Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Долзарб мавзу

БИРЛАМЧИ ТИЗИМДА КАРДИОЛОГИЯ МУАММОЛАРИ

Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази халқаро стандартлар асосида аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш, даволаш ва диагностика қилишда замонавий усулларни татбиқ этиб келмоқда.

Бугунги кунда Марказда юрак ишемик, аритмия ва нокоронароген патологияси касалликлари, қон айланиши етишмовчилиги ҳамда артериал гипертония, кардиоцеребрал патология, юракнинг мураккаб аритмияларини ЭФИ-диагностикаси, ренгенэндоваскуляр жарроҳлик каби юқори технологик тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

Функционал диагностика, юрак қон-томир касаликлари эпидемиологияси ва профилактикаси, биокимё, ташкилий-услубий бўлимлари ташкил этилган ушбу марказда йилига 7 минг нафардан ортиқ беморга стационар ёрдами кўрсатилиб, 45 минг нафар беморга эса амбулатор шароитида маслаҳат бериб борилади. Айтиш жоизки, муассаса замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланиб, фаолиятга юқори технологик ташхислаш ва даволаш усуллари амалиётга татбиқ этилмоқда.

Сўнгги 5 йилликда рентгенэндоваскуляр жарроҳлик бўлимига асос солиниб, замонавий ангиографик ускунаси билан таъминланди. Ҳозирги кунда коронароангиография – юрак тожсимон артерияларининг торайган қисмларини аниқлаш, уларга стент (найча) ўрнатиш каби мураккаб усуллар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Таъкидлаш муҳимки, марказда йилига минг нафардан ортиқ беморда ушбу даволаш амалиёти қўлланиляпти. Натижада юрак қон-томир касалликларининг энг оғир тури – миокард инфарктининг олди олинмоқда.

Бунинг баробарида, муассаса ходимлари томонидан аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш тадбирлари мунтазам ўтказиб келинмоқда. Жорий йилнинг 19 февраль куни "Тиббиётнинг бирламчи бўғинида юрак қон-томир касалликларини эрта аниқлаш, диагностика ва даволашнинг муаммолари. Патронаж ҳамшира ва умумий амалиёт шифокорларининг вазифалари" деб номланган анжуманда айни шу мавзу юзасидан батафсил сўз юритилди.

Тадбирда Россия Фанлар Академияси академиги Ирина Чазова бошчилигидаги россиялик бир гуруҳ олимлар иштирок этиб, мамлакатимиз тиббиёти ривожи, айниқса, кардиология, юрак қон-томир касалликларини ташхислаш, даволаш ва олдини олишда замонавий усулларни жорий қилиш бўйича ўзаро фикрлашдилар. 500 нафар маҳаллий кардиолог шифокор қатнашган мазкур Евроосиё кардиологлари мактабида академик И. Чазова, профессорлар Р. Шахнович, И. Сергиенко, кардиология, айниқса, юрак қон-томир касалликларида энг кўп учрайдиган артериал гипертония ва юрак ишемик хасталиги профилактикаси, даволаш ва диагностикасида бирламчи бўғин шифокорларининг ўрни тўғрисида россиялик олимларнинг қўлга киритган ютуқлари борасида илмий маърузалар қилишди. Шу билан бирга, Ўзбекистонда олиб борилаётган илмий изланиш ва ютуқлар хусусида академик Р. Қурбонов, профессорлар Т. Абдуллаев, А. Шек, Р. Мамутов, Г. Ҳамидуллаева сингари олимлар томонидан тақдимотлар ўтказилди.

