Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Ислоҳот одимлари

ШОШИЛИНЧ ТИББИЙ ЁРДАМ ФАОЛИЯТИДА ХАЛҚАРО ТАЖРИБАЛАР

Мамлакатимиз тиббиёт тизимида давлатимиз раҳбарининг соҳага оид қарор ва фармонлари асосида тизимли ишлар йўлга қўйилмоқда. Хусусан, кадрлар салоҳиятини ошириш, бу борада халқаро ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш, хорижий мутахассислар иштирокида мураккаб жарроҳлик амалиётлари бажарилиб, маҳорат дарслари ташкил этилмоқда.

Айтиш керакки, мазкур фаолиятлар бугунги кунда соғлиқни сақлаш соҳасининг барча йўналишларида йўлга қўйилмоқда. Жараёнлар замирида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, энг муҳими, кўрсатилаётган тиббий хизматларда халқ розилигига эришишдир. Фаолиятлар эса республикамизнинг турли тиббиёт муассасаларида олиб борилмоқда. Жумладан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар фикримиз тасдиғидир. Аҳамиятлиси, мазкур фаолиятлар бемор шифокорга эмас, шифокор беморга йўналиши асосида ўтказилмоқда.

– Марказимизда хорижлик мутахассислар иштирокидаги беморларга жойида юқори малакали шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштириш мақсадида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, – дейди травматология бўлими бошлиғи Равшан Ҳакимов. – Бугун ҳам Польша ва Италия давлатларидан ташриф буюрган профессорлар томонидан, тизза бўғими артрозида эндопротезлаш ва чаноқ сон бўғимида сон бўйинчаси синиши билан боғлиқ операция жараёнлари амалга оширилмоқда. Мазкур мутахассислар кўмагида 6 та жарроҳлик амалиёти ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, улар бирин-кетин муваффақиятли якунланмоқда. Беморларнинг аҳволи яхши. Операциялар тезкор, замонавий ва янгича ёндашувлар асосида бажарилмоқда. Масалан, жарроҳликни олдинги кесим орқали амалга ошириш амалиёти ўзлаштирилмоқда. Айтиш керакки, мазкур усул тикланиш жараёнини тезлаштиради, натижада бемор ҳам эртароқ оёққа туради. Бундан ташқари, профессорлар иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилиб, травматологик шикастланишларда шошилинч ёрдам кўрсатиш амалиётининг замонавий кўриниши каби мавзуларда маърузалар тингланади. Бу фаолиятлар эса ходимларимиз малакасини ошириш ва ўзаро тажриба алмашиш имконини бериши билан аҳамиятлидир.

Пьер Жоржио Вазино,

травматолог-ортопед,

профессор (Италия):

– Бу менинг давлатингизга иккинчи бор ташрифим. Кузатишларим асосида айтишим мумкинки, Президентингиз томонидан соҳага қаратилаётган эътибор натижасида мамлакатингиз тиббиёти ривожланиб, мутахассислар тажрибаси ортиб бормоқда. Бу гал жарроҳлик амалиётларининг замонавий усуллари, яъни травматологик жароҳат олган беморларда шошилинч эндопротезлаштириш малакасини ўзлаштириш ташаббуси билан чиқишди. Биз бу таклифни қўллаб-қувватладик. Сабаби, мазкур операция тури, айниқса, шошилинч тиббий ёрдам хизмати фаолиятида муҳим аҳамият касб этади. Эътиборли жиҳати, ушбу амалиётни нафақат ёш беморларда, балки кексаларда ҳам қўллаш мумкин. Қолаверса, бу жараёнлар мамлакатларимиз тиббиёти ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга ҳам муносиб ҳисса қўшади.

Дарҳақиқат, мазкур фаолиятларда ислоҳот ислоҳот учун эмас, аввало, инсон манфаатларига хизмат қилиши лозим деган фикр ўз ифодасини топмоқда. Шундай экан, аҳоли саломатлигини асраш, бу орқали жамият фаровонлигини таъминлаш ана шундай ислоҳотлар мисолида намоён бўлмоқда. Бундай эзгу ишларнинг бардавомлигидан эса мамлакатимиз тиббиёт тизими ривожланиб, натижада ҳар қандай мураккаб жарроҳлик амалиётлари учун ҳам хорижга чиқишга ҳожат қолмайди.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, хорижлик мутахассислар иштирокидаги бу каби жарроҳлик амалиётлари Тошкент тиббиёт академияси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг марказий госпитали ва бир қатор вилоятларда ўтказилиши режалаштирилган.

Ҳасан АБДУҒАНИЕВ.

№ 37, 08.09.2017 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.