Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Долзарб мавзу

САХОВАТГА ЙЎҒРИЛГАН ЭЗГУЛИК

Қалбида одамийлик ҳисси уйғоқ инсон ҳамиша яхшилик улашиб яшайди. Айниқса, қилинган хайрли ишлар кимнингдир соғлиғини тиклашга, умрини узайтиришга кўмак берса, киши учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак. Донорлар ана шундай беғараз ёрдам кўрсатувчи, эзгу ниятли инсонлардир.

Маълумки, қон, унинг компонентлари ва препаратлари (плазма, эритроцитлар, тромбоцитлар, альбумин ва иммуноглобулинлар) инсон ҳаёти хавф остида қолганда қуйилади. Шунингдек, қон тизими касалликлари (оғир даражали камқонликлар, лейкоз, яъни оққон хасталиги, қон ивиш тизими бузилиши – гемофилия касаллиги, коагулопатиялар), саратон, патологияли оғир кечадиган туғуруқлар, операциялар, оғир даражали куйишлар ва турли фавқулотдаги ҳолатларда асқотади. Бундай вазиятда керакли миқдордаги қонни топиш учун соғлом инсонларнинг доимий, беғараз қон донорлигига жалб этилади.

Дарҳақиқат, ҳар йили 14 июнь – Бутунжаҳон донорлар куни сифатида нишонланади. Бу йилги шиор "Ўзгалар ҳақида ўйланг. Қон топширинг. Ҳаёт улашинг" деб эълон қилинди. Ушбу тадбирнинг бош мақсади қон қуйиш учун хавфсиз қоннинг муҳимлиги ва қон донорларининг зарурлигини чуқурроқ англаб етишни шакллантиришдир. Бу кун, авваламбор, донорлик қонлари ва қон компонентларига дунё бўйлаб ошиб бораётган талабга фаоллик билан жавоб қайтараётган кўнгиллиларнинг инсоният олдидаги хизматларини рағбатлантириб, уларга миннатдорлик билдиришга имконият яратади.

Мамлакатимизда беғараз донорлик ва уни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ўтган йиллар давомида "Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ, қон хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, қон ва унинг таркибий қисмлари хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, кенг жамоатчилик орасида беғараз донорликни ривожлантиришга қаратилган қатор дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бинобарин, меҳнат жамоалари, олий ўқув юртларида қон ва қон маҳсулотларининг қандай хасталикларда қўлланилиши, донорликнинг организм учун фойдали жиҳатлари, ўз навбатида донорнинг саломатлигига доир маълумотлар берилмоқда.

Донорлик ҳаракатини республика миқёсида ривожлантириш, қон ва унинг таркибий қисмларини мунтазам равишда ва беғараз қон топширувчи фуқароларни рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси фахрий донори" ("Почетный донор Республики Узбекистан") кўкрак нишонини тасдиқлаш тўғрисида"ги 202-сонли қарори қабул қилинган эди. Унда донорга Ўзбекистон Республикаси "Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида"ги Қонунда белгиланган қон топширгандан кейин бепул овқатланиш, текширув ўтиш ва қон топширган кунлари 2 кунга ишдан (ўқишдан) озод этилишидан ташқари шифохонага ётқизилганда овқатланишга пул тўлашдан озод этилиши имтиёз сифатида белгиланди. Қарорда "Ўзбекистон Республикаси фахрий донори" кўкрак нишони билан ўз қонини камида қирқ марта ёки унинг таркибий қисмларидан бир қисмини камида олтмиш марта бепул топширган донорлар мукофотланадилар. "Ўзбекистон Республикаси фахрий донори" кўкрак нишони ва унга гувоҳнома Бутунжаҳон донорлар кунида Соғлиқни сақлаш вазири ёки унинг номидан бошқа масъул шахслар томонидан тантанали маросимда топширилади. Бутунжаҳон донорлар куни нишонланадиган кунда юртдошларимизга "Ўзбекистон Республикаси фахрий донори" кўкрак нишони ва гувоҳномасини тантанали равишда топшириш яхши анъанага айланиб улгурди. Жорий йилнинг 14 июнь куни Республика қон қуйиш марказида ушбу санага бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Уни Республика қон қуйиш маркази директори Рустам Йўлдошев кириш сўзи билан очиб, мамлакатимизда донорлик ва унинг инсон ҳаёти учун нечоғлик қимматга эга экани хусусида тўхталди. Сўнгра инсонларга эзгулик бахш этаётган, ўз қони билан нажот бағишлаётган бир гуруҳ донорларни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2018 йил 21 майдаги 326-сонли буйруғига мувофиқ тошкентлик Александр Терешкин, Абдубосит Ғуломов, Аслиддин Тўхсанов, Александр Назаров, Фания Хабиева, Лилия Халилова, Ҳасан Қосимов, Қорақалпоғистонлик Рустам Алимов, фарғоналик Баҳромжон Алимов ва навоийлик Сайдулла Очиловга "Ўзбекистон Республикаси фахрий донори" кўкрак нишони топширди.

