Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Ислоҳот одимлари

ШИЖОАТ ВА БУРЧГА САДОҚАТ

Таъкидлаш жоизки, аввало, аҳоли саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш масаласи мустақилликнинг илк кунлариданоқ давлатимиз сиёсатининг устувор вазифасига айланганлигини инкор эта олмаймиз. Шундай экан, кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан соғлиқни сақлаш тизими, яъни инсонлар саломатлиги ва уларнинг турмуш фаровонлигига бўлган эътибор ва ғамхўрлиги, албатта, эътирофга моликдир.

Бунинг исботи сифатида айтиш лозимки, давлатимиз раҳбари ўтган давр мобайнида республикамиз ҳудудларига ташриф буюриб, барча соҳалар қатори тиббиёт тизимида ҳам ўз ечимини кутаётган муаммоларни кўздан кечириб, жойларда аҳолига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш муҳимлигини, шунингдек, замонавий қиёфа кашф этувчи шифо масканларини бунёд этиш, уларни сўнгги русумдаги аппаратуралар ҳамда малакали кадрлар билан таъминлаш таклифини берган эдилар. Хўш, шу ўринда ҳақли савол туғилади. Айни кунда ушбу мақсадга йўналтирилган фаолият ва вазифалар қай даражада амалга оширилмоқда?

Бир сўз билан айтганда, мазкур йўналишдаги ишлар республика миқёсида жадаллик билан амалга ошириб келинмоқда. Айниқса, тизимда белгиланган вазифалар доирасида ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг филиалларида, қолаверса, шифо масканларида талаб даражасидаги ишлар янада такомиллаштириб, хорижий мутахассислар ҳамда маҳаллий шифокорларимиз ҳамкорлигида мураккаб операция жараёнлари, шу билан бирга, ёш, етук кадрлар учун маҳорат дарсларининг олиб борилаётганлиги аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш баробарида, касалликларни эрта аниқлаш, тўғри ташхис қўйиш ҳамда даво муолажаларини ўз вақтида олиб боришда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда, десак муболаға бўлмайди. Ушбу ислоҳот жараёнларининг яна бир муҳим жиҳати шундаки, 2017 йилнинг 13 августида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 6-сонли баённомасига асосан пойтахтимиздаги етакчи клиникаларда кўп йиллардан буён фаолият олиб бораётган юқори малакали профессорларни вилоятлардаги тиббиёт муассасаларига раҳбар лавозимларига тайинлаш, у ердаги ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда жойларда мураккаб операция амалиётларни жорий этиш билан бирга, маҳаллий мутахассисларни илмий жиҳатдан салоҳиятли кадрларга айлантириш масаласи қўйилган эди. Ушбу баённома ижроси мамлакатимиз ҳудудларида қай даражада кетаётганлиги давлатимизнинг диққат эътиборида бўлиб келмоқда.

Мазкур жараёнларга янада ойдинлик киритиш мақсадида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалида олиб борилаётган фаолиятлар билан танишиш мақсадида, ушбу шифо масканига ташриф буюрдик.

– Замонавий қиёфа кашф этган тиббиёт муассасасига кириб борар эканмиз, аввало, ҳудуддаги тозалик, манзарали ва мевали дарахтлар, анвойи гулларнинг гўзаллиги-ю, хушбўй ҳидлари, шунингдек, бемор ва фуқароларнинг тоза ҳаводан баҳраманд бўлишлари ҳамда дам олишлар учун яратилган шароитлар бизни бефарқ қолдирмади. Маъмурият ичкарисига кирганимизда эса жамоада соғлом муҳит барқарорлигига амин бўлдик.

