Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Долзарб мавзу

"САЛОМАТЛИК МАКТАБЛАРИ" ХАЛҚНИНГ ИШОНЧИНИ ОҚЛАЯПТИМИ?

Маълумки, аҳолини мақсадли патронажга қамраб олиш, тиббий маданиятни шакллантириш, оила, таълим муассасалари, меҳнат жамоаларида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан "Саломатлик мактаблари" фаолияти йўлга қўйилган. Айтиш жоизки, бу жараён нафақат касалликларнинг олдини олиш бўйича профилактика ишларини олиб бориш, балки аҳолида ўз саломатлигига бўлган масъулиятни янада оширишга хизмат қилмоқда.

Жорий йил 3 август куни пойхтахтимизнинг Яккасарой туманида "Саломатлик мактаблари" томонидан амалга оширилаётган фаолиятлар билан яқиндан танишдик. Шу куни Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли қатор оилавий поликлиникалар томонидан маҳаллалар, мактабгача таълим ҳамда тиббиёт муассасаларида тиббий кўрик, тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилди. Қўшма қарор ижросини таъминлаш бўйича Тошкент шаҳри, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари кесимидаги мониторинг гуруҳи раҳбари Саодат Ҳамидова томонидан жойларда олиб борилаётган ислоҳотлар, "Саломатлик мактаблари"нинг мазмун-моҳияти, аҳоли соғлиғини асрашдаги роли борасида атрофлича маълумот берди.

"Кўргазмали тарқатма

материаллар

кўпайтирилса эди…"

Тумандаги "Абдулла Қаҳҳор" маҳалла гузари. Эрта тонгдан ушбу масканда аҳоли гавжум. Кимдир ота-онаси, хонадонидаги кексалар, яна биров фарзанди билан тиббий кўрикдан ўтиш учун келган. Ҳудуддаги 58-сонли оилавий поликлиника ходимлари "Абдулла Қаҳҳор", "Дамариқ", "Бобур" маҳаллалари фуқароларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, турли касалликлар профилактикасига оид тушунчалар бериш жараёнига пухта тайёргарлик кўрган. Ҳар бир мутахассисга алоҳида хона, ташриф буюрувчилар учун кутиш жойи яратилган. Эътирофлиси, улар шинам ва озода. Яна бир аҳамиятга молик жиҳат шундаки, аҳоли ушбу жараёнда фаол иштирок этиб, бу каби тиббий кўриклар тез-тез ўтказилишининг тарафдори бўлмоқда. Ушбу тадбирда нафақат поликлиника ходимлари, балки шаҳар шифохоналаридан келган 15 нафар тор соҳа мутахассиси ҳам жалб қилиниб, аҳолига амалий кўникмалар берилди.

Муяссар

СУЛАЙМОНОВА,

58-сонли оилавий поликлиника бош шифокори:

