Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Ислоҳот одимлари

ХАЛҚ БИЛАН МУЛОҚОТ ТИББИЁT РИВОЖИДА МУҲИМ ҚАДАМ

Мана, ҳаётимиздаги яна бир йил ҳам ниҳоялаб бормоқда ва уни ҳақли равишда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизими, қолаверса, тиббиёт ходимлари учун тарихий ҳодисаларга бой бўлди, дейиш мумкин. Боиси, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил бошидан соҳани ривожлантириш ҳамда амалдаги фаолиятларни янада такомиллаштиришга қаратилган эътибори натижасида изчил ислоҳотлар олиб борилди.

Бу борада сўз борганда, аввало, жорий йилнинг ўзида давлатимиз раҳбари раислигида соҳа мутасаддилари билан 6 маротаба ўтказилган йиғилиш, шунингдек, ҳозирга қадар тиббиётга оид қабул қилинган ўттиздан ортиқ қарор ва фармонларни эътироф этиш жоиз. Табиийки, олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар ушбу меъёрий ҳужжатларда белгилаб берилган вазифалар асосида амалга оширилди. Булар – бирламчи тиббий-санитария хизматини яхшилаш, ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни аҳолига янада яқинлаштириш, энг асосийси, кадрлар малакасини ошириш ҳамда бу борада хорижий ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш каби муҳим масалаларни ўз ичига қамраб олган тизимли чора-тадбирлардан иборат бўлди. Қолаверса, Юртбошимиз ҳудудларда амалга оширилган ишлар ва ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш истагида вилоятларга ташрифи давомида, албатта, у ерда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар ҳолати ва сифатига алоҳида эътибор қаратмоқда. Айниқса, ҳудудлардаги қишлоқ врачлик пунктлари, кўп тармоқли клиникаларда бўлиб, тегишли топшириқ ва зарурий кўрсатмалар бериб келаётгани, шу билан бирга, шифокорлар ҳамда беморлар билан бевосита мулоқотда бўлгани кўплаб масалаларни жойларнинг ўзида самарали ҳал этиш имконини берди. Таъкидлаш муҳимки, биринчи навбатда халқимизни арзон, сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, шошилинч тиббий ёрдамни такомиллаштириш, бирламчи тиббиёт тизимини янада яхшилаш, хусусий сектор ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни ривожлантириш, тиббий таълим тизимини замонавий талаблар даражасида ташкил этиш устувор вазифа этиб белгиланди.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, фаолиятлар мобайнида эришилган натижалар нималардан иборат бўлди? Аввало, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини такомиллаштириш мақсадида мавжуд 793 та қишлоқ врачлик пункти негизида янги типдаги қишлоқ оилавий поликлиникалари барпо этилиб, уларда 441 тез тиббий ёрдам шохобчаси ташкил қилинди. Шунингдек, уларга қишлоқ ҳудудида 5 та, Тошкент шаҳри кесимида 10 турдаги тор соҳа мутахассислари жалб қилинди. Бундан ташқари, ихтисослаштирилган тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш бўйича Республика ихтисослаштирилган марказларнинг вилоят филиаллари фаолияти йўлга қўйилмоқда. Хусусан, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Андижон, Наманган, Қашқадарё, Жиззах, Хоразм вилоятларида, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг Навоий, Қашқадарё, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида филиаллари ташкил этилади. Айтиш керакки, улар фаолияти кўзланган натижаларга эришишнинг мустаҳкам пойдеворидир.

