Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Долзарб мавзу

ҚАНДСИЗ ДИАБЕТНИ ДАВОЛАШДА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВ

Маълумки, замонавий тиббиётнинг асосий вазифаси давлат ва жамиятга катта маънавий ҳамда моддий зарар етказиши мумкин бўлган оғир тиббий-ижтимоий касалликлар, улар асоратларининг олдини олишдан иборатдир. Бугунги кунга келиб, қандсиз диабет ана шундай муаммолардан бирига айланди.

Аксарият кишилар қандли диабет билан қандсизи бир-бирига ўхшаш, деб ўйлайди. Аслида эса ундай эмас. Ҳаёт сифатининг пасайиши ва беморларнинг ногиронлигига олиб келадиган мазкур сурункали, полиэтологик касаллик наслий ёки орттирилган бўлиши мумкин, қолаверса, у катталарда ҳам, болаларда ҳам учрайди.

Бугунги кунда мамлакатимизда қандсиз диабет касаллигига чалинган 2 минг 778 нафар бемор диспансер назоратида туради. Улардан 249 нафари болалар, 91 нафари эса ўсмирларни ташкил қилади. Бу ҳақда жорий йилнинг 19 февраль куни бўлиб ўтган "Қандсиз диабетни ташхислаш ва даволашда инновацион ёндашув" мавзусидаги илмий-амалий конференцияда маълумот берилди. Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази масъуллари, умумий амалиёт шифокорлари ҳамда студиялардан вилоятлардаги эндокринология диспансерлари мутахассислари иштирок этган мазкур тадбирда россиялик профессор Л. Рожинская ва Марказ олимлари маъруза қилишди.

ЭЪТИБОР БЕРИНГ

2017 йилда Марказимиз олимлари жойлардаги 200 дан кўп чиқиши доирасида умумий амалиёт шифокорлари, лаборатория ходимлари, ҳамширалар, эндокринолог ва бошқа тор соҳа мутахассислари учун семинар-тренинг, маҳорат дарслари ўтказишди. Шу билан бирга, амбулатор шароитда 12 минг 665 нафар, стационар шароитда 884 нафар, 110 нафарга яқин кекса ва ногирон беморларга уй шароитида тиббий кўрик амалга оширилди. Шаҳар ва туманлардаги қишлоқ, маҳалла фуқаролар йиғини, таълим муассасаларида 10 минг 244 нафардан зиёд аҳолига эндокрин касалликларнинг олдини олиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича маъруза ҳамда давра суҳбатлари бўлиб ўтди. Бундан ташқари, Марказ мутахассисларидан ташкил топган "Қалқонсимон без жарроҳлиги" ва "Қандли диабет йирингли асоратлари жарроҳлиги" гуруҳлари аъзолари жойларга чиқиб, эндокрин-жарроҳ маслаҳатига муҳтож беморларни кўрикдан ўтказди, 125 нафар беморда жарроҳлик амалиёти ўтказилиши баробарида маҳаллий соҳа ходимлари учун маҳорат дарслари ташкил қилинди. Ҳудудлардан Марказга юборилган 1 минг 427 нафар беморда ихтисослаштирилган юқори технологик операциялар бажарилди.

Людмила РОЖИНСКАЯ,

Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "Эндокринология илмий маркази" нейроэндокринология ва остеопатия бўлими бошлиғи, тиббиёт фанлари доктори, профессор:

– 1976 йилдан буён тиббиёт ходими, хусусан, эндокринолог бўлиб фаолият юритаман. Шу вақт оралиғида 400 га яқин илмий мақола, жумладан, 8 та монография, бемор ва шифокорлар учун тавсиялар тайёрладим. "Эндокрин тизими касалликларида остеопеник синдром ва постменопозал остеопороз (патогенетик жиҳатлар, диагностика ва даволаш)" мавзусида докторлик диссертацияси ёқлаб, ҳозирги вақтда фосфор-калций метаболизми ва суяк метаболизми физиологияси, хусусан, бошланғич ва секондер ҳиперпаратироидизм, кўплаб эндокрин ўсмаларни ўрганишни давом эттирмоқдаман. Бунинг баробарида, қандсиз диабетни даволашда замонавий усулларни жорий қилиш тўғрисида ҳам илмий иш олиб бормоқдаман. Айтиш жоизки, кўпчилик қандли диабет билан қандсизининг фарқига бормаслиги мумкин. Нефроген қандсиз диабет (буйрак шакли) – қандсиз диабетнинг бир тури ҳисобланиб, унда вазопрессин ишлаб чиқарилаверади, лекин у бирикиши керак бўлган буйраклардаги рецепторлар сезувчанлиги пасаяди. Натижада организмдан суюқлик кўп чиқа кета бошлайди (яъни пешобга чиқиш тезлашади) ва инсон танаси сувсизланади. Болаларда диабетнинг бу тури наслий мойиллик сабаб юзага келади. Катта ёшли беморларда эса орттирилган хасталик саналади. Бунга асосан буйрак хасталиклари сабаб бўлиши мумкин. Қонда кальций миқдорининг ошиши (гиперкальцемия) ва калийнинг камайиши (гипокалиемия) ҳам қандсиз диабет буйрак шакли ривожланишига олиб келувчи омиллар ҳисобланади. Таъкидлаш муҳимки, касаллик илдизи даволанмагунга қадар, унинг асорати сифатида юзага келган қандсиз диабетни тўхтатиш амримаҳол. Дори-дармонларни қабул қилиш билан бирга таркибида туз ва оқсил моддалари кам бўлган озиқ-овқатлардан ташкил топган парҳез тутиш зарур. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, бу бутун дунёда тиббиёт, хусусан, эндокринологиянинг глобал муаммосига айланиб бормоқда. Уни даволашда янгича ёндашув, замонавий усулларни татбиқ этиш давр талабидир. Шу боис, мен ҳам мазкур конференцияда ўз тажрибам билан ўртоқлашиш мақсадида мамлакатингиздаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказига илк маротаба келдим. Ўтаётган маҳорат дарси ўзбек ҳамкасбларимнинг фаолиятида асқотади, деган умиддаман. Аҳамиятлиси, мазкур семинар видеомулоқот шаклида вилоятлардаги шифокорларга ҳам тўғридан-тўғри онлайн тарзда етказилди ва соҳага доир баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди. Қувонарлиси, шифокорларингиз ўз соҳасининг етук мутахассислари бўлиб, улар ҳар бир мавзуга катта қизиқиш билдиришди. Ҳамкорликдаги бундай фаолиятимиз бардавомлиги, ўзининг ижобий самарасини беради, десам хато қилмаган бўламан.

Феруза ҲАЙДАРОВА,

Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директор ўринбосари, Республика бош эндокринологи:

– Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбарининг соғлиқни сақлаш соҳасини тубдан такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлари асосида тиббиётимиз янги босқичга кўратилди. Ҳудудларда шифо масканлари қайта реконструкция қилиниб, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланмоқда. Вилоятларда Республика миқёсидаги ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг филиаллари ташкил этилмоқда, мутахассислар ҳудудларга бориб, аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш баробарида маҳаллий соҳа ходимлари билан ўзаро тажриба алмашишмоқда. Хусусан, 2017 йилда Марказимиз олимлари жойлардаги 200 дан кўп чиқиши доирасида умумий амалиёт шифокорлари, лаборатория ходимлари, ҳамширалар, эндокринолог ва бошқа тор соҳа мутахассислари учун семинар-тренинг, маҳорат дарслари ўтказишди. Шу билан бирга, амбулатор шароитда 12 минг 665 нафар, стационар шароитда 884 нафар, 110 нафарга яқин кекса ва ногирон беморларга уй шароитида тиббий кўрик амалга оширилди. Шаҳар ва туманлардаги қишлоқ, маҳалла фуқаролар йиғини, таълим муассасаларида 10 минг 244 нафардан зиёд аҳолига эндокрин касалликларнинг олдини олиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича маъруза ҳамда давра суҳбатлари бўлиб ўтди. Бундан ташқари, Марказ мутахассисларидан ташкил топган "Қалқонсимон без жарроҳлиги" ва "Қандли диабет йирингли асоратлари жарроҳлиги" гуруҳлари аъзолари жойларга чиқиб, эндокрин-жарроҳ маслаҳатига муҳтож беморларни кўрикдан ўтказди, 125 нафар беморда жарроҳлик амалиёти ўтказилиши баробарида маҳаллий соҳа ходимлари учун маҳорат дарслари ташкил қилинди. Ҳудудлардан Марказга юборилган 1 минг 427 нафар беморда ихтисослаштирилган юқори технологик операциялар бажарилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси асосида тузилган фонд доирасида ёш мутахассислар малакасини ошириш мақсадида хорижий мамлакатларга юборилмоқда. Айтиш жоизки, муассасамизда дунёнинг етакчи клиникаларида фаолият юритаётган соҳа олимлари, профессорлари иштирокида ҳар ойда маҳорат дарслари, семинар-тренинг ва конференциялар ўтказиб келинмоқда. Бугунги учрашув ҳам шулар жумласидандир. Унда видеоконфереция орқали барча вилоятларнинг эндокринологларига соҳанинг долзарб йўналишлари бўйича маърузалар қилинди. Бу айниқса, бирламчи бўғинда ишлаётган мутахассисларга ёрдам беради. Жумладан, нейроэндокрин ва остеопороз касалликларни даволашда замонавий ёндашувлар борасидаги билимларини бойитади. Жорий йилда муассасамизнинг 45 нафар мутахассиси хорижий давлатларда малакасини ошириш учун ўқишга юборилиши кўзда тутилган. Хабарингиз бор, Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг таклифига биноан 2017 йил 25-26 октябрь кунлари давлат ташрифи билан Туркияда бўлди. Унда бошқа тизимлар қаторида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга доир ҳужжати қабул қилинган эди. Шудан сўнг, Марказимиз Туркиянинг ТИКА ташкилоти билан меморандумни имзолади. Унга кўра, турли йўналишдаги ёш мутахассис, шу ўринда эндокринологларнинг Туркиядаги етакчи клиникаларда малакасини ошириш учун юбориш режалаштирилган. Бунда энг аввало, бирламчи тизимда фаолият юритаётган 16 нафар шифокор билим-кўникмасини бойитиш мақсадида бориши режага киритилган. Умуман олганда, бундай ислоҳотлар, аввало, халқ манфаати ҳар нарсадан устунлиги, қолаверса, аҳолига тез ва сифатли тиббий хизмат кўрсатишга хизмат қилмоқда, десам муболаға бўлмайди.

