Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Ислоҳот одимлари

ТАЖРИБА, МАҲОРАТ ВА АМАЛИЁТ

Сир эмас онкологик касалликлар жаҳон миқёсидаги глобал муаммолардан бири ҳисобланади. Ижтимоий аҳамиятга эга бу хасталикларни барвақт аниқлаш ва самарали даволаш масаласи ер юзидаги барча мамлакатлар тиббиётчи олимларини, шифокору мутахассисларини жиддий хавотирга солмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамкорлигида "Аёллар репродуктив тизими органларида хавфли ўсма касалликлари профилактикаси, эрта аниқлаш ва даволаш" мавзусига бағишланган халқаро анжуман ташкил этилди. Унда иштирок этиш учун Наманган вилоятига ташриф бюрган онкология соҳаси етакчи мутахассислари икки кун мобайнида хавфли ўсма касалликларининг олдини олиш, ташхислаш ва даволаш ҳақида ўзаро баҳс юритиб, олиб борилаётган тадқиқот, изланиш, тўпланган тажрибалар билан ўртоқлашдилар.

Илмий-амалий анжуманнинг биринчи иш куни Наманган шаҳар ҳокимлигининг катта мажлислар залида бўлиб ўтди. Анжуманни Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Мирзағолиб Тиллашайхов кириш сўзи билан очди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари Наманган вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминовлар анжуман қатнашчиларини Наманганга ташрифлари билан қутлаб, илмий-амалий конференция ишига муваффақиятлар тилади.

– Тиббиёт соҳасидаги туб ислоҳотлар туфайли мамлакатимизда замонавий онкология тизими яратилди, – дейди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори М. Тиллашайхов. – Президентимизнинг жорий йил 4 апрелдаги "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори соҳа ривожида муҳим дастуриламал бўлмоқда. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, беш йил мобайнида онкология хизмати моддий-техник базасини ривожлантиришга Ўзбекистон Республикаси бюджети маблағларидан 32,5 миллиард сўм ҳамда халқаро молия институтларининг кредит маблағлари ва грантлари ҳисобига 144,1 миллион доллар маблағ йўналтириш режалаштирилган. Бундан кўзланган мақсад бугунги кунда долзарб вазифа бўлиб қолаётган онкологик касалликларни илк босқичидаёқ аниқлаш ва даволаш тизимини такомиллаштиришдир. 2018 йилдан бу йўналишда скрининг хизмати ташкил қилиниши ҳам соҳа ривожидаги муҳим қадамлардан бири бўлади.

Илмий-амалий анжуман мундарижаси ғоят кенг бўлиб, унда нафақат мамлакатимиз, балки Европа ва Осиёнинг машҳур олимлари, хусусан Россия Федерацияси, Дания, Германия, Туркия, Ҳиндистон, Жанубий Корея мамлакатларининг етакчи клиникаларида илмий-тадқиқот ишларини олиб бораётган онкологик касалликлар бўйича етук мутахассислар илмий маърузалар қилдилар, "Маҳорат дарслари"да эса кўп йиллик тажрибаларини амалда намоён этишди.

Жумладан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакили -Мэрилис Корбекс, Германиянинг QIAGEN компанияси аёллар саломатлиги ва онкология йўналиши бўйича мутахассиси Анна Габуния, Healthcare маркази рентгенология йўналиши бўйича маслаҳатчиси Наталья Салмина, Н. Н. Блохин номидаги Россия онкология илмий маркази Привольжие филиалидан Михаил Кацюба, Ҳиндистоннинг BLK-Hospital клиникасидан Панкаж Кумар Панде, Япониянинг Fuji коммпаниясининг тиббиёт йўналиши бўйича маслаҳатчиси, туркиялик Шафак Ченик ва бошқа таниқли мутахассисларнинг "Аёллар репродуктив тизими органларида ўсмаларнинг эпидемиологияси ва профилактикаси", "Сут бези ва аёллар репродуктив тизими органлари ўсмаларида скрининг ва эрта ташхислар усуллари", "Сут бези ва аёллар репродуктив тизими органлари ўсмаларида замонавий даволаш стандартлари", "Сут бези ва аёллар репродуктив тизими органлари ўсмаларини даволашда нур терапияси, кимё даволаш ва гармоно-терапиянинг замонавий принциплари", "Умумий даволаш тармоғи шифокорларининг аёллар репродуктив органлари ўсма касалликларини аниқлашдаги ўрни" каби 40 дан зиёд мавзуларда маърузалари тингланди.

