Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Ислоҳот одимлари

ФАРЗАНДЛАР КАМОЛОТИНИНГ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯСИ

Маълумки, фарзандлари соғлом юртнинг пойдевори мустаҳкамдир. Қолаверса, Ватан келажагини ҳам ана шу баркамол авлод белгилаб беради. Айтиш мумкинки, бугунги кунда мамлакатимизда болалар ва ўсмирлар саломатлигига қаратилаётган эътибор ушбу ҳақиқат билан ҳамоҳангдир. Жумладан, пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 4-сонли оилавий поликлиникада ўтказилган хайрия акцияси эса бу борадаги фикрларимизнинг ёрқин ифодасидир.

Таъкидлаш муҳимки, болалар ва ўсмирларни гепатит "А"га қарши эмлаш мақсад қилинган мазкур ижтимоий акция Тошкент шаҳридаги Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги ҳамда туман тиббиёт бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари қамраб олинган тадбирда туман бош педиатри, ҳудуддаги барча оилавий поликлиникалар бош шифокорлари ҳамда малакали мутахассислар иштирок этди.

Маълумотга кўра, гепатит, яъни жигар тўқималарининг яллиғланиши – А, В, С, Д, Е каби турларга бўлинади. Асосан болаларда учрайдиган А ва Е турлари бошқаларига қараганда унчалик оғир касаллик ҳисобланмайди. Хусусан, гепатит "А" шифокорлар тили билан "кир қўллар касаллиги", деб номланади ва умумий идиш-товоқлар ҳамда ўйинчоқлардан эътиборсиз фойдаланиш унинг келиб чиқишига сабаб бўлади. У сурункали ҳолатга ўтиб кетмасада, ўткир ҳолда кечиши мумкин. В ёки С турларида эса сурункали ҳолатга ўтиш эҳтимоли юқорироқдир. Касаллик кўнгил айниши, томоқ оғриши, тана ҳарорати кўтарилиши каби аломатлар билан намоён бўлиши боис, кўпчилик уни мавсумий грипп ёки шамоллаш деб ўйлашади. Гепатитга чалинганлар, албатта, шифокор назоратида даволаниши керак. Мутахассисларнинг фикрича, касалликнинг олдини олиш мақсадга мувофиқдир ва бунинг энг мақбул йўли болаларни шахсий гигиена қоидаларига амал қилишга ўргатиш лозим.

– Тадбир доирасида бир ярим ёшдан 16 ёшгача бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила болаларидан 346 нафарининг бепул эмланиши назарда тутилган, – дейди Мирзо Улуғбек туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Севара Хусанова. – Албатта, аҳоли ҳам бундан мамнун. Тадбирнинг яна бир эътирофли томони унинг хайрия тарзида ўтказилаётганлигидир. Аслини олганда, мазкур вакцина эмлаш календарига киритилмаганлиги сабабли пуллик тиббий хизмат тоифасига киритилган. Биз туман миқёсида истиқомат қилаётган кам таъминланган оила фарзандларига енгиллик туғдириш учун бепул эмлашни ташкил қилдик. Шуни ҳам айтиш керакки, ушбу хайрия тадбири учинчи бор ташкил қилинаётган бўлиб, шу кунга қадар минг нафарга яқин болалар эмланди. Дастлаб, 2017 йил июнь, ноябрь ойларида туманимиздаги 8-7-сонли оилавий поликлиникаларда амалга оширилган. Аммо қайси муассасада ўтказилишидан қатъий назар қамраб олиш туман аҳолиси миқёсида кўриб чиқилади.

Эътирофлиси шундаки, юқори кайфиятда ўтказилиши режалаштирилган тадбир учун поликлиникада барча зарурий шароитлар яратилган. Унда малакали шифокорлар қаторида кўп сонли ҳамширалар оналар ва болалар хизматида бўлишди.

