Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Долзарб мавзу

ЁШЛАР БАХТИ ТИББИЙ КЎРИККА ҲАМ БОҒЛИҚ

Тўй ташвишларидан қўли-қўлига тегмай юрган Нилуфар дугонаси билан суҳбатлашиб, бир оз енгил тортди. Дилноза унга ҳали тўй либоси танлаш, гўзаллик салонига буюртма бериш каби югур-югурлар турганда, тиббий кўрик учун ҳам вақт ажратиши шарт эмаслигини айтди. Сўнг, шифохонада таниши борлиги, агар "илтимос" қилса, келиннинг ҳам, куёвнинг ҳам ҳужжатларини тезда тўғирлаб бериши мумкинлигини билдирди.

Бу таклиф қизнинг ота-онасига ҳам ёқиб тушди. Бўлажак қудалари рўйхушлик билдиргач, ҳаммасини ими-жимида амалга оширишди. Тўй катта дабдаба билан ўтди. Икки ёш ҳавас қилса арзигулик ҳаёт бошлади. Аммо энг катта муаммо оиланинг янги аъзоси дунёга келиши олдида пайдо бўлди. Фарзанд кўриш арафасида тиббий кўрикдан ўтган Нилуфар боласи нуқсон билан туғилишини эшитиб, кўзлари ёшланди. Шифокорлар унинг хасталикка чалингани, агар тўйдан олдин тиббий кўрикдан ўтиб, яхшилаб даволанганида, бундай ҳолат юз бермаслиги мумкинлигини таъкидлашди. Бироқ, энди кеч, боладан эса воз кечиб бўлмайди. Бунинг устига фарзандини дунёга келтириш учун аёлнинг қуввати камлиги сабабли операция қилишга тўғри келди. Тиббий хулосалардан сўнг Нилуфарнинг энди бошқа фарзанд кўролмаслиги аён бўлди. Лоқайдлик ва беписандлик оқибатида юз берган бу фожиадан кейин икки ёшнинг бахтига дарз кетди.

Ҳа, никоҳ ҳар бир киши ҳаётидаги энг бахтли кунлардан бири. Келин-куёвнинг келажакда ширин турмуш кечириши эса кўп жиҳатдан уларнинг саломатлигига боғлиқ. Шу боис, никоҳдан олдинги тиббий кўрикнинг жорий этилиши юқоридаги каби рўй бериши мумкин бўлган турли кўнгилсизликлар, туғиладиган болаларнинг ирсий ва туғма касалликларга чалиниш ҳолатлари – бахтсизликнинг олдини олишда ғоятда муҳимдир. Аммо, таассуфки, айримларнинг беэътиборлиги ва амалдаги қоидаларга риоя қилмаслиги оқибатида қанчадан-қанча оилаларнинг бузилиб кетаётганига гувоҳ бўлаяпмиз.

Бугун ёшларнинг никоҳ гувоҳномасини тўй оқшомида қабул қилиши одат тусига кирган. Ўз ўрнида, никоҳ гувоҳномаси тақдим этилгач, шаръий никоҳни ўқишга рухсат берилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги қарори билан "Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида"ги Низом тасдиқланган. Мазкур ҳужжатда ёшлар турмуш қуришдан олдин тиббий текширувдан ўтиши мажбурий қилиб белгилаб қўйилган.

– Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказишдан мақсад оилада соғлом муҳитни шакллантириш, ирсият билан боғлиқ ва туғма касалликка чалинган болалар туғилишининг олдини олишдан иборатдир, – дейди олий тоифали акушер-гинеколог Нигора Қурбонова. – Шу боис, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) идоралари томонидан никоҳи рўйхатга олинадиган барча фуқаролар Оила кодексига мувофиқ тиббий кўрикдан ўтказилади. Ёшларнинг бири ёки иккисида ҳам касаллик аломатлари аниқланса, уларнинг текширув натижаларидан хабардорлиги тасдиқлангач, никоҳ қайд этилади. Бу жараёнда тиббий кўрикни ўтказган шифокор қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўрик натижаларининг холислиги учун шахсан жавобгар бўлади. Никоҳланувчи шахслар соғлиқни сақлаш муассасаларида бепул тиббий кўрикдан ўтади. Ёшларимизга шуни айтишни истардимки, ҳеч қачон ўз ҳаётингизга, тақдирингизга бефарқ бўлманг. Тиббий кўрикдан ўтиш, ўз соғлиғингиз ва бўлажак жуфтингизнинг соғлиғидан бохабар бўлишингиз келгусида соғлом оила барпо этиш, жамиятимизга соғлом, бақувват ва баркамол авлодни етиштириб беришга хизмат қилади.

Ҳар бир ота-она фарзандининг бахтли бўлишини истайди, албатта. Лекин қизимни тезроқ турмушга берсам, хотиржам бўлардим, деган нотўғри қараш билан қайсидир маънода ўз ҳаловатини ўйлайдиган, фарзандининг ўқишни давом эттириши ёки эгаллаган касби бўйича ишлашига тўсқинлик қиладиган ота-оналар ҳам йўқ эмас. Мутахассисларнинг кузатувларига кўра, 18-21 ёшгача бўлган йигит-қизлар ўртасидаги никоҳ бошқа даврдагига нисбатан кўп ҳолларда ажрим билан якун топмоқда. Бунга эса ёш келин-куёвларнинг оиладаги баъзи мураккабликларга мослаша олмагани, бир-бирини тушунолмай, ҳаётга енгил муносабат билан қараши сабаб бўлмоқда.

– Халқимиз орасида қизларнинг катталар, айниқса, ота-она раъйига қарши бормаслиги одатга айланган, – дейди Учтепа туманидаги "Ватанпарвар" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мамлакат Ҳайдарова. – Кўпинча эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг қайд этилишига ана шу ҳолат сабаб бўлмоқда. Бунинг олдини олиш мақсадида мактаб, коллеж ўқувчилари билан эрта турмушга чиқиш ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари каби мавзуларда давра суҳбатлари, маънавий-маърифий тадбирлар, очиқ мулоқотлар ўтказмоқдамиз. Албатта, бу борада олиб бораётган ишларимиз яхши самара бермоқда. Шундай бўлсада, бу борадаги ишларни янада кучайтиришгина эмас, аксинча олдини олиш учун ҳаракат қилишимиз зарур. Зеро, соғлом фарзанд соғлом онадан дунёга келади. Ёшларда соғлом ва аҳил оила қуриш, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга интилишни рағбатлантиришдек ишлар замирида, аввало, баркамол авлодни вояга етказишдек эзгу мақсад мужассамдир.

Демак, никоҳдан олдин тиббий кўрик нафақат зарурат, балки бахтиёр оила барпо этиш кафолатларидан биридир. Тўйнинг бошқа ташкилий томонларида қандайдир камчиликка йўл қўйилса бу келажакда ёшлар бахтли бўлишига ҳеч қандай тусиқ бўлмайди. Масалан, сарполар бироз кам бўлса, тўйда ўн нафар эмас, бир нафар хонанда хизмат қилса, катта гуруҳ эмас, бир нафар оператор тўйни тасвирга олса... булар ҳаммаси унутилади, бахтимизга соя солмайди. Аммо келин ёки куёв хасталиги тўйдан кейин маълум бўлсачи...

Салоҳиддин ИСОМИДДИНОВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти тингловчиси.

№ 1, 05.01.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.