– Шу кунларда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг кўрсатма хатига асосан босқичма-босқич ҳудудимиздаги барча маҳаллаларда чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказиб келмоқдамиз. Мана, бугун ушбу ишларимизнинг узвий давоми сифатида "Абдулла Қаҳҳор" МФЙда ташкиллаштирилди. Бундан кўзланган асосий мақсад – аввало, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, оналар ва болалар соғлиғини асраш, тиббий хизматни халққа янада яқинроқ қилиш. Айтиш жоизки, бу каби кўриклар жорий йилнинг май ойида ҳам ўтказилган эди. Ҳозирда биргина "Абдулла Қаҳҳор" маҳалласи аҳолисини эмас, ушбу ҳудудга яқин ҳисобланган "Дамариқ", "Бобур" маҳаллаларида яшовчиларни ҳам шу ернинг ўзида тиббий кўрикларни бажармоқдамиз. Асосан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли, ногиронлиги бўлган шахслар, диспансер назоратида турадиган беморлар, ёш оила, болалар, янги туққан оналарни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш учун шаҳар шифо масканларидан 15 нафар тор соҳа мутахассисини ҳам жалб этдик. Яъни Шаҳар репродуктив саломатлик маркази ва бошқа шифо масканларидан педиатр, онколог, ревматолог, эндокринолог, кардиолог ҳам ёрдам бермоқда. Бундан ташқари, поликлиникамиз томонидан 25 минг 399 нафар аҳоли, жумладан, 12 мингдан зиёд аёл, 6 минг 220 нафар фертиль ёшидаги аёллар, 5 минг 905 нафар бола, 901 нафар ўсмир, 196 нафар ногиронлиги бўлган шахс, 133 нафар ҳомиладор аёл тўлиқ патронаж тизими билан қамраб олинган. Ижтимоий тиббий патронажга муҳтож бўлганлар, яъни ногиронлиги бўлган шахсларда ойида бир маротаба патронаж тизими амалга оширилади. Бугунги тадбирда ҳам маҳалла гузарига чиқа олмаган ногиронлиги бўлган шахсларнинг хонадонларига бориб, тиббий кўрик амалга оширилди. Шу билан бирга, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда "Саломатлик мактаби"ни йўлга қўйганмиз. Ҳар шанба куни қилинган ишларимизни таҳлилий кўриб чиқиб, навбатдаги режаларни тузамиз. Ҳар ҳафтада айнан бир мавзуда тарғибот олиб борилади. Жорий ҳафтада эса ўта юқумли касалликлар, уларнинг асоратлари, олдини олиш юзасидан аҳолига батафсил маълумот бердик. Бунда маҳалла фаоллари, умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари масъуллари яқиндан ёрдам беришмоқда. Зеро, мақсадимиз бир. У ҳам бўлса, аҳолимиз саломатлигини ҳамкорликда мустаҳкамлаш.

Дарҳақиқат, ушбу жараёнларни кузатар эканмиз, тиббий кўрикка ташриф буюрганлар эндокринолог, педиатр, травматолог, кардиолог, окулист, гинеколог, стоматолог, ЛОР сингари тор соҳа мутахассислари қабулида бўлиб, УТТ, ЭКГ ҳамда лаборатория текширувларидан ўтишда катта қизиқиш билан иштирок этишди. Тиббий маданиятни ошириш, касалликларнинг профилактикасига доир ўз таклиф ва мулоҳазаларини ҳам билдиришди.

– Кўп йиллар давомида ўқитувчи бўлиб, тарих фанидан дарс берганман, – дейди "Дамариқ" маҳалласида яшовчи Сайёра Отабекова. – Нафақага чиққач, аҳоли орасида ўсмир, ёшлар, аёллар билан суҳбат ўтказиб, соғломлаштириш тадбирларида ўз ҳиссамни қўшмоқдаман. Айни кунларда эса ҳудудимизда 58-сонли оилавий поликлиника ходимлари билан "Саломатлик мактаби"ни тарғиб этиш юзасидан ҳамкорликда иш олиб боряпмиз. Айтиш жоизки, бундай тиббий кўриклар биз аҳоли учун жуда зарур ва фойдалидир. Чунки ҳар бир инсон ўзини тетик ва соғлом ҳис қилиб юради. Аммо кўрикка қатнашгач, таҳлиллар саломатлигида ўзгариш кузатилганини аниқлаши мумкин. Шу боис, бундай фаолиятлар аҳолининг ўзига ҳам маъқул бўлмоқда. Ҳозирда лаборатория, УТТ, ЭКГ аппаратлари келтирилиб, шу ернинг ўзида текширув олиб борилаётганидан, айниқса, биз кексалар мамнунмиз. Бунинг баробарида, Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари мутахассислари келиб, нафақат соҳа ходимлари, балки маҳалла аҳли билан ҳам учрашиб, касалликлар профилактикаси, тиббиётимиздаги ўзгаришлар, амалга оширилаётган мураккаб операциялар тўғрисида батафсил маълумот беришади. Шу ўринда ўз таклифларимни ҳам билдирмоқчи эдим. Яъни касалликлар профилактикаси, даволаш ва асоратлари тўғрисида тарқатма материалларини кўпайтириш керак. Сабаби, аҳоли бундан асосий тушунчаларга эга бўлиши бор гап. Шу билан бирга, мутахассислар ўз устида ишлаб, жаҳон талабларига монанд иш юритиш, замонавий тиббиётни ўзлаштириб, амалиётга татбиқ этишса, нур устига аъло нур бўлар эди. Чунки тиббиёт кундан-кунга ривожланиб бормоқда.