Филиал директори хонасига яқинлашганимизда котиба профессор Миржалол Жўраевни операцияда эканликларини айтди. Шунда биз у қандай операция, унинг жараёндаги ҳолати билан танишиш мақсадида операцион блок томон йўл олдик. Профессор Миржалол Жўраев раҳбарлигида 16 ёшли беморда меъда ости бези бош қисми ўсмаси ташхиси билан гастропанкреатодуоденал резекция амалиёт бажарилаётганлигини ва ушбу жараёнда бир жону-бир тан бўлиб, қўли-қўлига тегмай жараённи хушёрлик, диққат-эътибор ва масъулият билан бор малакасини бемор ҳаётини сақлаб қолишга бахшида этаётган оқ халатли фидойилар меҳнатига тан бердик. Ушбу мураккаб операция 6 соат давом этди ва муваффақиятли бажарилди.

Амалиёт тугагач, Республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали директори, II даражали "Соғлом авлод учун" ордени соҳиби Миржалол Жўраев билан суҳбатда бўлдик.

– Миржалол Деҳқонович, 38 йил мобайнида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказидаги фаолиятингиз давомида бўлим шифокорлиги, кичик илмий ходим, бўлим бошлиғи, директор ўринбосари, директор, илмий раҳбарлик лавозимларида иш олиб борган экансиз. Албатта, бир жойда 38 йил бу каби масъулият сизнинг йиллар давомида машаққатли меҳнатларингизни баҳоловчи мезонга айланганини кўриб турибмиз. Шундай экан, 2017 йил сентябрь ойидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг баённомасига асосан марказнинг Самарқанд филиалига директор этиб тайинландингиз. Бу албатта, сизнинг меҳнатингизга бўлган ишонч. Шу кунга қадар шифо масканингизда қандай ишлар амалга оширилди? Келгусидаги режалар хусусида тўхталсангиз.

– Мен аввало, ўз фикримни Президентимизнинг ушбу пурмаъно ибораларидан бошламоқчиман. "Тиббиёт халқ билан давлат ўртасидаги адолатли кўприкдир". Дарҳақиқат, бу шифохонамизнинг кундалик шиорига айланган бўлиб, жамоамиз ходимлари ўз фаолиятлари давомида бор билим ва илмий салоҳиятларини инсон саломатлигини сақлашдек эзгу ишларга қаратаяптилар. Мазкур шифо масканида иш бошлаганимда вилоят миқёсида онкологик касалликнинг кечиккан босқичлари 52 фоизни ташкил қилар эди. Муассасада беморлар учун деярли шароитлар яратилмаган, ҳудуд ҳовлиси эса талабга жавоб бермас, шунингдек, бинолар таъмирдан тўлиқ чиқарилмаган эди.

Аввало, аҳоли орасида саратон касаллигини эрта аниқлаш, кечиккан босқичларини камайтириш ва профилактика ишларини кучайтиришдан бошладик. Фаолиятимизни асосий долзарблиги бу – аҳоли орасида соғлом турмуш тарзининг аҳамияти тўғрисида тушунтириш ишлари олиб бориш билан бирга, тиббий маданиятни оширишга катта эътибор қаратдик. Бунинг баробарида вилоят аҳолисини пойтахт клиникаларига қатнашини камайтириш мақсадида юқори технологик жараёнлар ҳамда моддий техника базасини ривожлантириш масалаларини йўлга қўйдик. Шунингдек, 2 йил давомида мураккаб операцияларни амалга оширган ҳолда малакали кадрлар сонини кўпайтириш муҳим вазифаларимиздан бирига айланди. Илмий-амалий клиникалар билан ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилмоқда. Фаолият бошлаганимизда жамоада 300 нафар ходим бўлган бўлса, айни кунда улар сони 400 тага етди.

