Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Ислоҳот одимлари

НОГИРОНЛИК МУАММОЛАРИНИНГ ЕЧИМИГА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ

Мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ногиронлиги бор шахслар, кекса-қариялар ҳамда аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига катта эътибор қаратилиб, бу борадаги ишлар изчиллик билан амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, 2017 йил 1 декабрда "Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 5270-сонли Президент Фармонининг қабул қилингани ушбу жараёнга дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Шу асосда соғлиқни сақлаш тизимда фаолиятлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Мазкур Фармон ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббий ижтимоий ёрдам кўрсатиш муассасалари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш Бош бошқармаси бошлиғи Алишер Инаков билан суҳбатлашдик.

– Юқорида қайд этилган Фармон бўйича соғлиқни сақлаш тизимида фаолиятлар кетма-кетлиги қай тарзда белгилаб олинди ва уларнинг мазмун-моҳиятига оид қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 декабрдаги "Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги 5270-сонли Фармони аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари, шу жумладан, ногиронлиги бор шахсларнинг ижтимоий ҳимоясини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади. Ҳозирда мазкур Фармонинг ижросини тўлиқ таъминлаш борасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг назорат-режаси тасдиқланди, унда белгиланган вазифаларнинг ижроси юзасидан масъул вазирлик ва ташкилотлар, ижро механизмлари, босқичлари ҳамда муддатлари аниқ белгилаб берилди. Фармонда асосан ногиронлиги бўлган шахсларнинг бошқа фуқаролар каби тўлақонли ҳаёт кечиришлари, аниқ касбни эгаллашлари, меҳнат қилиб, оила даромадларини оширишларини таъминлаш йўналишларида қатор чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган. Республикамизда ногиронлиги бор шахслар, кекса-қариялар ҳамда аҳолининг бошқа эҳтиёжманд қатламларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш йўналишида аниқ ва мақсадли ишлар бажарилмоқда. Таҳлилларга кўра, ҳар йили 100,0 минг нафардан ортиқ эҳтиёжманд фуқароларга турли хил ижтимоий хизматлар кўрсатиб келинмоқда. Масалан, тиббий-ижтимоий муассасаларда кўрсатилаётган реабилитация ва ижтимоий хизматлар, ўзгалар парваришига муҳтож, ёлғиз истиқомат қилаётган кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларга уйида ижтимоий хизмат кўрсатиш, уларни протез-ортопедия маҳсулотлари ҳамда реабилитация техник воситалари билан бепул таъминлаш, уруш ва меҳнат фахрийлари, пенсионер, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни санатор соғломлаштириш ишлари шулар жумласидандир. Маълумотларга кўра, 15,0 минг нафардан зиёд ўзгалар парваришига муҳтож якка ёлғиз ва ёлғиз истиқомат қилаётган кекса ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларга уйида, 32 та "Мурувват" ва "Саховат" уйидаги 7,9 минг нафар ёлғиз кекса ва ногиронлиги бўлган шахслар давлат томонидан тўлиқ таъминотга олинган бўлиб, уларга тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатилмоқда. 11 та ногиронлиги бўлган шахсни реабилитация қилиш марказларида 20,0 минг нафардан зиёд ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий реабилитация чоралари олиб борилмоқда. 35,0 минг нафардан ортиқ уруш ва меҳнат фронти қатнашчилари, пенсионер ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар бепул соғломлаштирилмоқда.

– Ушбу Фармон бўйича вазирлик тизимида қандай меъёрий ҳужжатлар белгилаб олинди?

– Мазкур долзарб йўналишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида ишлаб чиқилиши белгиланган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қуйидагилар:

1. Фармонда ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ижтимоий ҳимоя қилишга масъул бўлган ягона идоранинг мавжуд эмаслигига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида ихтисослаштирилган идора ташкил этилиши белгиланган. Ҳозирда тегишли ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш чоралари якунланмоқда.

2. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг долзарб муаммоларини ҳал этишда нафақат давлат, балки оддий фуқароларнинг иштироки ҳам ўта муҳим ҳисобланади. Шу мақсадда, вазирлик ҳузурида Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиш юзасидан тегишли ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилди ва алоқадор идора ҳамда ташкилотлар билан келишувдан ўтказилмоқда. Янгидан ташкил қилинаётган Жамғарма маблағлари ногиронлиги бўлган шахслар аҳволини яхшилаш, тиббий-ижтимоий ёрдам сифатини ошириш, протез-ортопедия буюмлари ва техник реабилитация воситалари ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, шунингдек, технологик янгилаш учун ишлатилиши кўзда тутилмоқда. Ногиронлиги бўлган шахслар муаммоларига фуқаролар ва юридик шахсларнинг ихтиёрий ҳомийлик хайриялари ҳам жамғарма манбалари бўлади.