– 2017 йилдан буён оилалар, хотин-қизлар билан ишлаш бўйича мутахассис сифатида фаолият юритаман, – дейди "Абдулла Қаҳҳор" маҳалласи фуқароси Эркиной Ҳасанова. – Ўтган вақт мобайнида маҳаллада ёшлар билан ишлаш, кексалар, фертиль ёшидаги аёллар, хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича жадаллик билан ишламоқдамиз. Албатта, бу жараёнда ҳудудимиздаги 58-сонли оилавий поликлиника мутахассислари билан ҳамкорликда иш олиб бориляпти. Албатта, бу ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Яъни аҳоли орасида тиббий маданият ошиб бормоқда. Ўз саломатлигига масъулиятни ҳис қилиб, бу каби тиббий кўрикларда фаол қатнашмоқда. Демак, тушунтириш-тарғибот ишлари фақатгина қоғозда эмас, амалда секин-аста ўз натижасини кўрсатмоқда. Маҳалламизда 1052 та оила, 4 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг ҳар бирига умумий ама-лиёт шифокори, ҳамширалари бириктирилган бўлиб, патронаж тизими билан тўлиқ қамраб олинган. Бугунги тиббий кўрик айнан маҳаллада ўтказилаётгани, айниқса, кекса отахону онахонларимиз, ёш болали, ҳомиладор аёлларга қулайлик яратиб бермоқда, десам муболаға бўлмайди. Сабаби, поликлиникага бормай, керакли таклиф ва шикоятларини шу ернинг ўзида ҳал қилишмоқда. Шу билан бирга, поликлиника томонидан маҳалламизда "Саломатлик мактаби" ташкил қилинган. Ҳафталик режа асосида тегишли идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда иш юритяпмиз. Масалан, душанба – нуронийлар, сешанба – ҳомиладор аёллар, чоршанба – болалар ва ўсмирлар, пайшанба – хонадонларда экология, жума – аёллар ва қизлар, шанба – спорт ва мусобақалар куни, деб белгилаб олганмиз. Гувоҳи бўлгангиздек, маҳалла идорасида ҳам "Саломатлик мактаби" бурчагини ташкил қилиб, унда батафсил маълумотлар келтирганмиз. Ўйлайманки, бу каби ҳамкорликдаги ишимиз бардавом бўлади.

– 4 нафар фарзандим, 9 нафар набирам бор, – дейди "Бобур" маҳалласи фуқароси Нилуфар Шукурова. – Мазкур поликлиникага 40 йилдан бери қатнаймиз, ўтган вақт давомида улар ишончимизни оқлашган. Шифокор ва ҳамшираларининг муомала маданияти ҳамда билими жуда яхши. Ҳудудимизга бириктирилган ҳамшира Ферузахон, шифокор Наргизахон эса тез-тез саломатлигимиздан хабардор бўлиб туришади. "Саломатлик мактаби" доирасида шанба куни маҳалла фаоллари, умумтаълим мактаби, мактабгача таълим муассасаси масъуллари, поликлиника ходимлари билан ҳамкорликда ўтган ҳафта мобайнида олиб борилган ишларни сарҳисоб қиламиз ва келгусидаги аниқ вазифаларни белгилаб оламиз. 4 нафар келинимнинг ҳомиладорлик даврида шифокорлар хонадонимизга бориб, текшириб туришди. Ўзим ҳам бугунги тиббий кўрикда барча текширувлардан ўтдим. Ҳамшира қизларимиз қон босимимда ўзгариш кузатилганини билгач, ёрдамини аяшмади. Шу ўринда саломатлигимизга, аввало, ўзимиз масъулиятли бўлиб, шифокор келиб даволайди деб эмас, аксинча, ҳар бир инсоннинг ўзи поликлиникага чиқиб, текширувлардан ўтиб туриши зарур, менимча. Бу билан ҳам соғлиғимиздан кўнглимиз тинч, ҳам соҳа ходимларига ёрдам берган бўлар эдик.