Айтишим муҳимки, вилоятда онкологик касалликларни кечиккан босқичлари 52 фоиздан 48,3 фоизга тушди. Хасталикни барвақт аниқлаш 48 фоиздан 51,7 фоизга кўтарилди. Бу кўрсаткичларни таҳлилига келадиган бўлсак, асосий ишимизни профилактикадан бошлаб, тузилган жадвалга мувофиқ 5 нафар малакали мутахассис ҳафтанинг ҳар шанба куни туманларга чиқиб, қишлоқ врачлик ва қишлоқ оилавий поликлиникалри ҳамда маҳаллаларда аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказадилар, куннинг иккинчи ярмида фуқароларга сут бези, бачадон бўйни, меъда саратони, хавфли лимфома ва тери саратони касалликлари бўйича аҳоли орасида маърузалар қилдилар. Шунингдек, ҳар ойнинг охирги чоршанба куни 25 нафарга яқин етакчи мутахассислар туманларга чиқиб, назоратда турган ҳамда мурожаат қилган фуқароларни чуқур тиббий кўрикдан ўтказиб, уларда УТТ, эндоскопия, фидрогоскопия, колпаскоп каби аппаратлар ёрдамида текширувлар олиб боришади. Шу куннинг ўзида кечки соат 03-05 гача профессорлар томонидан ҳокимият вакиллари, хотин-қизлар қўмитаси, маҳалла фаоллари ҳамда 10 нафардан кам бўлмаган маҳалла вакиллари иштирокида мактаб, лицей биноларида 300-400 нафардан ортиқ аҳолига онкологик касалликларнинг келиб чиқиш сабаблари ва унинг олдини олиш ҳамда профилактик тадбирлар тўғрисида маълумотлар бериб борадилар.

Маслаҳат поликлиникамиз 80 қатновга мўлжалланган бўлиб, 2017 йилда 70 та қатнов амалга оширилган бўлса, 2018 йилда 230 та қатнов қабул қилинди. Вилоятда аввал бажарилмаган 8 турдаги юқори технологияли операция жорий этилди. Бир йил ичида меъда, жигар, қизилўнгач, ўпка, кўкс оралиғи, қорин парда ва қорин орти соҳасидаги ўсмалар каби 240 дан ортиқ мураккаб операциялар муваффақиятли амалга оширилди. Шундай экан, аҳоли орасида пойтахт клиникаларига мурожаат этиш ва қатнов кўрсаткичлари кескин камайди. Шу ўринда айтишим жоизки, маҳаллий кадрлар ичида етук мутахассислар танланиб, улар томонидан амалиётлар мустақил бажарилмоқда. Тиббиёт муассасамизда тажриба алмашиш мақсадида ҳамкорлик ишлари кенг йўлга қўйилган. Жумладан, Ҳиндистон, Туркия, Россия, Югославия, Корея, Исроил, Польша каби давлатлар билан ҳамжиҳатликда фаолият юритиб келмоқдамиз. Бунинг натижасида 16 нафар маҳаллий кадрларимиз ушбу давлатларнинг етакчи клиникаларида бўлиб, малака ошириб қайтишди, шу билан бирга соҳага оид янгиликларни тадбиқ қилишмоқда. Бундан ташқари, Англия, Америка ва Германия давлатларининг нуфузли клиникалари мутахассислари филиалимизга ташриф буюриб, маҳорат дарсларини олиб боришди. 2017 йилда 3 нафар ёшлар таянч докторантурага қабул қилиниб, айни кунда илмий изланишлар олиб боришмоқда. Улардан 2 нафари ҳозирда Н. Блохин номидаги Россия онкология марказида илмий фаолиятини давом эттирмоқда.

Янги инновацион ғоя киритиш доирасида сут бези саратони бўйича 10 нафардан ортиқ беморга микрохирургик усул билан лимфавеноз анас-тамозлар қўйиш махсус катталаштирувчи микроскоплар ёрдамида ўтказилмоқда. Ушбу жараёнлар муваффақиятли амалаг оширилди. Ушбу жараёнлар муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Давлат бюджети томонидан филиалнинг маъмурият ва бўлимлари замонавий типда таъмирдан чиқарилди. Бунинг баробарида, иммуногистохимия лабораторияси, ошхона, кир ювиш ва архив хоналари ҳам тўлиқ реконструкция қилинди ва давр талаби асосида мослаштирилди. Бино ҳудудида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига катта эътибор қаратилган.

