Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Долзарб мавзу

АЛЛЕРГОЛОГИК МУАММОЛАР ВА УЛАР ЕЧИМИНИ ТОПИШ ДАВР ТАЛАБИ

МУНОСАБАТ ВА ТАКЛИФ 2018 йилнинг 11 май куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан "Аллергик касалликларни профилактика қилиш, уларга ташхис қўйиш ва даволашни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорининг қабул қилиниши, аллергологик муаммолар ечимини ҳал этишда муҳим ҳужжат вазифасини ўташи, шубҳасиз.

Кейинги йилларда дунё бўйича аллергик касалликлар кўрсаткичининг ошиб бораётганлиги барча мутахассисларни ташвишга солмоқда. Ушбу касалликлар қаторига бронхиал астма, анафилаксия, дори ва озиқ-овқат аллергияси, аллергик ринит, ҳашаротлар заҳри аллергияси, Квинке шиши каби хасталикларни санаб ўтиш мумкин. Сўнгги 10-20 йилликда аллергия касаллигининг ёшарганлиги, айниқса, болаларда оғир кечаётганлиги долзарб муаммога айланмоқда. Маълумотларга қараганда, ривожланган давлатларда ҳам аллергик касалликлари бор беморларга биринчи ёрдам бериш сифати талаб даражасида эмаслиги таъкидланган. Республикамиз бўйича аллергик беморларга махсус тиббий ёрдам кўрсатиш ўрнига аллергик касаллик ҳисобланган нозологияларни пульмонолог, отоларинголог, дерматолог каби тор соҳа мутахассислари даволаб келмоқдалар. Бу эса баъзи ҳолатларда ноадекват терапияга ва оғир асоратлар, хусусан, бронхиал астманинг оғир турларига келиб чиқишига сабабчи бўлмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг стастистик маълумотларига кўра, аллергик ринит билан касалланганлар сони юз миллионлаб инсонларни, астма билан хасталанганлар эса 300 миллионни ташкил этади. Республикамизда ҳам касалланиш кўрсаткичи ниҳоятда баланд, болалар орасида бронхиал астма билан касалланиш кўрсаткичи ошиб бормоқда. Шу ўринда ушбу касалликларни стандартларга мос равишда даволаш, асосан аллерголог мутахассисларнинг вазифасига киради. Агар юқорида таъкидлаганимиздек, беморлар тор соҳа мутахассислари томонидан аллергик касалликларга қўйилган турли хилдаги ташхислар орқали даволанса, салбий оқибатларга олиб келиши, ҳатто ўлим ҳолатлари содир бўлиши кузатилмоқда. Шу боис, аллергологлар томонидан ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатилиши даврнинг муҳим талабига айланмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ЖССТ экспертлари хулосасига кўра, ҳар йили дори аллергиясидан 150.000 киши вафот этади. Аллергик касалликлар учун клиник ёрдам кўрсатиш хизмати деярли мавжуд эмас, чунки беморлар диагностика ва даволаниш мақсадида бошқа альтернатив тиббий мутахассисларга мурожаат қилишади.