Қолаверса, яна бир эзгу ташаббус – жойларнинг ўзида аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказаларининг етакчи ходимлари томонидан ҳудудларда 190 мингдан ортиқ аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилиб, 1 минг 500 дан зиёд юқори технологияли тезкор муолажалар амалга оширилди. Ҳамкорлик шартномалари асосида 350 нафардан кўпроқ чет эллик етакчи мутахассислар ташрифи уюштирилди. Улар иштирокида юқори технологияли операциялардан ташқари 80 дан ортиқ маҳорат дарслари ўтказилди. Ушбу ҳамкорликлар кўламида 250 нафар маҳаллий мутахассисимиз хорижнинг нуфузли клиникаларида ўзаро тажриба алмашиш ва ўз малакасини мустаҳкамлашга муваффақ бўлди. Аҳамиятли жиҳати, соҳанинг бирор бир йўналиши давлатимиз раҳбарининг эътиборидан четда қолгани йўқ. Жумладан, хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятини такомиллаштириш, бунинг учун уларга зарурий имкониятларни яратиб бериш борасида хусусий клиникалар шуғулланиши мумкин бўлган тиббий ихтисослик турлари 50 тадан 126 тага кўпайтирилгани фикримиз тасдиғидир.

Ислоҳотлар самара келтирсагина амалиётга жорий этилади. Зеро, улардан кўзланган натижалар халқимиз манфаатларига хизмат қилмоғи лозим. Тиббиётнинг аксарият жабҳаларида кўрсатилаётган тиббий хизматларга аҳолининг ҳақли эътирозлари ва шулардан келиб чиққан ҳолда фаолиятлар йўлга қўйилгани – бу халқ билан мулоқотнинг энг юксак ифодаси бўлди. Айтиш керакки, ана шу мулоқотлар мобайнида халқимиз билдирилган таклиф ва сўровларнинг Юртбошимиз томонидан алоҳида инобатга олиниши натижасида мамлакатимиз тиббиётида тамоман янги босқич – тана аъзоларини трансплантация қилиш операциясини бажаришга киришилди. Бу борадаги дастлабки амалиёт муваффақиятли амалга оширилди.

Бу нафақат тиббиётимиз, балки том маънода халқимизнинг ҳам ютуғидир. Негаки, айни пайтга қадар мазкур турдаги жарроҳлик амалиётлари учун катта миқдордаги сарф-харажат эвазига хорижга чиқиб келишга тўғри келар эди. Демак, яратилган ушбу имкониятни бемалол давлатимиз раҳбарининг халқимизга бўлган ғамхўрлиги дея оламиз. Очиғи, бу сингари эзгуликлар намунаси ҳисобланадиган мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Хусусан, Инвестиция дастури асосида жойларда қайта реконструкция қилинган ва янгидан барпо этилган тиббиёт муассасалари биноларининг фойдаланишга топширилиши ҳам халқимиз, шифокорларимиз томонидан юксак мамнуният билан қарши олинмоқда. Сирасини айтганда, амалга оширилган фаолиятлар замирида эътироф этишга арзигулик натижалар йўқ эмас, албатта. Лекин олдимизда турган вазифалар бундан ҳам муҳим ва улар ижросининг таъминланиши аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлаш, бунинг баробарида турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Шу маънода келгусида олдимизда турган долзарб вазифаларга эътибор қаратар эканмиз, биринчи навбатда оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишни кучайтириш, бу борада патронаж хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг ҳар бир хонадонга аниқ манзил асосида кириб боришини таъминлаш, белгиланган фаолиятларни якунлаш ва кадрлар тайёрлаш масаласи турибди. Бунинг учун тиббиёт олий ўқув юртларида таҳсил олаётган битирувчи талабаларнинг ҳудудлар тақсимотини режалаштириш, ўз ўрнида шу йўл билан жойларда мутахассислар етишмовчилиги билан боғлиқ муаммоларни изчил бартараф этиш режалаштирилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимиз тиббиётига кириб келаётган ва жорий этилаётган янгилик ҳамда ислоҳотлар аҳоли саломатлигини асраш, бу орқали одамлар турмуш фаровонлигини яхшилашдек эзгу мақсадларга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Зеро, инсон саломатлиги – бебаҳо бойлик. Истагимиз ана шу бойлик яқинлашиб келаётган янги йилда ҳам доимий ҳамроҳингиз бўлсин.

Алишер ШАДМАНОВ, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири.

№ 52, 22.12.2017 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.