Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Долзарб мавзу

ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИНИ ИЖТИМОИЙ ВА ҲУҚУҚИЙ ҲИМОЯ ҚИЛИШ — ДАВР ТАЛАБИ

Тиббиёт ходимлари мунтазам ўз устида ишлашни, доимий ўз касбий маҳоратини ошириб боришни талаб қиладиган, машаққатли, лекин шарафли касб эгаларидир. Шифокорлик касбига оид билимларни эгаллаш учун ўртача саккиз йил керак бўлади. Соҳа ходимлари таъкидланган йиллар давомида назарий ва амалий билимлар асосида малака ошириб, мутахассис сифатида шаклланади.

Таъкидлаш лозимки, тиббиёт ходимлари иш фаолиятининг натижалари бевосита ижтимоий ҳолатга эга бўлиб, кўпинча бирор бир шахснинг соғлиғи билан чекланмасдан, жамият барқарорлигига ҳам таъсир кўрсатади. Ушбу касб эгаларининг ўрни алоҳида аҳамият касб этади. Одамлари соғлом бўлган жамиятнинг келажаги фаровон бўлиб, унда барқарорлик, ўсиш ва ривожланиш ўз аксини топади. Бу эса шу мамлакатнинг тиббиёти ва шифокорларнинг билим даражасига ҳамда аҳолининг барча қатламларини сифатли тиббий хизмат билан тўлиқ қамраб олинишига боғлиқдир. Шифокорлар ўз ишига виждонан ёндашиб, бемор ҳаёти учун қайғуришни ҳамда бор билим ва тажрибасига таянган ҳолда уларни даволашни мақсад қилиб қўяди.

Албатта, шифокор авваламбор кўп йиллик тажрибага эга бўлсагина беморни даволашда ижобий натижага эриша олиши мумкин. Шу ўринда таъкидлаш муҳимки, ҳар бир инсон ўз саломатлиги тўғрисида жиддий қайғуриши, хасталанганда шифокорга вақтида мурожаат қилиб, касаллик тарихи тўғрисида маълумот бера олиши керак. Шундай ҳолатлар бўладики, бемор тезда тузалмаса ёки унинг ҳаёти сақлаб қолинмаса, мижознинг яқин кишилари тиббиёт ходимларини айблашади. Маълумки, кейинги йилларда тиббиёт ходимлари меҳнатига бўлган эътироз ва чақирувга борган шифокорларга хонадон эгалари томонидан ҳатто қўл кўтариш ҳолатлари ҳам юз берди. Шу боис, ижтимоий тармоқлар орқали тиббиёт ходимларининг фаолияти кўпгина баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Айниқса, бемор бирор тиббиёт ходимининг ўз вақтида кўрсатмаган ёрдами ёки тиббий хизматдан қониқмаганлиги, чақирувга келганда зарурий дори воситаларининг йўқлиги ва муомаласининг ёқмаганлиги ҳам танқид қилинади. Аммо, шифокорларнинг инсон ҳаётини сақлаш йўлида 24 соат ухламасдан меҳнат қилишини, тез ёрдам ходимлари чақирувдан чақирувга югуравериб тушлик ва кечки таом истеъмол қилишга вақти бўлмаганлигини, ўн икки-ўн тўрт соатлик жарроҳлик амалиётини тик оёқда бажараётганлигини, қолаверса, шифо масканларида кунига 15-20 нафар беморни қабул қилаётганлигини инкор этиб бўлмайди. Афсуски, ушбу касб эгаларининг машаққатли ҳамда масъулиятли меҳнатлари қанчалик оғир эканлигини кўпчилик ҳис эта олмайди.

Ҳозирги вақтда давлатимиз томонидан бемор ҳуқуқларига катта эътибор берилмоқда, лекин аҳоли орасида шундай беморлар учрамоқдаки, улар ўзларининг ноўрин хатти-ҳаракатларидан шифокорлар ҳимояланмасдан қолмоқда. Бундай беморлар ўз ҳуқуқларини суистеъмол қилиб, муолажадан норозилиги, шунингдек, айбсизлигини исботлаш учун шифокорларга тазйиқ ўтказади. Бу каби вазиятларда тиббиёт ходими мажбурий куч ишлатиб, асабийлашиш оқибатида хатоликка йўл қўяди.