– Бутун дунё тиббиётида долзарб вазифа бўлиб турган онкологик касалликлар профилактикасида илмий-амалий ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга, – дейди Ҳиндистоннинг BLK-Hospital клиникаси вакили Панкаж Кумар Панде. – Бу борада Ўзбекистонда олиб борилаётган ишлар диққатга сазовор. Буни ушбу конференцияда кўплаб давлатлардан мутахассислар иштирок этаётганидан ҳам кўриш мумкин.

Анжуманнинг иккинчи куни ҳам турли дастурларни қамраб олди. Қатнашчилар Наманган вилояти онкология диспансерида ўтаётган машғулотларда ўзларининг билим ва касбий кўникмаларини бойитдилар. Мураккаб жарроҳлик амалиётлари "Маҳорат дарси" сифатида кўрсатилди. Соҳага оид янги техника ва технологиялар билан таништирилди.

– Аёлларда учрайдиган хавфли ўсма касалликларини аниқлаш ва даволашда скрининг текширувлари муҳим амалиёт ҳисобланади. Шу боис ҳам жаҳоннинг ривожланган давлатларида скрининг масаласига катта эътибор берилади. Ўзбекистонда ҳам бу йўналишда амалий ишлар олиб борилаётганлиги эътирофга лойиқ, – дейди Германиянинг QIAGEN компанияси аёллар саломатлиги ва онкология йўналиши бўйича мутахассиси Анна Габуния.

Анжуман доирасида россиялик мутахассислар иштирокида жарроҳлик амалиёти ўтказилди. МДҲ давлатлари онколог ва радиологлари директорлари ассоциацияси вакили (АДИОР), тиббиёт фанлари номзоди Александр Петровский ўзбекистонлик ҳамкасблари иштирокида кўкрак бези саратони касаллиги бор беморда жарроҳлик амалиётини бажарди. "Маҳорат мактаби" тарзида олиб борилган операция жараёни онлайн тарзида конференция қатнашчиларига кўрсатиб турилди. Савол-жавоблар чоғида амалиётнинг ўзига хос мураккабликлари изоҳлаб берилди.

Машғулотлар онкология соҳасининг бошқа йўналишлари бўйича ҳам давом эттирилди. Морфолог, маммолог ва рентгенологлар алоҳида секция-ларга бўлинган ҳолда баҳс-мунозаралар олиб боришди. Жумладан, Жанубий кореялик мутахассислар ўзлари билан олиб келинган ноёб аппарат воситасида тезкор цито-диагностика амалиётини бажариш бўйича маҳорат дарси ўтиб беришди. CelltraZone директори, халқароцитотехнолог, доктор Ким Джунг Хъюн аёллар жинсий аъзоларидан олинган суртмани аниқ текшириш ва ташхислаш бўйича маъруза ўқиди ҳамда мазкур фаолиятни амалда кўрсатиб берди.

– Анжуман ғоят самарали ўтди. "Маҳорат дарслари"да жаҳонга танилган олим-шифокорлардан соҳага оид янги ёндашувларни ўргандик. Жанубий Кореядан келган юқори малакали мутахассислар цитологияга оид жуда кўп янгиликлардан хабардор қилишди. Инсон ҳужайрасидаги хавфли ўсмаларни жуда ҳам аниқ ифодалаб берадиган қимматбаҳо ва такомиллашган тиббий ускунадан фойдаланиш бўйича тушунча беришди. Семинар давомида олган назарий ва амалий кўникмаларни иш фаолиятимизга кенг тарғиб этиш билан бирга, аҳолига сифатли ва кафолатланган тиббий хизмат кўрсатиш борасидаги ишларимизни янги поғонага кўтарамиз, – дейди Фарғона вилояти онкология диспансери поликлиникаси мудири Ўғилхон Шокирова.

