Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Ислоҳот одимлари

ЭНДОСКОПИК АППАРАТДА НОЁБ АМАЛИЁТ МУВАФФАҚИЯТИ

Тиббиёт – жамият фаровонлигида муҳим аҳамият касб этувчи кенг тармоқли, шу билан бирга, касб эгаларидан улкан масъулият, доимий изланиш ва мунтазам янгиланиш талаб қиладиган соҳа. Таъкидлаш жоизки, жаҳон тиббиёти йилдан-йилга такомиллашиб, юксак муваффақиятларга эришиб келмоқда. Ушбу янгиланишларнинг мамлакатимиз тиббиётида ҳам жорий этилаётганлиги эса соҳа истиқболи ва имкониятларини янги босқичга олиб чиқмоқда.

Албатта, бу жараёнда Президентимиз томонидан тизим фаолиятига қаратилаётган эътибор ва унинг натижасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар алоҳида аҳамият касб этмоқда. Жумладан, соҳани янада такомиллаштириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини яхшилашга оид қарор ва фармонлар фикримиз тасдиғидир. Мазкур ҳужжатлар хусусида тўхталиб, айтиш мумкинки, уларда соғлиқни сақлашнинг ҳар бир йўналишини ривожлантириш чоралари ишлаб чиқилган. Масалан, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолиятини такомиллаштириш борасида Президентимизнинг 2017 йил 20 июндаги "Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017-2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори дастуриламал бўлмоқда. Хусусан, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказида олиб борилаётган фаолиятлар ҳақида ана шундай дейиш мумкин.

Айни пайтда тиббиёт марказида давлатимиз раҳбарининг соҳа олдига белгилаб берган вазифалари ижросини таъминлаш, амалиётга янгича даволаш усулларини жорий этиш ва ёш кадрлар малакасини ошириш мақсадида бир қатор хорижий кардиологик клиникалар билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Муассасада фаолият юритаётган тиббиёт ходимлари Россия, Жанубий Корея, Швейцария, Польша сингари дунёнинг тиббиёти ривожланган мамлакатларида малака оширишга муваффақ бўлмоқда. Шунингдек, мазкур давлатлардаги нуфузли клиникаларнинг академик, профессор-олимлари иштирокида марказ ва унинг ҳудудий филиалларида маҳаллий мутахассисларимиз учун маҳорат дарслари ўтказиб келинмоқда. Натижада, амалиётлар жараёнида беморларда бир вақтнинг ўзида аорта коронар шунтлаш, юрак клапанларини протезлаш ва бўйин томирлари атеросклерозини бартараф этиш каби операцияларни ўтказиш тажрибаси ўзлаштирилди. Марказ ва унинг вилоятлардаги тармоқлари энг сўнгги, мураккаб ва ноёб операцияларни ўтказишга мўлжалланган замонавий аппаратуралар билан жиҳозланмоқда. Эътирофлиси, тиббиёт марказининг техник имкониятлари яқинда ана шундай яна битта замонавий аппарат билан бойитилди. Германия давлатининг дунёга машхур "KarlShtors" фирмаси томонидан ишлаб чиқарилган энг сўнгги русумдаги эндоскопик аппарати келтирилиб, унинг ёрдамида жорий йилнинг 8 сентябрь куни академик А. Бакулев номидаги юрак қон-томир жарроҳлик илмий марказининг етакчи мутахассиси иштирокида дастлабки ноёб операция ўтказилди.

– Замонавий кардиохирургия мутахассис тажрибасидан ташқари техник жиҳозлар таъминотини ҳам талаб қилади, – дейди академик А. Бакулев номидаги юрак қон-томир жарроҳлик илмий маркази профессори, тиббиёт фанлари номзоди Игорь Сигаев. – Мазкур аппаратлар авваллари иложсиз бўлган операцияларни амалга ошириш имконини беради ва табиийки, бундай жарроҳлик амалиётларида жароҳатлар кам бўлади. Бу эса тиббиёт фан-техникасининг юксак ютуғидир. Шу нуқтаи назардан ушбу фаолиятларни кардиология соҳасининг янги имкониятлари дейиш мумкин. Шунингдек, давлатингизда Президентингиз эътибори билан тизимга йўналтирилган маблағлар ва амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Ихтисослаштирилган марказлар хизматини аҳолига яқинлаштириш тажрибасидан кўпгина давлатлар андоза олса арзийди.

