Қидириш    
 ЎзбРусEng
  Бош саҳифа       Таҳририят ҳақида       Обуна       Мулоқот       Фотогалерея    
   Рукнлар
  Янгиликлар
  Долзарб мавзу
  Ислоҳот одимлари
  Расмий хужжатлар
  "Саломатлик" лойихаси
  Депутат минбари
  Хотира
  Мутахассис билан сухбат
  Эътироф
  Мутахассис маслаҳати
  Врач конспекти
  Соғлом она ва бола йили
  УАШ учун амалий ёрдам
  Спорт
  Назария ва амалиёт
  Со­­­­­ғлом она-соғлом бола
   Валюталар курси
Nbu.com -->
   Об-ҳаво
Долзарб мавзу

ДОЛЗАРБ МУАММОЛАРНИНГ ХАЛҚАРО МУҲОКАМАСИ

Аҳоли ўртасида тери касалликлари ва уларнинг салбий асоратлари ҳақида кенг тушунтириш ишларини олиб бориш, уларни сифатли дерматовенерология хизмати билан таъминлаш, шу мақсадда тизим фаолиятини такомиллаштириш бугун мамлакатимиз тиббиёти олдида турган муҳим масалалардан биридир. Давлатимиз томонидан соҳага оид қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар эса мазкур вазифалар ижросини таъминлашда дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Жорий йилнинг 6-7 сентябрь кунлари Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан "Дерматовенерология ва эстетик тиббиётнинг долзарб муаммолари"га бағишлаб ўтказилаётган халқаро илмий-амалий анжуман ҳамда унинг доирасида кўриб чиқилган масалалар бу борадаги фикрларимизнинг амалдаги ифодасидир. Марказ ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Дерматовенерологлар ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу анжуманни Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Эльмира Баситханова кириш сўзи билан очиб, дерматовенерологик касалликларнинг муаммоли жиҳатлари, мутахассислар олдида турган вазифалар ҳамда мамлакатимизда бу борада олиб борилаётган изчил фаолиятлар хусусида тўхталиб ўтди. Шунингдек, мазкур йўналишда жаҳон амалиёти, фаолиятга киритилаётган янгиликлар, уларнинг аҳоли саломатлигини асрашдаги аҳамияти хусусида сўз юритиб, бу жараёнда халқаро ҳамкорликнинг ўрнига алоҳида эътибор қаратди.

Дунёнинг 10 га яқин тиббиёти ривожлаган давлатларидан ташриф буюрган профессор-олимлар иштирокида бўлиб ўтаётган тадбирда мамлакатимиз дерматовенеролог ва косметологлари ҳамда хорижий мутахассислар томонидан турли мавзуларда маърузалар қилиниб, тизимдаги долзарб муаммолар атрофлича муҳокама этилмоқда.