– Бугунги кунда мамлакатимизда тиббиётни янада ривожлантириш, жумладан, кардиология соҳасини жаҳон андозаларига мос равишда юксалтиришга, юрак қон-томир хасталиклари туфайли юз бериши мумкин бўлган ноҳуш вазиятларнинг олдини олишга йўналтирилган аниқ чора-тадбирлар ижроси энг муҳим устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Таъкидлаш муҳимки, ҳозирги вақтда юқори технологик жарроҳлик амалиётлари бажарилмоқда. Хусусан, Наманган вилоят кардиология маркази, Фарғона вилояти кўптармоқли тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Урганч филиали ва Қорақалпоғистон Республикаси кардиология диспансерида, Самарқанд, Бухоро, Навоий вилоятларида коронография ва стентлаш амалиёти йўлга қўйилди. Истиқболда Қашқадарё ва Андижон вилоятларида ҳам бундай усулни йўлга қўйиш режалаштирилган. Бундан ташқари, муассасамизда ташкил этилган Юракнинг мураккаб аритмияларини электрофизиологик усулда диагностика ва даволаш бўлимида 2008 йилдан бошлаб яна бир юқори технологик – радиочастотали аблация ва юрак блокадаларида электрокардиостимуляция усуллари амалга оширилмоқда. Ҳозирда радиочастотали аблация – кардиологик беморларни даволашда қўлланадиган халқаро стандартларга мос келувчи юқори технологик усул ҳисобланади. Бунда кўкрак қафасини очмасдан, яъни "қонсиз" йўл билан – махсус мосламалар ёрдамида юракка етиб бориб, унинг нотекис уриши (аритмия) баъзи турларини радиотўлқинлар воситасида бартараф этилади. Шу кунгача юзлаб беморлар бундай оғир дарддан бутунлай фориғ бўлди. Яна бир муҳим жиҳат, 2015 йилда марказда Кардиожарроҳлик бўлими ишга туширилди. Бўлимда очиқ усулдаги мураккаб операциялар амалга оширилди. Шундай қилиб, юрак ишемик касаллигининг оғир турларида аорта коронар шунтлаш (АКШ), юрак порокларини жарроҳлик усули билан тиклаш, юрак клапанларини протезлаш каби мураккаб операциялар бажарила бошланди. Қисқа вақт ичида муассасада 500 нафардан ортиқ беморда бундай мураккаб операция муваффақиятли ўтказилди. Ҳозирги кунда амалга оширилаётган юқори технологик даволаш усулларининг сони, сифати ва кўлами йилдан-йилга ортиб бормоқда. Эътироф этиш зарурки, давлатимиз раҳбари томонидан соғлиқни сақлашнинг барча йўналишлари қаторида кардиология соҳасига қаратаётган эътиборлари туфайли Марказда уч қаватли жаҳон андозалари талабларига жавоб берадиган кардиожарроҳлик биноси қуриб битказилиб, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланмоқда. Унда рентгенэндоваскуляр жарроҳлик ва электрофизиологик усулда даволаш бўлими ўтказилиб, беморларни қабул қилиш сони оширилади, қўшимча янги ангиограф ва ЭФИ ускунаси ўрнатилди. Бу ўз навбатида кўрсатилаётган замонавий даволаш усуллари кўламини ошириш имконини беради. Бунинг баробарида, хорижий мамлакатларда хизмат қилаётган маҳаллий кадрларни мамлакатимизга қайтариш бўйича ҳам муайян ишлар амалга ошириляпти. Ҳозирги кунда Бакулев номидаги Россия юрак қон-томир хирургияси марказидан тиббиёт фанлари докторлари Б. Амиркулов, Р. Ярбеков, Мешалкин номидаги Новосибирск кардиология марказидан тиббиёт фанлари номзоди А. Якубов Ўзбекистонга таклиф қилиниб, ҳозирда улар муассасамизда ўз фаолиятини давом эттиришмоқда. Шунингдек, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, касаллик келтириб чиқарувчи хавф омилларини камайтириш, бошланғич даврида аниқлаб, даволаш тадбирларини ўтказиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қатор буйруқлари қабул қилинди. Ўткир коронар синдром ва ўткир миокард инфарктини эрта аниқлаш ва тромболитик терапияни амалга ошириш, артериал гипертонияга чалинган беморларни эрта аниқлаш ва скринингини ўтказиш, сурункали юқумсиз касалликларни патронаж хизмати орқали аниқлаш ва мониторингини олиб боришга қаратилган буйруқлари шулар жумласидандир. Аҳоли ўртасида касалликларни ташхислаш ва диспансер назоратига олиш, самарали даволаш учун Давлатимиз томонидан тиббиётнинг бирламчи бўғинига эътибор кучайтирилди. Шу мақсадда қишлоқ врачлик пунктлари, қишлоқ оилавий поликлиникалари, оилавий поликлиникалари фаолияти тубдан ислоҳ қилинди. Ўз навбатида бу юрак қон-томир хасталикларини эрта аниқлаш, профилактика чоралари кўришда муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, академик Равшан Қурбонов.

– Маълумки, гипертония – асосан юрак кон-томир системаси патологияси, артериал босимнинг барқарор ва авж олиши, кейин эса орган-морфологик ўзгаришлар билан кечадиган мураккаб бирламчи функционал нерв касаллиги ҳисобланади. Эътиборли жиҳати, у дунё миқёсида тобора "ёшариб" бормоқда. Демак, замонавий тиббиётда долзарб масалалардан бири, десак хато қилмаган бўламиз. Гипертония миокард инфаркти, инсультлар, юрак хуружлари, юрак ва буйрак етишмовчилиги каби асоратларга олиб келиши мумкин. Шу ўринда айтиш керакки, юрак қон-томир касалликларини эрта аниқлаш ва тўғри ташхислашда, айниқса, бирламчи бўғинда фаолият юритаётган мутахассислар ўрни алоҳида аҳамиятга эга. Шу боис, мазкур ўтказилаётган тадбир улар учун жуда муҳим. Ушбу Евроосиё кардиологлари мактабида қатнашиб, билдимки, ўзбекистонлик ҳамкасбларим ўтган вақт мобайнида кардиология ва кардиохирургия соҳасида эътироф этса арзигулик ижобий натижаларни қўлга киритган. Бу эса мамлакатингиз тиббиётининг янги босқичга кўтарилганидан дарак беради. Бугунги анжуман эса юрак қон-томир касалликларини даволашда янгича ёндашувларни ўзлаштириш борасида фикр алмашиш ва халқаро тажрибаларни муҳокама қилишга замин яратиб берди. Ўйлайманки, бу каби ҳамкорлигимиз бардавом бўлади, – дейди Евроосиё кардиологлар ассоциацияси раиси, академик Ирина Чазова.