"Ширин сўзи билан

даволашади"

Тумандаги 57-сонли оилавий поликлиникада ҳам "Саломатлик мактаби" фаолияти тўғри йўлга қўйилган. Бу мазкур муассаса томонидан "Ракат", "Тепа", Шоҳжаҳон", "Ракатбоши", "Белариқ" маҳаллаларида истиқомат қилувчи аҳоли учун ўтказилган тиббий кўрикларда ўз аксини топди. Таъкидлаш керакки, тегишли идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда йўлга қўйилган ушбу фаолиятларнинг олиб борилиши, уларнинг мазмун-моҳияти юзасидан ёш-у кекса бирдек маълумотга эга бўлмоқда. Айтиш жоизки, шу куни поликлиниканинг ўзида ташкил қилинган мазкур тадбирда 565 нафар аҳоли зўр иштиёқ, кўтаринки кайфият билан иштирок этди. Улар муассасанинг умумий амалиёт шифокорларидан ташқари, шаҳар шифохоналаридан жалб қилинган тор соҳа мутахассислари қабулида бўлиб, керакли тавсияларни олишди. Бундан ташқари, УТТ, ЭКГ ва лаборатория текширувлари амалга оширилди.

Ирода ЖАМОЛДИНОВА,

57-сонли оилавий

поликлиника бош шифокори:

– Бугунги тадбирда ҳудудимиздаги 5 та маҳалла аҳолисига чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказдик. Кўриб турганингиздек, болалар ва катталар учун тор соҳа мутахассислари, жумладан, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ходимларини таклиф қилиб, жалб қилинганлиги ташриф буюраётганларга маъқул бўлмоқда. Айниқса, болалар ва катталар эндокринологи, неврологига кўп қизиқиш билдиришмоқда. Бундан кўзланган мақсад – чуқурлаштирилган тиббий кўрикни аҳолига янада яқинлаштириш. Натижада у ёки бу касалликларни аниқлаш, диспансер назоратидаги беморларнинг ҳозирги кунда бўлган саломатлигини тўғри баҳолаш енгиллашмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Қўшма қарори аниқ ва тўғри мақсадларга йўналтирилгани билан аҳамиятли, деб ҳисоблайман. Сабаби, аҳоли саломатлигини асрашда биз соҳа ходимларига маҳалла фаоллари кўмак бермоқда. Ҳар шанба куни ўтказилган таҳлилий соатда белгиланган мавзу юзасидан ҳафта давомида режа асосида муаммонинг ечими изланиб, ҳал этилади. Мазкур ҳафта мобайнида ўткир ва юқумли касалликлар бўйича ишлаб, аҳоли орасида вирусли гепатитнинг олдини олиш, тарқалиши ва профилактикасига доир тарғибот ишлари кучайтирилди. Албатта, бу ўзининг ижобий натижасини бермоқда. Кўриб тўрганингиздек, тиббий кўрикларда аҳоли гавжум. Демак, улар биз тиббиёт ходимларига ишонч билдирмоқда. Ана шу ишончни сўндирмаслик учун янада кўпроқ ҳаракат қилишимиз зарур.

– Тошкент тиббиёт академиясининг II клиникаси қандли диабет асоратларининг олдини олиш марказида эндокринолог бўлиб фаолият юритаман, – дейди тиббиёт фанлари номзоди Нозима Раҳимова. – 25 йиллик иш тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, ҳар қандай касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олиш ҳам осон, ҳам арзон кечади. Дунё миқёсида қандли диабет долзарб бўлиб, касалликлар орасида I ўринда туради. Шу боис, бу каби тиббий кўриклар жуда муҳим аҳамиятга эга. Бугун текширувларим натижасида маълум бўлдики, 100 фоиз аҳоли соғлом, деб айта олмайман. Эндокрин патология, муаммо деярли барчада учрайди. Бошланғич бўқоқ, қандли диабет касаллигига мойиллик, суякларда калций моддасининг камайиши, емирилишини аниқладик. Булар тўғрисида нафақат аҳоли, балки соҳа ходимлари, бириктирилган умумий амалиёт шифокорлари, ҳамшираларига ҳам профилактик чора-тадбирларни кўриш зарурлиги тўғрисида маслаҳат ва таклифларимни бердим.

