Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Ислоҳот одимлари

ИНСОН САЛОМАТЛИГИ ВА МАНФААТЛАРИ ҲАР НАРСАДАН УСТУН

Аҳмадали МАМАДАЛИЕВ, Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи: – Мустақиллик йилларида мамлакатимизда соғлиқни сақлаш муассасалари моддий-техник базасини ривожлантириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, бирламчи тиббиёт тизимини янада яхшилашга алоҳида эътибор бериб келинмоқда. Шунингдек, кейинги пайтда илмий асосланган шошилинч тиббий ёрдамни такомиллаштириш, сифатли ва арзон дори-дармон воситалари билан таъминлаш масаласига долзарб вазифа сифатида қараляпти. Айниқса, бу борада 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналишлари бўйича "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастури доирасида амалга оширилажак ишлар аниқ белгилаб берилди.

Шифокору ҳамшираларнинг фидокорона фаолияти туфайли юртдошларимизнинг умумий касалланиш даражаси аввалги йилларга нисбатан кескин камайди. Жумладан, замонавий тиббий аппаратуралар ёрдамида эрта ҳамда аниқ ташхислаш натижасида ижтимоий аҳамиятга эга ва юқумли хасталикларнинг пасайиши борасида ҳам ижобий кўрсаткичларга эришилди. Энг асосийси, Андижонда умумий яшаш кўрсаткичи 73,6 ёшга етди. Жумладан, аёлларнинг ўртача умри 76, эркакларники эса 71,2 ёшни ташкил этди.

Президентимизнинг 2017 йил 29 мартдаги "Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янда такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори бўйича вилоятда 312 та қишлоқ врачлик пунктидан 160 таси мақбуллаштирилди. Улар негизида 67 та қишлоқ оилавий поликлиникаси, 67 та тез тиббий ёрдам шохобчаси ташкил этилди. Барчаси замон талабларига мос тарзда жиҳозланди. Натижада, халқимизга малакали ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида иш вақтлари эрталабки соат 8 дан кечки 20 гача белгиланди. Қишлоқ оилавий поликлиникаларида умумий амалиёт шифокори ва ўрта тиббий ходимларидан ташқари, жарроҳ, педиатр, акушер-гинеколог, стоматолог каби мутахассислар фаолияти йўлга қўйилди.

Юртбошимизнинг шу йил 16 мартдаги "Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ҳамда "Шошилинч тиббий ёрдам хизмати фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори соҳа ривожида янги босқични бошлаб берганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ҳар икки ҳужжат ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар кўлами кенг. Жумладан, вилоятимизга 136 та тез тиббий ёрдам машинаси келтирилди. Улардан 17 таси "Nissаn" ва "Hyundai" автомобилларидир. Вилоятдаги даволаш-профилактика муассасалари моддий-техник базасини ривожлантириш бўйича 2017 йилги Инвестиция дастури доирасида шу кунларда 20 та иншоотда қурилиш-реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. Бунинг учун давлат бюджети ҳисобидан 46,7 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бундан ташқари, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг вилоятимизга ташрифи давомида яна олтита объектни янгидан қуриш ва таъмирлаш учун 22 миллиард 500 миллион сўм қўшимча маблағ берилди. Натижада Республика ихтисослаштирилган кардиология ва эндокринология илмий-амалий марказларининг Андижон филиалларини ташкил этишга киришилди. Айни пайтда ҳар иккала муассаса, жумладан, Андижон давлат тиббиёт институтининг клиникаси, вилоят юқумли касалликлар шифохонаси ва тери-таносил касалликлари диспансери, Пахтаобод тумани тиббиёт бирлашмасининг Маданият бўлимида қурилиш-пудрат, мукаммал таъмирлаш ишлари жадал давом эттирилмоқда. Хулоса сифатида айтганда, вилоятимизда аҳоли соғлиғини сақлаш борасидаги зарур шароитлар тобора яхшиланиб бормоқда. Барча шифо аҳли ўз вазифасини сидқидилдан бажариш масъулиятини ҳис этиб меҳнат қилмоқда.

Айни вақтда вилоятимизнинг қарийб 3 миллион аҳолисига 37 та шифохона, 193 та амбулатория-поликлиника муассасалари хизмат кўрсатмоқда. Уларда 6223 нафар шифокор, 26 мингдан ортиқ ҳамшира меҳнат қиляпти. Шу кунгача 51 мингдан ортиқ жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Даволаш-профилактика муассасаларини қайта қуриш ва таъмирлаш учун бу йилги Инвестиция дастури доирасида жами 69 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилди. Дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар, тиббий буюмлар ишлаб чиқариш, доривор ўсимликларни қайта ишлаш, қадоқлаш бўйича 17 та лойиҳани амалга ошириш ишлари олиб борилмоқда. 10 ой давомида "Саломатлик-3" лойиҳаси доирасида 7 миллиард 168 миллион сўмликдан ортиқ тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар келтирилди. Албатта, бу каби эзгу ишлар инсон саломатлиги ва унинг манфаатларига қаратилган экан, бу борада астойдил меҳнат қилиш ҳар биримиз учун катта масъулиятдир.

Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни кириб келаётган Янги йил билан самимий ва қизғин қутлаб, муборакбод этаман. Оилавий хотиржамлик ва мустаҳкам соғлик ёр бўлишини истаб қоламан.

Абдусамат НОРҚОБИЛОВ, Сурхондарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи: – Бошқа ҳудудлардаги сингари жорий йил Сурхондарё вилояти соғлиқни сақлаш тизими учун ҳам том маънодаги ислоҳотлар йили бўлди. Бу жараёнларда бирламчи тиббий-санитария йўналишидан тортиб, аҳолига ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган тармоқлар фаолияти ҳам тубдан такомиллаштирилди.