Мана, гувоҳи бўлиб турганингиздек 52 ёшли беморда биринчи операция – аорта коронар шунтлаш жараёни муваффақиятли якунланди, унинг аҳволи анча яхши. Олдинлари бу турдаги жарроҳлик амалиётлари юрак фаолияти тўхтатиб қўйилиб, бемор кўкрак қафасига катта жароҳат етказиш йўли билан бажарилар эди. Бу каби жарроҳлик операцияси мазкур аппарат ёрдамида ишлаб турган юракда эндоскопик усулда амалга оширилади. Эндиликда, юракнинг тож томирига бемор танасининг оёқ қисмидан эмас кўкрак томирларидан олиб уланади.

Таъкидлаганимиздек, марказлар ўртасида ҳамкорлик шартномалари имзоланган бўлиб, шу куни хорижлик мутахассис билан биргаликда ўта ноёб операция ўтказилди. Унда маҳаллий жарроҳларимизнинг ҳам иштирок этгани марказда кадрлар салоҳиятини оширишга қаратилган ишлар самарасидир. Ўз ўрнида ушбу фаолиятлар марказнинг ёш мутахассислари учун маҳорат дарси вазифасини ўтамоқда.

– Бугунги кунда мамлакатимизда тиббиёт соҳасига жуда катта эътибор қаратилмоқда, – дейди тиббиёт фанлари доктори Рустам Ярбеков. – Бу ислоҳотлар натижасида яқинда марказимизга ноёб жарроҳлик амалиётларини бажаришга ихтисослашган яна бир янги аппарат келтирилди. Унинг ёрдамида бемор тўш суягини кесмасдан, кичкинагина жароҳат орқали қовурғалар орасидан кириб, юрак соҳасида шунтлаш амалиётини бажариш мумкин. Эътиборлиси, мазкур аппарат Марказий Осиё давлатлари орасида биринчилардан бўлиб бизнинг марказимизга келтирилди. Айни пайтда ушбу ускуна жаҳон тиббиётида сўнгги русумдаги аппарат ҳисобланади. Мана, гувоҳи бўлиб турганингиздек 52 ёшли беморда биринчи операция – аорта коронар шунтлаш жараёни муваффақиятли якунланди, унинг аҳволи анча яхши. Олдинлари бу турдаги жарроҳлик амалиётлари юрак фаолияти тўхтатиб қўйилиб, бемор кўкрак қафасига катта жароҳат етказиш йўли билан бажарилар эди. Бу каби жарроҳлик операцияси мазкур аппарат ёрдамида ишлаб турган юракда эндоскопик усулда амалга оширилади. Эндиликда, юракнинг тож томирига бемор танасининг оёқ қисмидан эмас кўкрак томирларидан олиб уланади. Таъкидлаш муҳимки, бундай жарроҳлик амалиёти ўтказилган беморлар жароҳат ҳажми кичик ва асоратлар кам бўлганлиги учун қисқа фурсатда соғлом турмуш тарзига қайтади.

Шунингдек, марказ фаолиятида самарали ишлар кўлами кенгайтирилиб, ижобий натижаларга эришилмоқда.

– Барча соҳалар қатори Президентимизнинг қарор ва фармонларига асосан муассасамизда режага киритилган ишлар изчил амалга оширилмоқда, – дейди Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим мудири Ҳамидулла Тошпўлатов. – Хусусан, бу ислоҳотларни биргина марказимиз мисолида олиб қарайдиган бўлсак, шу пайтгача марказ шароитида бажарилган мураккаб операциялар вилоят ва туманлар миқёсида ҳам жорий этилмоқда. Бунинг учун зарур бўлган ускуналар билан ҳам босқичма-босқич таъминланмоқда. Масалан, ангиограф аппарати Самарқанд, Бухоро, Наманган, Хоразм ва Навоий вилоятларига ўрнатилиб, мазкур ҳудудларда бугунги кунда коронарография ва стентлаш амалиётларини бажариш йўлга қўйилган. Эндиги босқичда Қашқадарё, Сурхондарё ҳамда Андижон вилоятларида ўрнатиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, Президентимизнинг топшириқ ва кўрсатмаларига асосан, ҳозирга қадар хорижда фаолият юритиб келаётган мамлакатимиз мутахассисларининг 6 нафари марказимизга жалб қилинди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мазкур натижалар, албатта, халқимиз саломатлигини асрашга хизмат қилади. Шундай бўлсада, аввало, ҳар бир инсон соғлигига ўзи масъул бўлмоғи керак. Оиламизда соғлом турмуш тарзини яратишимиз зарур. Сабаби, тиббиёт ютуқлари ва шифокорлар ёрдами биз учун сўнгги имкониятга айланиши лозим.

Ҳасан АБДУҒАНИЕВ.

№ 38, 15.09.2017 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.