Донорлик жамиятимизнинг ҳар бир соғлом аъзоси учун бурч бўлиб қолиши учун, уни кенг миқёсда тарғиб-ташвиқ қилиш зарур. Тиббиёт ходимлари билан биргаликда аҳоли орасида тарғибот ишларини амалга оширишда барча жамоат, нодавлат, хайрия ташкилотлари, турли хил фондлар иштирок этишлари керак. Мамлакат жамоатчилигининг қўллаши ва иштироки, қон донорлиги инсонлар ҳаётини сақлаб қолишини, хавфсиз қон ва унинг маҳсулотларини таъминловчи қон хизмати эса соғлиқни сақлашнинг муҳим қисми. Бутунжаҳон донорлар куни арафасида, барча ҳудудларда кўп йиллар беғараз қон топшириб келаётган донорлар ва донорлик ҳаракатида иштирок этувчи инсонларни рағбатлантиришга бағишланган тантаналар бўлиб ўтмоқда.

Донорлар 18 дан 60 ёшгача бўлган соғлом инсонлар бўлиб, улар Республика қон марказида тўрт босқичли тиббий текширувдан ўтказилиб, шифокор тавсиясига биноан, донорлик қилиши мумкин. Соғлом киши учун қон топшириш, албатта, хавфсиз ҳисобланади. Чунки одам организмида 4,5,- 5 литр қон бўлиб, ундан 200 ёки 400 миллилитр олинади ва организм 36 соат ичида топширилган қон миқдорини тиклаб олиш хусусиятига эга. Асосийси, артериал гипертония хасталигининг олдини олиш ва бартараф этиш, моддалар алмашинувини яхшилаш, шунингдек, иммун тизимини мустаҳкамлашда қон топширишнинг аҳамияти беқиёсдир. Эътиборлиси, мамлакатимизда "Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ, ушбу йўналишда қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Донорлар билан ишловчи тиббий муассасалар фаолиятини янада такомиллаштириш, қон ва унинг таркибий қисмлари хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, кенг жамоатчилик орасида беғараз донорликни ривожлантиришга қаратилган қатор дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилаётганлиги бунинг ёрқин тасдиғидир. Соҳада амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида тизим муассасалари фаолияти такомиллаштирилиб, энг замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланди. Айни пайтда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида қон қуйиш станциялари фаолияти йўлга қўйилган. Пойтахтимизда бир қатор шифо масканлари, жумладан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази, Тошкент тиббиёт академиясининг II клиникаси, шунингдек, Тошкент шаҳар қон қуйиш станциясида қон тайёрланади ва улар пойтахтимиз шифохоналарида даволанаётган беморларнинг қонга бўлган эҳтиёжини таъминламоқда.

"Донор ким ўзи?"

Тиббиёт нуқтаи назаридан қараганда, қон бу органларга озуқа ва кислород етказиб берувчи суюқлик. У шундай мураккаб тузилганки, ҳозир илм-фан ривожланган давр бўлсада, унинг ўрнини тўлиқ босадиган маҳсулот яратилмаган. Демак, инсоннинг қонга бўлган эҳтиёжини қондирадиган ягона манба бу уларнинг ўзи, яъни донорлар қонидир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан биринчи бўлиб қон гуруҳларини аниқлаган олим Карл Ландштейнернинг туғилган куни – 14 июнь жаҳонда Донорлик куни деб эълон қилинган. Донор ким ўзи? Донор оғир дамларда беморга ҳаёт бахш этувчи олижаноб кишидир. "Донор" сўзининг маъноси ҳам саховатни, ҳимматни ифодалаб, "ҳадя этаман" деган маънони беради. Донор қон топширар экан, фақат бировнинг ҳаётини сақлаб қолмайди, аксинча ўзининг соғлигини ҳам ўйлаган бўлади. Бугунги кунда иқлим ва экологик муҳитнинг ўзгариши натижасида юрак қон-томирлари касалликлари кўпайиши кузатилмоқда. Бу касалликда вақти-вақти билан қон олдириш ғоят муҳим ҳисобланади. Соғлом организм учун қон топшириш ҳеч қандай зарар етказмайди. Аксинча, қон топшириш қонларнинг ҳаракатини енгиллаштиради, тўқималарга озиқа ва кислород етиб бориши осонлашади, юрак фаолияти яхшиланади. Топширилган қон ўрни икки суткада тўлиқ тўлдирилади. Олинган захира қон ўрни эса икки ойда тўлади ва қон янгиланади.

Республика Қон қуйиш марказига борганмисиз?

