Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Долзарб мавзу

ФАОЛИЯТЛАР ТАҲЛИЛИГА ТАНҚИДИЙ ЁНДАШУВ

Жорий йилнинг 5 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг навбатдаги видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш Бош бошқармаси ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиқлари, Республика тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасаси раҳбарлари, олий ўқув юртлари ректорлари ҳамда ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари директорлари иштирок этди.

Йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов кириш сўзи билан очиб, давлатимиз раҳбари томонидан тизимга қаратилаётган катта эътибор ва унинг натижасида тиббиёт муассасалари фаолиятида туб ўзгаришлар амалга оширилаётганлигини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, соҳага оид қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар ижроси бўйича ҳам кетма-кетликда олиб борилаётган ишлар самарали кечаётганлигини, бунинг баробарида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ижобий томонга ўзгариб бораётганлигини айтиб ўтди. Амалдаги фаолиятлар билан бир қаторда соҳада учраётган муаммо ва камчиликларга тўхталиб, айниқса, тиббиёт деонтологияси, яъни бемор билан тиббиёт ходимлари ўртасидаги муомала маданияти ва одоб-ахлоқ муносабатлари қўпол равишда бузилаётганлиги хусусида ўз фикрини билдириб ўтди. Шу муносабат билан Ҳайъат йиғилишининг биринчи масаласи – аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар таҳлилига бағишланди. Жумладан, Президент виртуал қабулхонасига келаётган мурожаатларнинг тиббиётга тегишли қисми ўрганилганда, уларнинг 12,6 фоизида соғлиқни сақлаш ходимларининг хатти-ҳаракати ҳамда бемор ва унинг қариндошларига нисбатан яхши муносабатда бўлмаганлиги аниқланган.

Кун тартибидан ўрин олган биринчи масала Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш Бош бошқармасига қарашли И. Иргашев номли 4-сон шаҳар клиник шифохонасида ўтказилган хизмат текшируви тўғрисида Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев сўзга чиқиб, мазкур тиббиёт муассасасининг травматология бўлимидаги вазият бўйича маълумот берди. Ҳақиқатан ҳам даволанаётган бемор томонидан юборилган мурожаатда кўрсатилган эътирозлар ўринли эканлигини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, вазирликнинг ишчи гуруҳи томонидан бемор ва унинг қариндошлари билан суҳбат ўтказилганда шифохонанинг травматология бўлими мудири Т. Тоғаев ва ҳамшира М. Толиповалар тиббиёт ходими деонтологияси талабларига амал қилмаганлиги аниқланганлигига эътибор қаратди.

Шундан сўнг, иккинчи масала – шифохона ичи инфекцияларининг олдини олиш ва бу борада ДПМларида олиб борилаётган чора-тадбирлар бўйича Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Сайдмурод Сайдалиев сўзга чиқди. У амалдаги фаолиятларга урғу бериб, мазкур йўналишда учраётган камчилик ва муаммоларга танқидий ҳолда ёндашди. Маърузачи куннинг долзарб мавзуларидан бири бўлган ОИВ инфекциясининг болалар ўртасида кўпроқ кузатилаётганлигига эътироз билдирди. Касаллик келиб чиқишининг асосий сабаблари шифохона ичи инфекцияларидан юзага келаётганлиги, айниқса, ушбу хасталик Андижон, Фарғона, Самарқанд, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида истиқомат қилаётган болаларда учраётганлигини тилга олди. Шу билан бирга, лабораториялардаги ҳолатлар текширувдан ўтказилганда у ердаги фаолиятлар ҳам талаб даражасида эмаслигини танқид остига олди. Ва марказий стерилизация бўлимлари ишини тубдан яхшилаш, бунинг баробарида САНПИН қоидаларига риоя қилиш муҳимлигини айтиб, йўл қўйилаётган камчиликлар туфайли инсонлар ҳаёти хавф остида қолаётганлигини алоҳида таъкидлади. Маърузачи шу ўринда марказий стерилизация бўлимида меҳнат қилаётган ҳамшираларни ушбу йўналишда ўқитиш зарурлиги таклифини киритди. Мазкур масалаларга янада ойдинлик киритиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бош директори Абдуҳаким Хаджибаев сўзга чиқиб, ҳақиқатан ҳам муассасаларда қўлланилаётган айрим тиббий асбоб-ускуналардан шифохона ичи инфекциялари орқали беморларга турли хил хавфли касалликлар юқаётганлигига эътибор қаратди. Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун айрим тиббий асбоб-ускуналарни марказлашган ҳолда олиш мақсадга мувофиқ эканлиги тўғрисида фикр билдирди.

