Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Ислоҳот одимлари

ТАЖРИБА, ҲАМКОРЛИК ВА АМАЛИЙ ФАОЛИЯТЛАР МУҲОКАМАСИ

Жорий йилнинг 24-25 ноябрь кунлари пойтахтимизда Ўзбекистон терапевтларининг "Ички аъзолар касалликларини ташхислаш ва даволашнинг замонавий технологиялари" мавзусида VI съезди бўлиб ўтди. Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Ўзбекистон терапевтлар ассоциацияси томонидан ташкил этилган тадбирда тизимдаги долзарб масалалар муҳокама этилди.

Тадбирни Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Фан ва ўқув юртлари бош бошқармаси бошлиғи Ўктам Исмоилов кириш сўзи билан очиб, мамлакатимизда тиббиёт соҳасига қаратилаётган эътибор, жумладан, давлатимиз раҳбари томонидан ихтисослашган тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш, марказлар фаолиятини такомиллаштириш, шу билан бирга, мазкур хизмат турини республикамизнинг барча вилоят ва туманларида ҳам ривожлантириш борасидаги кўрсатмалари асосидаги ислоҳотлар замирига тўхталиб ўтди. Шунингдек, соҳанинг долзарб масалалари хусусида сўз юритиб, мавзунинг миқёсдаги аҳамиятига эътибор қаратди. Республикамизда тизим равнақи, марказ фаолияти ҳамда ички касалликларнинг олдини олишга доир олиб борилаётган чора-тадбирлар, уларнинг кўлами ҳақида фикр билдирди. Шундан сўнг, сўзга чиққанлар анжумандаги иштироки учун миннатдорлик билдириб, кўриб чиқиладиган масалаларнинг мазмун-моҳияти ва бу борада жаҳон тиббиёти олдида турган вазифаларга ўз муносабатини баён қилди.

– Мазкур съездда артериал гипертонияни клиник тавсиялар асосида даволашга замонавий ёндашув, сурункали юрак етишмовчилигини ташхислаш ва даволаш каби бир қатор маърузаларим билан иштирок этяпман, – дейди россиялик мутахассис С. Якушин. – Айтиш жоизки, ушбу масалалар бугун айнан у ёки бу давлат, минтақанинг эмас, жаҳон тиббиётининг долзарб муаммоларидан биридир. Сабаби, ички касалликлар ҳамда улар билан боғлиқ кўрсаткичлар, тадқиқотлар жараёнида олинган таҳлил натижалари ана шундай хулоса чиқаришимизга асос бўлади. Бундан ташқари, касалликлар профилактикаси, ташхислаш ва даволаш усуллари борасида мақсад бир бўлсада, тажриба турлича. Шунинг учун ҳам халқаро ҳамкорлик алоқалари ва бундай анжуманлар соҳа мутахассислари ҳамда тизим равнақида муҳим ҳисобланади. Муҳокама ва мунозаралар мобайнидаги фикрлар хилма-хиллиги ҳамда ўзаро тажриба алмашишлар, албатта, ўз самарасини беришига ишонаман. Мамлакатингиз тиббиётида амалга оширилаётган ислоҳотлар эса соҳа равнақига хизмат қилиши шубҳасиз. Андоза олишга арзигулик янгиликлар бор. Умуман, соғлиқни сақлаш шундай соҳаки, янгилик ва ҳар қандай муваффақият тизим ривожига ҳисса қўшади. Фақат тажриба алмашиб турилиши лозим.

Тадбирда таъкидланганидек, ўтган вақт мобайнида бир қатор тизимли ишлар амалга оширилди. Хусусан, соҳага самарали даволаш технологияларини татбиқ этиш, бу орқали эрта ташхислашни такомиллаштириш, шунингдек, беморларнинг тиббий текширув жараёнларида янги ўзлаштирилган усулларни қўллаш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруқлари ҳамда марказнинг йиллик фаолиятига оид режа дастурига киритилган, яъни ҳудудлардаги муассасаларда ҳам мазкур йўналишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, йил давомида 259 нафар мутахассиснинг ҳудудларга ташрифи уюштирилиб, улар иштирокида 1 минг 200 нафардан ортиқ бемор тиббий кўрикдан ўтказилди. Шу билан бирга, жойларнинг ўзида 500 дан зиёд семинар ва маҳорат дарслари ташкил этилиб, ички касалликларни ташхислаш, даволаш ва олдини олишнинг янги усуллари жорий қилинди.

