Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Ислоҳот одимлари

КОХЛЕАР ИМПЛАНТАЦИЯ ОПЕРАЦИЯСИ иқтисодий ривожланган давлатларда амалга оширилади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Ер юзи аҳолисининг 5,3 фоизи эшитиш қобилиятининг пастлигидан азият чекади. Дунё бўйича ҳар минг нафар янги туғилган чақалоқдан бири эшитиши заиф бўлиб ёки мутлақ карлик билан туғилади. Бу кўрсаткич бир ёшга борганда 2-3 баравар ортади. Афсуски, уларда иккиламчи нутқ ҳам шаклланмай қолиб, жамиятда ўзини ижтимоий чегараланган ҳис қилади. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, бу кундан-кунга глобал муаммога айланиб бормоқда. Шу боис, болаларда туғма ва орттирилган эшитиш заифлиги хасталигини самарали даволаш, карликни бартараф этиш мақсадида юқори технологик жарроҳлик операциялари амалиётга татбиқ этилди. Кохлеар имплантация ҳам шулар жумласидандир.

Айтиш жоизки, мамлакатимизда инсон саломатлиги, айниқса, оналар ва болалар соғлиғини муҳофаза қилиш борасида эзгу фаолиятлар йўлга қўйилган. Хусусан, Ўзбекистонда 2014 йилда биринчи маротаба кохлеар имплантация операцияси Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида ҳам муваффақиятли амалга оширилди. Бугунги кунгача муассасада маҳаллий мутахассислар томонидан 360 нафардан ортиқ болада бюджет маблағлари ҳисобидан кохлеар имплантация, 70 нафардан зиёд беморда имтиёзли, ҳомийлар ва ота-оналар ҳисобидан операция амалга оширилди. Мониторинг натижалари эса имплантация қилинган болаларнинг 90 фоизида ижобий эканини билдирмоқда. Яъни, уларнинг эшитиш қобилияти тикланиб, гапира бошлади.

Эътироф этиш керакки, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази фаолияти жаҳон андозаларига монанд бўлиб, бугунги замон талабларига жавоб бера оладиган тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Айниқса, 40 ўринга мўлжалланган махсус "Туғма ва орттирилган ЛОР аъзолари касалликлари" бўлимида юқори технологик кохлеар имплантация операцияларини ўтказиш учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Муассаса ходимлари томонидан амалиётда доимий изланишлар олиб борилиб, хорижий мутахассислар билан ўзаро тажриба алмашилмоқда. Бунинг баробарида, бир қатор муваффақиятларга ҳам эришилмоқда.

Хусусан, 2017 йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг "Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги Давлат мукофотларини бериш тўғрисида"ги Фармони асосида Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази профессорлари – Ф. Иноятова, Д. Аҳмедова, Ш. Амоновлар айни шу масала, яъни "Оғир эшитиш заифлиги ва карлиги бўлган болаларнинг реабилитацияси (Ўзбек модели)" амалий тадқиқоти учун Биринчи даражали Давлат мукофоти билан тақдирланди.

Марказда доимий тарзда хорижий мутахассислар билан тажриба алмашиб келинади. Жорий йилнинг 13 январь куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридан келган профессор, тиббиёт фанлари доктори Владислав Кузавков билан ҳамкорликда 7 нафар болада кохлеар имплантация операцияси, бу борада маҳорат дарслари ҳамда 30 нафардан ортиқ беморда чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказилди. Таъкидлаш керакки, Владислав Кузавков нафақат Россия, балки бутун дунёда етакчи отохирурглардан ҳисобланиб, беш минг нафардан ортиқ эшитишида муаммоси бор болада кохлеар имплантация операцияларини бажарган.

РАҚАМ ВА ШАРҲ

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, Ер юзи аҳолисининг 5,3 фоизи эшитиш қобилиятининг пастлигидан азият чекади. Дунё бўйича ҳар минг нафар янги туғилган чақалоқдан бири эшитиши заифлиги ёки мутлақ карлик билан туғилади. Бу кўрсаткич бир ёшга борганда 2-3 баравар ортади. Афсуски, уларда иккиламчи нутқ ҳам шаклланмай қолиб, жамиятда ўзларини ижтимоий чегараланган ҳис қилишади.