– Айтиш керакки, бугунги кунда тиббиёт соҳасини изланишларсиз тасаввур қилиш қийин, сабаби, касалликлар ривожланиши бир жойда тўхтаб турмайди, – дейди Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Улуғбек Собиров. – Шунга кўра, фаолиятга замонавий даволаш усулларини жорий этиш, бу борада амалиётга киритилган ҳар бир янгилик муҳим аҳамият касб этади. Ҳали олдимизда турган вазифалар кўп, албатта. Айниқса, соҳа янада такомиллаштириш мақсадида Давлатимиз ҳамда Ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган меъёрий ҳужжатларда белгилаб берилган масалалар, аниқ режа ва ижроси таъминланиши лозим бўлган ишлар талайгина. Табиийки, улар ижроси босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Жумладан, марказимиз ҳамда вилоятлардаги тери-таносил касалликлари диспансерларида тери ва унинг ҳосилалари хасталиклари, туғма ёки орттирилган косметик етишмовчиликларини янгича даволаш усуллари кенг татбиқ этилмоқда. Муассасалар замонавий диагностик ва даволаш ускуналари билан жиҳозланиб, амалиётда инновацион технологиялардан фойдаланилмоқда. Сир эмаски, тизимдаги долзарб муаммолардан яна бири бу – кадрлар таъминоти масаласи. Шу боис, тиббиёт билим юртлари билан ҳамкорликда улардаги мавжуд 7 та кафедрада дерматолог ва косметолог мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилган. Бугунги кунда марказимиз олимларининг асосий эътибори ирсий, онкологик, замбуруғ ва вирусли, бундан ташқари, жинсий йўл орқали юқувчи инфекцион касалликлар, дерматокосметология каби долзарб йўналишларга қаратилган. Шунингдек, муассасамизда бир қатор грант лойиҳалар асосида ташхислаш ва даволашнинг янгича усуллари ишлаб чиқилмоқда. Қолаверса, халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Мутахассисларимиз малакасини ошириш мақсадида хорижий марказ, институт ва клиникалар билан алоқалар кучайтирилмоқда. Ўзлаштирилган тажрибалар ходимларимиз томонидан маҳорат дарслари орқали жойлардаги мутахассисларимизга ҳам етказилмоқда. Мазкур илмий-амалий анжуман эса соҳа тараққиётига салмоқли ҳисса қўшиши баробарида, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. Чунки, ушбу анжуманда муҳокама этилаётган масалалар нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон тиббиёти олдида турган долзарб муаммолардан иборат. Уларнинг ечими дерматовенерология ва косметология соҳасининг тараққиётига сезиларли даражада ижобий таъсир ўтказади.

Долзарб мавзулар атрофидаги қизғин муҳокамалар остида бўлиб ўтаётган анжуман доирасида хорижий ҳамда мамлакатимиз мутахассислари томонидан нейроген яллиғланишнинг аҳамияти, эстетик дерматологияда карбокситерапия, болаларда атопик дерматит: ташқи терапияни мукаммаллаштириш, сурункали дерматозлар фототерапиясида янги технологиялар, ҳуснбузар касаллигида инновацион даволаш усуллари сингари муаммоли мавзуларда маърузалар қилинди.

Торелло ЛОТТИ,

"G. Marconi" номидаги

дерматология институти профессори,

Италия:

– Мутахассис сифатидаги кузатишларим асосида айтишим мумкинки, касалликлар ривожи тиббиёт тараққиёти билан баравар одимламоқда. Замонавий ташхис ва янгича даволаш усулларини ишлаб чиқиш борасидаги изланишларни бир зумга бўлсада тўхтатиш катта йўқотишларга сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам мазкур масалада халқаро ҳамкорлик керак. Фикрлар хилма-хиллиги, янгича қарашлар, даволаш усулларининг ўзгача талқини булар ниҳоятда муҳим масала. Тўғри, касалликлар бир хил кўринишда ривожланиши мумкин, аммо уни даволашга турлича ёндашишнинг имкони бор. Бу ҳар бир давлат ёки минтақа номи билан бошқача тажриба ҳисобланади. Гувоҳи бўлиб турибман, дерматовенерологик, косметологик касалликлар диагностикаси ва даволаш усулларида мамлакатингиз мутахассисларининг тажрибаси ҳам эътирофга молик. Айниқса, ўзбекистонлик ҳамкасбларим билан суҳбат жараёнида билдимки, мамлакатингизда ушбу соҳа ва умуман тиббиёт тизимига эътибор юқори экан. Бугунги анжуман эса мутахассислар учун муҳокамалар майдони бўлди. Тингланган маърузалар, ўртага ташланган фикрлардан чиқариладиган хулосалар жаҳон тиббиёти тараққиёти ва дунё аҳолисини мазкур йўналиш касалликларидан ҳимоя қилиш, даволаш ва уларга бу борада кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифатини оширишда асқотишига ишонаман. Аввало, таклиф ҳамда самимий учрашув учун анжуман ташкилотчиларига миннатдорлик билдираман.

