Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Ислоҳот одимлари

ЖАМОАТЧИЛИКНИНГ ҲАМКОРЛИКДАГИ ТАЪСИРЧАН КУЧИ ишдаги самарадорликни белгилайди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ишчи гуруҳи тасарруфидаги Қўшма қарор ижросини таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг топшириғига асосан Жиззах вилояти Шароф Рашидов туман тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги тиббиёт муассасалари, мактабгача таълим муассасалари ҳамда умумтаълим мактабларида қарор ижроси қандай бажарилаётганлигига ойдинлик киритиш мақсадида куни кеча мазкур вилоятда бўлиб қайтдик.

Маълумки, жорий йил бошида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, мактабгача таълим вазирликлари ва ўрта махсус касб-ҳунар таълим марказининг "Аҳолини мақсадли патронаж билан қамраб олиш, уларда тиббий маданиятни шакллантириш ҳамда оила ва таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш борасида"ги Қўшма қарори қабул қилинган эди. Жиззах вилоятидаги ташрифимиз, аввало, вилоятнинг Шароф Рашидов туманида жойлашган 12-сонли умумтаълим мактабидан бошланди. Муассаса биносига кириб борар эканмиз, у ердаги табиат манзаралари, саранжом-саришталик, "Саломатлик мактаби" моҳиятини тушуниб етган ўқитувчи ва ўқувчиларнинг фаолиятлар билан машғул эканликларини кўрдик. Аввало, мактаб ўқувчиларининг тўгаракларда фаол иштирок этиб, ўзларининг истеъдодларини намойиш этаётганликларининг гувоҳи бўлдик. Шахмат-шашка, кулолчилик, тасвирий санъат, ҳунармандчилик, спортнинг турли йўналишлари, китоб мутолааси, саломатлик тўгараклари бўйича олиб борилаётган жараёнлар билан танишдик.

Бир гуруҳ мактаб ўқувчиларига соғлом турмуш тарзи бўйича устозлик қилиб келаётган 21-қишлоқ оилавий поликлиниканинг умумий амалиёт шифокори Каромат Эргашеванинг машғулотидан баҳраманд бўлган ҳолда ўқувчиларга саволлар билан мурожаат қилинди. Гуруҳдаги ўқувчилар соғлом турмуш тарзи нима, эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатлари, зарарли одатлардан сақланиш, тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик каби саволларга тўлақонли тарзда жавоб бердилар. Сўнгра, китоб мутолаа қилаётган ёшлар билан суҳбатда бўлар эканмиз, уларнинг адабиётга қизиқиши, бадиий китобларни севиб ўқишлари, шунингдек, вилоят, туман ва шаҳар миқёсида ўтказиб келинаётган мазкур йўналишдаги танловларда иштирок этиб, муносиб ўринларга сазовор бўлаётганлигини гувоҳи бўлдик. Айниқса, 11-синф ўқувчиси Нозима Холжўраеванинг "Жаҳолатга қарши маърифат" бўйича ижодий иши вилоят миқёсида фахрли ўринга эга бўлганлигини устозлари фахр билан тилга олди. Бир гуруҳ ўқувчиларнинг шахмат-шашка тури бўйича беллашувини кўриб, улардаги ақл-заковат, мантиқий фикрлаш ҳамда дунёқараши кенглиги эътиборимизни тортди. Шунингдек, спортнинг каратэ йўналишида шуғулланаётган жажжи болажонларнинг машғулотларда маҳоратига қараб, келажакда бу йигит-қизлардан ҳам жаҳон чемпионлари чиқишига ишончимиз ортди.

Шоира КАМОЛОВА,

12-сонли умумтаълим мактаби директорининг маънавият ва маърифат бўйича

ўринбосари:

– Қўшма қарор лойиҳасининг қабул қилинганлиги кенг жамоатчиликни ҳамкорликда ишлашга ундаётганлиги мақсадлар бирлигини кўрсатмоқда.