3. Ногиронликни белгилаш, тиббий-меҳнат экспертиза жараёнини ташкиллаштиришда ортиқча оворагарчиликларга барҳам бериш, ногиронликларни якка тартибда реабилитация қилиш Дастурини амалга ошириш услубиятини такомиллаштиришга йўналтирилган янги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

4. Фармонга биноан протез-ортопедия буюмлари ва техник реабилитация воситаларини ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш лойиҳасини рўёбга чиқариш, ушбу воситалар сифати, шунингдек, уларни ишлаб чиқаришга оид стандартларни тайёрлаб, амалиётга жорий қилиш белгиланган. Бундан ташқари, муҳтож фуқароларга бепул бериладиган протез-ортопедия маҳсулотлари ва реабилитация техник воситаларининг амалдаги рўйхатини кенгайтириш юзасидан аниқ кўрсатмалар берилган. Бугунги кунда кўзда тутилган меъёрий ҳужжатлар лойиҳалари тайёрланиб, алоқадор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда кўриб чиқилмоқда.

– Ногиронлиги бўлган шахс-ларни қўллаб-қувватлаш бўйича истиқболдаги режалар хусусида тўхталсангиз…

– Фармонда ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида қуйидаги вазифалар белгилаб олинди:

- уларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, ишга жойлаштиришни таъминлаш;

- қулай ва мақбул муҳит яратиш, тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техник базасини яхшилаш;

- кўзи ожиз шахслар саводхонлигини ошириш мақсадида вилоят, туман марказларида умумтаълим мактаблари негизида "Брайл" алифбосини ўқитиш бўйича махсус курслар ташкил этишга оид чора-тадбирларни амалга ошириш;

- овоз орқали бошқариш мақсадида компьютер операцион тизимлари учун махсус дастурлар яратиш, давлат органлари ва ташкилотларининг расмий сайтларида қўшимча имкониятлар яратиш;

- иш жойи ва бошқа муассасаларга қийинчиликларсиз етиб бориши учун шаҳар йўловчи транспортларини махсус ускуналар билан жиҳозлаш, шунингдек, светофор ва пиёдалар йўлакчаларини қўшимча товуш ёрдамида бошқариш ускуналари билан жиҳозлаш;

- 2018 йил 1 мартдан бошлаб ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштирилмаган шаҳар йўловчи транспорти воситаларини сотиб олишни тақиқлаш;

- миллий енгил автомобилларда махсус бошқарув имкониятларини кенгайтириш, уларни зарур ускуналар билан қайта жиҳозлаш;

- транспорт воситалари ҳайдовчилари – ногиронлиги бўлган шахсларни ўқитиш учун тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ишлари (курслари)ни ташкил этиш;

- 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб, олий таълим муассасаларига абитуриентлар қабулининг умумий сонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча равишда икки фоизли квоталар киритиш орқали ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олишларини таъминлаш, натижада уларнинг олий маълумотга эга бўлиб, рақобатбардош касб эгалари бўлишлари ва жамиятга мослашиш имкониятларини кенгайтиришига эришиш.

Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилишни кенг рағбатлантириш, тадбиркорлик билан шуғулланишга шароит яратиш мақсадида жорий йилдан бошлаб, якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланувчи I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни ходим сифатида ёллаган якка тартибдаги тадбиркорларга қатъий белгиланган солиқнинг имтиёзли ставкаси белгиланмоқда. Шу билан бирга, 2018 йилнинг 1 июнидан бошлаб ногиронлиги бўлган шахслар тўғрисида комплекс маълумотларни (ногиронлиги бўлган шахсларга оид шахсий маълумотлар, пул тўловларининг турлари ва миқдори, ажратилган техник реабилитация воситалари, протез-ортопедия буюмлари ва бошқалар) ўз ичига олган ногиронлиги бўлган шахсларнинг ягона электрон реестри жорий этилмоқда. Бу даволаш ва реабилитация ишларини самарали ташкил этишни таъминлайди.

Айтиш керакки, Президентимиз томонидан ҳар бир соҳа ривожига, қолаверса, инсон саломатлиги ва унинг манфаатларига қаратилаётган эътибор туфайли халқимизнинг турмуш фаровонлиги янада ошиб бораётганлигига гувоҳ бўлиб келмоқдамиз. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг ногиронлиги бор шахсларга кўрсатаётган ғамхўрликлари бундан мустасно эмас. Жумладан, республикамиз миқёсида истиқомат қилаётган ногиронлиги бор шахсларнинг уй-жой ҳамда иш билан таъминланиши, моддий ва маъанавий қўллаб-қувватланаётганлигини эътироф этиш мумкин. Бу инсонлар ўртасидаги меҳр-муҳаббат ўзаро узвий бўлиши лозимлиги ҳамда одамийлик фазилатининг юксак намунасидир. Ана шундай савобли ишлар давомийлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги назорати ҳамда тизимда олиб борилаётган фаолиятларга бевосита боғлиқдир. Суҳбатимиз довомида эса давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган фармон ижросида истиқболдаги режаларга қисқача тўхталиб ўтдик.

Мазкур меъёрий ҳужжатнинг ижросини таъминлаш мақсадида жойларда амалга оширилаётган фаолиятлар билан доимий мулоқотда бўлиб, газетамизнинг навбатдаги сонларида ҳам бу борадаги ишлар тўғрисида батафсил маълумотлар бериб боришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик.

Суҳбатдош: Ибодат СОАТОВА.

№ 5, 02.02.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.