Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Долзарб мавзу

ШАХСИЙ ЖАВОБГАРЛИК ВА МАСЪУЛИЯТ ЗАРУР

2018 йилнинг 10 март куни Соғлиқни сақлаш вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Рустам Қосимов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Қаҳрамон Акмалов раҳбарлигида "Соғлиқни сақлаш тизимида жорий йилнинг I чорагида амалга оширилган ишлар ва келгусида бажарилиши лозим бўлган муҳим вазифалар" мавзусида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери, Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимликлари ўринбосарлари, Тошкент шаҳри ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари, Республика тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари, ихтисослаштирилган марказлар ва илмий-текшириш институти директорлари, тиббиёт олий ўқув юртлари ректорлари, тиббиёт коллежлари ҳамда лицейлари директорлари, шунингдек, Республика давлат санитария-эпидемиология назорат маркази бош шифокори, вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этдилар.

Йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Рустам Қосимов кириш сўзи билан очиб, мамлакатимиз тиббиёт тизимида шиддат билан олиб борилаётган ишларга урғу қаратиб, соҳа ривожига оид қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар ижроси жойларда қай даражада амалга оширилаётганлиги хусусида тўхталиб ўтди.

Кун тартибидан ўрин олган биринчи масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Қаҳрамон Акмалов сўз олиб, жорий йилнинг февраль ойида Соғлиқни сақлаш вазирлигида ўтказилган видеоселекторда тизимдаги бир қатор ўз ечимини кутаётган муаммоли масалалар муҳокама қилинганлигини, мутасадди раҳбарларга бу борада тегишли топшириқлар берилганлигини таъкидлади. Афсуски, топшириқлар ижроси ҳанузгача бажарилмаётганлигига эътироз билдирди. Бош вазир ўринбосари йиғилиш кун тартибига қўйилган бугунги кунда соҳада энг долзарб бўлган масалалар, хусусан, тиббиёт тизимидаги 2018 йилда амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳолати, ҳудудларда ижтимоий дорихоналарни ташкил этиш, аҳолини дори-дармон билан таъминлаш, соғлиқни сақлаш тизими хусусий секторини ривожлантириш каби масалаларга эътибор қаратди. Жорий йилда тизимдаги 310 та (61 та туман, шаҳар тиббиёт бирлашмаси, 31 та республика тасарруфидаги ихтисослаштирилган марказ, уларнинг ҳудудий филиаллари, 165 та бирламчи тизим муассасаси ва 53 та бошқа объектлар) муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун 803,6 миллиард сўм маблағ йўналтирилганлиги ва улардан 30 таси йилдан-йилга ўтувчи объект эканлигини айтиб ўтди. Шу билан бирга, 30 та объектдан бирортасида бугунги кунгача молиялаштириш очилмаганлиги ва қурилиш-таъмирлаш ишлари сусткашлик билан кетаётганлигини маълум қилди. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Наманган, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент вилоятларидаги объектлар йилдан-йилга ўтувчи бўлиб, лойиҳаси тайёр, тендер савдолари ҳам ўтказилган, лекин ҳудудий "Ягона буюртмачи хизмати" Инжиниринг компаниялари томонидан ишга масъулиятсизлик билан ёндашилганлиги сабабли бугунги кунгача ҳам пудрат ташкилотларига маблағлар ўтказиб берилмаганлигини тилга олди. Табиийки, пул бўлмаса, албатта, қурилиш ишларида сусткашликка йўл қўйилади, бу эса объектларнинг белгиланган муддатда фойдаланишга топширилишига ўз таъсирини ўтказади. Биргина мисол, 2018 йилда янгидан бошланадиган 280 та объектдаги ҳолатлар кузатилганда уларнинг бирортасида ҳам молиялаштириш очилмаганлиги аниқланган. Бундан ташқари, 169 тасида танлов савдолари ўтказилмаган, лойиҳа-смета ҳужжатларининг экспертиза хулосаси олинмаган. Шу ўринда Бош вазир ўринбосари Қаҳрамон Акмалов лойиҳалаштириш ишларига ҳам алоҳида тўхталиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига асосан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ҳисоб палатаси, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Молия вазирлиги, Давлат рақобат қўмитаси, Давлат санитария-эпидемиология маркази масъул ходимлари иштирокида 2018 йил дастурига киритилган тиббиёт объектлари лойиҳа ҳужжатлари ўрганилганлигини ва ишчи гуруҳи томонидан объектларни қурилиш-тиклашда ортиқча харажатларнинг сезиларли даражада қисқартиришга алоҳида эътибор берилаётганлигини таъкидлади. Айниқса, ушбу ўрганишлар жараёнида янги қуриладиган объектларни ишлайдиган инфратузилма тармоқларини мавжуд ҳудудларга жойлаштириш, бор бино ва иншоотларнинг дераза ромларини оптималлаштириш, ички ва ташқи пардозлаш ишлари, хусусан кафел билан қоплаш, иситиш тизимлари, том ва пол қисмларида иссиқликни сақловчи ҳамда энергия тежамкор қурилиш материалларидан фойдаланиш эвазига сарф-харажатларни қисқартиришни таъминлаш масалаларига ойдинлик киритилди. Ишчи гуруҳ томонидан олиб борилган таҳлилий натижаларда лойиҳалардаги хато ва камчиликлар аниқлангач, зарурий чора-тадбирлар кўрилиб, маблағлардан тежамкорлик билан фойдаланиш йўлга қўйилган. Қурилиш-таъмирлаш ишлари муҳокама қилинганда Президентимизнинг ҳудудларга қилган ташрифи доирасида белгиланган топшириқлар, жумладан, 2017-2018 йиллар давомида 54 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишларини бажариш режалаштирилган эди. 2017 йилда 5 та объектда қурилиш ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилди. Лекин ушбу объектлар жойига чиқиб ўрганилганда уларда бир қатор камчиликлар юзага келганлиги маълум бўлган.

