Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Ислоҳот одимлари

БУРЧГА САДОҚАТ — ОЛИЙ САОДАТ

Олий таълим муассасалари ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармалари билан ҳамкорликда бакалавр йўналишида таҳсил олувчи 7- ва 2-курс клиник ординатура битирувчиларини 2018 йил 1 январгача ишга тақсимлаш ва уларни ишга жойлаштириш бўйича тўлиқ шартномалар тузишга эришилди. Ўтказилаётган ушбу тадбирларда битирувчилар муддатидан аввал "Шифокорлик қасамёди"ни қабул қилиб, талабалик дипломига эга бўлдилар. Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, мамлакатимиз тиббиёти ривожини янада такомиллаштириш борасида биргина ўтган 2017 йил мобайнида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Улардан кўзланган асосий мақсад, эришилган натижалар таҳлили, самарадорлик салмоқлари ва амалдаги фаолиятлардан чиқарилган хулосалар, энг аввало, мутахассислар салоҳиятини ошириш ва жойларда кадрлар етишмаслиги билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш зарурлигини кўрсатган эди.

Шулардан келиб чиққан ҳолда биринчи навбатда Президентимизнинг "Ўзбекистон Республикасида тиббий таълим тизимини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори қабул қилинди. Унга кўра, олий тиббий таълим тизимига бир қатор ўзгартишлар киритилди. Шу мақсадда ўтган қисқа давр мобайнида амалга оширилган ислоҳотлар ва ишлаб чиқилган чора-тадбирлар асосида тиббиёт олий таълим муассасалари бакалавриатининг даволаш иши, касбий таълим, ҳарбий-тиббиёт, педиатрия иши таълим турлари 6 йил, тиббий-биологик 4 ва тиббий-профилактика иши йўналишларида таҳсил олувчилар учун ўқув йили 5 йил этиб белгиланди. Аҳамиятлиси, ҳозирги вақтда "даволаш иши", "касбий таълим", "ҳарбий тиббиёт иши" ва "педиатрия иши" бакалавриат йўналишлари бўйича таълим олаётган 2-, 5-босқич талабалари ҳам таълимни 6 йиллик ўқув дастури асосида давом эттириши белгиланиб, 2018 йил 8 январдан ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларига йўналтирилиши кўзда тутилган эди. Жорий йилнинг 6-8 январь кунлари Тошкент педиатрия тиббиёт институти ва Тошкент тиббиёт академияси битирувчиларини Соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи тиббий-санитария бўғинига мутахассислигига мос равишда ишлаш учун юборилиши муносабати билан тантанали тадбирлар ташкил этилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари ҳамда олий таълим муассасалари раҳбарияти иштирок этган тадбирда таъкидланганидек, Юртбошимиз кўрсатмаларига асосан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан амалга оширилаётган мазкур ислоҳотлар самарасида мамлакатимиз тиббиёти олдида турган муҳим масалалар – кадрлар етишмаслиги, жойларда аҳолига етарли ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш кўлами тубдан яхшиланади. Шунингдек, айни пайтга қадар битирувчилари учун тасдиқланган давлат таълим стандартлари, давлат талаблари ва ўқув режаларида белгиланган назарий ва амалий ўқув соатлари ҳамда уларга дарс берадиган профессор-ўқитувчиларнинг 2017-2018 ўқув йилига белгиланган режадаги юкламаси тўлиқ бажарилган. Қолаверса, олий таълим муассасалари ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармалари билан ҳамкорликда 7- ва 2-курс клиник ординатура битирувчиларини 2018 йил 1 январгача ишга тақсимлаш ва уларни ишга жойлаштириш бўйича тўлиқ шартномалар тузишга эришилган. Бир сўз билан айтилганда, ёш мутахассисларга бириктирилган ҳудудларига бориб жойлашиши ва ишлашлари учун барча зарурий шарт-шароитлар яратилган. Бундан ташқари, битирувчилар учун доимий равишда алоқа ўрнатиб туришни таъминлаш мақсадида таълим муассасаси томонидан ҳар бир мутахассисга масъул шахслар бириктирилган.

Шундан сўнг тадбирнинг асосий ва ҳаяжонли қисмига ўтилди. Ўзбекистон Республикаси шифокорининг қасамёдини қабул қилишга киришилди: "Шифокор деган юксак унвонни олиб, тиббиёт фаолиятига киришар эканман"…

Ҳа, вужудни титроққа солувчи бу янглиғ сўзлар янграётганда ҳар бир битирувчи қиёфасида намоён бўлаётган ғурур, ўзгача фахр-ифтихор ҳиссини англаш қийин бўлмади. Энди улар шифокор, эгнидаги оқ халат эса шарафли масъулиятдир. Ушбу жараённинг ўзида уларга дипломларнинг топширилиши бу масъулиятни қатъий мустаҳкамлаган ва унга янада ойдинлик киритди. Мазкур дақиқалар улашган қувончу шодликларга йўғрилган фиклари билан яқиндан танишиш истагида ёш мутахассисларни суҳбатга тортдик.