– Муассасамиз томонидан 242 минг нафардан зиёд аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатилади, – дейди 4-сонли оилавий поликлиника бош шифокори Ҳилола Амилова. – Шундан 18 ёшгача бўлганлар сони 10 минг 332 нафарни ташкил қилади. Ҳозирги кунда бор эътиборимиз аҳоли ўртасида касалликларни бартараф қилиш, уларни патронаж тизими билан тўлиқ қамраб олиш ҳамда сифатли бирламчи тиббий-санитария хизматини кўрсатишга қаратилган. Айниқса, ёлғиз қариялар, ўзгалар парваришига муҳтож, ҳомиладор аёллар, қолаверса, оналар ва болалар саломатлигини асраш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Давлатимиз ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан чиқарилган меъёрий ҳужжатлар ижросини таъминлаш масаласига жиддий ёндашилмоқда. Айтиш керакки, ушбу эзгу фаолиятлар, аввало, фарзандларимиз саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Тадбир доирасида поликлиникамиз томонидан рўйхатга олинган 60 нафарга яқин бола эмлаш жараёнига қамраб олинди. Вакцинанинг афзал жиҳатларидан бири шундан иборатки, у касалликка қарши 10 йилдан 18 йилгача иммунитетни сақлашга хизмат қилади.

Юқорида таъкидлаганимиздек, касалликка қарши эмлаш туман миқёсида амалга оширилди ва унда ҳудуддаги барча оилавий поликлиникалар бош шифокорлари ҳам иштирок этди.

– Маълумки, гепатит касаллиги ва унинг турлари инсон саломатлигига салбий таъсир ўтказади, – дейди 9-сонли оилавий поликлиника бош шифокори Солиҳа Салихова. – Аҳамиятлиси, унга қарши зарурий чора-тадбирлар ўз вақтида йўлга қўйилмаса, асоратли ҳолатларга олиб келиши мумкин. Шу боис, мамлакатимизда бу борадаги ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, бугунги тадбир ҳам ана шундай фаолиятлар жумласидандир. Аввалига аҳолига гепатит "А" касаллиги ва унинг асоратли оқибатлари ҳақида кенг тушунчалар берилди. Шундан сўнг, унга тавсия этиладиган оилалар тартиби кўриб чиқилиб, уларга маълум қилинди. Белгиланган 340 дан ортиқ вакцинадан 31 таси поликлиникамизда рўйхатига олинган болаларга ажратилди. Гувоҳи бўлиб турганингиздек, фарзандлари жалб этилган оилалар мамлакатимизда болалар саломатлигига бўлган бундай эътибордан беҳад мамнун ва миннатдор.

– Поликлиникамизнинг жонкуяр мутахассислари томонидан кўрсатилаётган тиббий хизматлардан хурсандмиз, – дейди Мирзо Улуғбек тумани "Бўз бозор" маҳалласида истиқомат қилувчи Сайёра Мирзаева. – Мана, бугун ҳам фарзандларимизни гепатит касаллигининг "А" турига қарши эмлашга жалб қилиндик. Аҳамиятлиси, мазкур хизмат мутлақо бепул амалга оширилмоқда. Бунинг учун, аввало, аҳоли саломатлигига алоҳида эътибор қаратаётган, бу борада амалга оширилаётган ишлар раҳнамоси Юртбошимизга, шунингдек, туман ҳокимлиги ва туман тиббиёт бирлашмаси раҳбариятига ҳамда эмлаш жараёнини астойдил амалга ошираётган ҳудудимиздаги 4-сонли оилавий поликлиника жамоасига ўз миннатдорлигимизни билдирамиз.

Ҳа, мазкур фаолиятлар мамлакатимизда келажак авлод саломатлигига бўлган эътибор намунасидир. Бу каби эзгу ишлар самараси эса ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етаётган интеллектуал салоҳиятли ёшларимиз қўлга киритган ҳар қандай муваффақиятда намоён бўлади. Фарзандлари камолотли юртнинг эса келажаги буюкдир.

Ҳасан АБДУҒАНИЕВ.

Суратлар муаллифи Жасур ЖАЛИЛОВ.

№ 9, 02.03.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.