Шавкат АМОНОВ,

Туғма ва орттирилган ЛОР хасталиклари бўлими илмий раҳбари, профессор:

– Кохлеар имплантация – юқори технологик операция бўлиб, иқтисодий ривожланган давлатларда амалга оширилади.

XX асрнинг 80-йилларида АҚШда карларга ёрдам бериш мақсадида ушбу жарроҳлик амалиёти яратилди. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, уни тиббиётимизга татбиқ қилиш борасида ишлар йўлга қўйилди. Лекин бунинг учун кар болаларни аниқлаш мақсадида тиббий асбоб-ускуналар, махсус бўлим, етук мутахассислар керак эди. Ана шуларнинг бари йиллар давомида тайёрланиб, 2014 йилда биринчи марта давлат ҳисобидан кохлеар имплантация операцияси ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2014 йил 9 декабрдаги "Тиббиёт муассасаларида кохлеар имплантация операцияларини ўтказиш учун беморларни танлаб олиш тартиби тўғрисида"ги Низомни тасдиқлаш ҳақида"ги 20-сонли буйруғи (ушбу буйруқ 2015 йил 8 январда Адлия вазирлигида 2648-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган) асосида беморлар операцияга танлаб олиниб, амалиёт бажарилгандан кейинги реабилитация жараёнлари олиб борилади. Аввало, бунда уч босқичга, биринчидан, беморни тўғри танлаб олиш, яъни ҳеч қачон хафа қилмаслик, иккинчидан, операцияни аниқ ва сифатли амалга ошириш, имплант ўрнатиш, учинчидан реабилитацияга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Жуда кўп шифокор, ота-оналарда: "Болани операция қилди, эшитяпти, демак гапиради ҳам, энди барчаси ортда қолди" деган тасаввур пайдо бўлади. Ҳақиқатан бола операциядан сўнг эшита бошлайди, бироқ гапирмайди. Бунинг учун реабилитация муҳим аҳамият касб этади. Чақалоқ дунёга келгандан сўнг уч ёшида мукаммал гапира олади. Шу боис, мажозий маънода кар болага имплант қўйилган сана унинг янгидан туғилган куни, деб аталади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, реабилитация бу операциянинг натижасини баҳолайди. Ҳозирги кунда мамлакатимизда 400 нафарга яқин болада ушбу юқори технологик кохлеар имплантация бажарилиб, республикамизда ўзбекона ёндашувли реабилитация дастури тузилди. Унга кўра, операция ўтказилгунга қадар ёки ундан кейин ота-она, сурдопедагоглар билан мукаммал иш олиб борилади. Бир сўз билан айтганда, ушбу жараёнда босқичма-босқич вазифалар амалга оширилади. Аксарият давлатларда кохлеар имплантация қилингандан сўнг реабилитацияга эътибор берилмай, назоратдан четда қолади. Бизда эса аксинча. Дейлик, биргина Хоразм вилоятида операция қилинган болада маҳаллий сурдопедагог, болалар бош отоларингологи бириктирилади. Ва ҳар уч ойда мониторингдан ўтказилади. Айтмоқчиманки, имплантация қилинган ўғил-қизларда операциядан кейинги реабилитация тадбирлари тўғри йўлга қўйилмас экан, уларда эшитиш ва нутқ ривожланиши, ҳаётга мослашув жараёни суст кечади. Шу боис, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги сурдопедагоглар кохлеар имплантациянинг реабилитация босқичларини ўзлаштириш бўйича таҳсил олиб, марказ билан ҳамкорликда фаолият юритмоқда. Мана, ҳозир 7 нафар болада навбатдаги операцияни ўтказдик. Уларнинг ҳаммаси сурдопедагоглар билан мунтазам шуғулланган бўлиб, ҳар бир операция жараёни ўртача 1-1,5 соат давом этди. Лекин реабилитация даври эса 3-5 йилни ташкил қилади. Шунинг учун ота-оналарга бу борада атрофлича тушунтириш ишларини олиб борамиз. Ҳозирги кунда болаларнинг реабилитация кўрсаткичи 95 фоиз атрофида бўляпти. Дунёда бу рақамлар 70 фоиздан ошмайди. Яъни, операция қилинганларнинг учтадан биттасида реабилитация бўлмагани учун унга сарфланган харажат беҳуда, деб ҳисобланади. Биз бугун юқори натижага эришяпмиз, сабаби, ўзбекона ёндашув, ишлаб чиқилган дастур, ишнинг тўғри ташкил қилингани фаолиятимизга дастуриламал бўлмоқда. Қўшимча қилиш мумкинки, Россия, Украина, Франция, Польша, Литва, Словакия, Австрия, Италия, туркиялик профессорлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Қувонч билан айтишим керакки, бугунги кунда уч нафар мутахассисимиз мазкур операцияни тўлиқ бажара олади. Маҳаллий ёш шифокорларимиз хорижий мамлакатларнинг етакчи клиникаларида таҳсил олиб қайтишган. Бу каби эзгу фаолиятларнинг замирида, аввало, инсон манфаатлари, аҳоли саломатлиги, айниқса, болаларнинг ҳар томонлама соғлом бўлиши ётибди.

