Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Ислоҳот одимлари

ОНАЛАРИ СОҒЛОМ ЮРТДА БАРКАМОЛ АВЛОД УЛҒАЯДИ

Соғлом она – соғлом бола. Бу шунчаки шиор эмас, жамиятнинг азалий орзуси ва давлатимиз сиёсатининг устувор мақсадидир. Бунга эришиш учун эса юртимизда барча имкониятлар ишга солинмоқда. Хусусан, тизимли фаолиятлар, соғлиқни сақлаш соҳасидаги изчил ислоҳотлар айни шу эзгу мақсадлар рўёбига қаратилган. Аҳоли саломатлигини асраш, оналар ва болаларга сифатли тиббий хизмат кўрсатилишини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, яъни жойларда кенг кўламда ўтказилаётган "Соғлом аёл ойлиги" бу борадаги фикрларимизнинг тасдиғидир.

Айни шу тадбир моҳияти ва унинг аҳамияти хусусида соҳа мутахассислари ҳамда аҳолининг фикри билан яқиндан танишиш мақсадида жорий йилнинг 28 сентябрь куни пойтахтимиздаги 46-сонли Оилавий поликлиникага ташриф буюрдик. Кимдир рўйхатдан ўтиш хонаси олдида, яна кимдир навбатдаги шифокор қабулига шошилмоқда. Дастлаб, шу зайлда мутахассислар ва аҳоли ўртасидаги муносабатларни кузатдик. Гувоҳи бўлдикки, муассасада Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг жорий йилнинг 10 сентябридаги 549-сонли буйруғи асосида ташкил этилган "Соғлом аёл ойлиги"нинг ҳар бир жиҳатига жиддий ёндашилмоқда. Бошқача айтганда, мазкур тиббиёт муассасасида Президентимизнинг 2016 йил 1 ноябрдаги "2016-2020 йилларда Ўзбекистонда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш, амбулатор-поликлиниика шароитида аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитария хизмати сифатини ошириш, туғиш ёшидаги аёллар саломатлигини яхшилаш, шунингдек, оналар ва болалар ўлими билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш масалалари асосий устувор вазифа этиб белгилаб олинган.

Эътиборлиси, тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ишчи гуруҳи тасарруфидаги Қўшма қарор ижросини таъминлаш мақсадида жойларда фаолияти йўлга қўйилган "Саломатлик мактаби" аъзолари ҳам фаол иштирок этмоқда. Шу куни улар томонидан ҳудуддаги 254-сонли умумтаълим мактабида ҳам соғлом турмуш тарзи қоидаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.

Манзура ЗАЙНУТДИНОВА,

Шайхонтоҳур туман

тиббиёт бирлашмаси

бош гинекологи:

– Мамлакатимизда оналар ва болалар саломатлиги муҳофазасига қаратилаётган эътибор бежиз эмас, албатта. Сабаби, аёллари соғлом, фарзандлари баркамол жамиятнинг келажаги ҳам мустаҳкам бўлади. Бугунги кунда соғлиқни сақлаш тизими, хусусан, тиббиётнинг бирламчи бўғини мисолида олиб борилаётган фаолиятлар айни шу мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Айтиш керакки, аёллар саломатлигини таъминлаш бу – мунтазам назорат ва бир қатор чора-тадбирларни қамраб оладиган долзарб масала. Жумладан, туғиш ёшидаги аёллар саломатлиги доимий назоратда туриши лозим. Тўғри, бунинг учун, аввало, ҳар бир бўлажак онанинг ўзида масъулият кучли бўлиши керак. Шу маънода давлатимиз томонидан бу борада қаратилаётган эътиборни келажак авлод тақдирига бўлган ғамхўрликнинг ёрқин ифодаси дейиш мумкин. Республикамиз бўйича барча ҳудудларда ташкил қилинаётган "Соғлом аёл ойлиги" тадбирлари доирасидаги тиббий кўриклар ва уларнинг таҳлилий натижалари ушбу қатламнинг саломатлик кўрсаткичини аниқлаш, энг муҳими, соғлом авлод шаклланишини таъминлаш имконини беради. Яъни, бу жараёнда аёллар саломатлигининг ҳозирги ҳолати мониторинг қилиниб, зарурий маслаҳат берилади ва талаб этилганларга тиббий хизматлар кўрсатилади. Аминманки, мутахассисларнинг ойлик давомидаги соғлом турмуш тарзига оид тарғибот-ташвиқот ишлари аҳоли ўртасида тиббий маданият тушунчасини мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.

Гулнора САДРИТДИНОВА,

46-сонли Оилавий

поликлиника бош

шифокори:

– Бугунги кунда нафақат аёллар, балки аҳолининг саломатлик даражасини ўрганиш, касалликларни эрта аниқлаш, уларни даволаш ишларига тўғри йўналтириш чораларини амалга оширишда амбулатор-поликлиникалар хизмати муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, сўнгги йиллар мобайнида тармоқ фаолиятини такомиллаштириш, бирламчи тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш борасидаги ислоҳотлар натижасида аҳолининг тиббиётга бўлган ишончи ортмоқда. Бундан ташқари, соҳага оид қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ишчи гуруҳи тасарруфидаги Қўшма қарор асосида жойларда "Саломатлик мактаблари" фаолияти йўлга қўйилди. Улар доирасида ўтказилган тиббий кўриклар, қолаверса, мазкур йўналишдаги саломатлик ойликларининг замирида ҳам халқимиз саломатлигини асрашдек эзгу мақсадлар мужассам. Бир ой муддат мобайнида давом эттириладиган тиббий кўрикларда муассасамиз рўйхатига олинган 680 нафар аёл текширувдан ўтказилиши режалаштирилган. Бунинг учун поликлиникамизда барча шарт-шароитлар етарли, мутахассисларимиз қабулида ҳам кутиб қолиш ҳолатлари кузатилаётгани йўқ. Ҳозирга қадар белгиланган иш режаси 67 фоизга бажарилди, яъни 460 нафар аёл саломатлик кўригидан ўтказилди, фаолиятлар жорий йилнинг 17 октябрига қадар давом эттирилади.

