Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Ислоҳот одимлари

ҲАМКОРЛИКДАН МАҚСАД: АҲОЛИ РОЗИЛИГИГА ЭРИШИШ

"Биз энди тиббиёт муассасаси, жумладан, патронаж хизматининг фаолиятига соҳа амалдорлари эмас, балки оддий одамлар, аҳолининг бевосита ўзи холис баҳо берадиган тизим яратишимиз керак"

Шавкат МИРЗИЁЕВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти.

Маълумки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида тиббиёт соҳасида қатор ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан, ўтган вақт мобайнида Юртбошимиз раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишларида соғлиқни сақлаш тизими фаолиятини тубдан такомиллаштириш, аҳолида ҳақли эътироз уйғотаётган долзарб муаммолар ва камчиликларни бартараф этиш, патронаж хизматини жадал йўлга қўйиш, уларнинг ҳар бир хонадонга кириб, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиши бўйича аниқ кўрсатмалар берилган эди.

Бу борада амалга оширилаётган дастурлар ижроси атрофлича кўриб чиқилиб, тизимнинг барча йўналиши фаолиятини янада яхшилашга қаратилган қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 29 мартдаги "Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 2857-сонли ва 2017 йил 6 июндаги "Тошкент шаҳри аҳолисига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда унинг самарадорлиги учун раҳбарлар ва мутахассисларнинг касбий масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 3039-сонли Қарорлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 13 сентябрда "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида тиббий хизматлар сифатини яхшилашга, ўтказилаётган профилактика тадбирларининг самарадорлиги учун масъулиятни оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 718-сонли Қарорининг қабул қилинганлиги соҳада, айниқса, бирламчи тизимда йиғилиб қолган муаммоларни бартараф этиш, аҳолига тез ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, уларни тўлиқ патронаж тизими билан қамраб олишда дастуриламал бўлмоқда. Ана шу меъёрий ҳужжатларнинг ижроси юзасидан 793 та қишлоқ врачлик пункти негизида қишлоқ оилавий поликлиникалари, 441 тез тиббий ёрдам шохобчалари ташкил этилиб, фаолияти тугатилаётган 658 қишлоқ врачлик пункти биноси тиббиёт ходимларига хизмат уйи сифатида фойдаланиш учун берилганини қайд этиш лозим.

