Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Ислоҳот одимлари

ҲАР БИР МАҲАЛЛАДА "САЛОМАТЛИК МАКТАБИ" ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ

Бугунги кунда давлатимиз томонидан мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимига катта эътибор қаратилиб, бу борадаги фаолиятлар изчиллик билан олиб борилмоқда. Бундан асосий мақсад, инсонлар саломатлигига эришиш, турмуш фаровонлигини яхшилаш ҳамда узоқ умр кўриш, шунингдек, жамият тараққиётини юксалтиришдир. Зеро, соғлигимизни асраш ўзимизга боғлиқ эканлигини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти берган маълумотлардан билишимиз мумкин. Масалан, инсон саломатлиги 55 фоиз ҳолатда соғлом турмуш тарзига, 20 фоизи яшаётган экологик муҳитга, 15 фоизи ирсий омилларга, бор-йўғи 10 фоизи тиббиётга боғлиқ экан.

Таъкидлаш муҳимки, аҳоли саломатлигини сақлаш, муҳофаза қилиш ва уларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида тиббий-профилактика ҳамда патронаж хизмати ташкил этилиб, бу тизим фаолияти узлуксиз равишда такомиллаштирилмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 29 мартда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори ижроси доирасида бирламчи тиббий-санитария тизимида аҳолини патронаж ва профилактик кўриклар билан қамраб олиш механизмлари тартиби аниқ белгилаб берилди. Шундай экан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан аҳоли орасида тиббиёт ходимлари, хусусан, умумий амалиёт шифокорлари ва патронаж ҳамшираларининг бу йўналишда олиб бораётган ишлари янада такомиллаштирилиб, унинг таъсирчанлиги ва самарадорлигини оширишга доимий эътибор қаратмоқда. Айтиш жоизки, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш узлуксиз жараён бўлиб, бу борадаги ишларни тизимли равишда амалга ошириш нафақат тиббиёт муассасалари, балки, кенг жамоатчилик зиммасига алоҳида масъулият юклайди. Дарҳақиқат, айни кунларда вазирлик тизимида ўтказилаётган видеоселектор ва йиғилишларда ҳам мазкур масала кенг муҳокама этилмоқда. Ушбу долзарб мавзуга Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Эльмира Баситханова қуйидагича ойдинлик киритди:

– Ана шундай фаолиятлар мужассамлиги ўрганиб чиқилиб, соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Мактабгача таълим вазирликлари ва Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим маркази томонидан "Аҳолини мақсадли патронаж билан қамраб олиш, уларда тиббий маданиятни шакллантириш ҳамда оила ва таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш тўғрисида"ги қўшма қарори қабул қилинди. Эндиликда мазкур қарор билан репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш, тиббий маданиятни ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва касалликларнинг олдини олишга қаратилган бирламчи профилактика ишларига юқоридаги бешта ташкилот масъул этиб белгиланди. Айни пайтда вазирлик томонидан "Саломатлик мактаблари" фаолиятини йўлга қўйиш бўйича йўриқнома, шунингдек, бу йўналишда амалга оширилиши режалаштирилган тарғибот тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. "Саломатлик мактаблари" ҳар бир маҳаллада жамоатчилик асосида фаолият юритади. ҚВПлар, қишлоқ ва шаҳарлардаги оилавий поликлиникаларнинг умумий амалиёт врачлари, патронаж ҳамширалар, маҳалла фаоллари, таълим муассасаларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича масъул ходимлари, жисмоний тарбия ўқитувчилари, таълим муассасалари шифокорлари ҳамкорликда мазкур жамоат тузилмасига бирлашиб, оилаларда, аҳоли орасида, таълим муассасаларида ўқувчи ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этади. Тарғибот ишлари таъсирчан ва самарадорлиги юқори бўлиши учун ҳафталик иш режаси тузилади. Ҳафтанинг ҳар бир куни алоҳида ном билан номланади. Яъни, душанба нуронийлар куни, сешанба ҳомиладорлар куни, чоршанба болалар ва ўсмирлар куни, пайшанба хонадон ва экология куни, жума аёллар ва қизлар куни, шанба саломатлик куни, деб белгиланади. Ҳар бир куннинг моҳиятидан келиб чиқиб, тегишли аҳоли қатлами орасида соғлом турмуш тарғиботига оид чора-тадбирлар амалга оширилади. Шу ўринда айтиш керакки, бу чора-тадбирларни амалга ошириш патронаж ҳамшира ва умумий амалиёт шифокори зиммасидаги масъулиятни янада ошириши табиий.