Шунингдек, шифокорлар кўпинча ўзининг хизмат вазифасини бажариш жараёнида руҳий зўриқиш, соғлиғи ва ҳаётига таҳдид қилувчи ҳар хил ижтимоий гуруҳдаги одамларга дуч келишади. Соҳа ходимларининг бемор қариндошлари томонидан ҳақорат қилиниши, айрим ҳолларда эса уларга тан жароҳати етказилиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Бу нафақат бизнинг юртимизда балки қўшни мамлакатларнинг ҳам оғриқли муаммоси ҳисобланади. Лекин, баъзи чет давлатларда тиббиёт ходимлари ҳаётига хавф солувчи хатарни кўришса беморга тиббий ёрдам беришга ошиқишмайди, балки полицияни чақириб, улар келганидан сўнг шифокор тиббий ёрдамини кўрсатади. Бу ҳолат шифокорларнинг маъсулиятсизлиги билан эмас, балки ўз хавфсизлигини таъминлаши билан баҳоланади. Шунингдек, Англияда "тиббиёт ходимларни ҳимоялаш жамияти" мавжуд бўлиб, кўплаб шифокорлар ушбу жамиятга аъзо ҳисобланади. Мазкур жамиятга аъзо ҳар қандай шифокор ўз ҳимояси учун мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бу жамиятда малакали ҳуқуқшунослар фаолият юритиб, шифокорларни муаммоли вазиятларда ҳимоя қилишади.

Таъбир жоиз бўлса, айтиш муҳимки, мамлакатимизда тиббиёт ходимларини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш механизмининг йўқлиги, тиббиёт ҳодимлари атрофида носоғлом муҳит келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Яна шу ўринда таъкидлаш зарурки, Юртбошимиз раҳнамолигида кўп сонли тиббиёт ходимлари меҳнати қадрланиб, улар давлатимизнинг юксак мукофотларига, академик деган муносиб даражага сазовор бўлмоқдалар. Демак, тиббиётнинг олий мақсади инсонлар саломатлигини асраш экан, бу борадаги фаолиятларни такомиллаштириб, нафақат биргина соҳа ходимлари балки, кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда иш олиб борилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Шифокорлар меҳнатини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хизматига яраша иш ҳақи билан таъминлашни янада яхшилаш мақсадида давлатимиз раҳбарининг муҳим меъёрий ҳужжатлари имзоланиб, улар касбига оид бўлмаган ишларга жалб қилинмаслиги қатъий таъкидланди. Бу ҳам тиббиёт ходимларининг ҳимоясига қўйилган муҳим қадамлардан биридир.

Аввало, тизимдаги ислоҳотларни самарали амалга оширилиши кадрларнинг билим ва малакаси, салоҳияти, шунингдек, ижтимоий ҳимояланиши билан боғлиқ эканлигини инобатга олиб, тизимда меҳнат қилаётган тиббиёт ходимлари иш фаолиятини янада яхшилаш мақсадида уларга кенг имкониятлар яратиш зарур. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, тиббиёт ходимларини ижтимоий ва ҳуқуқий муҳофаза қилишга оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни мониторинг қилиш, фаолиятдаги кафолатларини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш, уларни ижтимоий муҳофаза қилишнинг аниқ механизмларини жорий этиш вақти келди.

Ўзбекистон Республикасининг деярли барча қонунчилик ҳужжатларида бемор ҳуқуқлари ва шифокор мажбуриятлари акс эттирилган бўлиб, тиббиёт ходимларининг ҳуқуқлари умумфуқаролик ҳуқуқлари доирасида ҳимоя қилинади. Хулоса ўрнида айтиш жоизки, тиббиёт ходимларини ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қиладиган меъёрий ҳужжат ишлаб чиқилишини даврнинг ўзи тақозо қилмоқда.

Зулхумор МУТАЛОВА, Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти директори.

№ 24, 15.06.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.