Анжуманни Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Анвар Алимов кириш сўзи билан очиб, бугун мамлакатимизда давлат ва жамиятни ривожлантириш, халқимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида том маънодаги мисли кўрилмаган янгиланиш ва ривожланиш жараёнлари жадаллик билан кечаётгани борасида сўз юритди. Бу ўзгаришлар соғлиқни сақлаш тизими фаолияти ривожида ҳам яққол намоён бўлаётганини эътироф этди. Маърузачи 2017 йил ва жорий йилнинг ўтган даврида Президентимиз Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизими мутасаддилари иштирокида бир неча бор йиғилиш ўтказганлиги соҳани комплекс ривожлантиришга қаратилган 30 дан зиёд фармон ва қарорлари қабул қилинганлиги замон талабларига монанд фаолият юритишга асос бўлаётганини таъкидлади. Шу билан бирга, тизимдаги ислоҳотлар жараёнида аҳолига ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш ишларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, жаҳон тиббиёти ва илм-фанининг ютуқларини мамлакатимизга кенг татбиқ этишга алоҳида эътибор берилаётгани, бу борадаги ишлар эндокринология соҳаси ривожида ҳам муҳим ўрин тутаётганини таъкидлади. Бугунги кунда аҳолига эндокринология ёрдамини кўрсатиш бўйича ўзига хос инфратузилма шакллантирилгани, бу йўналишда вилоятларда 14 та эндокринология диспансери, туман ва шаҳарларда 471 та эндокринология хонаси, шулардан 159 тасида болаларга эндокринология хизмати кўрсатилаётганини маълум қилди. Шунингдек, 2012 йилдан буён қандсиз диабет билан касалланган беморларнинг миллий регистри юритилаётгани, бунинг натижасида беморларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатининг янада оширилишига эришилаётганини билдирди. Бундан ташқари, эндокринология диспансерларини замонавий технологиялар билан жиҳозлаш борасида ҳам иш олиб борилаётгани борасида гапириб, 2017 йил давомида вилоятлардаги барча эндокринология диспансерлари ИФА анализаторлари билан жиҳозланганини маълум қилди. Бунинг баробарида, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказида ҳам дунё андозаларига хос, инновацион, янги, юқори сезгирликдаги диагностик – хемилюминесцент усули йўлга қўйилгани, бу эса нафақат гормонлар, балки онкомаркёрларни ҳам аниқлаш имконини яратибгина қолмай, текширув вақтининг ҳам қисқаришини таъминлаши юзасидан фикр билдириб, ушбу усул соатига юзта текширувни амалга ошириш имконига эга эканини айтиб ўтди. Қолаверса, марказда нейрохирургия соҳасига ҳам янги технологиялар жорий этилаётгани, айни пайтда бундай илмий-амалий лойиҳалар изчиллик билан давом эттирилаётганини гапириб, Марказ олимлари жорий йилда 5 та илмий-амалий, 1 та фундаментал ва 1 нафар ёш олим илмий грантлари доирасида эндокринологиянинг долзарб масалаларига оид тадқиқотларни олиб бораётганини билдирди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бу каби халқаро илмий-амалий конференциялар мамлакатимизда эндокринология хизматини янада такомиллаштириш, айниқса, қандсиз диабетни ташхислаш ва даволашда инновацион ёндашувни таъминлаш, янги ғоя ва технологияларни қўллашга кўмак беради. Зеро, соғлиқни сақлаш соҳасининг ривожланишида дунё тажрибаларни ўрганиш, аҳолига юқори малакали тиббий хизмат кўрсатишда замонавий усулларни татбиқ этиш давр талабидир.

Жонибек МАЪРУПОВ тайёрлади. Муаллиф олган суратлар.

№ 8, 23.02.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.