Хўш, бу жараёнларга халқнинг муносабати қандай? Тиббий кўрик, умуман тиббиётдан мамнунми? Уларнинг фикрлари билан қизиқдик.

– Мазкур поликлиника шифокор ва ҳамширалари томонидан оиламизнинг ҳар бир аъзосига сифатли тиббий хизмат кўрсатиб келинади, – дейди "Қизилкум" кўчасида истиқомат қилувчи Муҳаббат Орифжонова. – Мана, ёзнинг жазирама иссиғи бўлишига қарамай, тез-тез хабар олишмоқда. Сабаби, бу пайтларда ошқозон-ичак касалликлари авж олади. Бугун ЭКГ, УТТ ва лаборатория текширувларидан ўтиб, саломатлигим тўғрисида аниқ маълумотларни билдим. Бунинг баробарида, кардиолог, эндокринолог, невропатолог ва бошқа мутахассислар хушмуомалада бўлиб, маслаҳатларини беришмоқда. Шу боис, шифокорлар дори-дармон билан эмас, аввало, ширин сўзи ёрдамида даволайди, деб айтаман. Муҳими, буларнинг барчаси бепул амалга ошириляпти. Ана шундай имкониятларни яратиб бераётган, саломатлигимиз учун доим қайғурадиган соҳа ходимларига миннатдорлигимни билдираман.

"Кутилаётган натижани беришига ишонаман"

Навбатдаги манзил туманнинг "Яккасарой" маҳалласи. Ушбу масканда ҳам аҳоли гавжум. 59-сонли оилавий поликлиника мутахассисларининг тиббий кўрикни ўтказиши учун барча шароит яратилиб, шинам, ёруғ, озода хоналар ажратилган. Шу билан бирга, соҳа ходимлари аҳолига соғлом овқатланиш тўғрисида кўргазмали материаллар ёрдамида тушунтириш-тарғибот ишларини олиб боришди.

Нигора Бозорова, 59-сонли оилавий поликлиника бош шифокор муовини:

– 43 минг 548 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатадиган муассасамизда айни кунларда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг кўрсатма хатига асосан жойларда "Саломатлик мактаби" фаолияти йўлга қўйилган. Бизга бириктирилган 10 та маҳалла, 7 та умумтаълим мактаби, 10 та мактабгача таълим муассасаси, 5 та касб-ҳунар ва академик лицей масъуллари билан тарғибот ишларини ҳамкорликда олиб боряпмиз. Шу билан бирга, тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Ушбу фаолиятларнинг мантиқий давомида сифатида мазкур тадбирни мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Биргина жорий йилнинг ўзида ҳудудимиздаги "Яккасарой" маҳалласида учинчи марта тиббий кўрик амалга оширилди. Бугунги тадбиримизда 400 нафардан зиёд аҳоли қатнашди. Бу жараёнда нафақат умумий амалиёт шифокори, балки 10 нафар тор соҳа мутахассиси ҳам жалб қилинди. Шунингдек, лаборатория, ЭКГ, УТТ текширувлари ҳам ўтказилди. Алоҳида таъкидлашим жоизки, ҳудуддаги маҳалла фаоллари бизга катта ёрдам бермоқда. Мана, ҳозирда ҳам улар мазкур жараённи бевосита кузатиб, ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашишмоқда.

– Маҳалламизда 7 минг 140 нафар аҳоли истиқомат қилади, – дейди "Яккасарой" маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар масалалари бўйича мутахасисси Моҳира Алмахсумова. – Улардан 3 мингдан зиёдини аёллар ташкил қилади. Хотин-қизлар, ҳомиладор аёлларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича ҳудудимиздаги 59-сонли оилавий поликлиника билан ҳамжиҳатликда иш олиб борамиз. Бугун маҳалламизга келиб, шу ернинг ўзида аҳолини тиббий кўрикдан ўтказишганидан айниқса, кексалар, ҳомиладор аёлларимиз жуда мамнун. Шу билан бирга, ҳар шанба куни маҳалла фаоллари билан ҳудудимиздаги 172-сонли умумтаълим мактабида "Саломатлик мактаби"нинг таҳлилий соатини ўтказиб, фаолиятларимизни янада такомиллаштириш бўйича аниқ режалар тузиб оламиз. Бу ўзининг натижасини бераётганига бугунги тиббий кўрикни мисол тариқасида айтишим мумкин. Поликлиниканинг бириктирилган шифокорлари Феруза Шокирова, Дилрабо Ҳожимуродова, Барнохон Каримова деярли ҳар куни маҳалламизга келиб, хабардор бўлишмоқда. Ўз навбатида уларга миннатдорлигимизни билдиррамиз.