Ҳар бир шифокор аллергиянинг турли кўринишларига дуч келади, масалан, дори препаратлари ва озиқ-овқат маҳсулотларини кўтара олмаслик, маиший воситалар, кимёвий моддаларга, хусусан, кийимлар, синтетик матолар, косметика воситалари, гигиена маҳсулотлари, турли тақинчоқлар ва кўпгина бошқа воситаларга ноодатий реакциялар кўрсатиш каби ҳолатларга. Афсуски, шифокорлар беморларга адекват ёрдам кўрсатишга тайёр бўлмайдилар. Ҳозирги вақтда бирламчи тизимда 85 фоиз беморлар, аллерголог мутахассисларига эса 15 фоиз беморлар мурожаат қилишади. Республика илмий-ихтисослаштирилан аллергология маркази (РИИАМ) маълумотларига қараганда, 60 фоиз ҳолатларда бронхиал астма касаллиги бирламчи тизимда фаолият юритаётган тиббиёт ходимлари томонидан нотўғри ташхис қўйиши орқали касаллик кечикиб, аллергиянинг оғир асоратларига олиб келади. Кеч ташхис қўйилиши, нотўғри даволаш, иккиламчи профилактиканинг ўтказилмаслиги натижасида, Ўзбекистон Хитой ва Россиядан кейин астма касаллиги ўлим кўрсаткичи бўйича 3-ўринни эгаллайди. Энг ачинарлиси шундаки, бу касалликлар асосан 5-35 ёшдаги аҳоли орасида оғир кечмоқда. Маълумки, бу ёш оралиғи меҳнатга лаёқатли даврни ҳамда келажак авлод захирасини ташкил этади. Олий таълим тизимида ташкилий- структур ўзгаришларига ва "Кадрлар тайёрлаш миллий дастури" талабларига мос равишда замонавий аллергологиянинг юқорида кўрсатилган оғриқли нуқталарига амалиёт шифокорларининг ўрни алоҳида бўлишини таъкидлаш лозим. Шу ўринда айтиш муҳимки, масалалар ечимини ҳал этишда соғлиқни сақлаш тизимига аллергология соҳасида илм ва тажрибага эга бўлган шифокорлар зарур. Албатта, бу нафақат даволовчи соҳадаги шифокорлар, балки стоматолог ҳамда гигиенистларга ҳам тегишлидир. Афсуски, ҳозирги кунда "клиник аллергология" курси учун келган даволаш ҳамда тиббий- педагогика факультети талабаларида, деярли базавий билимлар талаб даражасида эмас. Стоматология факультетида эса бу курс ўқитилмайди, ҳаттоки шифокор стоматолог амалиётида оғиз бўшлиғида учровчи дори аллергиясининг оғир тури 80-90 фоиз ҳолларда ўлимга олиб келувчи кўп шаклли эритема, Стивенс–Джонсон ва Лайелла синдроми каби аллергик касалликлар билан зарарланишига олиб келади. Шу сабабдан шифокор стоматолог бу реакциялар келиб чиқиши тўғрисида ташхислай билиши, даволай олиши ҳамда кесишув реакциялари ҳақида огоҳлантириши керак. Бундан ташқари, шифокор стоматолог анестезия ўтказилаётган пайтда келиб чиқувчи шошилинч ҳолатларда тез ёрдам кўрсатиши муҳим. Олий маълумотли тиббиёт ходимини тайёрлашда профилактика соҳасига керакли даражада катта эътибор қаратиш лозим. Бу эса санитар-гигиеник соҳада таълим олувчи талабаларга экологик аллергология фанидан дарс олиши зарурлигини кўрсатади. Урбанизация ва аллергик касалликлар олдини олиш ва гигиеник муаммоларни бартараф этишда оила, мактаб, ишхона, атроф-муҳит катта роль ўйнайди.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда қуйидаги таклифларни киритмоқчиман:

1. Олий таълим тизимига махсус аллергология ва клиник иммунология фанини тиббиёт олий ўқув юртларининг барча факультетларида (камида 70 соат) киритилиши лозим (даволаш, стоматология, тиббий-педагогика, тиббий-профилактика), чунки келгусида етук мутахассис-шифокорлар ўз фаолиятида аллергик хасталикларни ривожланиш патогенезини мукаммал билиши ҳамда даволай олиши керак. "Аллергология ва клиник иммунология"ни фан сифатида ҳозирги кундаги аҳволи ниҳоятда ачинарли, боиси, бакалаврлар айни кунда бор йўғи 26 соат амалий машғулот ва 4 соат маъруза тинглайдилар. Демак, даволаш ва тиббий-педагогика факультетларида бор йўғи 30 соат дарс ўтилади. Ваҳоланки, хориж стандартларида тиббий олий ўқув юртларининг талабалари аллергология клиник иммунология кафедраларида 70 соатли цикл дарсларини ўқийдилар. Ҳарбий тиббиёт факультетида 2017/18 ўқув йилидан клиник аллергология фани олиб ташланди. Тиббий-профилактика ва стоматология факультетларида эса клиник аллергология фани мутлақо ўқитилмайди.

2. Аллергология ва клиник иммунология ихтисослиги бўйича мутахассислар тайёрловчи клиник ординатурага сўнгги 3 йил давомида 3 та ўрин ажратилган (Республика миқёсида ягона бўлган базада).

3. Юқоридагилардан хулоса қилган ҳолда аллергология ва клиник иммунология фанини ўқитиш тизимини қайта кўриб чиқиш лозим ҳамда аллергология ва клиник иммунология ихтисослиги бўйича магистратура йўналишини очиб, магистрлар ўқитилишини йўлга қўйиш керак.

4. Марказимизда диагностика ва даволаш мақсадида ишлатилувчи аллергенлар билан таъминот даражаси ҳам яхши эмас. Бунинг сабаби, аллергенлар импорти Россиянинг "Биомед" заводидан олиб келинган. "Дори-дармон" акциядорлик компаниясининг 27.03.2018 йилдаги 09-11/554 сонли хатига асосан Республикамизда ишлаб чиқарилмайдиган дори-дармон ва бошқа воситаларни олиб келиш тақиқлангани ҳамда келгусида аллергенлар олинишида фармакология қўмитасидан ҳар доим бир маротабалик рухсатнома талаб қилиб келинади. Сўнгги даврга келиб ушбу воситалар хорижий валюта бўйича ҳисобланиб, аллергенлар нархи ниҳоятда юқори бўлганлиги сабабли уларни республикамизга олиб келиш катта маблағ талаб этади. Лекин аллергенлар амалиётда ташхисот, махсус иммунотерапия ўтказиш учун ниҳоятда зарур. Бу эса болалар, ўсмирлар орасида аллергик хасталикларнинг оғир асоратлари профилактикасида жуда муҳим. Ушбу йўналишда республикамизда ўсадиган ўсимликлардан юқори аллергенлик хусусиятга эга эрмон, шувоқ, сули, терак, бошоқли ўсимликлардан ажратилган аллергенлар ишлаб чиқиш бўйича янги ғоя ва таклифлар киритиш мақсадга мувофиқ. Буларни амалга оширишда мамлакатимиз олимлари ва соҳа мутахассислари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш керак.

