Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Долзарб мавзу

ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИНИ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯЛАШ ДАВР ТАЛАБИ

Жорий йилнинг 27 март куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан "Тиббиёт ходимларини ижтимоий ва ҳуқуқий муҳофаза қилишнинг долзарб масалалари: амалиёт ва халқаро тажриба" мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда Сенаторлар, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш, Адлия, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Ички ишлар, Молия вазирликлари, Бош прокуратура, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари Касаба уюшмаси Республика Кенгаши ва бошқа манфаатдор идоралар масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Давра суҳбатини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси З. Низамходжаев кириш сўзи билан очиб, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг барча соҳаларида бўлгани каби тиббиёт соҳасида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётгани, кейинги икки йил ичида давлатимиз раҳбарининг мазкур соҳани ислоҳ қилишга қаратилган битта Фармони, 16 та Қарори ва 11 та Фармойиши, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 20 та Қарори ва 10 та Фармойиши қабул қилинганини алоҳида таъкидлади. Шу билан бирга, ўтган йиллар мобайнида тизимда амалга оширилган ишлар билан бир қаторда ҳали ечимини кутаётган муаммолар ҳам кўзга ташланаётганини билдириб, миллий қонунчиликда тиббиёт ходимларини ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилишга қаратилган алоҳида қонун ҳужжати ёки муайян ҳуқуқий нормалар мавжуд эмаслиги борасида ҳам сўз юритди. Тиббиёт ходимларини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш механизмининг йўқлиги сабабли амалиётда кўплаб муаммолар келиб чиқаётгани, муассасаларда навбатчиликлар билан боғлиқ муаммолар беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш сифатининг пасайишига, соҳа ходимларига ҳам ноқулайликлар туғдираётгани юзасидан ўз фикрини баён этди. Бунинг баробарида, муаммонинг келиб чиқишига, тиббиёт муассасаларида иш жойлар қисқартирилиши, сутка давомида туну кун тегишли тиббий хизмат кўрсатиш учун мутахассислар етишмаслиги, 12 соатдан навбатчиликни ташкил этишда қийинчиликлар юзага келиши, вақтинча меҳнатга лаёқатсизликда бўлган ходимлар ўрнига ортиқча навбатчилик учун иш ҳақи тўланмаслиги сабаб бўлаётганини ҳам таъкидлади.

– Тиббиёт ходимларининг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари Касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан Тармоқ келишуви имзоланган. Унга асосан 3 минг 797 та муассасада 100 фоиз жамоа шартномалари қабул қилинган бўлиб, улар орқали жами 633 минг 580 нафар ходим манфаатлари қамраб олинган. 2017 йилда Республика бўйича корхона, ташкилот ва муассасаларда тузилган жамоа шартномаларида қабул қилинган жами бандларнинг 97.1 фоизга бажарилишига эришилган. Бу кўрсаткич 2015 йилда 95.4 фоиз, 2016 йилда 98 фоиз бўлган. Амалга оширилаётган ишларга қарамасдан айрим муассасаларда қонун талаблари бажарилмаяпти ёки талаб даражасида эътибор қаратилмаяпти. Биргина мисол: касаба уюшмаларининг барча органларидан йил давомида жами 8124 та мурожаат, шундан 1201 та ариза ва мурожаат Соғлиқни сақлаш тармоғи (633 580 нафар аъзолар) ходимларидан келиб тушган. Жумладан, айрим ҳолларда ходимларнинг хизмат сафари давридаги суткалик харажатлари қонун ҳужжатларида белгиланган бўлишига қарамай, маблағ йўқлиги рўкач қилиниб тўлаб берилмаяпти. Ходимлар меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини билмасликлари учун ҳам ҳар йили тиббиёт ходимлари турли даражадаги бахтсиз ҳодисаларга учраб келмоқдалар. Жумладан, ҳисобот даврида 10 та бахтсиз ҳодиса содир бўлишига йўл қўйилиши натижасида 2 нафар ходимнинг бевақт вафот этишига ва 7 нафар ходим оғир тан жароҳати олишига сабаб бўлди. Шу ўринда тиббиёт ходимларини ижтимоий ва ҳуқуқий муҳофаза қилишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мониторинг қилиш, тиббиёт ходимлари фаолияти кафолатларини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш, уларни ижтимоий муҳофаза қилишнинг аниқ механизмларини жорий этиш зарур. Бунда тиббиёт ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, жавобгарлигини, уларга тегишли шарт-шароитларни қўллаш, санаторий-курортларда даволанишлари бўйича йўлланма бериш каби имтиёзлар бериш мақсадга мувофиқ, деб биламан, – дейди Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Соғлиқни сақлаш ходимлари Касаба уюшмаси раиси Фарҳод Ханапияев.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Пенсия ҳисоблаш услубиётини мувофиқлаштириш ва фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўлими бошлиғи Зафар Хўжаев тиббиёт ходимларига нафақа тайинлашдаги амалиёт ва тажриба борасида батафсил тўхталиб ўтди.

