйган. 14 га яқин хорижий таълим муассасаси билан меморандум имзоланди. 17 га яқин хорижий мутахассис билан келишув асосида маҳорат дарслари, маъруза, очиқ мулоқот, онлайн тарзидаги музокаралар олиб бориш режалаштирилди. Бунинг баробарида ҳар бир факультет кесимида камида иккита ихтисослаштирилган иқтидорли талабалар гуруҳи ташкиллаштирилди. Улар ва ёш олим, педагогларнинг инглиз тилини мукаммал ўзлаштириши учун педагогика ва психология кафедраси қошида инглиз тили курси йўлга қўйилди. Бу ерда дарслар календарь тематик режа асосида ахборот коммуникация технологиялари билан таъминланган лингафон хонасида ўтказилмоқда.

Тадбирда таъкидланганидек, Тошкент давлат стоматология институтида ҳам ўқув жараёни сифатини ошириш ва юқори технологик, инновацион усулларни татбиқ этиш юзасидан жарроҳлик операцияларини онлайн равишда ўқув аудиторияларга узатиш, масофавий таълимни жорий қилиш мақсадида Жанубий Корея, Нидерландия, Германия университетлари профессорлари иштирокида вебинарлар ташкил этилиб келинмоқда. Шунингдек, семинарда институт ўқув лабораторияларида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан таништирилди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, аввало, инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун эканлигини таъминлаб, соғлиқни сақлаш, хусусан, тиббиёт олий ўқув юртлари фаолиятини янада такомиллаштириш, малакали мутахассислар тайёрлашда муҳим дастур вазифасини ўтамоқда.

Жонибек МАЪРУПОВ.

Суратлар муаллифи Акром АБДУЛЛАЕВ.

№ 41, 06.10.2017 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.