Семинар қатнашчилари онкология диспансерида қўлланилаётган замонавий технологиялар билан ҳам танишдилар. Шифохона ҳар йили янгидан-янги хорижий тиббиёт асбоб-ускуналари билан бойитилмоқда. Бинобарин, ўтган йили Хитой давлати гранти асосида маммография рақамли рентген-диагностика тизими, компьютер томографи, Германияда ишлаб чиқарилган юқори частотали электрожарроҳлик коагулятори, Жанубий Кореяда тайёрланган кўчма рентген аппарати ва бошқа ускуналар келтирилиб ўрнатилди.

– Бундай анжуманлар онкология хизматини янада такомиллаштиришга йўл очади, – дейди Бухоро давлат тиббиёт институти онкология ва радиология кафедраси мудири Ҳабибулло Абдуллаев. – Айниқса, хорижлик таниқли олим ва мутахассисларнинг илмий маърузаларида тиббиётнинг бу соҳасига оид кўплаб янгиликлардан хабардор бўлдик.

Бир неча кун аввал Япониядан маммография аппарати олиб келинган эди. Fuji компаниясида яратилган маммография ускунаси мамлакатимизда биринчи бўлиб ишга туширилди. Мазкур аппаратнинг афзал жиҳатлари шундаки, аёллар сут безидаги саратон касаллигини юқори даражадаги аниқликда кўрсатиб бериш имкониятига эга. Анжуман доирасида ноёб қурилманинг фойдаланишга топшириш тақдимоти ҳам ўтказилди. Тадбирда Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ито Нобуаки иштирок этди. Fuji компанияси мутахассислари жорий қилинган сўнгги русумдаги технология бўйича маълумот бердилар.

– Аёллар сут бези хавфли ўсмасини жарроҳлик амалиётларисиз эрта аниқлашда жуда қўл келадиган аппарат. Скрининг пайтида жуда ҳам мураккаб вазифаларни амалга оширишга қодир қурилма. Ушбу маммограф аппарати Япония гранти асосида етказиб берилди. Fuji film компанияси маҳсулотини турк мутахассислари тезкор равишда ўрнатиб, фойдаланишга топширишди, – дейди Наманган онкология диспансери бош шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Шуҳратжон Ҳотамов. – Замонавий аппарат янгиланиш қобилиятига эга бўлиб, маънан эскирмайди. У ўзининг афзаллиги ва тўғри ташхис қўя олиши ҳамда қулайлиги билан бошқа аппратлардан фарқ қилади.

Шу куни меҳмонлар онкология диспансери ҳовлисига ўрнатилган жаҳон тиббиётининг асосчиси, буюк бобоколонимиз Абу Али ибн Сино ҳайкалининг очилиш маросимида ҳам иштирок этишди. Сўзга чиққанлар улуғ аждодимизнинг дунё тиббиёти равнақига қўшган муносиб ҳиссаси ҳақида эътирофли фикрларни билдирдилар. Жаноб Ито Нобуаки икки давлат ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқалар янада мустаҳкамланиши, бу албатта, аҳоли саломатлигига қаратилган эзгу ишлардан бири эканлигини таъкидлади.

– Онкологлар билан ҳамкорликни янада кучайтириш ниятидамиз. Ноябрь ойида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази билан меморандум имзолаймиз. Унга кўра Ибн Сино ўқишлари ташкил этилади, – дейди Ибн Сино жамоат фонди бошқаруви раиси Нозимхон Маҳмудов.

Конференция дастури доирасида ёш олимлар куни ўтказилди. Онкология соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бораётган ёш мутахассислар илмий ишлари юзасидан маърузалар билан чиқдилар. Фаол қатнашчилар сертификат ва эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.

Анжумандан олинган таассуротлар, хорижлик ва пойтахтимиздан келган етакчи мутахассислар тавсиялари, таклиф ва мулоҳазалари асосида фаолиятнинг такомиллаштирилиши юртимиз онкология тизими ривожида муҳим қадам бўлиши шубҳасиз.

Абдулла ҒОЗИЕВ

СУРАТЛАРДА: анжумандан лавҳалар. Рустамали МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.

№ 45, 03.11.2017 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2017 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.