Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Долзарб мавзу

ТАЛАБ ВА МАСЪУЛИЯТНИ КУЧАЙТИРИШ ЗАРУР

Жорий йилнинг январь ойида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Тошкент вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида тизимидаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирларга бағишланган қўшма йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Мусулмонлар идораси Тошкент вилояти бўлими, Вилоят ДСЭНМ, вилоят даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари, шаҳар ва туманлар кўп тармоқли марказий поликлиника, қишлоқ оилавий поликлиника, қишлоқ врачлик пунктлари мудирлари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.

Йиғилишни Тошкент вилояти ҳокими Ғ. Ибрагимов кириш сўзи билан очиб, айни пайтда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилаётган эътибор ҳамда шу мақсадда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга атрофлича тўхталиб ўтди. Хусусан, ўтган 2017 йилнинг 12 декабрида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида соғлиқни сақлаш вакиллари билан ўтказилган видеоселектор йиғилишда соҳани ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифалари аниқ белгилаб олинганлигини таъкидлаб, уларнинг ижросини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилаётган бўлсада, тизимда ҳанузгача ўз ечимини кутаётган, соҳа раҳбарларидан фаол ташаббус ҳамда маъсулият талаб этувчи қатор муаммолар мавжудлиги ҳақида сўз юритди. Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов сўзга чиқиб, кун тартибидан ўрин олган масалалар юзасидан фикр билдирди. Жумладан, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида Президентимиз томонидан қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганлигини таъкидлаб, бу борада Тошкент вилояти миқёсида ҳам олиб борилган ишлар баробарида айни пайтдаги мавжуд муаммо ва камчиликлар, шунингдек, келгусида бажарилиши лозим бўлган устувор вазифаларга тўхталиб ўтди. Хусусан, ҳудуддаги 84 та оилавий поликлиникадан 71 таси таъмирталаб ва уларнинг 22 тасида ҳанузгача тез тиббий ёрдам шохобчаси йўқ. Белгиланган ижтимоий дорихоналар ҳам ташкил қилинмаган. Мавжуд тез ёрдам бўлимларининг 6 тасида жорий ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилган бўлсада, 64 таси таъмирга муҳтож, 39 таси эса ўз биносига ҳам эга эмас. 210 та тез тиббий ёрдам бригадасининг 37 фоизига шифокорлар етишмайди. Қолаверса, улар зарурий тиббиёт буюмлари, алоқа воситалари билан тўлиқ таъминланмаган ва битта чақириққа мўлжалланган дори воситалари учун ажратилган маблағ ҳам бор йўғи 1102 сўмни ташкил қилган холос. Ҳудудига Республика ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларидан сафарбар қилинган 7 нафар мутахассиснинг 2 нафарига ҳозирга қадар уй-жой ажратилмаган. Бундан ташқари, туман муассасаларида ўткир диарея, куйдирги касаллиги ҳамда салмонеллёз гуруҳига кирувчи инфекциялар билан рўйхатга олинганлар сони маълум даражада ошганлиги аниқланган. Вилоятдаги мавжуд 316 та хусусий тиббиёт муассасанинг 131 таси ёки 41 фоизи фақат стоматология йўналишидаги муассасалар ҳисобланади. Уларнинг ҳам 26 таси, яъни 8,3 фоизида стационар шароити яратилган. Шулардан келиб чиққан ҳолда жорий йилда амалга оширилиши зарур бўлган вазифаларга алоҳида эътибор қаратиб, харид қилиниши режалаштирилган асбоб-ускуналар ва дори воситалари учун ажратилаётган маблағлар ҳам икки баробарга оширилишини маълум қилди. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг кўрсатмаларига асосан, 2018 йил Инвестиция дастури доирасида Тошкент вилоят соғлиқни сақлаш тизимида олиб бориладиган биргина қурилиш-таъмирлаш ишлари учун қарийб 85 миллиард сўм маблағ ажратилганлиги, бу эса 2017 йилга нисбатан 3 баробар кўп эканлигини айтиб, амалга ошириладиган фаолиятлар кўлами ва улар билан боғлиқ ижро масъулияти ҳақида атрофлича сўз юритди.

