Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Ислоҳот одимлари

СОҲАДАГИ ДОЛЗАРБ МАВЗУЛАР МУТАХАССИСЛАР НИГОҲИДА

Аҳоли саломатлиги, юрт фаровонлиги, жамият тараққиёти – маълумки, мазкур мақсадлар рўёбига эришишда тиббиёт тизимининг ўрни алоҳида аҳамият касб этади. Шу маънода, мамлакатимизда истиқлол йилларида соғлиқни сақлаш соҳасида туб ислоҳотлар амалга оширилди. Эришилган муваффақиятлар салмоғи эса эътирофга арзигулик. Эътиборлиси, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида олиб борилаётган оқилона сиёсат натижасида ушбу ислоҳотлар кўлами янада кенгайтирилиб, соҳа фаолияти замонавий босқичга олиб чиқилмоқда.

Хусусан, Президентимизнинг жорий йил 20 июнда қабул қилган "Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017-2021 йилларда ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори ва унинг ижросини таъминлаш мақсадида йўлга қўйилган тизимли ишлар фикримиз тасдиғидир. Айтиш жоизки, мазкур фаолиятлар натижасида ихтисослашган тиббий хизматларни аҳолига янада яқинлаштириш, марказлар томонидан касалликларнинг олдини олишга қаратилган ишлар кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилмоқда. Шуни ҳам таъкидлаш муҳимки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 июлда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасида 2017-2021 йилларда дерматовенерология хизматини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар кўламини янада кенгайтиришга асос бўлди. Унга кўра, барча дерматовенерология хизмати ташкилотларини юқори технологияли тиббий жиҳозлар билан таъминлаш, малакали мутахассис кадрларни тайёрлаш бўйича илмий мактаблар ташкил қилиш билан бирга, амалиётга илмнинг янги ютуқларини татбиқ этиш белгилаб берилди. Кўрсатиб ўтилган вазифалар босқичма-босқич тарзда амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан, Жорий йилнинг 7 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венерология илмий-амалий тиббиёт маркази ва Ўзбекистон дерматовенерологлар ассоциацияси томонидан ташкил этилган Ўзбекистон дерматологларининг VII қурултойи фаолияти тўғрисида ана шундай дейиш мумкин. Россия, Германия, Жанубий Корея, Исроил ва Украина сингари тиббиёти ривожланган қатор давлатларнинг етакчи мутахассислари иштирок этган халқаро анжуманни Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Абдуҳаким Хаджибаев кириш сўзи билан очиб, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш, хусусан, дерматовенерология соҳасида олиб борилаётган изчил ислоҳотларга атрофлича тўхталиб ўтди. Шундан сўнг, хорижий мутахассислар ташкил этилган анжуман моҳияти ва ундаги иштироки учун тадбир ташкилотчиларига ўз миннатдорликларини билдиришди.

Тадбирда таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимиздаги 39 та тери-таносил диспансерида 1000 нафардан ортиқ дерматовенеролог томонидан аҳолига турли йўналишдаги амбулатор ва стационар тиббий хизматлар кўрсатилмоқда. Бундан ташқари, тиббиёт билим юртларидаги 7 та тери-таносил касалликлари кафедрасида малакали ёш кадрлар тайёрланмоқда.

Шарма Пииюш ПИТЕР,

профессор, Буюк Британия:

- Ташрифимиздан кутилган мақсад, ўзаро фикр алмашиш натижасида билимларимизни мустаҳкамлаш, қолаверса, биотехнология ва тиббиётдаги ҳамкорлик алоқаларимизни янада кенгайтиришдир. Мамлакатингиз тиббиётидаги ўзгаришларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз, улар эътироф этиш даражасида. Президентингиз Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган бу ислоҳотлар натижасида янги технологиялар имконияти фаолиятга кенг татбиқ қилинган. Ҳамкорлик алоқалари яхшиланиб бориши натижасида келгусида мутахассислар учун икки давлат соҳа муваффақиятлари, янгича даволаш усуллари бўйича уқув машғулотлари ташкил этишни режалаштирдик. Бугунги анжуман доирасида эса маҳсулотларимиз кўргазмаси ва амалий натижаларини намойиш этишни мақсад қилганмиз.

