Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Ислоҳот одимлари

ОНА-БОЛА МУҲОФАЗАСИДА ЯНГИЧА ЁНДАШУВ

Мамлакатимизда тиббиёт тизимида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, аввало, аҳоли саломатлиги муҳофазаси ва инсон манфаатларини таъминлашга қаратилганлигини бугун барчамиз яхши англаймиз. Ўз ўрнида ушбу ислоҳотлар самараси халқимиз орзу-истакларининг ижобатидир. Ҳозирга қадар Президентимиз томонидан тиббий хизматлар сифатини яхшилаш, соҳани комплекс ривожлантириш мақсадида имзоланган ўттиздан ортиқ фармон ва қарорлар мазкур фаолиятларнинг амалий ифодасидир.

Табиийки, меъёрий ҳужжатларда белгиланган мақсад-вазифалар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан республикамиз тиббиёт муассасалари фаолиятида амалиётга татбиқ этиб келинмоқда. Жорий йилнинг 28-29 ноябрь кунлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан ўтказилган Ўзбекистон акушер-гинекологларининг IX съезди ва унда кўриб чиқилган масалалар ҳам фикримизни тасдиқлайди.

Мамлакатимиз илмий-амалий тиббиёт марказлари олимлари, шифокорлар, ёш тадқиқотчилар қаторида Россия, Германия, Беларусь, Италия, Испания, Чехия, Туркия, Исроил, Мексика ва Украина сингари давлатларнинг етакчи мутахассислари иштирок этган тадбирни Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Эльмира Боситхонова кириш сўзи билан очиб, юртимизда аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, турмуш фаровонлигини яхшилаш мақсадида амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида сўз юритди. Айниқса, тиббиёт тизимидаги ислоҳотлар, жумладан, оналар ва болалар саломатлигини муҳофазалашга қаратилган фаолиятлар самарасини алоҳида эътироф этиб, бу борада Президентимизнинг "2016-2020 йилларда Ўзбекистонда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ва "Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017-2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорлари муҳим дастуриламал бўлаётганини таъкидлаб ўтди. Шундан сўнг хорижий иштирокчилар сўзга чиқиб, анжуман ҳамда соғлиқни сақлаш борасида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар юзасидан ўз фикрларини билдирди.

Андреас ЭБЕРТ,

сеъзд иштирокчиси (Германия):

– Аввало, мазкур анжуман ташкилотчиларига ўз миннатдорлигимни билдираман. Бундан тўрт йил олдин ҳам мамлакатингизга келганман. Самарқанд, Хива, Бухоро ва Тошкентда бўлганман. Кўриб турибман, ўтган йиллар давомида жуда катта ўзгаришлар рўй берган. Жумладан, тарих, маданият, илм-фан, инновацион технологиялар қатори тиббиёт тизимида ҳам улкан янгиликлар, ютуқларга эришилаётганига ишонч ҳосил қилдим. Айниқса, давлатингиз раҳбари Шавкат Мирзиёев эътибори натижасида акушерлик ва гинекология соҳаси, бу билан оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ҳам такомиллашмоқда. Тадбир доирасида кўриб чиқиладиган ва муҳокама этиладиган масалалар эса бу борадаги муаммоларни халқаро даражада ўрганиш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш имконини беради, деб ҳисоблайман.

Айтиш жоизки, ўтган давр мобайнида "Соғлом она – соғлом бола" ғоясини ўзида мужассам этган дастурлар асосида кенг қўламли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалиётга изчил татбиқ этилди. Шунингдек, айни пайтда чақалоқлар, ўсмир қизлар, ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёллар тиббий ёрдам билан тўлиқ қамраб олинишига эришилмоқда. Бундан ташқари, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларининг туғуруқ бўлими негизида туманлараро перинатал марказлари ташкил этилиб, туғруқ муассасаларининг замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан қўшимча равишда ва тўлиқ жиҳозланиши касалликларнинг олдини олиш, саломатлик кўрсаткичларини ижобий томонга ўзгартиришга хизмат қилмоқда.

Дилбар НАЖМИТДИНОВА,

Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази директори:

– Маълумки, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бунинг тасдиғи сифатида мазкур анжуманни олишимиз мумкин. Ҳар тўрт йилда бир маротаба ўтказиладиган ушбу тадбирнинг аввалгиларидан фарқли жиҳати шундаки, бу йилги съездда 15 дан ортиқ давлатдан 30 нафардан зиёд мутахассиснинг иштирок этаётганлигидир. Улар ва маҳаллий иштирокчилар ўртасида муҳокама қилинаётган масалалар мамлакатимиз тиббиёти ва амалий фаолиятларга маҳорат дарслари, илмий семинар, симпозиумлар орқали татбиқ этилади. Яъни тадбир доирасида ўзлаштирилган соҳа янгиликлари, замонавий даволаш усуллари ҳамда янгича ёндашувларнинг таҳлилий хулосаси келгусидаги вазифаларимиз режасини белгилаб беради. Энг асосийси, аҳоли, оналик ва болаликни муҳофазалашда ижобий таъсир кўрсатади. Шунингдек, бу жараёнда жорий йил бошидан ҳозирга қадар амалга оширилган ишлар, хусусан, Президентимиз томонидан соҳага оид қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга доир қарорларини олайлик. Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида республикамиздаги барча туғруқ муассасаларини энг керакли асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ўз навбатида болалар, оналар саломатлигини мустаҳкамлаш, улар орасида учрайдиган касалликларнинг камайишида муҳим ўрин тутмоқда. Халқаро ҳамкорликлар натижасида хорижнинг етакчи мутахассислари иштирокида маҳаллий гинекологларимиз билан бирга, маҳорат дарслари, юқори технологияларга асосланган мураккаб жарроҳлик амалиётлари бажарилмоқда. Шунингдек, анестезиолог ва реаниматологларнинг бундай операцияларда иштироки қандай бўлиши лозимлиги ҳамда замонавий аппаратлар билан ишлаш кўникмалари ўзлаштирилди. Бундан ташқари, республикадаги етакчи мутахассисларни вилоят муассасаларига раҳбар сифатида юбориш тажрибаси ҳам яхши самара бермоқда. Натижада, жойларда авваллари амалга оширилмаган мураккаб жарроҳлик амалиётлари бажарилмоқда.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида миллий эмлаш дастури ҳам муҳим ўрин тутади. Шу боис, улар рўйхати ҳар йили янги, замонавий вакциналар билан тўлдириб борилмоқда. 2018 йилдан бошлаб дунёда биринчилардан бўлиб, барча ўсмир қизларни папиллома вирусига қарши эмлаш билан тўлиқ қамраб олиш амалиётга татбиқ этилиши мамлакатимизда келажак авлод тақдирига бўлган ғамхўрлик ифодасидир. Бу каби ислоҳотлар изчиллиги бардавом. Хусусан, яна бир муҳим йўналиш – профилактикага оид бўлиб, чақалоқларни болалар инсультидан ҳамда чала туғилган чақалоқларда ўпканинг заиф ривожланишининг олдини олиш мақсадида "К витамини" ва "Сурфактант" препаратлари билан таъминланмоқда.

Яна бир муҳим масала ҳудудларда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати етарли даражада эмаслиги билан боғлиқдир. Республикада фаолият юритаётган етакчи мутахассисларнинг вилоятларга йўналтирилишини ушбу муаммонинг ижобий ечими сифатида кўриш мумкин. Айни пайтда улар томонидан вилоят шифохоналаридаги тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини республика марказлари даражасига олиб чиқиш ишлари йўлга қўйилиб, энг юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ҳам жойларнинг ўзида амалга оширилмоқда.

Мавлуда НОРҚУЛОВА,

Қашқадарё вилояти перинатал маркази

директори:

– Мамлакатимизда тиббиёт, хусусан, акушерлик ва гинекология тизимини такомиллаштириш борасидаги ислоҳотларни марказимиз фаолиятида биринчи навбатда туманларга малакали мутахассисларни бириктиришдан бошладик. Шунингдек, бу каби тизимли ишлар қаторида сифатли тиббий кўриклар ташкил қилиш ҳамда аниқланган ички аъзо касалликларини бартараф этиш, ҳомиладор аёлларни ҳар ойда икки маротаба назоратдан ўтказиш ишлари яхши йўлга қўйилди. Бундан кўзланган мақсад, оналар ва болалар ўлимининг олдини олишдир. Шу билан бирга, биохимик анализлар ва қон таҳлилларини аниқлаш параметрлари кўпайтирилди. Қолаверса, алоҳида эътибор талаб қиладиган ҳомиладорлар, яъни ички аъзоларида касалликлар аниқланган, юрак пороги билан хасталанган аёлларни туғиш давридан бир ой муддат олдин марказимизга олиб келиб, уларга имкон қадар сифатли тиббий хизмат кўрсатишга қаратилган.

Дарҳақиқат, жамият фаровонлигини яхшилаш айнан оналар ва болалар саломатлиги муҳофазасидан бошланади. Ана шуларни инобатга олган ҳолда, мамлакатимизда бу борада олиб борилаётган фаолияларга тиббиётнинг бирламчи бўғинидан эътибор қаратилмоқда. Жумладан, аҳоли эҳтиёжи ўрганилиб, қишлоқ оилавий поликлиникаларида гинеколог ва педиатр врачларнинг штатлар жадвали кўпайтирилмоқда. Бу эса чекка ҳудудларда ҳам оналар ва болаларга сифатли тиббий-профилактик ёрдам кўрсатиш имкониятини ошириши, шубҳасиз. Зеро, соғлиқни сақлаш тизимида инсон саломатлигини таъминлашга хизмат қилувчи яратилаётган шарт-шароит ва имкониятлардан барча бирдек фойдаланишга ҳақлидир.

Хулоса ўнрида айтиш керакки, мазкур съездда ўрганилган ва муҳокама этилган масалалар соҳа ходимларининг касбий маҳорати ва билим савиясини ошириш, ҳомиладор аёллар, оналар ва болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада такомиллаштириш ҳамда тизимдаги илмий янгиликларни амалиётда қўллашда муҳим аҳамият касб этади.

Ҳасан АБДУҒАНИЕВ.

Суратлар муаллифи Акром АБДУЛЛАЕВ.

№ 49, 01.12.2017 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.