Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Ислоҳот одимлари

НОЁБ ИСТЕЪДОД ЭГАСИГА ЭҲТИРОМ

Жорий йилнинг 13 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида тиббиёт фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази асосчиси ва биринчи директори Восит Воҳидов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган "Воҳидов ўқишлари – 2017" "Хирургиядаги янгиликлар" мавзусига бағишланган республика илмий-амалий анжумани ўтказилди.

Тадбирни академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази директори, профессор Феруз Назиров кириш сўзи билан очиб, аввало, мамлакатимизда хирургия мактабини яратган, ўзининг ноёб истеъдоди ва эзгу фазилатлари билан қанчадан-қанча беморларга нажот бахш этган ҳамда эл назарига тушган устози, академик, машҳур жарроҳ ва фидойи инсон Восит Воҳидовнинг ҳаёти ва фаолияти хусусида тўхталиб, шогирд сифатида ўзининг дил сўзларини билдириб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти, академик Б. Юлдашев шогирдларнинг севимли устози, академик Восит Воҳидов ҳақида гапирар экан, катта маҳорат эгаси, истеъдод бобида салоҳиятли, моҳир ташкилотчи, республика хирургия тизими ривожига катта ҳисса қўшганлиги, шогирдлари унинг изидан бориб, ўзлари ҳам ўнлаб олимларни тарбия қилиб, бу ишларни давом эттираётганликлари ва айни пайтда устоз яратган жарроҳлик мактаби юксалиб бораётганлигини эътироф этди.

Оқил САЛИМОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, академик:

– Дунёда шундай инсонлар борки, уларнинг қалбида фақат эзгу фазилатлар мужассам бўлиб, ўзи орзу қилган касбида шижоат билан ишлаш – олижаноблик ҳисобланади. Ана шундайлардан бири академик Восит Воҳидов ўзининг самимийлиги, фидойилиги ва ноёб қобилияти билан тиббиёт тарихида ўчмас из қолдирди. Бундан бир неча йиллар аввал бетоб бўлганимда Восит Воҳидов жарроҳлик амалиётларини муваффақиятли ўтказиб, мени яна соғлом ҳаётга қайтарди. Унинг шифокорларга хос фазилати, илиқ муомаласи ҳамон ёдимдан кўтарилгани йўқ. Мана, бугунги анжуманда машҳур хирург сиймосига битилган эътирофли фикрлар ҳар бир инсон қалбидан чиққан айни ҳақиқатдир. Бир сўз билан айтганда, бундай ноёб истеъдод эгасининг бой мероси нафақат Ўзбекистон тиббиёти, балки дунё ҳамжамиятида ҳам ўз ўрнига эга бўлиб бораверади.

Зайниддин НИЗАМХОДЖАЕВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони, Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият

ва спорт масалалари қўмитаси раиси:

– Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак, қанчадан-қанчадан ота-боболаримиз ибратли ҳаёт ва фаолият йўлларидан ўчмас из қолдирганлар. Қайси бир давлатга бормайлик, серқуёш Ўзбекистонимиз, қолаверса, буюк алломаларимизни илиқлик билан тилга олишганининг гувоҳи бўламиз. Қомусий олим Абу Али ибн Синонинг тиббиётдаги илмини бутун дунё тан олганлигини алоҳида эътироф этиш керак. Буюк бобокалонимизнинг бой меросини давом эттириб келаётган юртимиз тиббиёт ходимларининг соҳадаги ютуқлари дунё ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлганлиги, бу Ўзбекистон тиббиётининг нуфузи, мавқеини белгилаб беради. Бугунги илмий-амалий анжуманда устозимиз, академик Восит Воҳидовнинг шаънига битилган илиқ фикрларни эшитар экансиз, тиббиётнинг бу каби ноёб инсонлари соғлиқни сақлаш тизимига тамал тоши қўйиб, хирургия мактабини яратганликларини фахр билан тилга олсак арзийди. Бугунги кунгача ҳар бир эришган муваффақиятларим замирида Восит Воҳидовнинг сиймосини кўраман. Айниқса, мамлакатимиз хирурглари учун анъанага айланган "Воҳидов ўқишлари"нинг давомийлиги хирургия соҳасидаги замонавий ёндашувларда ўз аксини топмоқда. Тадбир доирасида кенг қамраб олинган долзарб мавзулардаги маърузалар соҳа тараққиётини юксалтириш билан бирга, етук, ёш мутахассислар учун катта мактаб вазифасини ўтади, десам хато бўлмайди.