Айни пайтда соҳада эришилаётган муваффақиятлар қаторида ечимини кутаётган камчиликлар ҳам кўзга ташланмоқда. Хусусан, жойларда тиббий патронаж ишлари талаб даражасида эмас. Бу борада тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб бориш ўзининг ижобий самарасини беради. Шу ҳақда жорий йилнинг 31 январь куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида ўтказилган видеоселекторда маълум қилинди. Йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев, вазир ўринбосари Эльмира Баситханова, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги масъул шахслари, Мактабгача таълим муассасалари вазири ўринбосари Гулчеҳра Йўлдошева ҳамда студиялардан "Маҳалла" хайрия жамоат фонди раиси Шавкат Жавлонов, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ходимлари иштирок этишди. Йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев кириш сўзи билан очиб, давлатимиз раҳбарининг соғлиқни сақлаш тизимига билдирган эътирозларидан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, тиббиётда учраётган камчилик ва муаммоларга ечим топишда қатор ишлар амалга оширилаётганини билдирди. Жумладан, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида патронаж тизимини кенг татбиқ этиш жараёнлари изчиллик билан давом этаётгани, бу билан аҳолининг тиббий-ижтимоий ҳолатини ўрганиш, уларга тиббий хизмат кўрсатиш сифати даражасини янада оширишга эришилаётганини маълум қилди. Бунинг баробарида, аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлаш, бирламчи тизимни янада яхшилаш, шошилинч тиббий ёрдамни такомиллаштириш, оналик ва болаликни муҳофоза қилиш каби эзгу мақсадлар жадал олиб борилаётганини айтиб ўтди. Шу билан бирга, бирламчи тизимни такомиллаштиришга оид қарор ижроси доирасида қишлоқ оилавий поликлиникаларида 5 турдаги ва Тошкент шаҳар оилавий поликлиникаларида 10 турдаги тор соҳа мутахассислари фаолият олиб бораётгани, кадрлар таъминотини яхшилаш мақсадида жорий йилда 3 минг нафардан зиёд бакалавриат битирувчисининг қарийб 80 фоизи бирламчи тизимга жалб қилинганини алоҳида қайд этди. Маърузачи, шунга қарамай, ҳали қилинадиган ишлар кўплиги, бирламчи бўғинда камчиликлар учраётганини билдириб, бу борада қатор вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб бориш натижасида ижобий самарага эришиш мумкинлигини таъкидлади. Шунингдек, у ҳамкор ваколатли органлар ўртасида қўшма баёнот қарори қабул қилинганини маълум қилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Эльмира Баситханова сўзга чиқиб, оилаларда тиббий патронаж тизимини такомиллаштириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ҳамда соғлом турмуш тарзини шакллантириш мавзусида маъруза қилди. У Юртбошимиз томонидан билдирилган танқидий мулоҳазалар ва қўйилган вазифалар ижросини тўлиқ амалга ошириш ҳамда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, уларни тўлиқ патронаж тизими билан қамраш, касалликларнинг олдини олиш, оналар ва болалар соғлиғини мустаҳкамлаш, сурункали касалликлар билан оғриган беморларни диспансеризациядан ўтказиш, тиббий маданиятини ошириш, энг аввало, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш зарурлиги борасида гапириб ўтди. Шунингдек, ҳамкор ташкилотлар билан тузилган "Саломатлик мактаби"нинг аъзолари, вазифалари, информацион иш варағи, натижалари борасида батафсил маълумот берди. Бунинг баробарида, ҳар ҳафта шанба куни соат 15:00 да умумий амалиёт шифокори ва икки нафар патронаж ҳамшираси, маҳалла маслаҳатчиси, 6 нафар фаол, умумтаълим мактаби, академик лицей, касб-ҳунар коллежи, мактабгача таълим муассасаси маъмурияти вакили билан бажарилган ишлар муҳокамаси ҳамда кейинги ҳафта режаси бўйича ҳудуддаги мактаб биносида таҳлилий соат ўтказилишини, 6 нафар фаол ўз ҳудудига бириктирилиб, ҳар бири шу жойини батафсил ўрганиши, саломатлиги борасида эътиборга лойиқ оилаларни ажратиб олиши, ҳар куни патронаж ҳамширага ўз ҳудудидаги оилалардаги тиббий вазият борасида ахборот беришини маълум қилди. Шу билан бирга, тадбирлар қизиқарли, интерактив усулларни қўллаган ҳолда оддий ва тушунарли тарзда, 1 соат мобайнида ўтказилишини, иштирокчилар сони 30 нафардан ошмаслиги мақсадга мувофиқлигини баён этди. Маърузачи, ҳамкорликда "Саломатлик мактаби"ни ташкил этиб, оиладаги тиббий маданиятни шакллантиришга эришиш мумкинлигини таъкидлади.

— Маълумки, бугунги кунда мамлакатимиздаги таълим муассасаларида 6 миллионга яқин ўғил-қиз таҳсил олмоқда, уларнинг пухта билим олиши учун барча шарт-шароитлар яратиб бериляпти. Умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг нафақат илм олиши, балки жисмонан чиниқишига мўлжалланган 7 мингдан зиёд спорт зали барпо этилган. Бу эса ўқувчилар ҳамда шу ҳудудда яшовчи аҳолининг спорт билан шуғулланишига яна бир имконият, десак муболаға бўлмайди. Афсуски, улардан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Бунинг учун соғлом турмуш тарзининг самарали механизмларини жорий қилиш зарур. Айтиб ўтиш жоиз, таълим муассасалари раҳбарияти томонидан ота-оналар билан бирга фарзанд тарбиясидаги масъулият, ўқувчиларнинг бўш вақтларини тўғри ташкил этиш, уй вазифаларини бажаришда назоратни кучайтириш, ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш масалаларига бағишлаб тақдимотлар мунтазам ўтказиб келинади. Мактабларда таҳсил ва инклюзив таълим олаётганларга соғлом турмуш тарзи, саломатликнинг оддий қоидасини ҳам тушунтирилади. Бу борада UNICEF ташкилоти билан ҳамкорликда чоп этилган қўлланма фарзандларимизга бепул тарқатилади. Ўйлайманки, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган "Саломатлик мактаби" ўзининг ижобий натижасини беради. Зеро, фарзандларимизнинг ҳар томонлама соғлом ва жисмонан етук бўлиб вояга етказишда ҳамкорликда иш олиб бормоғимиз зарур, — дейди Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов.