– Мазкур анжуманнинг соҳа тараққиётида тутадиган ўрни мамлакатимиз тиббиётида муҳим аҳамият касб этади, – дейди Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реа-билитация илмий-амалий тиббиёт маркази лойиҳа илмий раҳбари, Ўзбекистон терапевтлар Ассоциацияси раиси А. Аляви. – Буни тадбир доирасида муҳокама этиладиган масалалар мавзуси ҳам тасдиқлайди. Мавзулар эса шунчаки қамраб олингани йўқ. Ўтган вақт мобайнида марказимиз мутахассислари ҳудудларга ташриф буюриб, жойлардаги вазиятлар билан яқиндан танишиб, аҳолини қийнаётган муаммолар мулоқотлар тарзида кенг ўрганилиб, тизимда нималарга эътибор бериш кераклиги инобатга олинди. Қолаверса, халқаро миқёсда тиббиётга кириб келаётган янгиликлар, замонавий технологиялар ва улар берувчи имкониятлар билан ўзаро тажриба алмашиш маҳсули бўлади. Бевосита марказ фаолиятига тўхталсам, айни пайтда тизим тараққиёти билан ҳамнафас бормоқдамиз, деб айта оламан. Яратилган шарт-шароитлар, олиб борилаётган изланишлар ўз самарасини бермоқда. Ҳамкорлик масалалари, ходимлар малакасини мустаҳкамлаш, уларнинг халқаро конференция ва маҳорат дарсларида мунтазам иштирок этиши таъминлаб келинмоқда. Бироқ олдимизда амалга оширилиши лозим бўлган ишларимиз кўп. Мақсадимиз Президентимиз таъкидлаганидек, ихтисослашган тиббий хизматни жойларда ҳам такомиллаштириш ва халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, оғирини енгил қилишдан иборатдир. Бунинг учун эса ҳудудлардаги муассасаларда фаолият юритаётган мавжуд мутахассислар малакасини ошириш, шифохоналар моддий-техник базасини яхшилаш ва салоҳиятли захира кадрлар тайёрлаб бориш зарур.

Ҳа, марказда чиндан ҳам халқаро ҳамкорлик кўламини кенгайтириш бўйича самарали фаолиятлар йўлга қўйилган. Хусусан, айни пайтда марказда хорижнинг 7 та илмий-тадқиқот муассаса ва клиниклари билан шартномавий алоқалар ўрнатилган. Қолаверса, марказ ходимларининг малака ва касбий маҳоратини ошириб бориш мақсадида улар ҳар йили чет элнинг нуфузли муассасаларига ўқув курсларига юборилади. Жорий йилда ҳам марказнинг 31 нафар мутахассиси жаҳоннинг Россия, Франция, Испания, Финляндия, Италия, Венгрия, Недирландия, Корея, Чехия, Болгария, Польша, Ҳиндистон ва Туркия каби давлатларида малака оширишга муваффақ бўлди. Ҳамкорлик масалалари хусусида сўз юритганда шуни ҳам алоҳида эътироф этиш керакки, мамлакатимизда Президентимиз томонидан тиббиёт соҳасига бўлган эътибор, айниқса, ихтисослаштирилган тиббий хизматлар сифатини янада яхшилашга доир таклиф ва кўрсатмалар асосида муайян ислоҳотлар олиб борилмоқда. Шу мақсадда бу борадаги ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиб, биргина шу йилнинг ўзида 21 та хорижий муассаса етакчи мутахассисларининг мамлакатимизга ташрифи амалга оширилди.