Сўнгра Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев сўзга чиқиб, мамлакатимиз тиббиёт тизимида шиддат билан олиб борилаётган ишларга эътибор қаратар экан, аҳоли саломатлигини янада яхшилаш ҳамда сифатли тиббий хизмат кўрсатишда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан берилаётган таклиф ва ташаббуслар бугунга келиб босқичма-босқич амалга ошаётганлигини таъкидлади. Шунингдек, соҳада эришилаётган ютуқлар ва истиқболдаги режаларга ҳам атрофлича урғу берди. Шу ўринда марказда бўлиб ўтган тадбирнинг асосчиси, академик Восит Воҳидов фаолиятини тилга олар экан, юртимиз тиббиётида ўчмас из қолдирган, шу билан бирга, кўплаб шогирдлар етиштирган ажойиб инсон ҳақида фахр билан гапириб, шу инсондек ташаббускор ва меҳнаткаш, бурчга содиқ, халқи учун ҳар нарсага тайёр, зукко, билимдон ҳамда оилапарвар устознинг ҳаёт йўли тўғрисида илиқ фикрларини билдириб ўтди.

Анжуман давомида иштирокчиларга академик Восит Воҳидовнинг 100 йиллиги, яъни фаолияти давомида олиб борган ишлари, оила ва жамоа даврасидаги суҳбатлари акс эттирилган видеолавҳалар намойиш этилди.

Суратда: академик Восит Воҳидов нуфузли анжуманда ҳамкасблари билан бирга (1965 йил).

Феруз НАЗИРОВ,

академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази директори, профессор:

– Эътироф этишим жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев барча соҳалар қатори соғлиқни сақлаш тизимига жиддий эътибор қаратаётганликлари бежиз эмас. Чунки тиббиёт дақиқа сайин изланишни талаб қилувчи фан ҳисобланади. Буюк аллома, тиббиёт мактабини яратиб кетган даҳо Абу Али инб Сино шундай деган эди: "Тиббиётнинг олий мақсади – инсон саломатлигига эришишдир". Шундай экан, ушбу ибора ҳар бир шифокор учун шиор бўлиб хизмат қилмоқда. Бугунги кунда қайси бир тиббиёт масканида бўлмайлик, уларнинг янгича қиёфа кашф этганлиги, замонавий аппаратуралар ҳамда малакали кадрлар билан таъминланганлигини кўрамиз. Жумладан, марказимиздаги фаолиятлар ҳам хорижий давлатлардаги етакчи килиникалардан қолишмайди. 2006 йилда илк бор Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманида сиам эгизаклари дунёга келди. Уларни бир-биридан ажратиш бўйича хирургик амалиёт ўтказилиши зарур эди. Ушбу мураккаб жарроҳлик операцияси марказимизнинг малакали мутахассислари билан 16 соат давомида муваффақиятли амалга оширилди. Албатта, бу каби мураккаб операция Ўзбекистон тиббиётининг ютуғи, деб биламан. Бундан ташқари, хирургия йўналишидаги кардиология, кўкрак қафаси ва қон-томир ҳамда абдоминал хирургия йўналишидаги ноёб операцияларнинг самарали ўтказилаётганлиги ҳам яна бир ютуғимиздир. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 октябрдаги "Яқин қариндошлар орасида буйрак ва (ёки) жигар бўлагининг трансплантация қилиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик Низомини тасдиқлаш ҳақида"ги 859-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида марказимизда буйрак аъзосини кўчириб ўтказиш амалиётини муваффақиятли бажардик. Яқин кунларда жигар аъзосини ҳам трансплантация қилиш операциясини ўтказиш режалаштирилган. Бугунги бўлиб ўтган анжуманда ҳам марказимиз эришаётган ютуқлар ҳамда истиқболдаги режалар хусусида келишиб олинди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов 2005 йилни – Ҳомийлар ва шифокорлар йили деб эълон қилиб, шифокорларимиз шаънига қуйидаги эътирофли фикрларни билдирган эдилар: "... Энг катта бойлиги жондан азиз боласи, жигарбанди бўлган бечора бир аёл, муштипар онани кўз олдимизга келтирайлик. У кўзининг оқу қораси бўлмиш фарзандига шифо тилаб, керак бўлса, нажот сўраб шифокорнинг олдига келади. Шифокор эса ўз бурчини бажариб, шу болани даволар экан, ўзининг беғараз ва самимий хизмати, фидойилиги билан нафақат ўша мурғак гўдакка, балки онанинг безовта қалбига ҳам шифо беради. Ва шу тариқа дунёда ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайдиган олижаноблик ва инсонийлик фазилатларини намоён этади. Ҳеч шубҳасиз, юраги ва қалби тоза, ўзгалар учун фидо бўлиб яшашни ўзининг ҳаётий эътиқодига айлантирган одамгина бундай савобли ишларга қодир бўлади. Бугунги кунда орамизда ана шундай эътиқод билан яшаётган минг-минглаб жонкуяр шифокорлар, етук жарроҳлар, моҳир кардиологлар, терапевт ва педиатрлар, заҳматкаш ҳамширалар меҳнат қилмоқда. Кундалик ҳаётимизда, барчамизнинг соғ-саломат бўлиб юришимизда айнан шундай ўз касбига садоқатли, профессионал тиббиёт ходимларининг ўрни ва аҳамияти беқиёс эканини ҳаммамиз яхши тушунамиз. Лекин ўзингиз айтинг, азиз дўстлар, биродарлар, шундай фидойи одамларни қадрлаш, уларнинг машаққатли, оғир ва масъулиятли меҳнатини ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан муносиб баҳолаш ва рағбатлантиришга биз етарли эътибор бераяпмизми? Аммо машаққатли меҳнати бошқа соҳа вакиллариникидан асло кам бўлмаган шифокорларга – Ибн Сино бобомизни ҳисобга олмаганда бирорта ҳайкал қўйилганлигини эслай оламизми? Бинобарин, нафақат давлатимиз ва жамиятимиз, балки барчамиз тиббиёт ходимлари олдида ҳали қарздор эканимизни унутмаслигимизни истардим".

Зеро, Биринчи Президентимиз юқоридаги пурмаъно фикрлар қаторида хирурглар меҳнатига ҳам катта баҳо бериб, шундай деган эдилар: "Мен бу касб эгаларининг машаққатли меҳнатига тан бераман. Чунки 7-8 соатлаб тик оёқда туриб, мураккаб операция жараёнларини амалга ошириб, синчковлик ва ҳушёрлик билан касб маҳоратини ишга солиб, беморга ҳаёт бахш этишнинг ўзи бўладими?" Ҳа, мана шундай илиқ фикрлар Ўзбекистон тиббиётида қуёш каби порлаб, хирургия мактабига асос эътирофлар солган инсон шаънига айтилган десак, муболаға бўлмайди. Анжуманнинг ҳамоҳанглиги шунда бўлдики, моҳир жарроҳ билан кўп йиллар давомида дўст, ҳамкасб ва қадрдон сифатида фаолият юритган инсонлар ҳам сўзга чиқиб, академик Восит Воҳидов сиймосига чизги бердилар. Айниқса, академик Турғунпўлат Даминов ноёб истеъдод эгасини ҳар томонлама интеллектуал, Оллоҳ назари тушган ва ўз касбининг моҳир устаси, қолаверса, "етти ўлчаб, бир кесади"ган ҳамда эзгу фазилатларга бой эканлигини гапириб ўтди. Бунинг баробарида, фаолият даврида қандай ёрдам керак бўлса, ҳеч қачон йўқ демасдан, беминнат хизмат кўрсатишлари, шу билан бирга, оилада вафоли ёр, фарзандларга меҳрибон ота ва набираларга севимли буважон бўлганлигини қалб тубидаги илиқ сўзлари билан тилга олди. Шунингдек, бир неча йиллардан буён анъанага айланган "Воҳидов ўқишлари"нинг мамлакатимиз миқёсида ўтказиб келинаётганлиги, бунда, албатта, устознинг шогирди, профессор Феруз Назировнинг алоҳида ўрни борлигини эътироф этди. Тадбирга янада файз бағишлаган Ўзбекистон халқ артисти Теша Мўминов буюк алломалар юрти бўлган жаннатмонанд диёримиздан етишиб чиққан қанчадан-қанча тарихий шахсларга битилган шеърий мисраларни келтирар экан, улар қаторида академик Восит Воҳидовдек дунё таниган инсонлар олдида қанчалар бош эгсак ва таҳсинлар ўқисакда, камлик қилади, дея ўзининг чиқиши билан иштирокчилар эътиборини тортди.

