Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Ислоҳот одимлари

ОНКОЛОГИК КАСАЛЛИКЛАРНИ ДАВОЛАШДА ИННОВАЦИОН ТЕХНОЛОГИЯЛАР

Онкологик касалликлар дунёда инсон саломатлигига жиддий таъсир кўрсатаётган долзарб тиббий-ижтимоий муаммолардан бири ҳисобланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, бу каби хасталикларга чалиниш кўрсаткичи йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Ҳар йили Ер юзи аҳолисининг 16 миллионга яқини бирламчи саратонга чалинади. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам 100 мингдан ортиқ бемор ушбу касалликлар бўйича ҳисобда туради. Шу боис, бу тиббий-ижтимоий муаммога қарши қурашиш нафақат соғлиқни сақлаш соҳаси, балки бутун жамият зиммасига катта масъулият юклайди. Мамлакатимизда тиббиёт тизимидаги ишлар давлат сиёсати даражасигача кўтарилиб, онкологик хизматга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 4 апрелдаги "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори бу борада ўз ечимини кутаётган устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Мазкур ҳужжатда белгиланган вазифалар амалга оширилаётгани натижасида вилоятлардаги онкология диспансерлари Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининт филиалларига айлантирилди. Онкология муассасалари реконструкция ва модернизация қилинди, касалликлар диагностикаси ва даволашнинг замонавий стандартлари ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.

Жорий йилнинг 3 октябрь куни Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан олиб борилаётган фаолиятлар билан яқиндан танишдик. Айтиш жоизки, бугунги кунда муассаса энг сўнги замонавий инновацион аппаратуралар билан таъминланиб, юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказиб келинмоқда.

Мирзағолиб

ТИЛЛЯШАЙХОВ,

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий

тиббиёт маркази директори, профессор:

– Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига қараганда дунё бўйича йилига 16 миллионга яқин аҳоли онкологик хасталикларга дучор бўлиб, уларнинг 9 миллионга яқини вафот этади. Бу албатта, жуда катта кўрсаткич. Хўш, касаллик нима сабабдан келиб чиқади? Биринчи омил урбанизация ҳисобланади. Яъни 30 фоиз атроф-муҳитга боғлиқ, жумладан, заводлар, автомобиль, озиқ-овқатдан зарарланиш туфайли саратонга чалиниш кузатилади. Шу билан бирга, 30 фоиз наслга боғлиқ. Юрак, қандли диабет касалликлари каби онкологик хасталиклар ҳам насл суриши мумкин. Шу боис, хасталик профилактикаси, соғлом турмуш тарзига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Аввало, рационал овқатланишга риоя қилиб, вақтида тиббий кўрикдан ўтиб туриш керак. Афсуски, аҳоли орасида ушбу тартибга амал қилиш борасида етарлича маълумот йўқ. Ваҳоланки, хасталик бошланғич даврида аниқланса, ҳар 10 нафар бемордан 8-9 нафари бутунлай соғайиши мумкин. Бугунги кунда фуқароларимизнинг ихтисослаштирилган тиббий кўриклардан ўтиши учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Нафақат марказимиз, балки вилоятлардаги филиалларимиз, қолаверса, туман тиббиёт бирлашмалари, оилавий поликлиникалар тубдан реконструкция қилиниб, замонавий тиббий ускуналар билан таъминланмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 4 апрелдаги "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори мамлакатимизда ушбу йўналишни янада такомиллаштиришда дастуриламал бўлмоқда. Жумладан, Республика онкологлар ассоциацияси ташкил этилди ва ҳудудларидаги 15 та онкология диспансерлари Марказимизнинг филиалларига айлантирилди. Ҳозирда онкологик касалликларнинг диагностика ҳамда даволаш стандартлари ҳамда клиник протоколлар ишлаб чиқилиб тасдиқланди ва амалиётга татбиқ этилмоқда.