– Давлатимиз раҳбарининг ихтисослашган тиббий хизматни аҳолига янада яқинлаштиришга оид қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш натижасида вилоят ва туманларда ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош терапевти Умида Камилова. – Бу борада пойтахтимиздаги етакчи мутахассисларнинг жойларга бориб, маҳаллий ҳамкасблари билан маҳорат дарслари ҳамда уларда ўзлаштирилган тажрибаларни амалий жараёнлар билан мустаҳкамлаш ишлари яхши самара бермоқда. Фаолиятга янгича ёндашувлар олиб кирилиб, мураккаб операциялар ҳам жойларнинг ўзида бажарилди. Бу ўз ўрнида аҳоли учун бир қатор имкониятлар яратди. Аввало, иқтисодий жиҳатдан ортиқча сарф-харажатларни камайтираётган бўлса, иккинчидан оворагарчиликлар бартараф этилмоқда. Орттирилган малака эса тиббиётнинг олтин қоидаси – касалликларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда. Аммо, барибир холис баҳони халқнинг ўзи беради. Бугун жамиятнинг ҳар бир жабҳасида аҳоли муносабати, инсон манфаатлари биринчи ўринда турибди. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда эришган муваффақиятларимиз ўзимизники, уларга ортиқча маҳлиё бўлишнинг ҳожати йўқ. Асосий эътиборни келгусида бажарилиши зарур бўлган олдиндаги вазифалар ижросига қаратишимиз талаб этилади. Шундагина натижаларимиз самараси бунданда салмоқли бўлади, деб ҳисоблайман.

Таъкидлаш жоизки, марказда амалга оширилаётган ҳамкорликдаги фаолиятлар, соҳа янгиликларини ўзлаштиришга қаратилган изланишлар ҳамда амалиётга татбиқ этилаётган технологиялар ички касалликларни прог-нозлаш, ташхислаш ва даволаш ишларида самарали натижаларга эришишга асос бўлмоқда. Масалан, ихтисослашган тиббий хизматлардан кардиология, пульмонология, гастроэнтерология ҳамда ревматология йўналишларида даволаш имкониятларини кенгайтирмоқда. Гастроэзофагал рефлюкс, жигарнинг алкоголли ёғланиши, шунингдек, юрак ишемик касалликларида атеросклеротик ҳамда нейрогуморал фаолланишга боғлиқ бўлган ташхислаш ва даволаш усуллари ишлаб чиқилган. Бундан ташқари, юрак етишмовчилигини альдостерон, норадреналин, натрийуретик пепид миқдорларини иммунофермент анализатор ёрдамида аниқлаш, ультратовуш денситометр орқали остеопорозни эрта ташхислаш йўлга қўйилган. Айни пайтда марказнинг кардиология бўлимида коронарография, периферик томирлар ангиографияси, ангиопластика ва стентлаш амалиётлари бажарилмоқда.

Анжуман доирасида терапевтик касалликларни ўрганишда фундаментал изланишлар, ички аъзолар хасталикларини ташхислашда янги инновацион технологиялар, даволаш ва реабилитациянинг замонавий йўналишлари, терапияда шошилинч ҳолатларнинг олини олиш, даволаш, беморлар реабилитациясида замонавий стандартлар ҳамда интервенцион усуллар каби мавзулар муҳокама қилинди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мазкур фаолиятлар келгусида ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, соҳа мутахассисларини тайёрлаш, малакасини ошириш баробарида амалиётга янгидан ишлаб чиқилган стандартларни татбиқ қилишга замин яратади. Энг асосийси, ички касалликларнинг олдини олиш, тўғри ташхислаш ва даволашнинг замонавий усулларини ўзлаштирган ҳолда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имконини беради. Изланиш, ўзгариш ва янгиликлар сари йўналтирилган фаолиятлар самарасини ўзимиз кўриб турибмиз. Таҳлилий фикрлар эса тиббиёт ҳар доим давр билан ҳамнафас бўлиши лозимлигини исботлайди.

Ҳасан АБДУҒАНИЕВ. Муаллиф олган суратлар.

№ 49, 01.12.2017 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.