Ҳамидулла ТОШПЎЛАТОВ,

Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим раҳбари, тиббиёт фанлари номзоди:

– Ҳозирги кунда бутун дунё миқёсида юрак қон-томир касалликларининг ўсиш тенденциялари кузатилмоқда. Нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунё мамлакатларида ушбу хасталик билан касалланиш ва унинг оқибатида кузатиладиган ўлим кўрсаткичлари ортиб бормоқда. Шу боис, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан тиббиётга катта эътибор қаратилиб, соҳанинг бирламчи бўғинидан бошлаб Республика ихтисослаштирилган марказларгача бўлган тизимда ислоҳотлар қайта кўриб чиқилди. Хусусан, тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, шифо масканларини қапитал таъмирлаш, реконструкция қилиши ва замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлашга қаратилган тадбирлар амалга ошириляпти. Шифокорларнинг малакасини ошириш, пойтахтда бажарилаётган юқори технологик жарроҳлик амалиётини вилоят миқёсида ҳам йўлга қўйиш, чекка туманларда эса ихтисослашган ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор берилмоқда. Олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида 9 та вилоят марказида юқори технологик ангеограф ускунаси ўрнатилиб, уларда коронаграфия ва стентлаш амалиёти жорий қилинди. Ўз навбатида замонавий тиббий анжомларда ишлаш учун мутахассислардан юқори малака талаб этилади. Бу борада ҳам зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Мазкур конференцияда касалликларни эрта аниқлаш учун унинг профилактикасига эътибор қаратиш кераклиги, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишни янада кучайтириш, спиртли ичимликлар, тамаки маҳсулотлари истеъмолини тақиқлаш, парҳезга амал қилиш, жисмоний фаол бўлиш кабиларга янада эътибор қаратилди. Евроосиё кардиологлари ассоциацияси раиси Ирина Чазова бошчилигидаги Россия делегацияси келгани ўзаро тажриба алмашишимиз баробарида Ўзбекистоннинг Евроосиё кардиологлар ассоциациясига аъзо бўлиб, ҳамкорликда фаолият олиб бориш учун меморандум имзолангани ишларимизни янги босқичга олиб чиқишига ишончим комил. Бугунги кунда аҳоли орасида кўп учраётган артериал гипертония, юрак ишемик касаллиги, уларнинг оллдини олиш, профилактикаси, даволаш стандартларга амал қилиш юзасидан маърузалар тингланиб, 500 дан ортиқ кардиолог шифокорлар амалиётида асқотади, десам муболаға бўлмайди. Ҳозирги кунда туман тиббиёт бирлашмаларида алоҳида кардиология бўлимлари ташкил этилмоқда. Уларда юрак қон-томир касалликларини даволаш учун шарт қилиб белгилаб қўйилган асосий 5 та асбоб-ускуна "Саломатлик-3" лойиҳаси томонидан таъминланмоқда. Бу эса чекка ҳудудларда ҳам аҳолига тўлақонли ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш имконини бермоқда. Марказда малакали кадрлар тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Айтиш жоизки, муассасамизда ташкил этилган клиник ординатура курсларида ҳар йили 25 нафардан ортиқ кардиолог тайрёланади. Охирги ўн йилликда 300 нафардан ортиқ кардиолог етишиб чиқиб, ҳозирда улар турли даволаш муассасаларида хизмат қилишмоқда. Кардиология соҳасида қўлга киритилган ютуқлар, замонавий, юқори технологик даволаш ва диагностика усулларини Республикамиз ҳудудларига, тиббиётнинг қуйи бўғинларига татбиқ этиш мақсадида марказнинг етакчи олимлари томонидан маҳорат дарслари олиб борилмоқда.

Дарҳақиқат, соғлиқни сақлаш, хусусан, кардиология соҳасида олиб борилаётган ишларнинг кўлами кенг. Аҳолининг соғлом турмуш тарзига риоя қилиб, ўз саломатлигини муҳофаза қилишида бундай мактаблар муҳим роль ўйнайди. Қолаверса, муассасанинг халқаро етакчи клиникалар билан ҳамкорликда олиб бораётган фаолиятлари, илмий изланишлари натижаси ўлароқ юқори технологик жарроҳлик амалиётлари мамлакатимизда бажарилмоқда. Бу эса инсон манфаатлари учун хизмат қилмоқда, десак муболаға бўлмайди.

Жонибек МАЪРУПОВ тайёрлади. Муаллиф олган суратлар.

№ 8, 23.02.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.