Эндиликда бутун Республика онкология муассасаларида текшириш ва даволаш ишлари ушбу ягона стандарт асосида олиб борилмоқда. Марказимизнинг 11 нафар илмий раҳбар ва етакчи мутахассислари ҳудудлардаги филиалларимизга раҳбар лавозимларига юборилди. Ҳозирда жойларда юқори технологик жарроҳлик амалиётлари бажарилмоқда, филиалларда онкологиянинг турли соҳалари бўйича илғор мактаблар шаклланиб, ёш, иқтидорли мутахассислар тайёрланмоқда. Қолаверса, чекка ҳудудларга фаол консультатив ёрдам кўрсатиш ташкил қилинди. Марказнинг етакчи мутахассисларидан иборат 10 та гуруҳ шакллантирилди. Улар томонидан 2 йил давомида белгиланган тартиб асосида регуляр чиқишлар амалга оширилмоқда. Хозирги кунгача чекка туман ва шаҳарга 500 дан ортиқ чиқишлар амалга оширилиб, жойларда мингдан ортиқ тиббий машғулот ва маърузалар ўқилди, ҳудудлардан 17 мингдан зиёд мутахассис ушбу маъруза ва маҳорат дарсларида иштирок этишди, 11 мингдан ортиқ беморлар кўрикдан ўтказилди, 320 га яқин жарроҳлик амалиёти бажарилди ва уларнинг 121 таси юқори технологик амалиётлар ҳисобланади. Шу билан бирга, мутахассислар малакасини ошириш, дунё тажрибасини ўзлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Жорий йил бошидан бугунги кунгача 18 та давлат билан меморандум имзоладик. Хорижий давлатлар клиникалари билан ҳамкорлик мустаҳкамланди. 2017 йили 40 нафар, 2018 йили 13 нафар мутахассис АҚШ, Польша, Ҳиндистон, Туркия, Россия, Беларуссия ва бошқа нуфузли чет эл муассасаларида ўз малакаларини ошириб келишди. Яна бир жиҳат, Марказимизни замонавий шаклда реконструкция қилиш учун Ҳукумат томонидан маблағ ажратилиб ҳозирда асосий бинони реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда. Нафақат пойтахтда, балки вилоятлардаги филиалларимизда ҳам Радиотерапевтик бункерлар қурилди. Яъни, олиниши режалаштирилаётган радиотерапевтик ускуналар учун мўлжалланган бункерлар тўла қуриб битказилди ва ишлашга шай ҳолатга келтирилди. Самарқанд, Фарғона ва Марказимизда 3 та ҳудудлараро иммуногистохимик лабораториялар ташкил қилинмоқда. Ҳозирги кунда улар учун иммуногистохимик ускуналар тўплами харид қилинган. Тошкент, Фарғона, Урганч ва Самарқанд шаҳарларида эса кечки босқичлардаги, махсус давога эҳтиёж бўлмаган, оғир беморларга ёрдам кўрсатувчи ҳудудлараро Хоспислар ташкил қилинди. Бу эса инсонларга юртимизда инсонийлик, меҳр-саховат кўрсатилаётганлигининг яна бир тимсолидир. Ўзбекистонда биринчи марта онкология амалиётида лапароскопик усулда даволовчи жарроҳлик амалиёти бажарилди. Нефрэктомия, буйрак резекцияси ва тромбэктомия каби мураккаб юқори технологик замонавий амалиётлар бажарилди. Эндиликда ушбу усулда бошқа соҳа, абдоминал, торакал онкологияда ҳам жарроҳлик амалиётларини бажариш йўлга қўйилади. Бунинг баробарида, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази тассарруфида қўшимча тарзда яна 3 та марказ, яъни Саратон профилактикаси маркази (касалликлар скринингини ўтказиш, эпидемиологиясини ўрганиш, онкологик хасталикларнинг ягона электрон базаси – канцер-регистрни йўлга қўйиш, тиббий статистикани тўғри олиб бориш, бутун онкология тизимини назорат қилиш ва касалликларнинг олдини олиш ишларини яхшилаш имкони пайдо бўлди), Экспериментал онкология маркази (илмий-амалий тадқиқотлар, янги махаллий ўсмага қарши дори воситаларини кашф қилиш ва ишлаб чиқариш, амалиётга татбиқ этиш тубдан кучайтирилади), Нур терапияси ускунаси метрология маркази (Марказнинг Рентгенорадиология маркази билан бирлаштириш орқали Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳузурида нур терапияси ускунаси метрология маркази) ташкил этилди. Касалликларни эрта босқичларда аниқлаш мақсадида республика бўйлаб сут бези, бачадон бўйни саратони бўйича скрининг тадқиқотлари олиб бориш ишлари олиб борилмоқда. Қизилўнгач, меъда ва колоректал саратон бўйича эса Фарғона вилоятида тажриба тариқасида скрининг тадқиқотлари режалаштирилган. Яна бир қувонарли ҳол, у ҳам бўлса дори-дармон таъминоти. Айтмоқчиманки, бугунги кунда дори-дармон билан таъминот 3 баробарга ўсди. Авваллари онкология муассасаларини дори-дармон билан таъминланиши 20-25 фоиздан ортмас эди. Ўтган 2 йил давомида ушбу химиопрепаратлар билан Республикамизнинг барча онкология муассасаларининг таъминланиши даражаси 90% дан ортиқни ташкил қилмоқда. Йилига ушбу дорилар учун қарийб 5,5 млн. АҚШ доллари қийматида маблағ ажратилмоқда. Муассасамизнинг моддий-техника базасини яхшилашга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Яқинда 2 дона нур терапия ўтказиш учун энг замонавий "Elekta Infinity" чизиқли тезлаткичлар харид қилинди ва марказимизда ҳамда Тошкент шаҳар филиалига ўрнатилди. Бу ускуналар дунёнинг энг етакчи давлатларидагина бўлиб, ўта самарали, аниқ ва қисқа вақтда нур терапия ўтказиш имконини беради. Бундан ташқари, яқин ойлар ичида Республика бўйича 11 та гамма терапевтик ва 7 та брахитерапевтик ускуналар ўрнатилиши режалаштирилган. Ҳозирда Ўзбекистонда илк бор буйрак саратонида аъзо сақловчи буйрак резекцияси бажарилиб, ўсма билан биргаликда йирик қон томирларидаги ўсма тромбларини олиш амалиётлари ўтказилмоқда. Ушбу амалиётларни лапароскопик ускуна ёрдамида бажариш биринчи бор ўтказилди.