Марта РОМАНА,

врач-лепролог, профессор, Германия:

– Мамлакатингизга илк бор 1996 йил ташриф буюрганман ва шу вақт орасида яна бир неча бор келишга муяссар бўлганман. Давлатингиз ҳақидаги илиқ хотираларим Қорақалпоғистон Республикаси ва мафтункор Тошкент шаҳри билан боғлиқ. Пойтахтингиз мен кўрган шаҳарлар ичида энг гўзалидир. Бугунги анжуман ва унинг доирасида юртингиз профессорлари билан ҳамкорлик алоқаларимиз янада мустаҳкамланади. Бу ўз ўрнида дунёнинг бошқа давлатлари мутахассислари билан тажриба алмашиш имконияти ҳам деганидир. Бундан ташқари, мазкур анжуман соҳа тараққиётига салмоқли ҳисса қўшишига шубҳамиз йўқ. Сабаби, бу ерда халқаро мутахассислар муҳокамасига қўйиладиган илмий изланишлар натижаси ва улар билан боғлиқ ҳар хил қарашлар фикрлар асосини мустаҳкамлайди. Мутахассислар эътиборига ҳавола қилинаётган маърузаларда соҳа касалликларини даволашнинг янгича усуллари атрофлича таҳлил этилади. Камчиликлар бўлса тўлдирилади. Мақсад, жамият саломатлигини асрашда ҳамжиҳатликда ҳамфикр бўлиб, муаммолар ечимига тўғри йўл топишдан иборатдир.

Виктор СТЕПАНЕНКО,

профессор, Украина:

- Юртингиз мутахассислари ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон дерматологларининг VII қурултойидаги иштироким давомида мазкур муассасанинг профессор ва малакали ходимлари билан маҳорат дарслари доирасида ўзаро фикр алмашиш имконига ҳам эга бўлдим. Анжуманда дерматолог-шифокор амалиётида антибактериал даволаш асоратларининг олдини олиш истиқболлари ва янги имкониятлари тўғрисидаги маърузам билан иштирок этдим. Маърузамда келтирилган масалалар хусусида айтишим мумкинки, бугун тиббиёт жадал ривожланмоқда. Албатта, бу жараён ўз-ўзидан содир бўлмайди, сабаби, касалликлар ва уларнинг келиб чиқиш, тарқалиш омиллари ҳам шу йўсинда ўсиб бормоқда. Демак, биз янгича ёндашувлар, самарали даволаш усулларини амалиётга татбиқ қилишимиз лозим. Бу эса бугунгидек ҳамкорлик алоқаларини яхшилаш, ўзаро тажриба алмашишларни кенг йўлга қўйиш орқали амалга ошади. Ташриф таклифи учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига, шунингдек, Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венерология илмий-амалий тиббиёт маркази раҳбариятига ўз миннатдорлигимни билдираман.

Наталья БЕЛАЯ,

тиббиёт фанлари номзоди, Россия:

– VII бор ўтказилаётган халқаро анжуманда иштирок этаётганимдан беҳад мамнунман. Ушбу ташрифим ва мазкур тадбирда маҳсулотларимиз, шу билан бирга, фаолиятда йўлга қўйилган хизматларимизни дунё бозорига олиб чиқишда алоҳида аҳамиятга эга. Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан бирга ишлаш янги муваффақият ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлайди. Шунингдек, Президентингиз раҳбарлигида мамлакатингиз тиббиёт тизимида амалга оширилаётган ишлар эътиборга муносибдир. Ҳамкасбларимиз бу фаолиятлар самараси, аввало, аҳоли саломатлигини яхшилаш, шунингдек, соҳага замонавий технологияларни жалб қилиш, даволаш ишлари ва тиббий хизматлар сифатини ошириш мақсадида олиб борилаётганлиги билан бизни яқиндан таништирди. Демак, бу юрт аҳолиси дунё мамлакатлари халқлари ўртасида энг бахтлилардан бири ҳисобланади. Чунки, ҳар қайси даврда ҳам саломатлик масаласи биринчи ўринда турганлигини яхши биламиз. Ишонаманки, мамлакатларимизнинг тиббиёт тараққиёти йўлидаги ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бораверади.