Навбатдаги масала – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 1 августдаги "2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида"ги 2221-сонли Қарори ижроси юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Эльмира Баситханова сўз юритди. Маърузачи мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида айрим раҳбарлар томонидан сусткашликка йўл қўйилаётганлиги, бунинг натижасида репродуктив саломатлик бўйича ишлар ҳанузгача ўз ечимини топа олмаётганлигини таъкидлаб, баъзи вилоятларда исталмаган ҳомиладорликларга йўл қўйилаётганлиги, шунингдек, жойларда контрацептив воситалар вақтида қўлланилмаётганлиги, шу билан бирга, оналар ва гўдаклар ўлими кўрсаткичлари ижобий эмаслиги, бу борада ўтган давр мобайнида тахминий рақамларга таяниш ҳолатлари бўлганлигини афсус билан айтиб ўтди. Қолаверса, вазир ўринбосари республикамиз туғруқ мажмуаларида фаолият юритаётган акушер-гинекологларнинг саноқли қисмигина жарроҳлик амалиётларини бажараётганлиги, бу эса мазкур фаолиятларда иштирок этмаётган кўпчилик соҳа мутахассисининг касбий маҳорати ошмаслигига сабаб бўлаётганлигига урғу берди. Эндиликда эса оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида ҳамжиҳатлик ишларини янада такомиллаштириш борасида куни кеча вазирликда бўлиб ўтган ҳамкорликдаги йиғилишда қўшма қарор қабул қилинганлигини маълум қилиб, "Саломатлик мактаби"ни йўлга қўйиш, оилада тиббий маданият ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш даврнинг муҳим талабига айланаётганлигини таъкидлади. Эльмира Баситханова жойларда олиб борилган текширув ва таҳлиллар натижалари асосида Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳри ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқарма бошлиқларига мазкур ҳолатларнинг олдини олиш бўйича кадрлар масаласини кўриб чиқиш, шунингдек, муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича зарурий топшириқларни берди.

Кун тартибидан ўрин олган муҳим масалалардан яна бири соғлиқни сақлаш соҳасига Давлат бюджетидан ажратилган маблағлардан самарали фойдаланиш юзасидан 2017 йил якунлари ва 2018 йилги вазифалар тўғрисида вазирликнинг иқтисодиёт, молиялаштириш ва истиқболни аниқлаш бош бошқармаси бошлиғи Миразим Мирталипов маъруза қилди. У Президентимиз томонидан тиббиёт соҳасига қаратилаётган эътибор боис, 2017 йилда ажратилган маблағ кўрсаткичи 2018 йилда 40 фоизга ошганлигини алоҳида эътироф этди. Ўтган йил давомида тизимга йўналтирилган маблағлар хусусида тўхталар экан, самарали фаолиятлар қаторида, салбий ҳолатларга йўл қўйилганлигини қуйидагича баён қилди. Айниқса, давлат бюджетидан ажратилган маблағлар раҳбар ходимлар томонидан ноқонуний йўллар асосида ўзлаштирилганлиги ҳамда ўзбошимчалик билан талон-торож қилинганлиги, бу албатта, масъулиятсизлик ва фаолиятга совуққонлик билан қараш оқибати, деб изоҳлади. Шундан сўнг, тиббиёт муассасаларда вакант ўринларини, айниқса, умумамалиёт шифокорлари ва тор соҳа мутахассислари билан тўлдириш чора-тадбирлари тўғрисида вазирликнинг фан ва тиббий таълим бош бошқарма бошлиғи Ўктам Исмоилов ўз маърузасида айрим вилоятларда ҳанузгача умумий амалиёт шифокорлари ҳамда тор соҳа мутахассислари етишмаслиги, бу борада вазирлик томонидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар асосида фаолиятлар йўлга қўйилаётганлигига алоҳида эътибор қаратди. Жумладан, Сурхондарё, Қашқадарё, Наманган, Жиззах, Тошкент вилоятларида умумий амалиёт шифокорлари ҳамда тор соҳа мутахассислари етишмаслиги муаммо бўлиб қолаётганлигини ҳам тилга олди. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбарининг тиббиёт ходимлари меҳнатини қўллаб-қувватлаш, ишчанлик руҳиятини янада ошириш мақсадида уларнинг икки ставкада ва ўриндошлик асосида ишлаши ҳамда нафақа ёшидаги шифокорлар пенсияларини тўлиқ олишига имконият яратилилганлиги тўғрисида фикр юритди.