Дарҳақиқат, онкология хизматини кўрсатишда кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ва онкологик касалликларнинг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволаш соҳасида илмий тадқиқотлар доирасини кенгайтириш, шу билан бирга, жаҳон тажрибасини ўзлаштириш, инновацион технологияларни амалиётга жалб этишни даврнинг ўзи талаб этмоқда.

– Барчамизга маълумки, бугунги кунда тиббиёт муассасалари жаҳон талабларига жавоб бера оладиган инновацион технологиялар ва малакали кадрлар билан таъминланмоқда, – дейди радиотерапия бўлими мудири Жамшид Алимов. – Хусусан, Марказимизда ҳам замонавий аппаратуралар олиб келинмоқда. Маълумки, нур терапия — онкологик беморларни даволашдаги асосий усуллардан бири ҳисобланади. У жарроҳлик усули билан бирга комбинирланган ва алоҳида шаклда қўлланилади. Бу паллиатив ва симптоматик даво учун ҳам ишлатилади. Ривожланган давлатларда нур терапия онкологик беморларнинг 60 фоиздан ортиғини даволашда қўлланилади. Марказнинг нур терапия ўтказувчи чизиқли тезлаткичи билан таъминланиши эса йилдан-йилга ривожланиб, янгиланиб бораётган янги технологияларни амалиётда қўллаш имконини беради ҳамда нур терапия ўтказиладиган беморлар контингентининг ортишига, уларнинг ҳаёт сифати ва даволаш натижаларининг яхшиланишига олиб келади. Ушбу "Еlekta Infitiy" чизиқли тезлатгичлар аппаратининг аввалгиларидан афзаллиги шундаки, ўсмага максимал равишда нур етказиб беради. Мақсадимиз, ҳар бир нур терапияда соғлом тўқимани максимал равишда асраб қолиш. Бу жараёнда бизга ушбу ускуна ёрдам беради. Бўлимимизда брахитерапия ва нур терапиясини ўтказиш имконияти бор, деб айта оламиз. Айтиш керакки, мазкур янги ускуна Буюк Британиядан олиб келинди. Албатта, янги технологиядан фойдалана олиш учун мутахассисдан билим ва тажриба талаб этилади. Шу боис, шифокорларимиз АҚШ, Туркия, Ҳиндистон, Россия давлатларида малака ошириб қайтишди. У ерда олинган билимларини бизнинг тиббиётдаги амалиётда қўллашмоқда. Ҳозирда ҳам чет эллик мутахассислар келиб маҳорат дарсларини ўтмоқда.

Ҳа, тиббиёт тизимида амалга оширилаётган бу каби ислоҳотлар халқимиз, айниқса, келажак авлод саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.

– Республика онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази болалар бўлими 2001 йилда янги бинода иш бошлаб, 2012 йилда болалар химиотерапияси ва онкохирургияси ташкиллаштирилди, – дейди болалар онкохирургияси бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди Тожиддин Мустафаев. – Бундан ташқари, вилоятлардаги филиалларда ҳам болалар бўлими фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, Давлатимиз томонидан энг сўнгги русумдаги замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланмоқда. Бўлимимиз нафақат Ўзбекистонда, балки Ўрта Осиёда болалардаги саратон касалликларини бошланғич босқичда аниқлаш, ташхислаш ва даволаш бўйича биринчи ўринда туради. Чет элнинг етакчи клиникалари билан ҳамкорлик алоқалари кенгайиб бормоқда. Имзоланган меморандумларга мувофиқ мутахассисларимиз хорижий давлатларда малака ошириб қайтишмоқда. Бундан ташқари, республикамизнинг чекка ҳудудларига чиқиб, болажонларда тиббий текширув амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, маҳаллий мутахассислар учун маҳорат дарслари ўтказяпмиз. Мақсад, келажак авлод саломатлигини асраш.

Мухтасар қилиб айтганда, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида эришилаётган муваффақиятлар, амалиётга татбиқ этилаётган инновацион ғоя ва технологиялар халқ саломатлигини асраш учун хизмат қилаётгани билан аҳамиятга моликдир. Бу каби эзгу фаолиятлар эса мамлакатимизда инсон манфаатлари – олий қадрият эканининг амалдаги исботи, десак муболаға бўлмайди.

Жонибек МАЪРУПОВ.

Муаллиф олган суратлар.

№ 39, 05.10.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.