5. РИИАМ корпуси – жойлашуви, ҳеч бир гигиеник талабга жавоб бермайди. ТМА 2-клиникаси 8-биносида, яъни йирингли хирургиянинг биринчи қаватида жойлашган. Республика аллергология илмий ихтисослашган маркази Тошкент тиббиёт академиясининги 1-клиникаси қошидаги янги қурилган "Диетология" маркази қошида очилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

6. Марказда ташхисот бўлими ҳам йўқ. Поликлиника бўлими қошида 1 хонадан иборат лаборатория бўлиб, унда фақат умумий қон ва сийдик, 1 та эски иммун полианализаторда IgE аниқланади. Ваҳоланки, ген даражасида аллергик хасталикларнинг олдини олувчи янги ташхисот асбоб-ускуналари мавжуд ва уларни амалиётда қўллаш мумкин.

7. Поликлиникага 1 ойда – (930 та режада) лекин амалда 1200 та бемор Республика ҳудудларидан мурожаат қилишади, шароитлар аянчли ҳолатда, муолажа хонаси 1 та ва унда замонавий аллергенлар билан махсус синамаларни босқичма-босқич ўтказишнинг иложи йўқ.

8. Аллерголог мутахассисларнинг малакасини оширишда ҳам қатор муаммолар бор. Тошкент врачлар малакасини ошириш институти раҳбариятига ССВнинг 250-сонли буйруғига асосан илгари ҳам мурожаат этилган. Лекин соатлар тақсимотида мавжуд муаммолар бўлганлиги сабабли ҳанузгача малака ошириш дарслари Тошкент врачлар малакасини ошириш институти пульмонология ва клиник аллергология кафедрасида пульмонологлар томонидан олиб борилади. Наҳотки, аллергологларга пульмонологлар машғулот ўтишса? Буни қандай изоҳлаш мумкин?

Ана шундай ўз ечимини тополмаган муаммолар ва камчиликлар борки, уларни ўз вақтида англаб, негизига етиш, бу борада оқилона ва одилона ечимларни танлаш, амалий тиббиёт ва тизимга жорий қилишнинг даври келди.

Таъкидлаш муҳимки, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган мазкур қарор юқорида баён этилган муаммолар ечими кўламини белгилаб берди:

1. Аллергология соҳасида пойдевор ва амалий тадқиқотлар олиб бориш асосида аллергик касалликларни профилактика қилиш, уларга молукуляр асосдан ташхис қўйиш, даволаш бўйича ягона марказлашган тизимни яратиш ҳамда аллергик касалликларни эрта аниқловчи скрининг дастурларини барча ҳудудларда ташкил этиш:

2. Соғлиқни сақлаш амалиётига илм фаннинг ижобий ютуқларини жорий этиш имконини берувчи биотиббиётнинг умумжаҳон ютуқлари билан боғлиқ ҳолда илмий-тадқиқот ишлари кўламини кескин ошириш, ташхис ва даволашнинг инновацион усулларини ишлаб чиқиш:

3. Даволаш муасассалари моддий-техника базасини яхшилаш билан бир қаторда дори-дармон, тиббий жиҳозлар билан таъминланиш даражасини яхшилаш:

4. Клиник аллергология ва иммунология соҳаларида кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, кадрлар салоҳиятини яхшилаш, бу борада етакчи ҳамда илғор бўлган давлатларнинг тиббий муасассалари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш:

5. Қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, аллерглогия соҳасига оид давлат грантлари ва инвестицияларни жалб қилиш, аллергологияни ривожлантиришга қаратилган анжуман, симпозиум ва семинарлар ўтказиш.

Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан, жумладан, ТошПТИ ва ТТА да клиник аллергология ва клиник иммунология кафедраларини ташкил этиш, янги ўқув йилидан клиник ординатурага қабул қилиш квоталарини ошириш, 2019-20-ўқув йилидан бошлаб, ушбу йўналишда магистратурани ташкил этиш, шунингдек, Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида аллергология бўйича шифокор ходимлар малакасини ошириш дастурларини такомиллаштириш чора-тадбирлари белгилаб берилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Фавқулотда вазиятлар вазирлиги билан биргаликда аллерген ўсимликлар чанги тўпланишини кузатиш ва касалланган беморларни хабардор қилиш назарда тутилган мониторинг тизимини яратиш, аҳолининг "аллергик паспорти"ни ишлаб чиқиш каби қатор чора-тадбирлар Ўзбекистон Республикасида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Илмира РОЗИҚОВА, Республика илмий-ихтисослаштирилган аллергология маркази директори, профессор.

№ 21, 25.05.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.