Видеоселектор йиғилишида "Маҳалла" хайрия жамоат фондининг раиси Шавкат Жавлонов Фарғона вилояти студиясидан онлайн мулоқот қилиб, бугунги кунда мамлакатимиз тиббиёти юқори поғонага кўтарилаётгани, бу албатта, халққа хизмат қилаётгани борасида тўхталиб ўтди. Жойларда олиб борилаётган патронаж тизими юзасидан фикр билдириб, баъзи ҳудудларда бу борада камчиликлар учраётганини санаб ўтди. Хусусан, Андижон вилояти аҳли тўлиқ патронаж тизими билан қамраб олинган бўлса, Фарғона вилояти, айниқса, Риштон туманида бу борадаги фаолиятлар сезиларли даражада йўлга қўйилмаганлигига эътироз билдирди. Шу билан бирга, ҳудудларда учраётган ана шундай муаммо ва камчиликларни бартараф этишда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб бориш зарурлигини қайд этиб, "Саломатлик мактаби" жуда қўл келишини эътироф этди. Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганларидек, ҳар қандай ислоҳот инсон манфаати, халқни рози қилишга қаратилганлигини билдирди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Даволаш-профилактика ёрдамини ташкиллаштириш Бош бошқармаси бош мутахассиси Барно Одилова ҳам Фарғона вилоятидан онланй мулоқот қилиб, оилавий поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктлари, қишлоқ оилавий поликлиникаларида ўтказилган ўрганиш-мониторинг натижалари бўйича маълумот берди. Маърузачи, бирламчи тизим фаолиятига доир чиқарилаётган ҳар бир меъёрий ҳужжатлар асосан, аҳолини кенг қамраб олиш ҳамда патронаж тизимини такомиллаштиришдан иборат эканини таъкидлаб, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2017 йил 18 мартдаги "Аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолини патронаж хизмати ва профилактик кўриклар билан қамраб олиш юзасидан амалга оширилган ишларни янада такомиллаштириш тўғрисида"ги112-сонли, 2017 йилнинг 18 сентябрдаги "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида профилактик чора-тадбирларнинг самарадорлиги учун масъуллигини ошириш чоралари тўғрисида"ги 535-сонли буйруғи ижроси деярли бажарилмаганини маълум қилди. Шу билан бирга, оилавий поликлиника, қишлоқ врачлик пункти, қишлоқ оилавий поликлиникалари томонидан Туман марказий кўптармоқли поликлиникасига юбориладиган йўлланмалар берилмаётгани, мазкур муассасада аҳолининг навбатда туришини кўпайтириб, уларнинг эътирозига сабаб бўлаётганини билдирди. Шунингдек, ушбу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш юзасидан ўқув семинарлар ташкил қилиш кераклигини айтиб ўтди.

Дарҳақиқат, инсон саломатлигини муҳофаза қилишда тиббиёт ходимларидан масъулият, касбига садоқат, соҳадаги мавжуд камчиликларни бартараф этишда эса тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб бориш талаб этилади. Бу ўз навбатида ижобий натижа бериши, хусусан, ҳар бир оилада соғлом турмуш тарзи яратилишига салмоқли ҳисса қўшишига ишончимиз комил.

Жонибек МАЪРУПОВ.

Акром АБДУЛЛАЕВ олган суратлар.

№ 5, 02.02.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.