Танқидий руҳда ўтказилган мазкур йиғилиш сўнггида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов кун тартибидан ўрин олган ҳар бир масалага ўз фикрини билдириб, ечимини кутаётган муаммоларга жиддий ёндашиш куннинг муҳим мавзусига айланганлиги ва бунинг замирида, аввало, инсон саломатлиги ётганлигини унутмаслик зарурлиги, шунинг учун ҳар бир тиббиёт ходими касбига хиёнат қилмасдан виждонан ишлаши, шифокорлик этика ва деонтологиясига риоя қилган ҳолда фаолият юритишлари муҳимлигини такрорлади. Соғлиқни сақлаш вазири биринчи масалага эътибор қаратар экан, бу албатта, соҳа ходимлари учун номуносиблигини таъкидлаб, юқорида айтиб ўтилган Тошкент шаҳар И. Иргашев номли 4-сон клиник шифохонаси ходимлари томонидан йўл қўйилган камчиликларга ўз эътирозини билдириб, шифо масканида соғлом ва маънавий муҳитнинг барқарор эмаслиги, тиббиёт ходимлари ўртасида этика, деонтология масалалари талабга жавоб бермаганлигини инобатга олган ҳолда Тошкент шаҳар И. Иргашев номли 4-сон клиник шифохонаси бош шифокори С. Алимов, шифохонанинг бош ҳамшираси Ш. Алимова, травматология бўлими мудири Т. Тоғаев ва травматология бўлими ҳамшираси М. Толиповалар ўз вазифаларидан озод этилганлигини маълум қилди. Шунингдек, навбатдаги қолган масалаларга ҳам атрофлича тўхталиб, шифохона ичи инфекцияларини бартараф этишда санитария-гигиена, айниқса, САНПИН қоидаларига риоя қилиш зарурлигини, қолаверса, марказлашган стерилизация бўлимлари фаолиятини қайтадан кўриб чиқиш ва бунинг баробарида фаолиятдаги ходимларни ушбу йўналишда ўқитиш давр талаби эканлигини таъкидлади. Тизимда оналик, болаликни муҳофаза қилишдаги танқидий фикрларга тўхталиб, бу борада камчиликларга йўл қўйган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари масъулларига видеомулоқот жараёнида зарурий кўрсатмалар берди. Шу ўринда 2018 йилда асосан бирламчи тизим ҳамда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалалари соҳа йўналишининг устувор вазифасига айланганлигини айтиб ўтди. Соҳага давлат томонидан ажратилаётган маблағ масалаларига масъулиятсизлик билан қараш бу инсон саломатлигига нисбатан эътиборсизлик бўлиб, жорий йилда 2017 йил мобайнида йўл қўйилган камчиликлар такрорланмаслигини, маблағлардан оқилона фойдаланиш ҳар бир масъул шахс олдидаги асосий вазифа эканлигига урғу қаратди. Шунингдек, айрим вилоятларимизда кадрлар масаласига бўлган эҳтиёжлар мавжудлигини инобатга олиб, 2018 йилда маҳаллий соҳа мутахассисларидан 500 нафарини хорижий давлатларга малакасини ошириш ҳамда 500 нафар чет эллик ҳамкасбларни тажриба алмашиш учун мамлакатимизга келиш механизмларини яратиш, шу билан бирга, қабул қилинган қарорлар ижросини ўз вақтида бажариш, фармацевтик фаолиятни кучайтириш, Президент ва Халқ қабулхоналарига келган мурожаатлар билан ишлашнинг янги тизими яратилганлиги, бунинг баробарида жойларда ахборот-коммуникация тизимини йўлга қўйиш каби долзарб масалаларга жиддий ёндашиш зарурлигини таъкидлади.

Йиғилиш сўнггида кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ибодат СОАТОВА.

Сурат муаллифи Акром АБДУЛЛАЕВ.

№ 6, 09.02.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.