Биргина марказ фаолияти тўғрисида сўз юритадиган бўлсак, ушбу муассасада айни пайтда 9 нафар фан доктори, 15 нафар фан номзоди аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатиб келмоқда. Соҳа мутахассислари хориждаги нуфузли тиббиёт муассасалари ҳамда етакчи клиникалар билан ҳамкорликда дерматологик касалликларни даволашнинг янгича усуллари ва самарали илмий изланишлар олиб бормоқда. Жумладан, жинсий йўл билан юқувчи ва тизимдаги бошқа тур хасталикларнинг замонавий диагностикаси борасида манфаатли алоқаларни йўлга қўймоқда. Айтиш жоизки, изланишлар натижасида Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венерология илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан ҳозирга қадар 2 та фундаментал, 5 та амалий фан, 3 та инновацион ва 1 та ёш олимлар грант лойиҳалари қўлга киритилди. Бунинг натижасида сўнгги 5 йил мобайнида ишлаб чиқилган фан ютуқлари амалиётга кенг жорий этиб келинмоқда. Жумладан, атопик дерматитлар, ОИВ ва герпетик инфекциялар, урогенитал уреплазмоз касалликлари, псориаз ҳамда тери лейшманиоз хасталикларининг антицитопик ва комплекс давоси, сурункали идиопатик Саркома Капошини прогнозлашнинг янги усуллари марказ фаолиятида кенг қўлланилмоқда.

– Муассасамиз ходимлари учун ташкил қилинган бугунги маҳорат дарсида украиналик мутахассис – профессор Виктор Степаненко тиббиётда учрайдиган захм касаллиги тўғрисида ўзининг маърузаси билан иштирок этмоқда, – дейди Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венерология илмий-амалий тиббиёт маркази директорининг даволаш ишлари бўйича муовини Алишер Абидов. – Мавзунинг долзарблигига тўхталадиган бўлсак, ушбу хасталик оқибатлари бугунги кунда халқаро миқёсда муҳим масалага айланмоқда. Мамлакатимизда мазкур касалликнинг олдини олиш ёки унинг салбий оқибатларини бартараф этиш борасида дерматология-венерология соҳасида тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Бунинг натижасида аҳоли ўртасида жинсий йўл билан юқувчи касалликлар кўрсаткичини сезиларли даражада камайтиришга эришилмоқда. Айтиш жоизки, бу борада муассасамиз иш режасига асосан профилактика масаласига кенг эътибор қаратилмоқда. Аммо шундай бўлсада, қўшни мамлакатларда бу хасталик тарқалиши йилдан-йилга ортиб бораётгани олдимизга янада масъулиятли вазифаларни юклайди. Шуларни инобатга олган ҳолда, қолаверса, Президентимизнинг аҳолига ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатилишини сифат даражасидан яхшилаш тўғрисидаги кўрсатмалари асосида фаолиятга янгича ёндашувлар жорий этилмоқда. Шуни ҳам айтиш керакки, хасталикнинг тарқалишига турли омиллар сабаб бўлиши мумкин. Хусусан, хорижлик ҳамкасбимизнинг фикрига кўра Украина давлатида мазкур хасталик билан касалланиш даражаси сўнгги йиллар мобайнида икки баробарга ўсган ва бунга мамлакатда юз бераётган турли низолар таъсир ўтказмоқда. Бугунги ҳамкорлик натижалари эса келгусида ўзининг ижобий самарасини беришига ишонамиз.

Хулоса ўрнида айтиш муҳимки, кенг аудиторияда ўтказилган анжуман доирасида дунё миқёсида долзарб бўлиб турган муҳим мавзулар ечими ўртага ташланди. Таъкидлаш жоизки, ўз ишини давом эттираётган ушбу форум халқаро тажрибалар алмашишда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиздир.

Ҳасан АБДУҒАНИЕВ.

№ 37, 08.09.2017 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.