Дарҳақиқат, "Саломатлик мактаби" фаолияти биргина тиббиёт муассасасида тиббий кўрикни амалга оширишнинг ўзи билан кифояланмай, ҳудудларга чиқиб, хусусан, таълим даргоҳлари, мактабгача таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган. Шу куни тадбир доирасида шифокор ва ҳамширалар ҳудуддаги 348-сонли мактабгача таълим муассасасида болаларга шахсий гигиена қоидалари тўғрисида саҳна кўринишлари ёрдамида тушунтириш беришди. Ушбу масканга кирар эканмиз, ён-атроф тозалиги, кичкинтойларнинг мириқиб дам олиши, мазмунли вақт ўтказиши учун шароитлар етарли эканлигига амин бўлдик. Муассаса ҳамшираси Наргиза Зойирова фикрлари билан ўртоқлашди.

– Ҳар куни эрталаб соат 7:30 дан болаларни қабул қилишни бошлаймиз, – дейди 348-сонли мактабгача таълим муассасаси ҳамшираси Наргиза Зойирова. – Соат 17:45 гача уларнинг вақтини мазмунли ва қизиқарли ўтказиш учун кунлик режа тузиб, хилма-хил ўйинлар ташкиллаштирамиз. Ҳар томонлама соғлом ва етук бўлиб вояга етишида спорт машғулотларини ҳам кунлик режага киритганмиз. Яъни эрталаб гимнастика машғулотларини бажариб, нонушта қилишади. Албатта, кичкинтойларнинг витаминга бой озиқ-овқатларни истеъмол қилиши, таомномага ҳам жиддий эътибор қаратилади. Ундан сутли каша, какао, мевали шарбат, тўйимли овқат, мева-сабзавотлар жой олган. Ёз фаслида кичкинтойларнинг сузиш билан шуғулланиши фойдадан холи эмас. Бунинг учун бассейн тозалиги ва сув маълум ҳароратда бўлишини таъминлаймиз. Шунингдек, "Саломатлик мактаби"нинг ижроси юзасидан 59-сонли оилавий поликлиника мутахассислари билан ҳамкорликда ишлаймиз. Мана, ҳозир ҳам шифокорлар келиб, болаларга қўлларни тозалаб ювиш, гигиена қоидаларига риоя қилиш юзасидан тушунчалар бериб, қизиқарли машғулотлар ўтказишди. Ўйлайманки, ҳамжиҳатликдаги мазкур ишларимиз кутилаётган натижаларни беради.

"Саломатлик мактаби"

қоғозбозликдан қанчалик холи?

Кун давомида ўтказилган тиббий кўриклар, тарғибот тадбирларидан ушбу саволга жавоб изладик. Соҳа ходимлари фақат ҳисобот тайёрлаш учун эмас, аксинча, чинакам маънода тиббий кўрикларни халққа яқинлаштиришга жонбозлик кўрсатмоқда. Аҳоли эса ўз хоҳиш-истаги билан бу жараёнларда фаол иштирок этиб, таклиф ва тавсияларини ҳам бермоқда. Бир сўз билан айтганда, халқнинг тиббий саводхонлиги ошмоқда. Қолаверса, соғлиқни сақлаш ходимларига бўлган ишончи баланд. Аммо бу ишончни оқлаш учун фаолиятларни янада такомиллаштириш зарур. Яъни ҳали олдинда турган вазифалар ҳам йўқ эмас. Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганидек: "…тиббиёт ходимлари бизнинг саломатлигимиз посбонларидир. Уларга халқ ишониши, улар эса халқни ишонтира олиши керак".

Жонибек МАЪРУПОВ. Муаллиф олган суратлар.

№ 32, 10.08.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.