Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Долзарб мавзу

...ИМКОНИЯТЛАР ЮҚОРИ БАҲОЛАНДИ

Жорий йилнинг 6 июнь куни пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш ва бу борадаги экспорт салоҳиятини оширишда қўйиладиган Халқаро Кодекс Алиментариус стандартлари муҳокамасига бағишланган анжуман ташкил қилинди. Идоралараро ўтказилган тадбирда мамлакатимиз мутахассилари ҳамда хорижлик экспертлар иштирок этди.

Халқаро иштирокли анжуманни Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитария-эпидемиология назорати бош бошқармаси бош мутахассиси Наталья Шарипова кириш сўзи билан очиб, мамлакатимизда аҳоли эҳтиёжини қоплаш ва экспертга мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, жумладан, ушбу маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши, истеъмолга яроқлилиги ҳамда сифат даражасига оид қўйиладиган талаблар, шунингдек, ишлаб чиқариш корхоналари, қолаверса, қишлоқ хўжалиги тармоқлари фаолияти назоратини олиб боришда санитария-эпидемиология ҳамда давлат ветеринария хизматининг вазифалари ҳақида сўз юритди. Шу билан бирга, 1963 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ва ФАО ташкилотлари иштирокида ташкил қилиниб, бугунги кунда нафақат миллий қонунчилик, балки халқаро битимларда ҳам ўзига хос мавқе эгаллаб келаётган Халқаро Кодекс Алиментариус қўмитасининг фаолияти хусусида тўхталиб ўтди.

Шундан сўнг, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Лианн Купенс сўзга чиқиб, мавзу доирасида йўлга қўйилган фаолиятлар, айниқса, Ўзбекистон ҳукумати томонидан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, бу борада назоратни кучайтириш юзасидан олиб борилаётган ислоҳотлар эътиборга моликлигини таъкидлади. Бундан ташқари, олдинда турган вазифалар, амалга оширилиши лозим бўлган зарурий чора-тадбирларга ҳам тўхталиб ўтди. Шуни ҳам алоҳида айтиш жоизки, анжуманда қўшни Қозоғистон Республикаси делигацияси аъзолари ўз маърузалари билан фаол иштирок этди. Бошқача айтганда, Кодекс Алиментариус қўмитасининг координатори сифатида бу борадаги фаолиятлар самарадорлиги ҳамда Қозоғистон тажрибаси ҳақида ахборот берди.

Найля КАРСЫБЕКОВА,

"Кодекс Алиментариус" қўмитаси координатори, Қозоғистон:

– Масалага бир жиҳатдан инсон саломатлиги нуқтаи назари билан ёндашиш лозим бўлса, иккинчи томондан экспорт қилинаётган маҳсулотларнинг жаҳон бозорига мослигини таъминлаш, деб қараш жоиз. Сабаби, ҳар қандай экспорт салоҳияти юқори давлатларда ҳам импорт маҳсулотларга эҳтиёж топилади ва бу айнан озиқ-овқат маҳсулотлари учун бўлиши мумкин. Шундан келиб чиққан ҳолда маҳсулотлар сифатлилиги, уларнинг санитария-эпидемиология талабларига қанчалик жавоб бера олиши, натижада инсон саломатлигига таъсири тўғрисида жиддий мулоҳаза юритиш вақти келди, деб ҳисоблайман. Биламан, бу борада мамлакатингизнинг имкониятлари кенг ва режалаштирилаётган лойиҳалар таҳсинга лойиқ. Бозорларингизнинг маҳсулотларга тўлалиги, уларнинг хилма-хиллиги кўзимизни қувонтирди, сифат борасида ҳам муаммога дуч келмадик. Демак, мамлакатингизда Кодекс Алиментариус стандартлари бўйича ортиқча муаммолар туғилмайди.