Жумладан, қишлоқ врачлик пунктларини режага асосан мақбуллаштириш ҳисобига 94 та қишлоқ оилавий поликлиникаси ташкил этилиб, уларнинг 55 тасида тез ёрдам шохобчаси фаолияти йўлга қўйилди. Умуман, айни пайтда вилоят аҳолисига малакали тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун 14 та тез ёрдам станцияси ва 107 та шохобча иш олиб бормоқда. Шунингдек, 1 та перинатал маркази, 14 та туғруқ бўлими аҳоли хизматида. Сурхондарё вилоятидаги 8 та туман тиббиёт бирлашмасида 70 ўринли кардиология, 100 ўринли неврология, 20 ўринли урология, 55 ўринли эндокринология, 25 ўринли травматология ҳамда 15 ўринли ЛОР хизмати ёрдами кўрсатилиши таъминланган умумий 285 ўринга эга 13 та ихтисослаштирилган тиббий бўлим ташкил қилинган. Бундан ташқари, туманлар кесимида яна 6 та худди шундай бўлим 2018 йил 1 апрелига қадар очилиши режалаштирилмоқда.

Шу билан бирга, Президентимизнинг кадрлар салоҳиятини яхшилаш ва бу борада хорижий ҳамкорликларни мустаҳкамлашга оид топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида ҳам изчил ишлар амалга оширилди. Хусусан, Туркия, Англия, Ҳиндистон каби тиббиёти ривожланган давлатлардан 20 нафар мутахассис ташриф буюриб, улар иштирокида мураккаб жарроҳлик амалиётлари бажарилиб, 1 минг 343 та тиббий кўрик ва 13 та маҳорат дарслари ўтказилди. Жумладан, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги мутахассислари томонидан шу йилнинг 30 сентябридан 6 октябригача Термиз шаҳридаги вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида лабтанглай ёриқлари ва куйиш жароҳатлари билан хасталанган болалар ҳамда ўсмирларнинг 140 нафари пластик операция қилинди. 494 нафар бемор тиббий кўрикка қамраб олинди. Таъкидлаш жоизки, бу каби фаолиятлар пойтахтимиздаги Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг малакали ходимлари иштирокида вилоятнинг Сариосиё, Жарқўрғон, Қумқўрғон, Қизириқ, Олтинсой, Шўрчи, Денов, Ангор ва Музробод туманларида ҳам олиб борилди. Халқимизга кўрсатилган ушбу малакали тиббий хизматлар академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия, Ё. Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология ҳамда онкология илмий-амалий тиббиёт марказлари мутахассислари томонидан амалга оширилди. Уларда юртимиз клиникаларида даволанишга эҳтиёжманд бўлган беморлар тўлиқ кўрикдан ўтказилиб, зарурий муолажалар ҳудуднинг ўзида бажарилди. Қолаверса шуни ҳам алоҳида таъкидлаш муҳимки, мамлакатимизнинг марказий клиникаларидан ташриф буюрган юқори малакали шифокорлар кўмагида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Масалан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сурхондарё вилояти филиалида ретроград панкреато холецистография усули орқали ўт йўлларидаги тошларни олиб ташлаш амалиёти кенг йўлга қўйилди. Шунингдек, вилоят онкология диспансерида кўкс оралиғи ва ўпка соҳасидаги ўсмаларда жарроҳлик усули бажарилди. Бундан ташқари, вилоят сил касалликлари диспансерида умуртқа сили касалликларини юқори техологик операция ёрдамида даволаш ишлари олиб борилган бўлса, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида кўкрак қафаси жарроҳлиги амалиётлари йўлга қўйилди. Шу билан бирга, вилоят кўз касалликлари шифохонасида катарактани факоэмульсификация ИОЛ имплантацияси, кичик кесимли ўзи ёпилувчан кесик билан катарактанинг туннель экстракцияси ИОЛ имплантацияси, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида нейрохирургия йўналиши бўйича бош мияда чуқур жойлашган ўсмаларни эрта аниқлаш ва олиб ташлаш каби авваллари маҳаллий мутахассислар фаолиятида бўлмаган амалиётлар ўтказилди ва уларнинг аксарияти доимий йўлга қўйилди.

Олдимизда турган муҳим масалалардан яна бири бу тиббиёт муассасаларимизнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш билан боғлиқ эди. Шу боис, жорий йилнинг сентябрь ойида мазкур муаммоларни ижобий ҳал этиш мақсадида умумий қиймати 2 миллиард 576 миллион 955 минг сўмлик тиббий аппаратура ва жиҳозлар келтирилиб, белгиланган муассасаларга тарқатилди. Хусусан, компьютерли ЭХО-ЭГ, 16 каналли ЭЭГ, кольпоскоп наборлари, мониторли дефибриллятор, отоларингологик ва акушер-гинекологик креслолар шулар жумласидандир. Ўз ўрнида бу натижалар ҳар биримизни қувонтиради, аммо тиббиётдаги муваффақият, ўзгариш ва янгиликлар шиддат билан ривожланаётган бугунги кунда мазкур фаолиятларга маҳлиё бўлиб ўтириш ўринли эмас, албатта. Модомики шундай экан, эндиликда олдимизда турган вазифалар ижроси юзасидан масъулиятни янада кучайтирган ҳолда, амалга оширилган фаолиятлар натижасида халқимиз манфаатини таъминлашга хизмат қилишига эришишдир.

Шу ўринда мамлакатимиз аҳлини яқинлашиб келаётган 2018 йил билан чин дилдан табриклаб, ишларига омад, ўзларига эса узоқ-умр тилайман.

№ 52, 22.12.2017 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.