Ушбу қарор ижросига таъминлаш мақсадида ўтган давр мобайнида жойларда вазирликлар, маҳаллий ҳокимият ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда аниқ ва манзилли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Мактабимизда таълим олаётган ўқувчиларни ҳар томонлама билимли бўлиши учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган. Ўқитувчи ва ўқувчиларга қарорнинг мазмун-моҳияти қанчалик чуқур эканлигини тушунтириб, ўтган давр давомида меъёрий ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида унда кўрсатиб ўтилган талаблар амалга ошириб келинмоқда. Айниқса, ўқувчилар мавжуд тўгаракларга жалб қилинган бўлиб, мунтазам тарзда фаол иштирок этиб келмоқдалар. Мутахассис сифатида айтиб ўтмоқчиманки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг китобхонлик маданиятини ривожлантиришдаги эзгу ғоялари мактабимиздаги ҳар бир ўқитувчи ва ўқувчи учун кундалик вазифага айланди. Шу ўринда айтишим лозимки, ҳудудимиздаги маҳалла фуқаролар йиғини, оилавий поликлиника, мактабгача таълим муассалари билан биргаликда ишлаётганлигимиз ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Тиббиёт ходимлари томонидан ўқувчиларимиз тиббий-кўрикдан ўтказиб борилмоқда. Айниқса, ўспирин йигит-қизлар саломатлигига катта эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, саломатлик мактаблари мониторинги бўйича ҳафтанинг шанба куни ўтказиладиган йиғилишида ҳам фаоллар қаторида иштирок этиб, ҳафта давомида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар хусусида келишиб олинаётганлиги ҳам ишимизда самара бермоқда.

Кейинги манзилимиз тумандаги 22-сонли мактабгача таълим муассасасида бўлди. Кичкинтойлар масканига кириб борар эканмиз, бир-биридан ширин, кийимлари ўзига ярашган жажжи болажонлар қўллари кўксида, ёшларига монанд беғуборлик билан кутиб олишди. Ишчи гуруҳимиз бирин-кетин кичкинтойларимизга келажакда ким бўласиз, дейишганда бири шифокор, бири Президент, яна бири қурувчи, ҳайдовчи ва ўқитувчи бўламиз, дея қувонч билан гапиришди. Сўнгра, тадбир қатнашчилари иштирокида гуруҳларда ўтказилган машғулотлар билан яқиндан танишилди. Унда тарбиячи Раҳима Атабобоева ва Малика Абдуллаевалар болалар билан суҳбат ўтказиб, соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш, санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш, маънавий тарбия, меҳмон кутиш одоби, атроф-муҳитни асраш бўйича болалар билимини синовдан ўтказдилар. Жажжи кичкинтойлар ҳар бир саволларга тезкорлик билан жавоб бериб, саҳнавий кўринишларни ижро этишди. Беихтиёр хурсанд бўлиб кетасан киши. Улардаги қизиқувчанлик, гапга чечанлик ҳамда шеърий мисраларни маҳорат билан ижро этишлари эртамиз эагаларининг келажаги порлоқ эканлигини кўрсатиб турибди. Шундан сўнг, муассаса ҳамшираси кичкинтойларимиз билан биргаликда саломатлик машғулотларини олиб борди.

Гулчеҳра ТЎЙЧИЕВА,

22-сонли мактабгача тарбия муассасаси мудири:

– Муассасамиз 90 ўринга мўлжалланган бўлиб, 7 нафар тарбиячи, 10 нафар ёрдамчи тарбиячи, 2 нафар ҳамшира болажонларимизга таълим ва тарбия бериб келмоқдалар. Аввало, Юртбошимизга катта раҳмат. Муассасамиз қайта таъмирдан чиқарилиб, ҳокимлик ва ҳомийлар томонидан тўлиқ таъмирланиб, замонавий мебель жиҳозлари билан таъминланди. Айни пайтда болаларимизни мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун махсус ўйингоҳлар қурилиши давом этмоқда. Қўшма қарорнинг қабул қилиниши жамоамиз ходимлари ҳамда фарзандларимиз саломатлиги учун муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Тиббий-кўриклар ўтказилиб, тарбияланувчилар саломатлиги доимий назорат қилинмоқда. Ишонаманки, ҳамкорликдаги фаолиятимиз келажак авлодларимиз соғлом ва баркамол ўсишларида ўзининг юксак натижаларини кўрсатади.