Зеро, патронаж хизмати ҳар бир оила, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами манфаатларини тўла ҳимоя этиш, касалликларнинг олдини олиш, оилаларга тиббий маърифат тарқатишда муҳим бўғиндир. Ана шу йўналишда фаол иш олиб борувчи патронаж ҳамшира эндиликда аниқ кун тартиби асосида иш фаолиятини ташкил этади. Яъни, патронаж ҳамширанинг иш куни эрталабдан ўзига тегишли ҳудуддаги оилаларнинг ижтимоий-тиббий муҳитини ўрганиш билан бошланади. Патронаж ҳамшира бунинг учун маҳалла фаолларига таянади. Эрталаб уларга қўнғироқ қилиб, ҳудудлардаги ҳолатни ўрганади. Сўнгра аниқлаган маълумотларини умумий амалиёт шифокорига етказади. Шу тахлитда шошилинч ва режали патронаж уюштириладиган хонадонлар маълум бўлади. Сўнгра оилаларга патронаж уюштирилади. Патронаж ҳамшира, шунингдек, умумий амалиёт шифокорига беморлар ҳамда тиббий маслаҳат сўраб келганларни қабул қилиш ва тиббий хизмат кўрсатишда кўмаклашади. Иш кунининг якунида барча маълумотлар таҳлил қилиниб, ҳисоботлар тақдим этилади. Айтиш муҳимки, "Саломатлик мактаби" лойиҳаси доирасида амалга ошириладиган тадбирлар жараёнида бу масалаларга ҳам жиддий эътибор қаратилади. Бундай тиббий-ижтимоий лойиҳалардан кўзланган асосий мақсад, аввало, инсон саломатлигини асраш, жамиятда тиббий-ижтимоий муаммоларнинг олдини олишдир. Ана шундай муҳим тиббий-ижтимоий муаммолардан бири оналик ва болалик муҳофазаси билан боғлиқ. Айниқса, она ва бола ўлимининг олдини олиш масаласи ниҳоятда долзарб. Саломатлик мактаби аъзоларининг иш фаолиятида ҳам бу масалалар устувор ўрин тутади. Яъни, оналар ўлими рўй берса, вазиятни жойига чиқиб чуқур ўрганиш, болалар ўлими ҳолатларини ҳар ой таҳлил қилиш орқали йўл қўйилган камчиликни аниқлаб, зудлик билан бартараф этиш лойиҳанинг муҳим йўналишидир. Шунингдек, она ва бола саломатлигини асраш мақсадида туғиш ёшидаги аёлларни соғломлаштириш ҳафталиклари ташкил этиш режалаштирилган. Лойиҳадан кутилган натижага эришишда мутахассисларнинг малака ва маҳоратини ошириш муҳим аҳамиятга эга.

Шу мақсадда доимий видеоанжуманлар ташкил этилиб, соҳага оид янгиликлар, патронаж ишлари бўйича янгича услублар мутахассисларга етказилади. Қилинаётган ушбу ишлар одамлар ҳаётида қандай натижа бераётганини ўрганиш муҳим бўлиб, шу мақсадда туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларида мониторинг гуруҳлари шакллантирилади. Улар маҳаллаларда, таълим муассасаларида иш олиб бораётган "Саломатлик мактаблари"нинг иш фаолиятини ўрганади. Бу жараёнда оилалардаги санитария ҳолати, оила аъзоларининг тиббий маданият даражаси, оилаларнинг мақсадли патронаж билан қамраб олиниши, фуқароларнинг соғлиқни сақлаш ходимлари ва маҳалла фаолиятидан розилиги асосий мезон этиб белгиланади. "Саломатлик мактаблари" фаолияти туман, шаҳар, вилоят, республика миқёсида таҳлил этилиб, муаммоларни жойида ўрганиш, ечимларини топишга ҳаракат қилинади.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, 2018 йилнинг 17 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиси Рустам Қосимов раҳбарлигида видеоселектор мажлиси бўлиб ўтди. Мазкур йиғилишда соғлиқни сақлаш ва тиббиёт, улар ўртасида қандай фарқ бор? деган ушбу тушунчага ойдинлик киритилди. Ундан олинган хулосага кўра, юқорида таъкидланган Қўшма қарор ва "Саломатлик мактаблари"нинг мақсад ва моҳияти аҳоли саломатлиги йўлида ҳамжиҳатликда ишлашни тақозо этаётганлигини кўриш мумкин. Шундай экан, куни кеча Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Эльмира Баситханова иштирокида вазирликнинг бир гуруҳ ходимлари пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги 31-32-сонли оилавий поликлиника ва мактабгача таълим муассаса ҳамда мактабларда бўлиб, Қўшма қарор ҳамда "Саломатлик мактаблари"нинг ташкил этилишига оид ишлар билан яқиндан танишдилар. Яна шуни айтиш лозимки, ишлаб чиқилган ушбу Қўшма қарор жойларда ҳам татбиқ этилиши ва унинг мазмун моҳияти аҳолига кенг тушунтирилиши, шунингдек, маҳаллаларда "Саломатлик мактаблари"нинг ташкил қилиниши, бу албатта, кенг жамоатчилик ва тиббиёт ходимлари олдида турган муҳим вазифалардан асосий эканлигини унутмаслигимиз керак.

Таъбир жоиз бўлса, таъкидлаш зарурки, шиддат билан ўтаётган вақт ҳеч нарсани кутиб турмайди. Шундай экан, Давлатимиз томонидан инсон саломатлиги ва унинг турмуш фаровонлигига берилаётган эътибор ҳамда ғамхўрликни дилдан чуқур ҳис этган ҳолда ҳамкорлик билан фаолият юритсакгина жамиятимиз тараққиётининг юксалиб боришида ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшган бўламиз.

Ибодат СОАТОВА.

Суратлар муаллифи Акром АБДУЛЛАЕВ.

№ 9, 02.03.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.