Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Ислоҳот одимлари

ТАЖРИБА УЙҒУНЛИГИ АМАЛИЁТ ИСТИҚБОЛИНИ БЕЛГИЛАЙДИ

Жорий йилнинг 3 октябрь куни Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент давлат стоматология институти ҳамда Радиологлар жамияти ҳамкорлигида "Стоматология, юз-жағ жарроҳлиги, офтальмология ва оториноларингологияда нур ташхисининг замонавий усуллари" мавзусида хорижий мутахассислар иштирокида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Тадбирнинг кириш қисмида Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев сўзга чиқиб, мамлакатимизда сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган туб ўзгаришлар, жумладан, тизимнинг барча йўналишларига инновацион технологияларни жалб этиш, жаҳон тиббиёти фаолиятида амалиётга татбиқ қилинаётган замонавий усуллар, кадрлар малакасини ошириш масалалари, шунингдек, соҳадаги долзарб муаммоларни бартараф этиш чоралари бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар натижаси хусусида тўхталиб ўтди. Айниқса, бу борада халқаро тажрибалар алмашинувининг аҳамияти, бунинг учун чет эл тиббиёт муассасалари ва етакчи клиникалари билан ҳамкорликни кучайтириш, шу орқали аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини яхшилаш, халқимизга ихтисослашган тиббий хизматни янада яқинлаштириш бўйича яратилаётган имкониятларга алоҳида эътибор қаратди.

Шундан сўнг, мамлакатимиз ва хорижий мутахассисларнинг юз-жағ соҳаси жарохатлари, яллиғланиши ва онкологик касалликларда нур ташхиси бўйича маърузалари тадбир иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди. Анжуманда таъкидланганидек, бугунги кунда тиббиётнинг барча йўналишлари қатори радиология соҳасининг ҳам эътиборга молик жиҳатлари талайгина. Хусусан, мазкур соҳада тиббий визуализациянинг замонавий технологиялари, яъни кўп кесимли компьютер, магнит-резонанс ҳамда бир фотонли эмиссион томография, рақамли рентгенография, ангиография, кўп ўлчамли эхография каби усуллардан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади.

Yoshiyuki WATANABE,

профессор (Япония):

– Халқаро амалиётда ҳам ташхислашнинг замонавий усуллари, масалан, компьютер ва магнит-резонанс томография, ультратовуш текшируви, шу билан бирга, позитрон-эмиссион томографиянинг қўлланилиши туфайли эришилган ютуқларга қарамасдан, ушбу анатомик мураккаб соҳанинг касалликлари диагностикаси бўйича кўплаб камчиликлар юзага келмоқда. Бу эса табиий ҳолда соҳани янада такомиллаштиришни талаб этади. Му маънода, мазкур анжуман стоматология, юз-жағ жарроҳлиги, офтальмология ва оториноларингологияда янги радиологик технологияларни амалиётда қўллаш масалалари юзасидан фикр алмашиш имконини беради. Бу борадаги ўзаро ҳамкорлигимиз келгусида бундан ҳам мустаҳкамланиб боради, деган умиддаман.

Айтиш жоизки, айни пайтда мамлакатимиз тиббиёт муассасаларида радиологик хизмат кўрсатишнинг моддий-техник базасини янада яхшилаш мақсадида рақамли DR ва CR тизимларни ўз ичига олувчи 355 та рентген, 39 та рақамли флюорограф, 455 та ультратовуш аппаратлари, 38 та компьютер томографи, 10 та магнит-резонанс томографи ва чизиқли кучайтиргичлардан фойдаланилмоқда. Бундан ташқари, ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Муножат ИСМОИЛОВА,

Тошкент тиббиёт

академияси

тиббий радиология

кафедраси мудири:

– Аввало, айтиш жоизки, аксарият касалликларни ташхислашда ушбу соҳа хизматларидан кенг фойдаланилишини инкор этиб бўлмайди. Анжуманда соҳадаги долзарб масалалар, инновацион технологиялар имконияти, уларнинг касалликларни ташхислашда тутган ўрни ва аҳамияти хусусида тажрибалар муҳокама қилинди. Эътиборлиси, тадбир доирасида Ўзбекистон радиологлар жамияти ҳамда Россия, Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Япония ва Австралия каби йирик давлатларни бирлаштирган Осиё ва Океания радиологлар жамияти қўшма илмий сессияси ўтказилмоқда. Илмий сессиялар таркибида эса пойтахтимиздаги қатор тиббиёт олий ўқув юртларида маҳорат дарслари ташкиллаштирилиши режалаштирилган. Уларга мазкур йўналишнинг магистратура ва клиник ординатурасида таҳсил олаётган ёш мутахассислари жалб қилинган.

– 3 кунлик семинарлар давомида мамлакатимиз ҳамда хорижий мутахассислар томонидан қилинган маъруза, шунингдек, фаолиятдаги зарурий тажрибалар билим ва кўникмаларимизни бойитишда алоҳида аҳамиятга эга, – дейди Тошкент тиббиёт академияси тиббий радиология кафедраси 1-босқич клиник ординатори Шамсиддин Ҳазратов. – Бу каби долзарб мавзулардаги муҳокамалар, улардан олинган илмий хулосалар келгусида соҳанинг мураккаб жиҳатларини ҳам пухта ўзлаштиришимизга ҳисса қўшади. Ёш мутахассис сифатида барча изланишларимни мамлакатимиз тиббиётида мазкур соҳани янада ривожлантиришга бағишлайман.

Анжуман якунига кўра, олинган билимлар асосида илмий-педагогик йўналиши, радиолог, стоматолог, юз-жағ жарроҳлари, офтальмолог ва оториноларингологлар амалиётида қўллаш бўйича амалий таклифлар киритилди.

Ҳасан АБДУҒАНИЕВ.

№ 39, 05.10.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.