Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Ислоҳот одимлари

ФАОЛИЯТЛАРДА ИСЛОҲОТЛАР САМАРАСИ: ТАҲЛИЛ ВА НАТИЖА

Шу йилнинг 12 декабрь куни пойтахтимизда шошилинч тиббий ёрдамни ташкил қилишнинг долзарб масалаларига бағишланган илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва Ўзбекистон шошилинч тиббий ёрдам врачлари ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда маҳаллий ҳамда хорижлик мутахассислар иштирок этди.

Анжуманни Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Абдуҳаким Хаджибаев кириш сўзи билан очиб, ўтган қисқа фурсат мобайнида тизимдаги мавжуд ҳолат, хусусан, тез тиббий ёрдам хизмати самарадорлигини ошириш, сифат даражасини яхшилаш, соҳадаги илмий изланишлар кўламини кенгайтириш, халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш юзасидан олиб борилган ишлар тўғрисида сўз юритди. Айниқса, бу борада давлатимиз раҳбарининг "Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ҳамда "Шошилинч тиббий ёрдамнинг фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори муҳим дастурил-амал бўлаётганига алоҳида тўхталиб ўтди.

Нуфузли анжуман аввалида тиббиёт фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази асосчиси ва биринчи директори Восит Воҳидов ҳамда тиббиёт фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган шифокор ва фан арбоби, Беруний номидаги Давлат мукофоти лауреати, Ўзбекистон Фанлар академияси ва Россия тиббиёт фанлари академияси академиги Уктам Ариповларнинг ёрқин хотираси ёдга олинди.

Айтиш муҳимки, давлатимиз томонидан қабул қилинган меъёрий ҳужжатларда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилди. Жумладан, биргина кадрлар салоҳиятини яхшилаш мақсадида жорий йил мобайнида 50 нафардан зиёд мамлакатимиз мутахассислари АҚШ, Россия, Япония, Корея, Туркия ҳамда Европанинг бир қатор ривожланган давлатларининг нуфузли клиникаларида малакасини мустаҳкамлашга муваффақ бўлди. Бундан ташқари, чет эллик етакчи мутахассислар иштирокида тизимдаги долзарб масалаларни ўз ичига қамраб олган мавзулар доирасида маҳорат дарслари ўтказилди. Уларда тизимда фаолият юритаётган 600 нафардан ортиқ ходимнинг иштироки таъминланди. Ислоҳотлар, зарурий фаолиятлар бесамар кетгани йўқ, албатта. Жумладан, жорий йил бошидан ҳозирга қадар 200 мингдан ортиқ стационар жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, 1 миллион нафардан зиёд беморга амбулатор ёрдам берилган бўлса, 6 миллиондан кўпроқ чақириққа малакали хизмат кўрсатилди.

Елена БОРИСОВА,

Республика шошилинч тиббий ёрдам

илмий маркази бош директор ўринбосари:

– Йил давомида марказнинг шошилинч кардиология бўлимида 2 ярим мингдан ортиқ юқори технологияли мураккаб операциялар муваффақиятли бажарилди. Хусусан, юрак ишемик касалликларини даволашда дунё миқёсида тан олинган – аорта-коронар шунтлаш, юрак клапанларини алмаштириш, коронар томирларни стентлаш, бир ва икки камерали электрокардиостимулятор ўрнатиш, митрал клапанни баллон ёрдамида кенгайтириш амалиётларини мисол қилиб олиш мумкин. Бундай ҳолатларда тезкор ташхислаш ва даволашга тўғри йўналтириш муҳим бўлгани учун клиник жараёнларга эндоскопик, эндоваскуляр аралашувлар, интервенцион кардиология усулларини қўллаган ҳолда мультислайс компьютер томографияси, ультратовушли допплерография сингари юқори технологик даволаш-ташхис воситаларидан кенг фойдаланиб келинмоқда.

Дониёр АЛИМОВ,

Республика шошилинч тиббий ёрдам

илмий маркази бош директор ўринбосари:

