Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Ислоҳот одимлари

СОҒЛОМ ОИЛА — МУСТАҲКАМ КЕЛАЖАК ПОЙДЕВОРИ

Биламизки, аҳоли саломатлиги, мамлакат равнақи, миллат келажагини ёш авлод тақдири белгилайди. Шу боис, мамлакатимизда соғлом оилани шакллантириш, аёллар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлодни тарбиялаш масаласига мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратиб келинмоқда.

Хусусан, 1998 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 140-сонли қарорига асосан ижроси 5 йилга мўлжалланган "Она ва бола скрининги" Давлат дастури қабул қилинди. Бунинг натижасида болаларда ирсий касалликлар орқали келиб чиқувчи ақлий заифликнинг олдини олиш ҳамда ҳомиланинг туғма ривожланиш нуқсони билан туғилиш хавфини аниқлаш мақсадида ҳомиладор аёлларни тиббий текширувдан ўтказиш йўлга қўйилди. 2002 йилда эса ҳомиладор аёллар ва чақалоқларда туғма ҳамда ирсий касалликларни барвақт аниқлашни янада ривожлантириш бўйича оналар ва болалар скрининги хизматини ҳудудларда ташкил қилишга оид ҳукумат қарори қабул қилинди. Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда ушбу масала соғлиқни сақлаш тизимининг устувор вазифасига айланди. 2017 йил 25 декабрида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2018-2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида"ги Қарори бу борадаги фикрларимизнинг ёрқин ифодасидир. Мазкур меъёрий ҳужжатнинг аҳамияти ва мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш ҳамда унда белгиланган вазифалар ижроси натижасида скрининг марказларида амалга ошириладиган фаолиятлар билан яқиндан танишиш мақсадида Республика Она ва бола скрининг маркази директори Мадина Каримовага мурожаат қилдик.

– Скрининг хизмати ва унинг доирасида амалга ошириладиган фаолиятлардан кўзланган мақсад нималардан иборат?

– Скрининг – бу яширин туғма ва ирсий касалликларни аниқлаш учун аҳолининг катта қисмини текширувдан ўтказишга қаратилган фаолиятдир. Марказимизнинг асосий вазифаси эса ҳомила ривожланишидаги нуқсон ёки ногиронликка олиб келувчи касалликлар билан туғилишининг олдини олиш ва ирсий касаллик билан туғилган болаларга махсус тиббий-генетик хизмат кўрсатишдан иборатдир. Айтиш муҳимки, бугунги кунда муассасамиз замонавий юқори технологияли барча зарурий тиббий жиҳозлар ҳамда малакали ходимларга эга бўлиб, қуйидаги йўналишлар бўйича иш олиб боради. Яъни, перинатал ташхислаш – ҳомиладорлик даврида ҳомиланинг ривожланиш нуқсонлари ва саломатлигини аниқлаш, янги туғилган чақалоқларни туғма гипотиреоз, шунингдек, фенилкетонурия касалликларига оммавий скрининг ўтказиш ҳамда ирсий ва туғма касаллик билан туғилганларга, шундай фарзандлари бор оилаларга тиббий-генетик маслаҳат бериш. Мазкур текширувдан кўзланган асосий мақсад, ҳомила соғлиғини аниқлаш, бошқача айтганда, болаларнинг туғма нуқсонли ва ногиронликка олиб келувчи касалликлар билан туғилишининг олдини олишдир.

– Ушбу тиббий хизматларда асосан нималарга эътибор қаратилади?

– Хусусан, туғма гипотиреоз ва фенилкетонурияга оммавий неонатал скрининг текширувлар мамлакатимизда туғилган барча чақалоқларда амалга оширилади. Текширувлар натижасида аниқланган бемор болалар эса диспансер назоратига олиниб, дори-дармонлар ва махсус шифобахш таомлар билан таъминланади. Худди шунингдек, уларга тиббий-генетик маслаҳат ҳам бериб борилади. Бу тиббий хизмат тури генетик, невропатолог, эндокринолог ҳамда гинеколог мутахассисларимиз томонидан амалга оширилади. Бундан ташқари, ана шундай асосий вазифаларнинг яна бири тиббий-генетик маслаҳат бўлиб, у туғма ривожланиш нуқсони ва ирсий касалликлар сабабини аниқлаш, шу билан бирга, оилада ирсий касаллик аниқланган бемор бўлганда ота-оналарни тиббий-генетик кўрикдан ўтказишга қаратилгандир. Скрининг марказлари фаолиятида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва соғлом оилаларни шакллантириш масаласи ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ушбу маърифий тарғибот ишлари туғма ва ирсий касалликлар билан туғилиш, қариндошлар ўртасида тузилаётган никоҳларнинг олдини олиш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, фертиль ёшидаги аёллар репродуктив саломатлигини яхшилаш каби долзарб вазифаларни ўз ичига қамраб олади.

– Яқинда давлатимиз томонидан бу борада яна бир муҳим ҳужжат қабул қилинди. Ундан кўзланган мақсад ва унинг ижросини таъминлаш бўйича қандай фаолиятлар амалга оширилади?