– Тиббий кўрикка келаётган аёллар билан суҳбат жараёнида уларнинг давлатимиз томонидан яратилаётган бундай имкониятлардан мамнун бўлаётганлигига амин бўлмоқдамиз, – дейди умумий амалиёт шифокори Гўзал Ҳалилова. – Улар орасида ёш оила аъзолари, ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёллар бор. Очиғи, аҳолининг тиббиётга бўлган ишончи кечагидан фарқ қилади. Ҳатто, улар орасида одатий профилактика учун мурожаат қилаётганлар ҳам кўп. Бу эса аҳолининг саломатлигига бўлган масъулияти, эътибори ортиб бораётганлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан илгари сурилаётган тарғибот ишлари бесамар кетмаётганлигидан далолатдир. Бир кунда 10-15 тага яқин қабул ўтказяпман, ҳар бир мурожаат эгасининг саломатлик кўрсаткичлари ҳақидаги маълумотлар тиббий варақасига қайд этиш баробарида, бу ҳақда ўзларига ҳам батафсил маълумот беряпман. Соғлиғида бирор бир ўзгариш аниқланганлар эса умумий ёки хос мутахассиснинг тиббий тавсияси асосида керакли тиббиёт муассасаларига йўналтирилмоқда.

Шундан сўнг, аҳоли вакиллари ҳамда маҳалла фаолларининг тадбир моҳияти, унинг аҳамияти борасидаги фикрлари билан қизиқдик. Улар ушбу фаолиятлардан розими?

– Аҳолининг саломатлигини таъминлаш бўйича тиббиёт тизимида амалга оширилаётган ишларга маҳалла фаолларининг бириктирилгани мақсадга мувофиқ бўлди, – дейди "Чарх Новза" маҳалла фаоли Саноат Комилова. – Сабаби, улар аҳолига бир қадар яқин. Маҳаллада кўз-кўзга таниш, қўшничилик, ҳар ҳолда хабардорлик яхши бўлади. Кимгадир тиббий ёрдам керак бўлса, поликлиниканинг шифокор ва ҳамшираларига етказамиз. Мен ҳам шу ҳамкорликдаги фаолиятга озгина бўлса ҳам ҳиссам қўшилаётганлигидан мамнунман, албатта. Муассаса тасарруфидаги кундузги шифохона хизмати эса аҳоли учун яна бир қулайликдир. "Саломатлик мактаби" фаолиятидаги иштироким туфайли тизимдаги ислоҳотлар билан яхши танишман. Яқинда чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказилган эди, мана, кўп вақт ўтгани йўқ, навбатдаги ижтимоий тадбир – "Соғлом аёл ойлиги" бошланди. Бундан хулоса шуки, биз чиндан ҳам халқига ғамхўр давлат ва жаннатмонанд юртда яшаяпмиз.

-– Поликлиникамизда кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати яхши, – дейди тиббий кўрик иштирокчиси Дилором Нурхонова. – Бугун ҳам яратилган шароит ва имкониятлардан фойдаланиб, барча шифокорлар текширувидан ўт-дим. Ҳудудимизга бириктирилган патронаж ҳамшира ҳамда умумий амалиёт шифокоримиз профилактика учун ҳам мутахассис назоратидан ўтиб туришимиз лозимлигини кўп бор таъкидлайди. Барака топишсин, ўзгалар саломатлиги ҳақида қайғуриш, меҳрибонлик, давлат томонидан кўрсатилган ғамхўрлик ҳам шунча бўлади-да! Ўйлайманки, ўз ўрнида биз ҳам бундан тўғри хулоса чиқаришимиз лозим, шифокорга фақат сўнгги имкониятни қолдиришимиз керак эмас. Ахир, айтишадику касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган яхши. Шу боис, ҳар бир инсон саломатлиги учун, аввало, ўзи масъулиятли бўлиши зарур.

Ҳа, соҳадаги ислоҳотлар жараёни, улар натижасида рўй бераётган ўзгаришлар кузатувчиси ва фаол иштирокчиси сифатида халқимизнинг тиббий-ҳуқуқий маданияти ҳам шаклланиб бормоқда. Бу эса тиббий хизматлардан фойдаланиш тартиби, ҳуқуқи, шу билан бирга, ўз масъулиятларини тушуниб етишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Қолаверса, давлатимиз ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўрсатмаларига асосан тиббиёт ходимлари томонидан олиб борилаётган фаолиятлар соғлиқни сақлаш тизимини аҳолига, халқимизни эса тиббиётга яқинлаштирмоқда.

Ҳасан АБДУҒАНИЕВ.

Муаллиф олган суратлар.

№ 39, 05.10.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.