Йиғилиш давомида кун тартибидаги масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спортни ривожлантириш бўлими раҳбари С. Исмаилов сўзга чиқиб, аввало, ҳудудда Президентимиз ташаббуслари билан ташкил этилган Президент виртуал қабулхонасига тушган мурожаатларни муддатидан кечиктириб жавоб қайтариш ҳолатларини танқид остига олди. Шу билан бирга, вилоятда жойлашган қишлоқ оилавий поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктларининг 22 тасида 103 шохобчалари фаолияти йўлга қўйилмаганлиги, штатлар бирлиги тўлиқ ишлаб чиқилмаганлиги, ушбу муассасаларда иш вақти 8:00 дан 20:00 гача белгиланган бўлсада, назорат ўтказилган вақтларда ходимлар иш жойларида йўқлиги аниқлангани ва бу ҳолатлар билан боғлиқ муаммолар хусусида фикр билдирди.

Юқорида бўлиб ўтган муҳокамалардан сўнг вилоят ҳокими Ғ. Ибрагимов мазкур муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича қуйидагиларни баён қилди. Жумладан, жойлардаги даволаш-профилактика муассасаларида етишмаётган мутахассислар ўрнини тўлдириш учун 2017 йил бошига вакант ўринлар сони 1793 тани ташкил этган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасиниг 2017 йил 20 ноябрдаги 920-сонли қарори ижроси таъминланиши ҳамда Президентимизнинг топшириқларига асосан вилоятга сафарбар этилган 171 нафар ёш битирувчи ҳисобига вакант ўринлар сони 1164 тага камайтиришга эришилганлигини таъкидлаб, шаҳар ва туман ҳокимлари, тиббиёт бирлашмаси раҳбарлари ўзаро ҳамкорликда уларга барча шароит ва имкониятларни яратиб бериши зарурлигини белгилаб берди. Шунингдек, вилоятда бирламчи тиббий-санитария тизими моддий-техник базаси ва тиббий асбоб-анжомлар билан таъминланганлиги ҳам талаб даражасида эмаслигини инобатга олиб, патронаж хизмати сифатини яхшилаш, улар фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида шаҳар, туман ҳокимлари, хотин-қизлар қўмитаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, шу билан бирга, жойлардаги участка нозирлари масъул қилиниб, бу борадаги ишларни қайтадан кўриб чиқиб, аниқ манзилли чора-тадбирларни амалга ошириши лозимлигини айтиб ўтди. Бундан ташқари, шаҳар ва туманлар туғруқ муассасаларига оғир ҳолатда мурожаат қилган аёлларга ўз вақтида малакали тиббий ёрдамни ташкил этиш мақсадида вилоят перинатал марказида реанимацион-гинекологик бригада фаолияти зарурлиги, бунинг учун қон ва қон махсулотларини вилоятнинг ўзида тайёрлаш, яъни вилоят қон қуйиш марказини тиклаш ҳамда тизимли патронаж хизматини йўлга қўйиш вазифаларини белгилаб берди.

Бугунги кунда ҳудуд аҳолисига 239 та даволаш-профилактика муассасаси томонидан тиббий хизмат кўрсатиб келинмоқда, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Тўрақул Арзиқулов. – Шундан, 58 таси қишлоқ врачлик пункти, 74 таси қишлоқ оилавий поликлиникаси, 18 таси кўп тармоқли марказий поликлиника, 10 таси оилавий поликлиника, 7 таси болалар стоматология поликлиникаси, 19 таси шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаласи, 18 таси вилоят диспансер ва марказлари ҳисобланади. Таъкидлаш керакки, йиғилишда муҳокама этилган масалалар ва улардан чиқарилган хулосалар асосида келгусида амалга оширилган вазифалар қатъий белгилаб олинди. Эндиликда фаолиятимиз асосини – аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда касб масъулиятини биринчи даражага олиб чиқиш деб белгилаймиз. Мақсадимиз халқимиз розилигига эришишдир.

Қўшма йиғилиш сўнгида кун тартибига киритилган масалалар, кўрсатиб ўтилган муаммо ва камчиликлар атрофлича муҳокама қилиниб, билдирилган таклифлар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ҳасан АБДУFАНИЕВ.

№ 6, 09.02.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.