– Дарҳақиқат, 2017 йилнинг 25 декабрида Президентимиз томонидан соҳа тараққиётида ниҳоятда муҳим ҳужжат, яъни "2018-2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида"ги Қарор қабул қилинди. Унда белгиланган вазифалар ижроси доирасида жорий йилда 4 та – Бухоро, Самарқанд, Фарғона ва Нукус вилоят скрининг марказларида минтақалараро цитогенетик лабораториялар ташкил қилиниб, улар юқори технологик рақамли микроскоп ва бошқа зарурий лаборатория ускуналари билан жиҳозланади. Бунинг натижасида ҳудудларда ҳам ташхис қўйиш тубдан такомиллашади. Вилоятларда яшовчи хромосома синдромларига чалинган болаларга тасдиқловчи ташхис қўйиш ва хромосома синдромига чалинган болаларни аниқлаш имкониятлари янада яхшиланади. Ҳозирга қадар хромосома синдромларини тасдиқловчи ташхислашга қаратилган цитогенетик текширувлар фақатгина Республика "Она ва бола скрининг" марказида ўтказилар эди. Шуларни инобатга олган ҳолда айтиш мумкинки, аҳоли саломатлигини сақлаш, келажак авлод эгаларини соғлом ва баркамол этиб вояга етказишда мазкур меъёрий ҳужжат устувор аҳамиятга эга. Сабаби, тиббий-генетик хизматни такомиллаштирмасдан, ҳомилада ривожланиш нуқсонларини аниқлаш учун туғруққа қадар диагностикани ва чақалоқларда ирсий касалликларга скрининг текширувларини ўтказмасдан туриб, болалар ўлими ҳамда болаликдан ногиронлик кўрсаткичларини камайтиришга эришиб бўлмайди.

– Бу борада ҳамкорликда олиб бориладиган фаолиятлар хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз...

– Албатта, бугун мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳамкорлик алоқаларисиз тасаввур қилиш қийин. Қолаверса, ўзаро тажриба, фикр алмашмасак, мақсадга эришиш имкониятларимиз чекланиб қолади. Негаки, бу борада жаҳон тиббиётида қандай жараёнлар содир бўлмоқда, янгиликлар, янгича ёндашувлар нималардан иборат, улардан хабардор бўлиб бориш давр талабидир. Шу мақсадда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика ва вилоят Она ва бола скрининг марказлари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, "Соғлом авлод учун" халқаро нодавлат хайрия жамғармаси билан биргаликда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва оилаларда соғлом муҳитни шакллантириш, болаларнинг туғма ҳамда ирсий касалликлар билан туғилишини, шунингдек, аҳолининг тиббий маданиятни ошириш, фертиль ёшидаги аёллар репродуктив саломатлигини яхшилаш мақсадида маънавий-маърифий, амалий тарғибот ишлари олиб борилади. Хусусан, олий ва ўрта таълим муассасалари, қишлоқ оилавий поликлиникалари ва ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларида аҳоли билан учрашиб буклетлар тарқатилиб, видеороликлар намойиш қилинади. Давра суҳбатлари ташкил этилади. Уларда "Она ва бола скрининги" Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг мазмун-моҳияти, шунингдек, туғма гипотиреоз ва фенилкетонурия, тиббий-генетик ва бўлажак ота-оналарга маслаҳат, қариндошлар ўртасидаги никоҳ ҳамда эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатлари билан боғлиқ мавзуларда маълумотлар бериб борилади.

– Келажакда амалга оширилиши лозим бўлган фаолиятлар тиббиётимиз равнақига қай даражада ҳисса қўшади?

– Дастурда белгиланган вазифалар ижросини бажариш натижасида болаларда туғма ва ирсий касалликларни аниқлаш, даволаш ишларининг самарадорлигини ошириш ҳамда ҳомиладорларда янги замонавий лаборатор ва функционал текширувни ўтказишда тиббиёт ютуқларидан кенг фойдаланилади. Бунинг баробарида ирсий ва туғма касалликлар диагностикаси имкониятлари кенгаяди. Қолаверса, тиббий генетик соҳа мутахассислари малакаси оширилиб, аҳолининг ҳам тиббий саводхонлиги яхшиланади. Бундан ташқари, халқаро тажрибаларни кузатиш натижасида амин бўлдикки, популяцион генетик скрининг хизмати ташкил килинган мамлакатларда аҳоли ўртасида туғма ва ирсий касалликларнинг сезиларли даражада камайишига эришилган.

Ҳа, қарорда келтирилган масалалар чиндан ҳам давр талабига айланган вазифалар ҳисобланади. Боиси, бунинг натижасида мамлакатимизда оналар ва болалар саломатлигини таъминлашга қаратилган тиббий хизматлар кўлами ҳамда сифат даражаси янада яхшиланади. Шунингдек, мамлакатимизда соғлом оилани шакллантириш, аёллар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ҳасан АБДУҒАНИЕВ суҳбатлашди.

Суратлар муаллифи Акром АБДУЛЛАЕВ.

№ 5, 02.02.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.