Осиё тараққиёт банки лойиҳаси бўйича институтнинг Республика қон маркази замонавий ускуналар билан жиҳозланган. Қон маркази таркибида қуйидаги бўлимлар фаолият олиб боряпти: донорлар, қонни қайта тайёр-лаш ва вақтинча сақлаш, ОИТС лабораторияси, бак-лаборатория, биокимё ва иммунология лабораториялари, қон препаратлари сифатини назорат қилиш, қон захирасини бошқариш маркази экспедицияси, сайёр бригада, дорихона ва виварий.

Донорлар бўлими донорларни кўрикдан ўтказади, беғараз донорлардан қон ва плазмаларни, кадр донорлардан плазма (янги музлатилган, стафилококка қарши) ва тромбоконцентрат тайёрлайди, терапевтик беморларга даволовчи плазмаферез муолажасини ўтказади. Ўзак ҳужайраларни тайёрлаш ишлари йўлга қўйиляпти. Бўлим қон тайёрлаш, плазмаферез ва плазмацитаферез учун Европа стандартларига мос келадиган замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Донорлар бўлими донорлик ва даволовчи плазмоцитаферез учун гравитацион жарроҳликни такомиллаштириш ва янги технологияларини жорий қилиш; экстракорпорал гемокоррекция операцияларини ўтказиш; институт клиникаси беморларига плазмоцитаферез йўли билан олинган қон компонентларини тайёрлаш билан шуғулланади.

Қонни қайта тайёрлаш ва вақтинча сақлаш бўлими центрафуга қилингандан кейин эритроцитар масса ва плазма, тромбоконцентрат, криопреципитат, ювилган эритроцитларни тайёрлаш билан шуғулланади. Бўлим қон ва унинг компонентларини қайта ишлаш ва сақлаш учун Европа стандартларига мос келувчи ускуналар билан жиҳозланган.

Сайёр гуруҳлар сайёр шароитда қон тайёрлаш ва тайёрлашни режалаштириш бўйича ишлар давом эттирилмоқда. Талабалар ва аҳоли ўртасида беғараз донорликни ривожлантириш бўйича тарғибот олиб борилмоқда. Бўлим қон тайёрлаш бўйича Европа стандартларига жавоб берадиган замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган.

ОИТСни ташхислаш бўйича лаборатория ва клиник-биохимик лаборатория бўлими Республика гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институти ва бошқа соғлиқни сақлаш муассасалари донорларининг қонини ВИЧ, HBsAg ва HCVга, клиника беморларининг клиник-биохимик таҳлиллари, фракционерлик бўлими маҳсулотини текширади.

Иммунологик лаборатория донорлар қони апробацияси, эритроцитлар типлаш, сенсибиллашган ҳомиладор аёлларда иммунологик зиддият вужудга келишини кузатиш билан шуғулланади. Лаборатория шифокорлари донорларни реципиентларга индивидуал саралашни ўтказади. Гемаглютинация қилувчи ва резусга қарши зардоб ва резусга қарши иммуноглобулин ишлаб чиқариш учун хом ашё йиғиш билан шуғулланадилар. Лаборатория изосерология ва трансфузиядан кейинги асоратларнинг олдини олиш масалалари бўйича шифокор-лаборантларни тайёрлайди.

Клиник лаборатория донорлар қонининг клиник-диагностик тестларини амалга оширади. Қон препаратлари бўлими 10 фоизли альбумин, инсон иммуноглобулини, антистафилокок ва резусга қарши гамма-глобулин тайёрлайди. Беморларни парентерал озиқлантирувчи янги препарат (эритроцит массасининг гидролизати) ишлаб чиқариш устида иш олиб борилмоқда. Бўлим Ўзбекистон Республикасида қон препаратларини ишлаб чиқариш бўйича услубий марказ ҳисобланади.

Бактериологик лаборатория қон препаратлари ва компонентлари зарарсизлигини назорат қилади. Республика гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институти донорнинг сифилис ва бруцеллёз касаллиги билан оғриганлигини текширади. Иммун плазмадонорларида махсус антитителолар титрини аниқлайди.

Марказий Республика қон препаратлари сифатини назорат қилиш лабораторияси ишлаб чиқарилаётган қон препаратлари ва қон ўрнини тўлдирувчи эритмалар сифатини назорат қилади. Даволаш-профилактика муассасаларига клиник тажрибалар учун трансфузион эритмалар муҳитини кечаю-кундуз етказиб беради.

Қон – бу ҳаёт! Агар инсон организмида бу модда етарли бўлмаса, қандай ҳолат рўй бериши барчамизга маълум. Донорликни ўз ҳаётининг мазмунига айлантирган киши эса чинакам маънода саховатлидир. Шундай экан, умрини эзгуликка бағишлаган юртдошларимизни "Ўзбекистон Республикаси фахрий донори" кўкрак нишонига сазовор бўлганлиги билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва таҳририятимиз ижодий жамоаси номидан самимий қутлаймиз.

Намоз ТОЛИПОВ.

Суратлар муаллифи Акром АБДУЛЛАЕВ.

№ 24, 15.06.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.