Келгусидаги режалар бўйича 2019 йилда 140 қатновга мўлжалланган замонавий поликлиника қуриш кўзда тутилган бўлиб, айни кунда лойиҳа сметалари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, филиал қошида 50 ўринли хоспис биносини қуриш мақсадида бино ажратилган бўлиб, реконструкция лойиҳалари кўриб чиқилмоқда. Яна олдимизга қўйилган муҳим вазифаларидан бири филиалга МРТ, ангиография аппаратларини олиб келиш, шу билан бирга, иммуногис-тохимик лабораторияларни ташкил қилиш мўлжалланган. Яқин ойларда брахитерапия ҳамда гистанцион гамма терапевтик аппаратлари келиши кутилмоқда. Бундай имкониятларнинг фаолиятга киритилиши ишлар самарадорлигини кескин оширади, тўлақонли ташхислаш-даволаш стандартларига ўтишни таъминлайди.

Бўлимлар фаолияти билан танишиш чоғида мажлислар залида ўтказилаётган йиғилишга кўзимиз тушди. Унда тиббиёт муассасасида хизмат қилаётган ҳамширалар куннинг долзарб мавзуларига бағишланган семинарда иштирок этаётган эканлар. Улар билан суҳбатда бўлганимизда ўрта тиббиёт ходимлари давлатимиз томонидан меҳнатларига бўлган эътибордан мамнунликларини изҳор этиб, аҳоли саломатлиги йўлида астойдил меҳнат қилиш, асосий вазифалари эканлигини таъкидладилар.

Бўлимлардаги беморлар ётган хоналарга кирганимизда шинам, ёруғ ҳамда барча имкониятлар мавжудлиги бизни бефарқ қолдирмади. Айниқса, ҳар бир хона замонавий совутгич, телевизор, кондинционер каби маиший техникалар билан таъминланган. Беморлар билан суҳбатда бўлганимизда улар яратилган шароитларлар миннатдор эканлигини эътироф этишди. Бугунги кунда тизимда архив масалаларига катта эътибор қаратилаётганлиги бежиз эмас. Чунки, тиббиётнинг ўзига хос талаблари, сир-синоатлари йиллар ўтсада, оқ қоғозга муҳрланиб қолади. Шу боис, бу каби меъёрий ҳужжатларни кўз қорачиғидек асраш муҳимдир. Шундай экан, мазкур шифохонада ана шундай архив материалларини сифатли ва узоқ муддатга сақлаш учун алоҳида техник талабларга мос архив хонасини ҳам кўздан кечирганимизда у ердаги саранжом-саришталик диққатимизни ўзига тортди. Шу билан бирга, кир ювиш хонасининг ҳам янги таъмирдан чиқарилганлиги ҳамда замонавий маиший техникалар билан таъминланганлиги ва унда ўз ишини пухта билган ходимлар ишлаётганлигини гувоҳи бўлдик.

Филиал фаолияти билан танишиб чиқар эканмиз, беморлар учун яратилган барча шароит ва имкониятлар бугунги замон талабига жавоб беришига ишончимиз комил бўлди. Айниқса, бўлимларнинг ўзига хос таъмирдан чиқарилганлиги, жиҳозларнинг мавжудлиги, тозалик ва озодалик ҳамда тиббиёт ходимларининг касбига бўлган интилиши, хушмуомалалиги, қолаверса, илмий салоҳият йўлидаги изланишлари шифо масканининг эртанги келажаги ёруғ эканлигини кўрсатиб турибди.

Шундай экан, қалби эзгуликка йўғрилган халқ саломатлиги йўлида астойдил бел боғлаган Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали директори, профессор Миржалол Жўраевга ҳамда унинг аҳил жамоасининг ишларига омадлар тилаб қоламиз.