– Тиббиёт соҳаси тизимдаги долзарб масалалар, шу жумладан, тез тиббий ёрдам хизматини яхшилаш, бу борадаги самарадорликни ошириш бугунги кунда Президентимизнинг асосий эътиборидаги масалалардан биридир. Буни ҳозирга қадар тизимга оид қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Уларда белгиланган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жумладан, жорий йилда 1200 дан ортиқ автотранспорт барча вилоятлардаги эҳтиёжманд ҳудудларга етказилди. Бундан ташқари, дори-дармон воситалари билан боғлиқ муаммолар сезиларли даражада яхшиланди. Айни пайтда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудлардаги филиаллари томонидан аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиб келинмоқда. Таъкидлаш жоизки, шу вақтга қадар 172 та аҳоли яшаш пунктларидаги туман тиббиёт бирлашмаларида ҳам шошилинч ёрдам хизмати йўлга қўйилган. Хусусан, уларга ажратиладиган маблағлар миқдори икки баробарга оширилди. Шунингдек, энг асосийси муассасамизга илмий марказ мақоми берилгани бўлди. Бу ўз ўрнида кенг имкониятларни яратиб берди. Масалан, тиббиёти ривожланган етакчи давлатлар клиникалари билан ҳамкорликлар йўлга қўйилди. Бунинг баробарида ёш мутахассисларимиз хорижий давлатларда малакасини ошириш имконига эга бўлмоқда. Шу билан бирга, халқаро анжуманларда иштироки таъминланмоқда. Бугунги конференция ҳам шошилинч тиббий ёрдамнинг долзарб масалаларига бағишланганлиги ва дунёнинг 25 дан ортиқ мамлакатидан ташриф буюрган чет эллик мутахассислар қатнашуви билан аҳамиятли ҳисобланади. Табиийки, бу ерда ўзлаштирилган билимлар келгусида амалдаги фаолиятларда қўл келади, деб ўйлайман.

Гурбанхан МУСЛИМОВ,

профессор, Озарбайжон:

– Бугун янги технологиялар дунёни шу даражада қамраб олдики, бу жараён тиббиёт соҳасини ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Бу эса тизимда деярли ҳар куни қандайдир янгилик яратилишига асос бўлмоқда. Яъни, тиббиёт ҳар соатда изланиш, интилишни талаб этмоқда. Юртингизга бешинчи маротаба келишим ва мамлакатингизда соғлиқни сақлаш, айниқса, шошилинч тиббий ёрдам хизмати йилдан-йилга ривожланаётганининг гувоҳи бўлиб турибман. Анжуман доирасида танишиб чиққанимдек, чекка ҳудудларда қишлоқ оилавий поликлиникалари ташкил этилиши ҳамда уларга ҳам алоҳида тез тиббий ёрдам хизмат машиналари ажратилгани бу янги амалиёт. Бир сўз билан айтганда натижа ҳам тубдан ўзгарган. Бундай янгилик ва ўзгаришларни ўзаро тажрибалар мисолида алмашишда эса мазкур конференция каби учрашувлар муҳим аҳамият касб этади. Афзаллик жиҳатларига тўхталганда шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, тадбир доирасида ўтказиладиган ўқув-семинарлари ва жарроҳлик амалиётлари соҳа мутахассисларининг келгуси фаолиятида қўл келади. Хусусан, бугунги анжумандаги иштироким мобайнида ўзим учун қизиқарли янгилик ва бой кўникмаларга эга бўлдим.

Мажид КЕНЖАЕВ,

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий

маркази Бухоро вилояти филиали директори:

– Соҳага қаратилаётган эътибордан кўзланган энг асосий мақсад бу шошилинч тиббий ёрдам хизматини халқимизга янада яқинлаштиришдан иборат эди. Бу борада амалга оширилган ишлардан бири республика миқёсдаги мутахассисларнинг вилоятлардаги муассасаларга юборилиши бўлди. Айтиш керакки, ушбу амалиёт бугунги кунда ўз натижасини кўрсатмоқда. Буни биргина Бухоро вилояти мисолида олиб қарайдиган бўлсак, айни пайтда ҳудудда ҳозирга қадар амалга оширилмаган мураккаб жарроҳлик амалиётлари бажарилиши йўлга қўйилди. Хусусан, юрак фаолияти кескин сусайганда вақтинчалик ва доимий электрокардиостимулятор қўйиш каби жарроҳлик усуллари бажарилди. Бундан ташқари, шошилинч хизматнинг қишлоқ оилавий поликлиникаларида туну кун фаолият юритиши бу халқимизга ушбу хизмат турини яна бир қадам яқинлаштирди, десак муболаға бўлмайди.

Конференцияда жигар, ошқозон ости бези ўт пуфаги йўллари жароҳатланганда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш, ташхислаш, даволаш стандартларида мини инвазив ва юқори технологик амалиётларнинг аҳамияти сингари мавзулар муҳокама қилинди. Анжуман доирасида ёш олимлар танлови, шунингдек, асоратланган ўт-тош касаллигида лапароскопик холецистэктомия, интраоперацион холангиография, антеград папиллосфинктеротомия, дуоденоскопия, ретроград литоэкстракция ҳамда жигарнинг лапароскопик усулда атипик резекцияси каби жарроҳлик амалиётлари ва маҳорат дарслари ҳам ўтказилди.

Хулоса шуки, олдинда амалга оширилиши шарт ва зарур чора-тадбирлар режасига киритилган ишлар кўп бўлсада, мамлакатимиз тиббиёти тараққиётига давлатимиз томонидан қаратилаётган эътибор ҳамда унинг замирида олиб борилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бераётганлигини кўришимиз мумкин. Зеро, буни амалдаги фаолиятлар ҳам исботлаб турибди.

Ҳасан АБДУҒАНИЕВ.

№ 51, 15.12.2017 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.