Анатолий

ХУДАЙБЕРГАНОВ,

Соғлиқни сақлаш

вазирлигининг овқатлашиш гигиенаси бўйича бош мутахассиси:

– Давлатимиз 2005 йилдан буён Жаҳон савдо ташкилотининг аъзоси ҳисобланади. Кодекс Алиментариус стандартлари эса мазкур ташкилотнинг асосий талабларидан бири саналади. Шу маънода бугунги анжуман мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш ва уларни экспорт қилишда рақобатдошлигини кучайтириш масалаларига бағишланганлиги билан муҳим аҳамиятга эга. Муҳокамаларнинг идоралараро мутасаддилар иштирокида ўтказилишидан кўзланган мақсад эса нафақат озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигини таъминлаш, балки бозор талабларидан келиб чиққан ҳолда, улар таркибидаги инсон саломатлиги учун фойдали хусусиятларнинг даражасини ошириш масаласини кўриб чиқишдан иборатдир. Сабаби, бугунги кунда бозорлар тўлдирилди истеъмолчилар маҳсулотларнинг ёрлиғига қараб, энг яхшисини танлашни истайди. Шунинг учун улар талабига мос равишда фаолият юритиш мақсадга мувофиқдир. Айтиш керакки, мамлакатимиз мутахассислари Кодекс Алиментариус қўмитаси Европа бюросининг барча мажлисларида иштирок этиб, озиқ-овқат маҳсулотларининг халқаро стандартларини ишлаб чиқишда ўз таклифлари билан фаол қатнашиб келмоқда. Сабаби, мамлакатимизга кириб келаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг таркиби нималардан иборат, уларнинг инсон саломатлигига таъсири қандайлиги долзарб масала ҳисобланади. Чунки, сотувчи ёки истеъмолчи масаланинг бу жиҳатига ҳар доим ҳам эътибор қилавермайди. Қолаверса, ижтимоий тармоқларни кузатиб борсангиз маҳсулотлардаги айни шу муаммолар туфайли салбий ҳолатлар юзага келаётганлигининг гувоҳи бўлаяпмиз. Шу боис, ушбу масалага икки томонлама ёндашиш зарур. Мамлакатимиз ва халқимиз манфаати, албатта, биринчи ўринда туриши лозим.

Анвар ШУКУРОВ,

Республика давлат

санитария-эпидемиология назорати маркази бош шифокорининг

ўринбосари:

– Анжуман доирасида муҳокама этилаётган долзарб масалалар мамлакатимиз экспорт салоҳиятини кучайтириш орқали иқтисодиётимизни янада яхшилашга хизмат қилади. Ҳозирги кунда Кодекс Алиментариуснинг 300 дан ортиқ стандартлари мавжуд ва улар маҳсулот турларига қараб белгиланади. Биз ушбу ташкилотдаги аъзолигимизни давом эттиришимиз учун мазкур талаблар асосида иш олиб боришимиз ҳамда қонуности ҳужжатларимизни ҳам шунга мослаштиришимиз керак бўлади. Албатта, мослаштириш деганда талабномаларни тўғридан-тўғри қабул қилиш эмас, тўғри йўналишни топиш назарда тутилади. Бундан ташқари, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини яхшилаш, бу борадаги хавфсизлик масалаларини таъминлаш бўйича фермер ҳамда тадбиркорларимиз орасида тарғибот ишларини мунтазам олиб бориш зарур. Амалга ошириладиган ишларнинг замирида эса, аввало, инсон саломатлиги мужассамлигини унутмаслигимиз лозим. Шундагина бу борада кўзлаган мақсадларимизга эришишимиз осон бўлади. Муҳокамалар доирасида иштирокчилар эътиборига ҳавола қилинган маърузалардаги фикрлар эса тизим тараққиётида муҳим аҳамият касб этади.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, анжуманда кўриб чиқилган масалалар аҳоли саломатлигини таъминлашда устувор аҳамиятга эга. Хорижий экспертлар эса мамлакатимизда етиштирилаётган ва ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифат даражаси хусусида ижобий фикрлар билдиришди ва давлатимизнинг бу борадаги имкониятларини юқори баҳолашди. Тадбир сўнгида турли фикрлар, таклифлар ва тажрибалар алмашинуви натижасида ўрганилган мавзу доирасида тегишли хулосалар чиқарилди.

Ҳасан АБДУҒАНИЕВ тайёрлади.

Суратлар муаллифи Акром АБДУЛЛАЕВ.

№ 24, 15.06.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.