Мазкур масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Рустам Қосимов, Бош вазир ўринбосари Қаҳрамон Акмалов видеомулоқот орқали вилоят ҳокимликларининг ўринбосарлари ҳамда мутасадди раҳбарларга тегишли саволлар билан мурожаат қилдилар. Бу борада амалга оширилиши керак бўлган ишлар бўйича муҳим топшириқлар берди.

Иккинчи масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 декабрдаги "Хусусий тиббиёт ташкилотларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитларни яратиш тўғрисида"ги 3450-сонли Қарори ижроси хусусида тўхталиб ўтди. Маърузачи тиббиёт тизимининг хусусий секторини ривожлантириш ҳам давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида бўлиб келаётганлиги ва уни такомиллаштиришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2 та, Вазирлар Маҳкамасининг 1 та Қарори, 10 га яқин идоравий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари қабул қилинганлигини таъкидлади. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва барча вилоят ҳокимликлари 2018-2019 йилларда ҳудудларда хусусий тиббиёт ташкилотларини ташкил этиш ва фаолиятини кенгайтириш бўйича Президент Қарори билан тасдиқланган параметрлар асосида манзилли рўйхат ва унинг ижроси бўйича йўл хариталари тасдиқланганлигини айтиб ўтди. Лекин режадаги хориж инвестицияси иштирокидаги 74 та лойиҳадан жорий йилнинг февраль ойи якунига кўра, республика бўйича бор йўғи 2 таси амалга оширилганлигини афсус билан қайд этди. Жумладан, 2018-2019 йилларда Фарғона вилоятида 6 та хориж инвестицияси иштирокидаги лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, 2018 йилнинг биринчи чорагида 2 таси топширилиши керак эди. Афсуски, ҳозиргача бирорта ҳам лойиҳа бажарилмаган. Самарқанд вилоятида "Дардгир шифо", "Хуршида Насимова" хусусий тиббиёт муассасалари ва тадбиркор И. Ҳусенов ер ажратишларини сўраб мурожаат қилишган. "Доктор Музроб Усмонқулович" МЧЖ бўш турган бинони "ноль" қийматида берилишини сўраган. Мутасадди ташкилотлар эса ҳанузгача жавоб беришмаган. Бу каби охирига етмаган топшириқлар бўйича Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев батафсил маълумот берди.

Учинчи масала юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бош директори Абдуҳаким Хаджибаев Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 январдаги "Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 3494-сонли Қарори ижроси бўйича маъруза қилди. Мазкур ҳужжат ижроси бўйича амалдаги фаолиятларга тўхталиб, айни пайтда бу борада Соғлиқни сақлаш вазирининг 118-сонли буйруғи асосида шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлар рўйхати киритилганлигини ҳамда ушбу меъёрий ҳужжат асосида ишлар йўлга қўйилганлигини таъкидлади. Шунингдек, Call марказларини ташкил қилиш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги, "Узмединфо" маркази, Ахборот технологияларини ривожлантириш бўлимлари билан ҳамкорликда муҳим ҳужжатлар тайёрланганлигини айтиб ўтди. Ушбу йўналишда мутахассислар Туркия ва Грузия давлатларида бўлиб, ўзаро тажриба алмашганликларини ҳам билдирди. Бунинг баробарида умумий ихтисосликда 1200 та автомашинани тўлиқ ва 712 та автомашинани қайта жиҳозлаш масалаларига ҳам эътибор қаратди. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан маҳаллий бюджет маблағлари эвазига замонавий рақамли радиоалоқа воситалари (рациялар) ва GPS-навигация тизимлари билан жиҳозлаш вазифалари юклатилганлиги хусусида ҳам сўз юритди. Шу ўринда таъкидлаш муҳимки, ўтган йили август ва октябрь ойларида бўлиб ўтган селектор йиғилишида ҳар бир ҳудудда 3 тадан туманни тез тиббий ёрдам хизмати бўйича намунали туманга айлантириш топшириғи берилган эди. Бугунги маълумотларга қараганда ҳар бир ҳудудда биттадан жаъми 14 та туманда тез тиббий ёрдам тизими намунали ҳолатга келтирилган. Мазкур туманларда тез тиббий ёрдам хизмати зарур даражада автотранспорт билан таъминланган, бригадалар керакли тиббий жиҳозлар, дори-дармон, кадрлар билан тўлиқ таъминланган, бино ва иншоотлар капитал таъмирланган, замонавий алоқа воситалари билан жиҳозланганлиги боис, аҳолига кўрсатилаётган хизмат сифати ва самарадорлиги ошган, кечикиб боришлар сони кескин камайган. Бироқ ушбу намунали туманлардаги ижобий ҳолатлар Президентимиз қўйган талабларга тўлиқ мос келади, деб айта олмаймиз. Бу борада ҳали бир қатор ишлар амалга оширилиши зарур. Намунали ҳолатга келтирилиши режалаштирилган, яъни қолган 28 та тумандаги шароитлар мутлақо талабга жавоб бермайди.