Самимий инсон Восит Воҳидовнинг севимли шогирди, профессор Феруз Назировнинг хотирлашича, устози тиббиёт қаторида маданият ва санъатга иштиёқманд бўлиб, мумтоз наволарни ёқтирар, айниқса, Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева қўшиқларини севиб тинглар экан. Қарангки, ушбу тадбирда Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиеванинг дилтортар қўшиқлари янграб, устоз хотираси улуғланди.

Шоир айтганидек, дунёда ҳамма нарса унутилиши мумкин, аммо яхши сўз, яхши амал унутилмайди, инсонлар қалбида мангу яшайди. Дарҳақиқат, эзгу фазилат эгаси академик Восит Воҳидовнинг ҳаёт ва фаолият йўлини қанчалик ёритсакда озлик қилади...

Анжуман доирасидан ўрин олган абдоминал хирургия, кўкрак қафаси ва қон-томир хирургияси, кардиохирургия бўйича профессор-олимлар томонидан маърузалар олиб борилди. Соҳанинг долзарб жиҳатларига эътибор қаратилди. Айниқса, академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва вилоят филиаллари, Андижон, Самарқанд ва Бухоро давлат тиббиёт институтлари, Тошкент педиатрия институти олим ва профессорлари томонидан абдоминал хирургияга тааллуқли бўлган "Гепатопанкреатобилиар хирургияда илғор технологиялар", "Ўзбекистонда портал гипертензия хирургияси мактабининг шаклланиши", "Академик В. Воҳидов номидаги ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказида эндовизуал хирургиянинг ривожланиши", "Ўзбекистонда қизил-ўнгачда бажариладиган реконструктив тиклаш операцияларининг эволюцияси", шунингдек, кўкрак қафаси ва юрак қон-томир хирургияси бўйича "Икки томонлама ўпка эхиноккокозида хирургик тактика", "Ўзбекистон Республикасида қариндош буйрак трансплантациясининг бевосита натижалари" ҳамда кардиохирургия йўналишидаги "Туғма юрак нуқсонлари хирургияси бўлими муваффақиятлари ва перспективаси", "Юрак қон-томир патологияси бор беморларни даволашда рентген эндоваскуляр хирургия" каби мавзулардаги ушбу маърузалар тадбирда иштирок этган ёш, етук ҳамда изланувчан олимлар учун катта мактаб вазифасини ўтади десак, муболаға бўлмайди.

Тадбир доирасида ўз нуфузига эга бўлган академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг ўтмиши ва бугунги фаолиятига бағишланган видеороликнинг намойиш этилиши Ўзбекистон хирургиясининг нималарга қодир эканлигини яққол кўрсатди. Юқоридагилардан хулоса қиладиган бўлсак, академик Восит Воҳидов яратиб кетган хирургия мактаби равнақ топаётганлигини кўрамиз. Шундай экан, устознинг ёрқин хотираси қалбларда мангу яшайди.

Ибодат СОАТОВА.

№ 51, 15.12.2017 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.