Дарҳақиқат, кохлеар имплантация операцияси бугунги кунда мураккаб, юқори технологияли жарроҳлик амалиёти, деб бежиз айтилмайди. Уни бажариш учун шифокор етук мутахассис бўлиши, ўз ишига масъулият билан ёндашиши талаб этилади. Шу боис, Республика педиатрия ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказида шифокорларга маҳорат дарсларини ўтказиб, ўзаро тажриба алмашилмоқда.

Владислав КУЗАВКОВ,

россиялик профессор, тиббиёт фанлари доктори:

– Кохлеар имплантация – юқори технологияли операция бўлиб, ички томонлама эшитиш қобилияти III ва IV даража бўлган беморларда амалга оширилади. Кохлеар имплант эса – сунъий қулоқ, яъни бемор ички қулоғи, чиғаноққа ўрнатиладиган актив электрод ҳисобланади. Мазкур мураккаб жараён ўтказилгандан сўнг унинг реабилитациясига ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидламоқчиман. Бу Ўзбекистонда тўғри йўлга қўйилганлигини эътироф этиш жоиз. Кохлеар имплантация Республика педиатрия ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказида 2014 йилда биринчи марта амалга оширилган бўлсада, биз маҳаллий мутахассисларингиз билан 2010 йилдан буён тажриба алмашиб, ўқув машғулотлари, семинарлар ўтказиб келамиз. Аввало, эшитиш ҳар бир инсон, айниқса, ёш, мурғак қалбга жуда зарур, деб ҳисоблайман. Улар тенгқурлари орасида ўзини ўксик билиб, мулоқотга киришиши қийин кечади. Давлатингиз томонидан бу борада кўплаб ишлар олиб борилаётгани, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга алоҳида этибор қаратилиб келинаётганининг гувоҳи бўляпмиз. Ҳозир ҳам 7 нафар болада мазкур операция муваффақиятли бажарилди, келажакда улар тўғри реабилитация қилинса, бемалол эшита олиб, гапиришига ишончим комил.

Ҳа, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган бундай эзгу мақсадлар мамлакатимизда давлат сиёсатининг устувор вазифасига айланганидан даракдир. Кохлеар имплантация каби ноёб ҳамда мураккаб операция жараёнлари муваффақиятли амалга оширилаётганлиги туфайли қанчадан-қанча оилаларга қувонч бахш этилмоқда. Энг муҳими, мурғак қалблар борлиқни, дунёни эшитиш бахтига муяссар бўлмоқда.

Жонибек МАЪРУПОВ.

Акром АБДУЛЛАЕВ олган суратлар.

№ 3, 19.01.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.