Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Долзарб мавзу

ЭРТА ТУРМУШНИНГ САЛБИЙ ОҚИБАТЛАРИ...

Оила – бу жамиятнинг асосий бўғинидир ва унинг замирини никоҳ ташкил этади. Оила қон-қариндошликка асосланиши ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эгадир. Бунда оталик, оналик ва болалик ҳимоя қилинади. Олимларнинг фикрича, инсон ҳаётининг бирдан-бир тўғри йўли оилавий ҳаётдир.

Маълумки, мамлакатимизда оилага муқаддас даргоҳ сифатида қаралади. Сабаби, унда умуминсоний ва миллий қадрият муносабатлари шаклланади. Шунингдек, оила инсон учун меҳнат қобилиятини тиклаш, дам олиш жойи ва ёш авлод камол топадиган тарбия маскани ҳамдир. Чунки, ота-боболар ва момоларимиздан мерос – тарбия жараёнида муҳим аҳамият касб этувчи яхши анъанаю, урф-одатлар минг йиллардирки, оила шароитида ҳаёт синовларидан ўтиб келмоқда. Ана шу оиланинг энг асосий вазифаларидан бири – инсониятнинг занжирини соғлом ва иқтидорли авлодлар билан улаб боришдан иборат.

Шу маънода оила мустаҳкамлиги бир неча омилларга боғлиқ бўлиб, мазкур масала бугунги куннинг долзарб мавзуларидан биридир. 2012 йил 25 майда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Женева шаҳрида бўлиб ўтган 65-сессияси ва унда кўриб чиқилган долзарб мавзу – "Ўсмир ёшдаги ҳомиладорлик ва уларнинг салбий оқибатлари" бу борадаги фикрларимизнинг ёрқин ифодасидир. Унда келтирилган маълумотларга кўра, ҳар йили 15-17 ёшдаги 16 миллион нафар ўсмир қиз ва 1 миллионга яқин 15 ёшгача бўлган қизларнинг туғиши, шунингдек, йилига 3 миллион нафар 15-19 ёшдаги қизлар хатардан ҳоли бўлмаган аборт қилдираётганлиги билан ўз ҳаётларини хавф остида қолдирмоқда. Бундан ташқари, ўсмир ёшдаги оналар орасида ўлим хавфи 20-24 ёшда туққан аёлларга қараганда жуда юқори бўлади. Айтиш керакки, инсонпарварлик муносабатлари мавжуд демократик-ҳуқуқий давлатларда оилага қуйидагича таъриф берилади: "Оила жамиятнинг табиий ва асосий бўғини бўлиб, юридик маънода никоҳ қариндошлик, фарзандликка олиш ёки бошқа шаклларда болаларни доимий тарбияга олишдан келиб чиқадиган тегишли ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан боғланган шахслар доирасидан иборат бўлган миллий мустақиллик мафкурасига, умуминсоний қадриятлар ва шарқона анъаналарга асосланган оилавий муносабатларни ривожлантириб, унинг мустаҳкамлигига қаратилган фуқаролар иттифоқидан иборатдир".

Биринчи Президентимиз ташаббуси билан 2012 йил юртимизда Мустаҳкам оила йили деб эълон қилиниши азал-азалдан халқимиз учун муқаддас бўлган оилани ҳаётимиз таянчи ва суянчи, жамиятнинг асосий бўғини, деб билишимиздан далолатдир. Оила никоҳдан бошланади. Никоҳ – арабча "қўшилиш" сўзи бўлиб, эркак билан аёл ўртасидаги муайян иттифоқ ва бу иттифоқнинг жамият, давлат томонидан тан олиниши ва маъқулланишининг тарихий шаклидир. Никоҳ расмий, қонунлар асосида ўтказилгандагина ҳақиқий ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг биринчи моддасида, никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш (ФҲДЁ) органларида тузилиши лозимлиги кўрсатилган. Аммо эрта никоҳ қуриш хавфли ҳисобланади. Биринчидан, турмушга чиқаётган қиз жисмонан, руҳан, ижтимоий-иқтисодий томондан тайёр эмас, уни бирор касб-кори йўқ, ҳали оила келинлик, оналик, хотинлик вазифаларига тайёр эмаслигини хисобга олсак, турмушга чиқиш ёши қизлар учун 20-22 ёш, йигитлар учун 23-25 ёш деб белгилангани маъқул, чунки бу ёшда бирор касбнинг эгаси бўлади, жисмонан ва руҳан салоҳияти етилиб боради ҳамда оила юмушларини бажаришда анча ўзини тутиб олган ҳисобланади. Турмуш қуриш учун ёшлар жисмоний, руҳий ва маънавий соғлом бўлиши керак. Икки ёш бир-бирини руҳан тушуниб, оғир ва қувончли кунларни биргаликда ҳамнафас бўлиб, меҳр ва муҳаббат билан ўтказиш каби таассуротлар асосида турмуш қуриши мақсадга мувофиқдир. Турмуш қуриш ҳар бир инсонда рўй берадиган табиий ҳодисадир. Турмуш хатосиз бўлиши учун сабр, масъулият, хоҳиш ва билим зарур. Эрта турмуш қуришда қиз болалар ўз мустақиллик ва эркинликларидан чекланадилар, оиладаги мавжуд бўладиган муаммолар ечимини тўғри ва мақсадли ҳал этишда қийналадилар, дунёга келган фарзандларини парваришлаш ва тарбиялашда қийинчиликларга дуч келадилар. Афсуски, айрим ота-оналар ўз орзу-ҳавасларини устун қўйиб фарзандларини эрта никоҳга ўз қўллари билан топширадилар. Эрта никоҳ эрта ҳомиладорликка олиб келиши мумкин. Эрта ҳомиладорлик жуда оғир кечиши, туғиш жараёнида она ва боланинг соғлиғи хавф остида қолиши мумкин. Биринчи ҳомиладорликдаги аборт бепуштликка, жинсий аъзоларнинг сурункали яллиғланиш касалликларига олиб келади. Бу эса, оилага моддий зарар кўрсатиши ва оила мустаҳкамлигига салбий таъсир этиши мумкин. Никоҳ қуриш, аввало, фарзанд кўришдек мураккаб физиологик жараёнлар билан алоқадор бўлганлиги сабабли, жуда эрта турмуш қуриш кўпгина бепуштликка, боланинг ой куни етмай туғилишига, шунингдек, ҳомиланинг нотўғри ривожланишига сабаб бўлиши мумкин. Илмий маълумотларга кўра, қизлар ва йигитлар деярли 20 ёшдан кейингина анатомик ва физиологик жиҳатдан бутунлай камолотга етадилар. Ўн саккиз ёшгача бўлган қизлар ҳали физиологик ривожланиши охирига етмаган, тос суяклари ҳали ривожланиш босқичида бўлади. Бундай ёшларда ҳомиладорлик рўй берса ҳомиланинг ривожланиши ва туғруқ жараёни жуда оғир ўтади. Бола чала, кам вазнли, турли хил нуқсонлар билан туғилиши мумкин. Агар бола соғлом туғилганда ҳам уни парвариш қилиш 15-16-17 ёшли қизларга жуда оғирлик қилади. Шунингдек, эрта ҳомиладорликда бир қатор салбий оқибатлар кузатилиб, уларга қуйидагилар киради:

- ҳомиладорлик ва туғиш даврида ҳамда туққандан кейин турли хил асоратлар кузатилиб, биринчи ҳомиладорлик кўп ҳолатларда аборт билан якунланади, бунинг оқибатида жинсий аъзоларда турли хил юқумли ва бошқа касалликлар ривожланади;

- ўсмир қизлардаги ҳомиладорлик, яъни ҳомиланинг ривожланиши ҳам оғир кечади. Жумладан, ҳомила яхши ривожланмайди, вазни кам бўлиб, кўп ҳолатларда ўлик ёки чала, нуқсонли ва турли хил касалликлар билан туғилади;

- ўсмир қизлардаги туғиш жараёни ҳам оғир ўтади, яъни ўсмир қизларнинг тос суяклари яхши ривожланмаганлиги сабабли табиий йўл орқали туғиш жараёни қийинлашиб кўпгина ҳолатларда жарроҳлик амалиёти билан туғдириб олинади;

- она қанча ёш бўлса, салбий оқибатлар кузатилиш ҳавфи шунчалик юқори бўлади;

- ўсмир қизлар эрта ҳомиладор бўлганларида руҳий ҳолатлари ўзгариб, тушкунликка тез тушиб қоладилар, бу ҳолат уларда узоқ вақт сақланади;

- ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ҳам қарам бўлиб, ажралиш ҳолатлари кўп кузатилади.

Соғлом турмушни издан чиқарадиган, ирсий касалликларга сабабчи бўладиган салбий омиллардан яна бири яқин қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳдир. Маълумки, ақли заиф, кар-соқов ва бошқа жисмоний нуқсонлар билан туғиладиган болалар асосан яқин қариндошлар ўртасидаги оилаларда кузатилади. Шунинг учун ёшлар ўртасидаги эрта никоҳ ҳамда яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш мақсадида соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш керак. Шу мақсадда Оила кодексининг 17-моддасида "Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш" белгилаб қўйилган бўлиб, ушбу Қонун ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги 365-сонли қарори билан "Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида"ги Низом тасдиқланган. Унга кўра, никоҳланувчи шахслар 5 босқичдан иборат, яъни ОИТСга қарши курашиш маркази, Наркология маркази, тери-таносил диспансери, силга қарши курашиш диспансери ва руҳий касалликлар диспансеридан тиббий кўрикдан бепул ўтказилади.

Шуларни инобатга олган ҳолда айни пайтда Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти ва унинг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, туманлардаги саломатлик марказларининг даволаш-профилактика муассасалари шифокорлари, ўрта тиббиёт ходимлари томонидан оила, маҳалла, мактаб, коллеж-лицей ва олий ўқув юртларида эрта турмуш қуриш ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари ва уларнинг олдини олишга оид мавзуларда кенг қамровли тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Қолаверса, жисмонан соғлом, маънавий етук, ҳар томонлама баркамол авлодни шакллантиришда, ёшлар ўртасида эрта никоҳнинг олдини олиш, мустаҳкам оилани шакллантиришда маҳалланинг ўрни алоҳида аҳамиятга эга. Бу кенг қамровли ишларни маҳалла фуқаролар йиғини, Хотин-қизлар қўмитаси, ФҲДЁ, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, оммавий ахборот воситалари ходимлари, диний идора вакиллари билан ҳамкорликда олиб бориш бугунги давр талабидир.

Зеро, фарзандларимизнинг эрта турмуш қуриши ва қариндошлар ўртасидаги никоҳга йўл қўйишимиз уларнинг соғлиғи, бахти ва умрига зомин бўлиш билан баробардир.

Зулхумор МУТАЛОВА, Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти директори.

№ 3, 19.01.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.