Тўртинчи масала юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Эльмира Баситханова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 декабрдаги "2018-2022 йиллар даврида туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида"ги 3440-сонли Қарор ижроси бўйича тўхталиб, қуйидаги фикрларни билдириб ўтди. Ана шу меъёрий ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида патронаж ва репродуктив саломатликни самарали олиб бориш, тарғибот ишларини кучайтириш зарурлигини таъкидлаган ҳолда фаолиятлар уч босқичда олиб борилишини маълум қилди. Шу билан бирга, вазирликнинг 785-сонли буйруғи асосида фаолиятлар йўлга қўйилиши, шунингдек, бу ишларга Республика "Она ва бола скрининг" маркази ва унинг филиаллари директорлари масъул этиб тайинланганликларини, ҳар чоракнинг 25 санасида ҳисоботлар топширилишини, Низом, штат нормативларини қайта кўриб чиқиш муҳимлигини айтди. Бундан ташқари, Нукус, Бухоро, Самарқанд, Фарғона вилоятларида минтақалараро цитогенетик лабораторияларни ташкил қилиш ва жиҳозлаш масаларига ҳам урғу қаратди. Энг муҳими, аҳоли, ўқув юртлари ва кенг жамоатчилик орасида туғма ва ирсий касалликларнинг олдини олиш, соғлом оилани шакллантириш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш борасида тадбирлар уюштириб, тушунтириш ишларини олиб бориш давр талаби эканлигини ҳамда кўзда тутилган яна бир қанча вазифаларга жиддий ёндашиш кераклигини таъкидлади.

Бешинчи масала бўйича Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, Бош давлат санитария врачи Сайдмурод Сайдалиев Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 январдаги "Ўзбекистон Республикасида одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 3493-сонли қарорига изоҳ бериб, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 61-сонли буйруғи ишлаб чиқилганлиги, жойларда ишлар изчиллик билан олиб борилаётганлигини тилга олди. Амалдаги фаолиятлар қаторида айрим ҳудудий ОИТС марказлари ва туманлараро лабораторияларда ОИВ инфекцияларининг таҳлилини ўтказиш учун етарли шароитлар мавжуд эмаслигини, шу билан бирга, айрим тиббий аппаратларнинг эскириб қолганлиги, натижада ишлар самарадорлигига путур етаётганлиги ачинарли ҳол эканлигини ҳамда ушбу йўналишда камчиликлар мавжудлигини қайд этиб ўтди.

Кейинги масала бўйича Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Бош директорининг биринчи ўринбосари Нозим Бердиев Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 февралдаги "Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 3532-сонли Қарори ижроси ҳамда аҳолини арзон ва сифатли дори воситалари билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтди. Маърузачи республикамизда шу кунга қадар 2000 та ижтимоий дорихона очилиши муҳимлигини, афсуски, ҳозиргача режадаги вазифалар тўлиқ бажарилмаганлигини таъкидлади. Шунингдек, берилган топшириқлар бўйича батафсил маълумотлар берди.

Йиғилиш давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Рустам Қосимов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Қаҳрамон Акмалов юқорида кўриб чиқилган масалалар юзасидан ўз фикрларини билдириб, аввало, давлат томонидан ажратилаётган маблағлардан оқилона фойдаланиш, жойларда қарорлар ижросини тўлиқ таъминлаш, суиистеъмолликка йўл қўймаслик, бунинг баробарида, ҳокимликлар, мутасадди раҳбарлар фаолиятларига жиддий ёндашишлари зарурлигини қатъий таъкидладилар.

Видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда жойлардаги студиялардан мулоқотлар тўғридан-тўғри олиб борилиб, мутасадди шахслар тизимда учраётган муаммо ва камчиликлар тўғрисида ахборот бериб, зиммаларига юклатилган вазифалар бўйича керакли топшириқлар олдилар.

Йиғилиш сўнггида кун тартибида кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишлар қарорлар қабул қилинди.

Ибодат СОАТОВА.

№ 10, 16.03.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.