– Ўзбекистон Республикаси "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Қонунининг 11-моддаси "а" бандига асосан меҳнат шароити ўта зарарли ва ўта оғир ишларда тўлиқ иш куни давомида банд бўлган ходимлар (2-сонли рўйхат, I қисм) ушбу Қонуннинг 7-моддасида белгиланган ёшни 10 йилга қисқартирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар. Мазкур Қонуннинг 7-моддасида назарда тутилган пенсия ёши меҳнат шароити ўта зарарли ва ўта оғир ишларда банд бўлинган талаб қилинган имтиёзли иш стажига эга бўлганда, ҳар бир тўлиқ йил учун 1 йилга қисқартирилган ҳолда тайинланади. Яъни радиоактив моддалар билан ишлайдиган, радиологик ва ангиографик бўлимларда мунтазам равишда шуғулланадиган шифокор-радиологлар, рентген лабораториялари, рентген, ангиография ва флюрографик кабинетларда фаолият юритаётган шифокорлар, рентген ва ангиография бўлимларида мунтазам равишда реанимация бўлинмаларида ишлайдиган шифокорлар, шунингдек, ўрта тиббиёт ходимлари Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 12 майдаги "Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларнинг рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида"ги 250-сонли қарори билан тасдиқланган 2-сонли рўйхат, I қисмида келтирилган тартибда жорий қилинади. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Қонунининг 38-моддасига мувофиқ айрим тиббиёт муассасаларида ишланган даврлар иш стажига имтиёзли тарзда қўшиб ҳисобланади. Яъни моховхоналарда, вабога қарши муассасаларда, иммунодефицит вируси билан касалланган шахслар даволанадиган юқумли касалликлар муассасаларида ишлаш – икки ҳисса баробарида ҳамда патологоанатомия муассасалари ва суд-тиббий экспертиза муассасаларининг тиббий ходимларидан айрим тоифаларининг иши – бир ярим ҳисса баробарида ҳисобланади. Яна бир жиҳат, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 декабрдаги "Хусусий тиббиёт ташкилотларини ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитларни яратиш тўғрисида"ги 3450-сонли Қарори асосида жорий йилнинг 1 январдан бошлаб, мулкчилик шаклидан қатъи назар, тиббиёт ташкилотларида ишловчи шифокор-пенсионерларга пенсия тўлиқ миқдорда тўланиши жорий қилинди, – дейди Зафар Хўжаев.

– Айтиш жоизки, тиббиёт ходимларини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш механизмининг йўқлиги сабабли амалиётда кўплаб муаммолар келиб чиқмоқда. Шифокорлар беморнинг қариндошлари томонидан ҳақорат қилиниши, айрим ҳолларда эса, тан жароҳати етказилиши, ўзининг меҳнат фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлмаган вазифалар юклатилиши ва бошқалар шулар жумласидандир. Шунинг учун фаолият кўрсатаётган тажрибали шифокорлар ва тор доирадаги мутахассислар бюджет ташкилотларидан кўра, хусусий секторларда ишлашни афзал кўрмоқда. Яна бир жиҳат, Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги Қарорига мувофиқ, тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича разрядлар 1 дан 11 гача белгиланган бўлиб, кичик тиббиёт ходимлари учун тариф сеткаси бўйича 1 дан 2 гача, ўрта тиббиёт ходимлари учун 2 дан 7 гача, шифокорлар учун 6 дан 10 гача бўлган разрядлар белгиланган. Хўш, ана шундай муаммо ва камчиликларни бартараф этишда нималарга эътибор қаратиш зарур? Қандай таклифларни киритиш муҳим? Аввало, Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларнинг нечоғли муваффақиятли амалга оширилиши кадрларнинг билими, малакаси, салоҳияти, шунингдек, ижтимоий ҳимояланиши билан боғлиқ бўлганини инобатга олиб, тизимда меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларнинг самарали фаолияти, уларга янада зарурий шарт-шароитлар яратиш. Шу билан бирга, "Тиббиёт ходимларини ижтимоий ва ҳуқуқий муҳофаза қилишнинг кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Шунингдек, ўриндошлик асосида ишлаш тартибини такомиллаштириш, вакант шифокор лавозимларини тўлдириш, меҳнат шароитлари оғир бўлган йўналишларда ўриндошлик асосида ишлашга тақиқларни бекор қилиш ва асосий ишга қўшимча яна бир ставка шифокорлик вазифасини ўриндошлик асосида бажаришга рухсат бериш масаласини кўриб чиқиш зарур. Йил давомида ортиқча ишлаган вақти 120 соатдан ошиб кетиши натижасида ортиқча вақт учун тўланган иш ҳақига тегишли тўловларни амалга оширилишининг қонуний асосларини белгилаб берилишини таъминлаш масалаларига ҳам эътибор қаратиш зарур, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тиббий-ижтимоий ёрдам муассасалари фаолиятини ташкиллаштириш ва мувофиқлаштириш бош бошқармаси бошлиғи Алишер Инаков.

Тадбирда таъкидланганидек, ўриндошлик асосида ишлаш тартибини такомиллаштириш, вакант шифокор лавозимларини тўлдириш, меҳнат шароитлари оғир бўлган йўналишларда ўриндошлик асосида ишлашга тақиқларни бекор қилиш ва асосий ишга қўшимча яна бир ставка шифокорлик вазифасини ўриндошлик асосида бажаришга рухсат бериш масаласини кўриб чиқиш лозим. Юқорида қайд этилган муаммолар сабабли 2016 йил мобайнида ишдан кетганлар 10 минг 782 нафарни (14,8%) ташкил этган. Бунда, вакант иш ўрни 11 минг 859 бирликни (12,8%) ташкил қилиб, ҳар 10 минг аҳолига 22,4 нафар шифокор тўғри келган, яъни вакант иш ўринлари салмоғи сўнгги 5 йилда 1,66 маротаба кўпайган, шифокорларга бўлган эҳтиёж эса ошган. Натижада аҳолига тиббий ёрдамни сифатли ва ўз вақтида ташкил этишда самарадорликка эришилмаяпти.

Давра суҳбати якунлари бўйича республикамизда тиббиёт ходимларини ижтимоий ва ҳуқуқий муҳофаза қилишни янада яхшилашга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилди.

Жонибек МАЪРУПОВ.

Суратлар муаллифи Жасур ЖАЛИЛОВ.

№ 11, 30.03.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.