– Ҳақли равишда бахли дея эътироф этилаётган бугунги битирувчилар қаторида мен ҳам шифокорлик бурчини сидқидилдан, виждонан адо этиш сари дастлабки қадамни қўймоқдаман, – дейди Тошкент тиббиёт академиясининг даволаш иши факультети битирувчиси Мадина Вафоева. – Бунинг учун, аввало, биз ёш кадрларга юксак ишонч билдириб, улкан имкониятлар яратиб бераётган Президентимизга ва Соғлиқни сақлаш вазирлигига миннатдорлик билдираман. Ота-онам, халқимиз ва бизни олий маълумотли шифокор бўлиб етишишимизга ҳисса қўшган профессор-ўқитувчиларимизга бу ишончни, албатта, оқлаймиз деб ваъда бераман.

– Ўқишга илк бор қадам қўйганимизда ҳам қасамёд қабул қилган эдик ва унда ҳам ҳаяжонлангандик, – дейди Тошкент тиббиёт академиясининг тиббий педагогика факультети битирувчиси Шамсиддин Ҳазратов. – Аммо, бу галги касб онтида давлатимиз, Президентимиз, халқимиз ва устозларимизнинг ишонч масъулияти ҳам бор. Мутахассислигим бўйича умумий амалиёт шифокори бўлиб, Чирчиқ шаҳар 2-сонли оилавий поликлиникага ишга қабул қилиндим. Бундан беҳад мамнунман, албатта. Ўтган йиллар давомида олган билимларимни эса аҳоли саломатлигини асраш йўлидаги эзгу мақсадларга йўналтираман. Шу билан бирга, устозларимиз таъкидлаганидек, тиббиёт соҳасида изланиш ва интилишлар бир муддат бўлсада тўхтамайди. Фаолиятимни эса назарий билимларимнинг амалий қисми деб қабул қиламан.

– Мен умумий амалиёт врачи бўлиб, Андижон вилояти Марҳамат тумани 31-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасига йўлланма олдим, – дейди Тошкент педиатрия тиббиёт институти битирувчиси Исомиддин Хонтўраев. – Бириктирилган ҳудудимга бориб жойлашишим ва иш фаолиятимга киришишим учун институтимиз поликлиникаси бош шифокори ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи етакчиси масъул қилиб белгиланди. Мен ҳам ўз ўрнида билдирилган ишончни оқлаган ҳолда бемор саломатлигини тиклашда бор билим ва имкониятларимни аямайман. Ҳаммаси учун давлатимиз раҳбарига, Соғлиқни сақлаш вазирига миннатдорлик билдираман.

Ҳаяжонли дақиқалар ва унутилмас лаҳзаларга бой бўлган тадбирда профессор-ўқитувчилар, талабалар, шунингдек, битирувчиларнинг ота-оналарига ҳам сўз берилди. Ўз навбатида улар узоқни кўзлаб амалга оширилаётган бу ислоҳотлар жамиятимиз учун нақадар зарур эканлигини эътироф этишди. Айтиш керакки, ушбу жараёнлар натижасида Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг 7-курс "Даволаш иши" 49, "Касбий таълим (даволаш иши)" 68, "Педиатрия иши" 290 ҳамда 97 нафар 2-босқич клиник ординатура битирувчилари, Тошкент тиббиёт академиясида таҳсил олган 7-босқич даволаш 245, тиббий педагогика 132, тиббий профилактика 120, ОМХ 89 нафар битирувчилар ҳудудларга кузатилди.

Шунингдек, бундай мазмундаги тадбир жорий йилнинг 11 январь куни Самарқанд давлат тиббиёт институтида ҳам бўлиб ўтди. Институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ва 350 нафар битирувчи ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этган тадбирда 2017-2018 ўқув йилида 7-босқич бакалавриатура ва клиник ординатура битирувчилари шифокорлик қасамёдини қабул қилди. Тадбирда муддатидан аввал дипломга эга бўлган ёш мутахассислар иш билан таъминлангани ҳам билдирилди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, тиббий таълимни комплекс ривожлантириш, шу билан бирга аҳолини тиббий хизматлар билан тўлиқ қамраб олиш ҳамда ҳудудлардаги кадрлар етишмаслигига оид муаммоларни бартараф этишга қаратилган ушбу эзгу фаолиятлар ўзининг ижобий самарасини бериши шубҳасиз. Зеро, ёш мутахассислар тилида янграган касб қасамёди, шунингдек, улар томонидан билдирилган ишонч ва масъулиятни оқлашга берилган самимий ваъдалар фикримиз тасдиғидир. Қолаверса, амалдаги мазкур фаолиятлар битирувчиларнинг амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш, пировардида юқори малакали тиббиёт кадрлари бўлиб етишишига хизмат қилади. Энг муҳими, бу билан жойлардаги тиббиёт муассасаларидаги кадрларга бўлган эҳтиёж жорий йилнинг ўзида 65 фоизга қисқарибгина қолмай, аҳоли репродуктив саломатлиги ва тиббий профилактика ҳолати сезиларли даражада яхшиланади. Шундай экан, мазкур ислоҳотлар самарадорлигини инобатга олиб, биз ҳам ёш мутахассисларга келгусидаги шарафли фаолиятларида улкан муваффақиятлар тилаган ҳолда, ҳар бир бемор қалбига, аввало, ишонч, сўнг дардига шифо улашиш йўлидаги ўз бурчини фидойиларча адо этишига ишонамиз.

Ҳасан АБДУҒАНИЕВ.

Суратлар муаллифи Акром АБДУЛЛАЕВ.

№ 2, 12.01.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.