Клатичи Виктор

ГАБРИЭЛЬ,

Бош дерматолог,

Румыния:

– Бугунги анжуманда "Лазерэпиляцияси – хусусий тажрибалардан маслаҳатлар", "Тери қариши жараёнида Pro ва Cons роли" мавзуларидаги маърузаларим билан иштирок этяпман, бу борадаги тажрибаларимни халқаро доирадаги ҳамкасбларим билан ўртоқлашяпман. Ўз ўрнида уларнинг бу бўйича билдирган фикрлари ва қарашлари мен учун муҳим. Аслида ҳаққоний тажриба ҳам ана шундай майдонларда орттирилади, мустаҳкамланади. Агар анжуман жараёнидаги иштироким ва маърузаларим билан мазкур соҳа касалликларини даволашга тўғри ёндашиш амалиётига бир оз бўлсада ҳиссам қўшилса бундан жуда мамнун бўламан. Албатта, ўзим учун ҳам қизиқтирадиган кўпгина маълумотларга жавоб топаман. Уларнинг келгуси фаолиятимда асқотишига шубҳам йўқ. Чунки, тиббиёт ва ундаги амалиёт жараёнлари мунтазам ҳаракатда, фаолиятга бугун киритилган янгилик эртага ўз кучини йўқотмасада, натижадорлик даражаси камайиши мумкин. Айни шу мақсадда ушбу анжуманнинг иштирокчиси бўлиб турибман. Хабарим бор, тиббиёт соҳасида мамлакатингиз мутахассисларининг тажрибаси юқори, ҳатто улар орасида халқаро майдон ва жаҳон тиббиётида Ўзбекистон тажрибаси деб юритиладиган даволаш усуллари ҳам мавжуд. Тарих гувоҳ юртингизда етук алломалар етишиб чиққан, улар мероси бугунги айрим амалиётларнинг пойдевори ҳисобланади. Тиббиёт тизимида ўзига хос моделга эга мамлакатга ташриф буюрганимдан хурсандман. Ўйлайманки, ҳамкорлик алоқаларимиз тобора мустаҳкамланиб бораверади. Келгусида тажрибалар алмашинуви амалий кўринишларда ҳам давом этади, деган умиддаман.

Таъкидлаш жоизки, анжуман давомида республикасизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган соҳа ходимлари ва хорижий мутахассислар иштирокида тор доирали маҳорат дарслари ҳам ўтказилмоқда. Уларда дерматовенерология ҳамда касметология йўналишидаги замонавий ёндашувлар ҳақида маърузалар тингланиб, ўзаро тажриба алмашилмоқда. Бир сўз билан айтилганда, тизим такомиллашуви кадрлар малакасини ошириш йўли билан мустаҳкамланмоқда.

Хулоса оддий, мамлакатимиз тиббиёти равнақи учун асосли имкониятлар изланмоқда. Изланишлар асоси эса аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, уларга кўрсатилаётган дерматовенерология ва касметология хизматини янада яхшилашдек эзгу мақсаддан иборатдир. Бу борада олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг натижаси ҳам аста-секинлик билан бўлсада, ўз бўйини кўрсатмоқда. Демак, олдимизга қўйган мақсадларимиз буюк, ушбу буюклик сари амалга оширилаётган фаолиятлар эса бесамар кетаётгани йўқ. Халқаро миқёсдаги бундай анжуманларнинг белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ва мутахассисларимиз малакасини ошириш, энг асосийси, тиббий хизмат сифатини яхшилашда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз. Анжуман 7 сентябрь куни ҳам ўз фаолиятини давом эттиради.

Ҳасан АБДУҒАНИЕВ.

Муаллиф олган суратлар.

№ 35, 07.09.2018 « орқага
   Сонлар архиви
Д С Ч П Ж Ш Я
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 31
   Овоз бериш
Газета тўғрисидаги маълумотларни кимдан олгансиз?
  Дустларимдан
  Обуна булганман
  Киоскдан
  Эълонлардан

Овоз бериш натижалари
   Ҳамкорлар
   Реклама
 
Copyright © 2007 — 2018 Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВи ва ахборот агентликларини
қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.