Эътироф

МЕҲНАТЛАРГА МУНОСИБ РАҒБАТ

Дунёда шундай инсонлар борки, ўзининг камтарона меҳнати, қолаверса, касбига бўлган садоқати билан эл-юрт орасида обрў-эътиборга эга бўлади. Ана шундай юртдошларимиздан бири тиббиёт фанлари доктори, профессор Миржалол Жўраев 38 йил давомида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида халқимиз саломатлиги йўлида фидокорона меҳнат қилиб келмоқда. Қанчадан-қанча нажот излаб келган беморларга ҳаёт бахш этиб, кези келганда 7-8 соат давомида мураккаб операция жараёнларини амалга ошириб, касб масъулиятини дилдан ҳис этган ҳолда сидқидилдан меҳнат қилмоқда.

"Ҳалоллик мартабани безайди" деганларидек, профессор Миржалол Жўраевнинг меҳнатлари давлатимиз томонидан юксак қадрланиб, "Ўзбекистон Мустақиллигининг 15 йиллиги" ҳамда "Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишонларига сазовор бўлган бўлса, 2018 йилда эса II даражали "Соғлом авлод учун" ордени билан тақдирланди.

Шу ўринда, олий тоифали жарроҳ, тиббиёт фанлари доктори, профессор Миржалол Жўраевнинг фаолият йўлига назар ташласангиз, марказда раҳбарлик лавозимларида, айниқса, илмий салоҳият йўлида эътиборга молик ишларни амалга оширди. Қанчадан-қанча шогирдлар тарбиялади. Албатта, бу каби машаққатли меҳнатларни ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Ундаги шижоат, касбга садоқат, ишга масъулият каби эзгу фазилатлар Миржалол Жўраевни ҳақиқий касб фидойиси эканлигини амалда кўрсатди. Мустақиллигимизнинг 27 йиллиги арафасида Самарқанд вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда вилоят ҳокими Эркин Турдимов Давлатимизнинг юксак мукофоти бўлган II даражали "Соғлом авлод учун" орденини Миржалол Деҳқоновичга тантанали равишда топширар экан, "Сиз каби жонкуяр шифокорлар халқимиз саломатлиги учун доимо кераксиз" дея эзгу тилакларини билдирди.

Мақоламиз қаҳрамони Миржалол Жўраевнинг фаолият йўлидаги эришган ютуқларига эътибор қаратишни лозим, деб топдик.