Ишчи гуруҳ тумандаги 21-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасида бўлиб, у ердаги фаолиятлар, айниқса, тиббиёт ходимлари томонидан аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат, шунингдек, меъёрий ҳужжатларнинг юритилиши бўйича олиб борилаётган ишларни кўздан кечиришди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ишчи гуруҳи тасарруфидаги Қўшма қарор ижросини таъминлаш бўйича Тошкент шаҳри, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари кесимидаги мониторинг гуруҳи раҳбари Саодат Ҳамидова поликлиникадаги умумий амалиёт шифокорлари, патронаж ҳамширалар ҳамда "Тез ёрдам" бўйича иш олиб бораётган мутахассислар фаолияти билан яқиндан танишиб, Ҳукуматимиз қарорлари, Қўшма қарор ва вазирликнинг буйруқлари ижроси қай тарзда амалга оширилаётганлигини кўздан кечирди. Бунинг баробарида шифокор ва ҳамширалардан зарурий меърий-ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти бўйича уларнинг назарий ва амалий билимларини синовдан ўтказди. Афсуски, бу борада айрим мутахассислар билимларининг етарли эмаслиги кўзга ташланди. Қабулга келган аҳоли билан суҳбатлашганимизда улар кўрсатилаётган тиббий хизматлардан унумли фойдаланаётганликларини, шифокор ва ҳамширалар хонадонларга тез-тез ташриф буюриб, оила аъзоларининг саломатлигига катта эътибор қаратаётганликларини алоҳида тилга олдилар.

Шароф Рашидов номидаги туман тиббиёт бирлашмасида ишчи гуруҳи томонидан туман тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган мутахассислар учун семинар бўлиб ўтди. Гуруҳ раҳбари Саодат Ҳамидова фаолиятдаги хулосалардан келиб чиққан ҳолда шифо масканларида хизмат қилаётган ҳар бир ходим соҳага оид меъёрий ва ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини тўлиқ таъминлаши, самарали ва мақсадли фойдаланиши, шунингдек, ҳар бир ҳужжат раҳбар столида эмас, балки қуйи тизимдаги барча мутахассисларга етказилган бўлиши, унинг асосида ишлар ташкил этилишини таъкидлаб ўтди.

Лекин шундай бўлсада, ижро интизомида қатор камчиликлар мавжудлиги кўзга ташланаётганлигига, топшириқларни ўз вақтида сифатли бажарилишига масъулият ва шахсий жавобгарлик нуқтаи назари билан қараш лозимлигига кенг урғу берди. Семинар давомида мутахассисларга қабул қилинган меъёрий ҳужжатларнинг аҳамияти ҳақида сўралганда айрим ходимлар томонидан тўлақонли жавоблар олинмади. Гуруҳ раҳбари Саодат Ҳамидова жойлардаги мониторинг гуруҳларининг иш олиб боришлари қониқарли эмаслиги, бунинг учун алоҳида буйруқ ишлаб чиқилганлиги ва унга амал қилиш муҳимлигини алоҳида қайд этди. Ишчи гуруҳ аъзоси Нилуфар Рўзиева йиғилишда сўз олиб, "Саломатлик мактаби" вазифалари нималардан иборат эканлиги, қандай амалга ошириш, нималарга эътибор қаратиш лозимлиги хусусида ўз фикрларини билдириб ўтди. Айниқса, репродуктив саломатлик, Қўшма қарор ижроси, патронаж тизимини манзилли ўтказиш каби масалаларга атрофлича тўхталди. Ишчи гуруҳ туман тиббиёт бирлашмасидаги туғруқ мажмуасининг фаолияти билан танишар экан, у ердаги фаолиятлар яхши йўлга қўйилганлигини ва туғруқлар стандартлар асосида олиб борилаётганини кўздан кечириб, ишлар талаб даражасида ташкил этилаётганилигини эътироф этдилар.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, мазкур тумандаги фаолиятлар кўздан кечирилар экан, ютуқли натижалар қаторида ўз ечимини кутаётган айрим масалаларни ҳам инкор этиб бўлмайди. Шундай экан, давлатимиз томонидан қабул қилинаётган ҳар бир ҳужжат замирида инсон саломатлиги, турмуш фаровонлиги ва унинг тақдири ётганлигини унутмаслигимиз керак. Бунда биргина тиббиёт ходим эмас, балки кенг жамоатчиликнинг ҳамкорликдаги ўрни ва таъсирчан кучи лозим, деб ҳисоблаймиз.

Ибодат СОАТОВА.

Муаллиф олган суратлар.

№ 28, 13.07.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.