Ўз касбининг моҳир устаси республикада онкологик касалликларни барвақт ташхислаш, юқори технологик жарроҳлик усулларини ишлаб чиқиш, киритиш ва тиббий реабилитация ишларини амалга оширишда фаол иш олиб бормоқда. Қорин бўшлиғи аъзолари ўсмаларини самарали ташхислаш ва уларни даволашда лозим бўлган ўта мураккаб замонавий жарроҳлик амалиётларини клиникада татбиқ қилиш, жарроҳлик амалиётини янги усулларини ишлаб чиқиш ва амалда муваффақиятли қўллаш натижасида охирги 10 йил ичида меъда, жигар, меъда ости бези саратонида 5 йиллик яшаш муддатини 8 фоизга оширишга ва кечиккан формаларини 6 фоиз камайтирилишига ўз ҳиссасини қўшди. Эътирофлиси шундаки, Миржалол Жўраев томонидан меъда саратонида сунъий меъда ясаш, юқори функционал кўрсаткичга эга бўлган янги эзофагоеюноанастомоз, гастропанкреатодуоденал резекция каби юқори технологик реконструктив амалиёт усули ишлаб чиқилган бўлиб, унинг янгилиги ва самараси, нафақат республика, МДҲ мамлакатлари, Германия, Италия, Испания, Франция, Австрия, Швеция, Швейцария, Бразилия ва кўпгина Осиё мамлакатлари олимлари томонидан қўллаб-қувватланди. Шунингдек, 2002-2003 йилларда Германиянинг Франкфурт, 2004 йилда Миср Араб Республикасининг Қоҳира шаҳри, 2005 йил Австрия, 2006 йилда Бразилия, 2007 йил Швейцария, 2009 йил Испания, 2010 йил Франция, 2011 йил Италия, 2012 йил Швеция, 2014 йил Швейцария, 2017 йил Португалия давлатларида ESMO ва ECCO халқаро ташкилотлари томонидан ўтказилган конгрессларида ўз маърузалари билан қатнаш, Ўзбекистон тиббиётининг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрни борлигини кўрсата олди. Шунингдек, мазкур соҳада 100 дан ортиқ малакали кадрлар тайёрлаб, унинг раҳбарлиги остида 8 нафар тиббиёт фанлари номзоди етишиб чиқди ва 5 нафар ёшлар докторлик диссертацияси устида иш олиб бормоқда. Профессор Миржалол Жўраев 530 дан ортиқ илмий мақолалар (шулардан 55-75 фоиз чет мамлакатларда) 2 та тиббиёт олийгоҳлари талабалари учун дарслик ва 3 та меъда ва жигар саратонига бағишланган монография, қатор патент ва рационализаторлик таклифлари муаллифидир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилнинг 13 августдаги 6-сонли баённомасига асосан пойтахтнинг етакчи клиникаларида фаолият кўрсатаётган етук мутахассис профессорлар аҳолига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда маҳаллий мутахассислар малакасини ошириш мақсадида вилоятларга раҳбар лавозимларига юборилди. Миржалол Жўраев ҳам топшириққа биноан Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалига директор лавозимига тайинланди. Шу фурсат ичида Самарқанд вилоятида аҳоли ўртасида онкологик касалликлар профилактикаси бўйича самарали усулларини ишлаб чиқди ва буни натижасида онкологик касалликнинг кечиккан формаларини 52 фоиздан 48,8 фоизга кмайтиришга 1 ва 2 босқичларини 49 фоиздан 51,2 фоиз кўтаришга муваффақ бўлди. Шунингдек, шифо масканида 8 та йўналиш бўйича 240 дан ортиқ юқори технологик амалиётларини муваффақиятли бажариб, вилоят аҳолисининг эътирофига сазовор бўлди. Шу билан биргаликда, амалий йўналишлар бўйича катта ишларни амалга ошириб, 5 нафар ёш ходимларни Ҳиндистоннинг BLK клиникаси, 4 нафар мутахассисни Туркиянинг "АЖИБАДЕМ" клиникаси ва 6 нафар ходимни Россия Федерациясининг Блохин номидаги онкология илмий марказида соҳа бўйича тажрибасини ошириб келишига кенг имконият яратди. Унинг раҳбарлигида Самарқанд филиалида 2017 йилда 3 нафар ёш мутахассис таянч докторантурага қабул қилинди. Шу ўринда айтиш муҳимки, олим Миржалол Жўраев турмуш ўртоғи Гулшода Жўраева билан 3 нафар фарзандини вояга етказиб, уларнинг 2 нафари айни кунда нуфузли олий таълим муассасаларида таҳсил олиб, илмий салоҳият йўлида изланишлар олиб боришмоқда. Гулруҳ Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг амалий кафедрасида якуний босқич докторанти, политология фанлари номзоди. Шохрух эса Германиядаги Амазол компаниясида регионал директор вазифасида фаолият юритмоқда. Фаррух эса ота касбини улуғлаб, ҳозирги пайтда Н. Блохин номидаги Россия онкология марказининг 2-босқич аспиранти. Миржалол Жўраев ҳамда Гулшода Жўраевалар бир-биридан ширин бўлган 5 нафар набираларининг севимли бобоси ва бувижонисидир.

Ҳа, ойлар, йиллар ўтаверади. Инсоннинг чин дилдан эзгуликлар сари интилиши уни фаоллик, жонкуярлик, фидойилик, талабчанлик ва ташкилотчиликка ундайди. Профессор Миржалол Жўраевда ана шундай олижаноб фазилатлар мужассам экан, унинг касбий маҳорати, устозлик қобилияти, бемор ва ходимларга бўлган меҳрибонлиги ҳамда оиласига бўлган садоқати эл-юрт орасида бардавом бўлиб бораверади.

Ибодат СОАТОВА.

Муаллиф олган суратлар.

№ 39, 05.10.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.